muslimuz

muslimuz

Бугунги шиддатли даврда барча, айниқса, диний соҳа ходимлари, отинойилар ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр, огоҳ бўлишлари, шу билан бирга, халқ орасига кириб бориб, ёшларни муқаддас динимизга ёт турли унсурлардан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатишлари зарур.

Шу йил 25 июль куни пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув семинар ташкил этилди.

Семинар уч қисмдан иборат бўлди.

Дастлаб пойтахтимиздаги "ат-Термизий" жоме масжди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов тингловчиларга "Исломда мерос масаласи" ва "Ақида масалалари: ширк тушунчаси, ширкнинг инсон ақидасига таъсири" мавзусида маъруза қилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мерос талашиб, юзкўришмас бўлиб кетаётган оилалар сони, афсуски, кўпайиб боряпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун диний соҳа ходимлари, отинойилар аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кўпроқ олиб боришлари керак. Ақида масаласи, ширк ва унинг қабиҳ оқибатаридан одамларни огоҳлантиришлари зарур.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ОИТС маркази масъуллари отинойиларга бедаво дарддан аҳоли, айниқса, ёшларни эҳтиёт қилиш бўйича ўз маърузалари билан иштирок этди.

Семинарнинг сўнгги қисмида эса Ўзбекитон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Аъзамхон домла Қамбаров "Маҳаллаларда аёллар орасида радикаллашувнинг олдини олиш ва уларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш" мавзусида маъруза қилиб берди.

– Бугунги семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова. – Отинойилар бугун ўрганган билимларини амалиётда қўллаб, мерос масалалари, ширк, ақида каби мавзуларда аёлларимизга тушунчалар беришади. Хотин-қизларнинг радикаллашуви олдини олишга ўзларининг ҳиссаларини қўшади. Маҳалларга кириб бориб, оилалар билан суҳбатлар ўтказади. Ташкилотчиларга, мутасаддиларга ташаккур.

Ўқув семинар сўнгида отинойиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеяси муқаддас китобларни камситувчи ҳар қандай амални қоралаб, бундай хатти-ҳаракат халқаро ҳуқуқ меъёри бузилиши сифатида тан олинган резолюцияни тасдиқлади.

Марокаш ташаббуси билан қабул қилинган ҳужжат БМТ Бош Aссамблеясида бир овоздан қабул қилинди.

Қарорда “одамларга диний мансублиги ёки эътиқодидан келиб чиқиб, уларнинг диний тимсоллари – муқаддас китоблари, мулки, уй-жой, корхона, мактаб, маданият марказларига қарши қаратилган ҳар қандай зўравонлик ҳаракати кескин қораланади. Ёки жўнаб кетиш жойи, шунингдек, диний манзил, зиёратгоҳга ҳар қандай ҳужум тақиқланади.

Ҳужжат муаллифлари мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръонга қарши фитнани кескин қоралаб, бундай амални “диний нафрат ҳаракати” сифатида таърифлаган.

25 июль куни Миср ва Туркиянинг Копенгагендаги элчихоналарида Қуръон нусхасини ёқиш акцияси бўлиб ўтди. Худди шундай ҳодиса бир кун аввал Ироқ элчихонаси яқинида ҳам ўтказилган эди.

 ЎзА

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган 2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурида жорий йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг миллий маърузасини тайёрлаш ва эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.

Бундай тартибнинг жорий этилиши юртимизда медиа соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишларга назар ташлаш, таҳлил қилиш, эришилган ютуқларни эътироф этиш, қолаверса, миллий журналистикамизда юзага келган муаммо ва камчиликлар хусусида кенг омма ва журналистлар жамоатчилигига ахборот бериш, ушбу масалаларга биргаликда ечим излаш имкониятларини яратади. Шунинг баробарида, миллий журналистиканинг ҳар жиҳатдан ривожланишига туртки беради, деб ҳисоблаймиз. 

Эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу маъруза Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси билан ҳамкорликда, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви аъзолари ва ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, уюшма ҳузурида фаолият юритаётган ижодий кенгашлар масъуллари, соҳа экспертлари, бир сўз билан айтганда, кенг журналистлар жамоатчилиги таклиф ва тавсиялари асосида тайёрланди.

Соҳага оид ислоҳотлар самараси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига киришган дастлабки кунлардан бошлаб матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Бир мисол, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уюшма фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида беш-олти нафар ходим ишлайдиган уюшма марказий аппаратида 23 та штат бирлиги, ташкилотимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлимлари ташкил этилди. Уюшманинг жамоатчилик асосида фаолият юритган  ҳудудий бўлимлари раис ва ходимларига учта штат бирлигида ойлик маош белгиланди. Уюшма ва Ўзбекистон Миллий матбуот маркази моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Ҳар йили мамлакатимиздаги фахрий журналистлардан 100-200 нафарини “Ҳуррият” газетасига уюшма ҳисобидан обуна қилиш йўлга қўйилди.

Уюшмага аъзоларни қабул қилиш тикланди, янги намунадаги аъзолик гувоҳномаси, илгари бўлмаган аъзолик кўкрак нишони тайёрланди.

2017-2022 йиллар мобайнида 600 га яқин фахрий ва эҳтиёжманд журналистга моддий ёрдам кўрсатилди. Кўмакка муҳтож бемор журналистлар саломатлигини тиклашга маблағ йўналтирилди. “Ёш юраклар садоси” серияси остида 100 дан зиёд ёш журналистнинг энг сара мақолалари жамланган иккита тўплам-китоб нашр этилди.

Бугунги кунда ҳам мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли журналистикага оид ислоҳотлар ортга қайтмас тус олди. Буни нафақат соҳамиз, балки кенг жамоатчилик вакиллари, халқаро экспертлар ҳам алоҳида эътироф этиб келаётир.

Кейинги йилларда соҳада изчил амалга оширилган ислоҳотлар, очиқлик сиёсати оммавий ахборот воситалари ходимларини руҳлантирди. Уларнинг фаоллашишига туртки берди, истаган мавзу бўйича материаллар тайёрлаш мумкинлигига, бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигига ишончи ошди. Айни пайтда журналист ва блогерлар томонидан жойларда юзага келган муаммолар қўрқмасдан дадил кўтариб чиқилиб, ижтимоий тармоқларда ҳам эълон қилиш кенг оммалашди. Энг муҳими, танқидий-таҳлилий чиқишлар, билдирилаётган таклифлар, фикр-мулоҳазалардан сўнг кўплаб масалаларга ечим топилиб, муаммолар ижобий ҳал этилмоқда, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Ваҳоланки, илгари бундай ҳолатлар камдан-кам кузатилар эди. 

Кейинги етти йилда соҳага қаратилган алоҳида эътибор, яратилган имтиёз ва имкониятлар туфайли мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари сони 1514 тадан 2140 тага кўпайди. Уларнинг 65 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Шундан, 1255 таси газета ва журнал, 18 таси ахборотномадир. 116 таси телерадиоканал бўлиб, интернет нашрлар сони 395 тадан 745 тага ошди. Демак, биргина интернет нашрлар сони 350 тага ортган.

Аёнки, журналистлар нафақат интернет нашрлар, газета ва журналлар, телерадиоканалларда, балки вазирлик, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматларида ҳам фаолият юритади. 

Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, замонавий талаблар асосида ташкил қилинди.

Кейинги йилларда соҳадаги бу каби ислоҳотлар доирасида республика аҳамиятига молик 280 дан ортиқ идора, муассаса, давлат ва хўжалик бошқаруви органи, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида биринчи марта ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилиб, 98 та давлат органи ва ташкилотида қайта ташкил этилди. Беш йил аввал ахборот хизматлари соҳасида жами 433 мутахассис-журналист фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1300 дан ортган.

Албатта, соҳадаги бу каби ўсиш баробарида ОАВларда замонга мос равишда фаолият юритиш, тезкорликка интилиш кучайди. Жумладан, материаллар тайёрлашнинг янгидан-янги усуллари бўй кўрсатмоқда. 

Кадрлар тайёрлаш бўйича

Барча соҳа, жумладан, журналистика ривожи ҳам бевосита кадрлар салоҳиятига боғлиқ. 2018 йил май ойида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қарори билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди.

Марказий Осиё ва МДҲда ягона бўлган мазкур таълим даргоҳида айни кунда 3350 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Бошқача айтганда, бу ерда медиа ва ижтимоий соҳаларга оид ўн еттита бакалавриат таълим йўналиши ва шунча магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Яқинда университетда илмий фаолиятни ривожлантириш учун “Марказий Осиёда медиа ва коммуникациялар” халқаро илмий журнали нашр этилиши йўлга қўйилди.

Тезкорлик билан ривожланаётган даврда ҳар томонлама профессионал журналист кадрларга эҳтиёж катта. Журналистика ўқитилаётган олий ўқув юртларида илмий салоҳият кўрсаткичлари юқорилаб бораётгани, назария ва амалиётнинг уйғун ташкил этилаётгани, илмий изланишлар қилаётганлар орасида ёшлар кўплиги қувонарли. Кейинги йилларда ушбу олий таълим муассасаси ҳузуридаги илмий кенгашда 26 ўқитувчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 4 олим эса филология фанлари докторлигини (DSc) ҳимоя қилди. Шунингдек, ЎзДЖТУ ҳузуридаги бир марталик кенгашда 4 олим, ЎзМУ ва ҚДУ ҳузуридаги илмий кенгашларда 1 нафардан олим (DSc) докторлик ишини муваффақиятли ёқлади. 

Таниқли маърифатпарвар, жадид матбуотининг етакчи вакилларидан бири Абдулҳамид Чўлпон иштирокида 1918 йили таъсис этилган “Ўзбекистон матбуоти” журнали қайта тикланди ва Олий аттестация комиссияси рўйхатидаги илмий журналлар қаторида фаолиятини давом эттирмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Қорақалпоқ давлат университети каби ўндан ортиқ олий таълим даргоҳида журналист кадрлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, хорижий олий таълим муассасаларининг юртимиздаги айрим филиалларида ҳам соҳамиз учун мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани ўзига хос ижобий рақобатни юзага келтирди.

Журналистикага оид қонунчиликнинг такомиллашуви

Кейинги йилларда соҳага оид 3 та қонун, Президентимизнинг 2 та фармони ва 4 та қарори, ҳукуматнинг 10 га яқин қарор ва фармойиши қабул қилинди. Бунинг натижасида мамлакатимизда ахборот олиш ва ахборотлаштириш, сўз эркинлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қатор янгиликлар жорий этилди, имтиёз ва имкониятлар яратилди.

Янгиланган Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби янги норма ва моддаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши тарихий воқеа бўлди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ахборот сиёсатини юритишнинг асосий устувор вазифалари сифатида:

– оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш;

– одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотлар ижроси аҳволини ўрганишда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланиш;

– оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда холис ахборотларни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш;

– мамлакатимизда бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадиган ижтимоий масъулиятли оммавий ахборот воситаларини шакллантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланди.

Президентимизнинг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда фаолиятини илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Ахборот кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янги устави тайёрланиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Олий суд пленумининг “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар орқали мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқий асослар такомиллашди, мустаҳкамланди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши соҳага қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. Ушбу ҳужжатда:

– болалар учун мўлжалланган энг яхши теле ва радиолойиҳа, “Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал” танловларини ташкил этиш;

– оммавий ахборот воситалари ходимларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда хорижий тиллар бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш;

– жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш;

– давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш бўйича тартиблар белгиланди.

Миллий журналистика ривожи йўлида

Ўтган йиллар давомида миллий медиамиз ривожи йўлида амалга оширилган ишлар доирасида Олий Мажлис ҳузурида Ахборот соҳасини ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди. 2021 йили Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси иш бошлади.

Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши жорий этилди.

Фаол журналистларни мунтазам рағбатлантириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган 100 тагача энг яхши материаллар муаллифларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаригача миқдорида пул мукофоти билан тақдирлаш белгиланди.

Қарор ижроси доирасида жорий йилдан “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танлов бош миллий мукофоти соҳибига енгил автомобиль тақдим этиш йўлга қўйилиб, ғолибларга бериладиган мукофот пули миқдори сезиларли даражада оширилди. Танловнинг рағбатлантирувчи номинациялари кўпайтирилиб, 12 тага етказилди.

Теле ва радиоканалларнинг бадиий кенгашлари фаолиятига жалб қилинган малакали экспертларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан доимий равишда рағбатлантириб бориш йўлга қўйилди.

Оммавий ахборот воситалари ва уюшманинг ҳудудий бўлимлари ҳузурида 44 та маҳорат мактаби, 41 та “Ёш журналистлар” тўгараклари ташкил этилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Айни кунда уюшма ҳузурида устоз журналистлар, ОАВ масъуллари, медиасоҳа учун кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан “Ўзбекистон журналистлари” ва “Ўзбек журналистикаси антологияси” китобларини нашрга тайёрлаш бошланган.

Нодавлат медиаташкилотлар билан ҳамкорликда журналистлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Республикамиз ҳудудларида фаолият юритаётган журналистлар учун жаҳон стандартлари ҳамда бугунги кун ўқувчиларининг диди ва талабига мос келувчи сифатли контент яратишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, турли давлат ташкилотлари, вазирликлар, идоралар ҳамда йирик ишлаб чиқариш корхоналари, банклар ва қатор муҳим соҳалар таркибидаги ахборот хизматлари раҳбарлари учун махсус медиатренинглар ўтказилмоқда. Мазкур жараёнларда ЮНЕСКО, ЕХҲТ, БМТ Тараққиёт дастури каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида тузилган меморандумга кўра журналист ва блогерларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда. 

Ҳар бир соҳада, жумладан, журналистикада ҳам халқаро тажрибани ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, уюшмада мазкур йўналиш бўйича ишларни жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уюшма томонидан Россия, Жанубий Корея, Тожикистон журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Умумхитой журналистлар уюшмаси ўртасида тузилган ҳамкорлик келишуви янгиланди.

Ривожланган хорижий мамлакатлар ахборот агентликлари тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини қайта ташкил қилиш, уни йирик медиатузилмага айлантириш бўйича ишлар давом этаётгани қувонарли. Агентликка бошқарув ҳуқуқи асосида берилган “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари ҳамда уларга туташ ҳудудда яқин вақт ичида замонавий медиашаҳарча ташкил этилиши барчамизни хурсанд қилмоқда.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида жойлашган “Оқтош” ижод уйини реконструкция қилиш ҳамда унга қўшимча бино ва иншоотлар қуриш чоралари кўрилаётгани ҳам ОАВ ходимлари саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиклаш, уларнинг мароқли дам олишини таъминлаш мақсадини кўзлайди. 

Шу ўринда янги сайланган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида оммавий ахборот воситалари вакилларига, журналист ва блогерларга самимий миннатдорлик изҳор этгани, “Сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз”, дея алоҳида таъкидлагани кенг журналистлар ва блогерлар жамоатчилигини руҳлантирди. 

Мавжуд муаммолар

Ҳозирги кунда янгиланаётган Ўзбекистонимиздаги маҳаллий, хусусий ва хорижий таълим даргоҳларида 4 мингдан зиёд йигит-қиз медиасоҳа йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Бу яхши кўрсаткич. Аммо таҳлиллар ҳамма битирувчилар ҳам ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётганини кўрсатмоқда. Ўқиш давомида уларнинг барчаси етарли даражада билим ва малакага, тажрибага эга бўлмоқда, деб бўлмайди. Шу боис, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликларидан мазкур масалага жиддий эътибор қаратиш сўралади.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган босма нашрларнинг аҳволи ҳамон оғирлигича қолмоқда. Хусусан, бугунги кунда кўплаб туман газеталари чоп қилинмаяпти, чоп этилаётганлари ҳам жуда кам ададда. Ҳатто бир пайтлар тираж жиҳатидан собиқ иттифоқда юқори кўрсаткичларни эгаллаган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Тошкент оқшоми”, “Вечерный Ташкент” сингари нашрларнинг 1000 нусха атрофида чиқаётгани ғоятда ташвишланарлидир. Ушбу газеталарнинг муассислари бу борада аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши шарт.

Бугун республикамизда 10 мингдан зиёд мактаб фаолият кўрсатмоқда. Айни кунда ўқувчиларнинг асосий нашрлари бўлган “Ғунча” журнали 3200, “Гулхан” журнали 3362, “Тонг юлдузи” газетаси эса 2056 ададда чоп этилмоқда. Бу ҳолат мамлакатимиздаги мактабларга газета ва журналлар кам етиб бораёганини англатади.

Бугун бу борада дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланган АҚШ, Япония, Хитой ва бошқа мамлакатларда минглаб, миллионлаб нусхада чоп қилинаётган босма нашрларни кўриш мумкин. Ушбу давлатлар тажрибасидан ҳам ўрганиш, қайсидир маънода улги олиш керакдир.

Шу ўринда газета ва журналлар тиражини кўпайтириш учун, биринчи навбатда, уларнинг ўқишлилик даражасини ошириш, ўқувчилар қизиқиб мутолаа қиладиган бўлишини таъминлаш ҳам жуда муҳимлигини таъкидлаш жоиз.

Энди сўзимизни касбий фаолиятимизга оид айрим мулоҳазалар билан давом эттирсак. Гап шундаки, баъзи ҳамкасбларимиз касб этикаси қоидалари, оммавий ахборот воситаларига оид қонунчилик талабларига ҳар доим ҳам риоя этмаяпти.

Давлат ва нодавлат телерадиоканалларида енгил-елпи, ижтимоий юки енгил кўрсатув ва эшиттиришлар сони ошиб бораётганини яшириб бўлмайди. Маъно-мазмуни ҳаминқадар кўрсатувлар кўпайиб, эфир титрларида имловий хатолар учрамоқда.

Бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш лозим.

Яна бир масала. Тўғри, бугун ОАВда эълон қилинган танқидий материалларга масъуллар томонидан муносабат билдириш жонланди. Аммо, очиқ айтганда, бу етарли даражада эмас. Ҳисоботларда бу борадаги кўрсаткичлар негадир юқори. Ўрганишлар билдирилаётган муносабатларнинг муайян фоизи ўта юзаки ва хўжакўрсинга эканини кўрсатмоқда.

Айрим журналист ва блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларга инсоннинг шахсий маълумотлари, унинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қиладиган, баъзан очиқдан-очиқ зўравонлик ва ҳақорат кўринишидаги пост ва изоҳларни жойлаштириш ҳолатлари учраётгани ҳам ташвишли. 

Шу ўринда, журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш, блогерлик фаолияти бўйича жаҳон тажрибасини, уларнинг даромадини солиққа тортиш масаласини ҳам ўрганиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш жоиз, уюшма фаолияти, унинг ходимлари ойлик маоши, уюшмани сақлаш харажатлари “Илҳом” жамоат фонди томонидан молиялаштирилади. Афсуски, бу борада юзага келган жиддий муаммолар ечим топмаяпти. 

Ушбу кўтарилган масалалар ижобий ҳал этилишига умид қилиб қоламиз.

Соҳа ривожига доир янги режалар 

Биринчидан, Ўзбекистонда журналистика соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш.

Иккинчидан, оммавий ахборот воситалари фаолиятини таҳлил қилиш, соҳада юзага келган муаммоларни ўрганиш, уларга ечим топиш борасидаги ишларни жонлантириш зарур. Ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда медиатузилмалар ва уларда фаолият юритаётган ходимлар учун тавсиялар ишлаб чиқиш.

Учинчидан, миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқ ҳамда илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш, журналист ва блогерларда ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни такомиллаштириш ва бойитиш, тажриба алмашишга қаратилган республика ва халқаро медиафорумлар ўтказиш.

Тўртинчидан, уюшма фаолиятини янада жонлантириш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, уюшма аъзолари ва ОАВ вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, тегишли имтиёзлар яратиш, рағбатлантириш, бир сўз айтганда, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган янги режа ва дастурлар ишлаб чиқиш.

Бешинчидан, Президентнинг “Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тайёрлаш.

Олтинчидан, уюшма томонидан 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой медиатузилмалари ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга бағишланган халқаро конференция ўтказиш.

Еттинчидан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Халқаро журналистлар федерацияси, Осиё журналистлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби давлатлар журналистлар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаш.

Саккизинчидан, 2023-2024 йилларда уюшманинг 60 нафарга яқин аъзоси хорижий давлатлар ОАВларида малака ошириши ва стажировка ўташини, нуфузли медиатадбирларда иштирок этишини таъминлаш.

Тўққизинчидан, мамлакатимизда интернетдан (ижтимоий тармоқлардан) фаол фойдаланувчилар сони кундан-кунга ошиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир марказий ва ҳудудий ОАВ интернет (ижтимоий тармоқлар) саҳифаларига (миллий маънавиятни юксалтиришга оид) ўз материалларини (кенг омма ўқишига мослаган ҳолда) жойлаштириб боришни кўпайтириш учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиши бўйича тавсиялар тайёрлаш.

Ўнинчидан, келгусида устоз ва тажрибали журналистларимиз томонидан маҳорат билан ёзилган (газета ва журналларимизда камайиб бораётган очерк, фельетон, журналистик суриштирув, эссе каби), публицистик жанрларда тайёрланган энг сара материалларни (тўплам-китоб ҳолида) нашр этиш.

Ўн биринчидан, уюшма томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари қабул қилинган кунлар муносабати билан танловлар ўтказиш, катта байрам тадбирларида ғолибларга совғаларни тантанали равишда топшириш.

Ўн иккинчидан, оммавий ахборот воситалари ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд ва бемор, фахрий журналистларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни жонлантириш.

Ўн учинчидан, уюшма томонидан ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол журналисти” ва “Атиргул” танловларида “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинациясини жорий этиш.

Ўн тўртинчидан, уюшма ҳузуридаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида замонавий медиахизматларни кўрсатиш ва ривожлантириш, уюшма марказий аппарати ва ҳудудий бўлимларининг халқаро грант лойиҳаларида фаол иштирок этиши орқали қўшимча маблағ топиш, келгусида уюшма ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш чораларини излаш борасидаги ишларни жонлантириш.

Ўн бешинчидан, мамлакатимиз ОАВларида фаолият юритаётган журналистларни давлат тили ҳақидаги қонун ва қонуности ҳужжатлар билан таништириб бориш ва уларнинг мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашинувини ташкил этиш мақсадида уюшма ҳузурида “Тилимиз фидойилари” клубини ташкил этиш. Клуб томонидан марказий ва ҳудудий ОАВларда – газета ва журналларда, телерадиоканалларда, интернет нашрларда давлат тили қоидаларига риоя этилиши таҳлилига бағишланган давра суҳбатлари – турли тадбирлар уюштириш, журналистлар томонидан тайёрланиб эълон қилинаётган материаллар тилини ўрганиш, таҳлил қилиш, бу борада журналистларга ижодий-услубий ёрдам бериш. 

Ўн олтинчидан, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, давлат ва нодавлат телерадиоканалларда фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик маоши (иш ҳақи) ҳамда қалам ҳақи (гонорар)ни бугунги кун талабларига мослаштирган ҳолда ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, миллий журналистикамиз ривожи йўлида ҳали қилинадиган ишлар, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси олдида турган вазифалар кўп. 

Мамлакатимиз медиасини янги ва юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган ана шу ишлар айни кунда юртимиздаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган 6 мингга яқин журналист, уюшманинг 2 мингдан зиёд аъзоси хоҳиш-иродаси, таклиф-тавсиялари асосида амалга оширилади. Бу йўлда барча ОАВ вакилларини уюшма атрофида бирлашиб, янада фаол ва ҳамжиҳат бўлишга чорлаймиз. 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида муҳаддислар султони қаламига мансуб “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг араб ва индонез тилларидаги уч жилдли нусхаси тақдимоти ўтказилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари Хайриддин Султонов, Музаффар Комилов ва бошқалар кўплаб соҳалар каби диний-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар натижасида рўй бераётган янгиланишлар асносида мамлакатимизда мазкур йўналишда янги тарихий давр бошланаётганини эътироф этди. Айниқса, Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан қурилиб, улкан ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, мажмуа ички қисмининг чуқур мазмун билан бойитилишига қаратилаётган эътибор мусулмон дунёсида катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди.  

Тақдимот қилинаётган китоб ҳам дунё халқларининг асар ва унинг муаллифига бўлган юксак эҳтиромдан далолат экани қайд этилди.  

– Кейинги пайтда Ўзбекистон – Индонезия муносабатлари барча соҳаларда, хусусан маданий-маърифий соҳада изчил ривожланиб бормоқда, – деди М.Комилов. – Бугун буюк муҳаддис бобомиз номи билан аталадиган халқаро марказга Ислом оламида Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас манба сифатида эътироф этилган “Саҳиҳул Бухорий” асарининг индонез ва араб тилларидаги ноёб нусхасининг тақдим этилиши ҳам ана шу дўстона алоқалар маҳсулидир. Яна бир аҳамиятли томони мазкур асар бугунги кунда ҳадисларнинг нотўғри талқин этилиши ва буюк муҳаддислар, хусусан, Имом Бухорийга нисбатан илмсизлик ва нохолислик билан билдирилаётган уйдурма фикрларга қарши илмий раддия бериш учун ҳам мустаҳкам илмий пойдевор бўлиб хизмат қилади.  

Тақдимотда асарнинг араб ва индонез тилларидаги уч жилдли нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига тантанали тарзда топширилди. Индонезиялик исломшунослик фанлари доктори Али Ҳамдий томонидан тайёрланган китоб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Армида Алишаҳбана хоним томонидан тортиқ этилди. У ўтган йилнинг сентябрь ойида марказга ташриф буюриб, унинг фаолияти, эришган илмий ютуқлари билан танишган, шу аснода мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини юксак баҳолаган эди.  

Тадбир иштирокчилари асар нусхаси марказ музейи ва кутубхона фондидан муносиб ўрин эгаллаши, тадқиқотчилар илмий фаолиятида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.  

 

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА

Вівторок, 25 июль 2023 00:00

Жазоси жуда оғир

Сўнгги йилларда жаҳоннинг барча мамлакатларида 14–34 ёшли ўсмирлар  орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб боряпти. Статистик маълумотларга кўра, кунига 3 минг киши, ҳар йили эса 1 млн.дан ортиқ киши ўз-ўзини ўлдиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Лотин Америкаси, Араб ва Осиё мамлакатларида суицид кўрсаткичлари нисбатан паст даражада. Ўрта даражага Шимолий Европа, Шимолий Америка, Жануби-шарқий Осиё ва Тинч океанининг Ғарб қисмидаги мамлакатлар киради. Суицид кўрсаткичи Шарқий Европа мамлакатларида юқори. Шу нуқтаи назардан, ривожланган Европа давлатларида мазкур муаммо ўта долзарб ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш бирданига рўй бермайди. Ўзини ўлдирган ўсмирларнинг 90 фоизи қайсидир даражада руҳият муаммосига учраганлардир.

Хусусан, бу салбий иллат юртимиз ёшларига ҳам таъсир ўтказмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда 12 ёшли ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Илгарироқ  эса 17 ёшли қиз ҳам ўзини ўлдиргани айтилган эди. Бу қарорга келгунича у қизларнинг қалбида нималар ўтгани ўзига аён. Негадир аксар суицид ҳолатлари балоғат остонасидаги ёшларда кўп учрамоқда. Келинг, бунинг сабабларини ўрганиб кўрамиз:

Сеҳр-жоду. Афсуски, бугун шариатимиз қатъий ман этган сеҳр-жоду билан шуғулланаётган кимсалар кўпайиб боряпти. Сеҳр бор нарса. Бақара сурасининг 1ғ2-оятида Аллоҳ таоло Бобил шаҳрига Ҳорут ва Морут номли икки фариштани синов тариқасида туширгани, улар: “Биз фақатгина синов (воситвси) миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!” деб огоҳлантиргани баён этилган.

Шариат ман этган ҳар бир нарсанинг замирида улкан ҳикмат мужассам экани бугун яна ҳам яққолроқ намоён бўлмоқда. Биргина мисол, Ислом таълимотида беҳуда суратга тушавериш дуруст эмаслиги айтилади. Бугун аксарият сеҳргарлар одамларнинг суратига қараб, уларни жоду қилишмоқда. Шундай экан, беҳуда суратга тушиб, тарқатавермаслик зарур.

Бузғунчилар таъсирига тушиб қолиш. Муқаддас динимизга ёт ғоялар тарғиботчилари ёшлари сеҳр-жоду орқали ўз сафларига қўшишмоқда. Бу жараёнда уларга ёшларнинг ижтимоий тармоқларга қўяётган суратлари қўл келаётганини ҳеч ким инкор этмайди. Шу боис суратларни ижтимоий тармоқларга беҳуда қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Фарзанднинг қаровсиз қолиши. Ота ёки она ёхуд иккисининг ҳам йўқлиги бола руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатади. Айни ана шу балоғат ёши қиз боланинг ўта нозик даври бўлиб, ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан ўзгаришлар бўлади. Индивидуал феъл-атвор шаклланади. Кайфияти тез-тез ўзгариб, қайсар, ўжар, жаҳлдор бўлиб қолади. Бу даврда қиз бола онасининг қўллаб-қувватлаши, эътибори ва маслаҳатига муҳтож бўлади.  Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Оналар ҳам донолик билан қизларига сирдош бўлиб ёрдам беришлари зарур.

Руҳиятидаги ўзгаришлар. Қиз болалар ҳиссиётга берилувчан бўлгани учун улар кўп  тушкунликка (депрессия) тушадилар. Бунинг асосий сабаби, бекорчилик, бемақсад яшаш, организмда гормонлар, моддалар алмашинувидир. Шу даврда онадан сезгирлик талаб қилинади. Олимлар банда бошига мусибат, синовларга дуч келганда ҳадислар айтилган: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосини ўқиб, сўнг Раббимиздан астойдил ва чин ихлос билан ҳожатларини сўраса, иншоаллоҳ, У Зотнинг изни билан мушкули осон бўлади, дейишган.

Ота-она ўз фарзандини эшитмаслиги, у билан самимий суҳбатдош бўлолмаслиги ёмон. Турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолишининг сабаби, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд муомала, пировардида номукаммалликни ҳис этиб, шу каби туйғуларни енгиб ўтолмаслик, муаммолар олдида ожиз қолишдир. Асосийси, масалани ташқаридан эмас, ичкаридан туриб асл моҳиятига кирилмаса, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари кўпайиб бораверади.

Диний тушунчаларнинг камлиги. Ўз жонига қасд қилганлар Аллоҳнинг тақдиридан  норози, Унинг чексиз илоҳий неъматларига ношукрлик қиладиган, синовларга сабр қилолмайдиган кимсалардир. Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, дейилади (Нисо сураси, 29-оят). Оятдаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” жумласи бир неча хил тафсир қилинган: “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”.

“Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда.

Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қасд қилиб ўлган кимса қиёматга қадар ўзини ўзи ана шу азоб билан азоблаб ётишидан огоҳлантирганлар.

Ўткинчи ҳою ҳавас. Балоғат ёшидаги қизларимиз соф ва ишонувчан қалби билан ҳар кимнинг гапига қулоқ солаверадилар. Ўткинчи, алдамчи ҳис-туйғуларни муҳаббат деб ўйлайдилар. Баъзи қизларимиз соддалиги оқибатида номуси топталгандан сўнг бугунги кундаги ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсиз видео-роликлар, бемаъни сериалларнинг таъсирида сериал қаҳрамонларига тақлид қиладилар. Динимизда севги ва муҳаббат ҳаром ҳисобланмайди. Аммо икки жинс орасидаги ҳаром алоқалар, шаҳвоният ортидан кўрларча эргашиш эмасдир. Буни шариат ҳаром қилган. Икки жинс ўртасидаги алоқа ва муҳаббатнинг ҳалол ечими – никоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир-бирини яхши кўрган (йигит ва қиз) иккиси учун (орадаги муҳаббатни зиёда қилишда) никоҳга тенг келадиган (бошқа нарса)ни топа олмайсиз” (Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).

Биз оналар фарзандларимиз тарбиясига масъул эканмиз, уларни беэътибор қолдирмаслигимиз лозим. Мактабдаги ҳолатидан хабардор бўлиб туриш керак, икки томонлама тарбия ишларини ҳамжиҳатликда олиб борилиши зарур. Кимлар билан дугона бўлаётгани, телевизорда нималар кўраётгани, телефонда кимлар билан гаплашаётганини назорат қилишимиз зарур.

Ёшларимизнинг таълим-тарбиясига янада жиддий ёндашиш барчамизнинг бурчимиздир.

Робияхон ТОҲИРОВА

Top