muslim.uz.umi
Бир нафасда икки неъмат бор...
Шукр фақат тил билан бўлмайди, балки у, аввало, чин қалбдан неъматни эътироф этиб рози бўлишдир. Сўнг уни тил билан ифода этиш ва қолган аъзолар билан ушбу неъматни ҳаққини адо этиш лозим. Бу ҳақда шоир бундай дейди: “Аллоҳ таолонинг неъматларига шукронани менинг уч нарсам: қўлим, тилим ва кўринмас қалбим ифода қилди”.
“Шукр” сўзи луғатда раҳмат айтмоқ ва миннатдорчилик билдирмоқ маъноларини билдиради, шаръий истилоҳда эса: “Шукр дегани – қилинган яхшиликка муносиб жавоб қайтариш ва яхшилигу эҳсон қилувчига чиройли ташаккур билдиришдир”, дея таъриф берилган.
Аллоҳ таоло фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато этди ва Ўзининг неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, шукр қилувчиларга неъматларини кўпайтиришини ваъда қилди: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”(Иброҳим сураси, 7-оят).
Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилат ва юқори даража деб алоҳида қайд қилинган. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу: “Шукр қилиш иймоннинг яримидир”. Бошқа ўринда эса: “Иймон – сабр ва шукрдан иборат”, деб ҳам айтилган.
Шу боис Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, ношукрликдан қайтарган. Буюк бобокалонимиз “Ҳазрати имом” дея улуғланувчи Абу Бакр Қаффол Шоший “Жавоми ул-калим” китобида келтирилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Неъматлар ҳақида сўзлаш шукр қилишдир ва аксинча улар ҳақида гапиришни тарк қилиш, ношукрликдир”. Зеро, Ҳақ таоло Каломи шарифида ҳабибига буюриб, бундай марҳамат қилган: “Аммо Пaрвaрдигoрингизнинг (сизгa aтo eтгaн бaрчa) нeъмaти ҳaқидa эсa (oдaмлaргa) сўзлaнг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).
Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни ўз вақтида қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Ҳар нафаски, ичкарига киради, у ҳаётни бир нафасга чўзувчидир. Олинган нафаснинг қайтиб чиқмоғи эса эгасини хурсанд қилувчидир. Шундан маълум бўладики, ҳар бир нафасда икки неъмат бор. Бири нафасни саломат ютиш ва иккинчиси олинган нафасни қайтариб чиқариш ва ҳар иккиси учун алоҳида-алоҳида шукр келтириш вожибдир”.
Аллоҳ таоло неъматларига шукр айтувчиларни, албатта, мукофотлаши ва уларга улуғ ажру савоблар беришини ҳам кафолатлагандир. У зот айтади: “... Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз” (Оли Имрон сураси, 145-оят).
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳадиси шариф мазмунига мувофиқ биз юртимизда халқимиз бахту саодати, фаровонлиги, осойишталиги ва тинчлиги йўлида қилинаётган барча хайрли ва эзгу амалларига ҳам ўз ўрнида миннатдорчилик билдиришимиз лозим экан.
Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр айтувчи ва ҳар бир ҳолимизда сабр қилувчи, Ўзидан ёрдам кутувчи ва шукримиз эвазига улкан ажр-мукофотларга ноил этсин!
Ислом шиорларидан бири
Маълумки, Ислом тинчлик ва тотувлик дини ҳисобланади. Хусусан, динимизда суннат ҳисобланган саломлашиш бунга далил бўлади. Салом берувчи “Ассалому алайкум”, яъни “Мен сизга тинчлик тилайман”, алик олувчи эса “Ва алайкум ассалом”, яъни “Мен ҳам сизга тинчлик тилайман”, дейди. Бу иборалар орқали жамият аъзолари бир-бирларига тинчлик-тотувлик сўрайдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иймон келтирмагунча жаннатга киролмайсизлар, ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча (комил) мўмин бўла олмайсизлар. Сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шуни қилсангиз, ўзаро муҳаббатли бўласиз: ораларингизда саломни кенг ёйинглар!” деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти). Демак, саломлашиш мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим амал ҳисобланиб, иймоннинг комиллиги ва одамлар орасидаги муҳаббатга сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг у кишига: “Анави ўтирган фаришталарнинг олдига боргинда, салом бер. Сўнг уларнинг сенга берадиган алиги (жавоби)ни яхшилаб эшитиб ол, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларинг учун саломлашиш бўлади!” деди. Одам алайҳиссалом бориб, “Ассалому алайкум”, дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи!” деб алик олишди» (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони каримда марҳамат қилинади: «... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!). Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур» (Нур сураси, 61-оят).
Ҳақ таоло салом ва унинг жавоби чиройли суратда бўлиши ҳақида бундай дейди: «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз...» (Нисо сураси, 86-оят). Ушбу ояти каримадан салом берилганда унга саломнинг ўзидек ёки ундан-да чиройлироқ жавоб қайтариш лозимлиги келиб чиқмоқда.
Қуйидаги ҳолатларда салом бериш, алик олиш жоиз эмас: қазойи ҳожат ёки ғусл пайтида;
намоз ўқиётган ёки азон айтаётган кишига; уйқуда ёки мудроқ босган кишига; таомланаётган кишига (агар луқма оғзида бўлмаса, салом бериш мумкин. Саломга жавоб қилиш эса вожиб бўлади); Қуръон тиловат қилаётган кишига (мабодо, салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнг тиловатни давом эттиради); дуо қилаётган ёки талбия (лаббайкаллоҳумма) айтаётган эҳромдаги кишига.
Жаннатда фаришталарнинг мўминларга хитоби ҳам “салом” ҳисобланади. Каломуллоҳда бундай дейилади: «(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): (Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга салом (тинчлик) бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!» (Раъд сураси, 23-, 24-оятлар).
Саломлашишда салом берувчига тегишли бир қанча одоблар бор:
– “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва чиройли шаклда салом бериш лозим. “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб айтса янада яхши. Унинг ўрнида бошқа сўзларни қўллаш саломлашиш одобига зиддир.
– Киши доимо аввал салом беришга интилиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада чиройли намуна бўлганлар. У зот йўлиққан ҳар бир кишига биринчи салом берганлари ҳадисларда келтирилади.
– Инсонларнинг ҳолатларига қараб ҳам ким кимга салом бериши кераклиги баён қилинган. Масалан, уловдаги киши пиёдага, пиёда ўтирганга, ёшлар катталарга, озчилик кўпчиликка ва юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедагига аввал салом бериши фазилат ҳисобланади.
Абдувоҳид домла АҲМАДАЛИЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси
"Диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди", - Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи
Сайёр йиғилишнинг навбатдагиси Жомбой туманида ташкил қилинди
Бугун, 2023 йил 19 сентябрь куни навбатдаги сайёр йиғилиш Жомбой туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 7 та масжид имом-хатиблари ва фаол ходимлар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари тумандаги 17 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди.
Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Жомбой туманидаги 7 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Муборак ойларни ғанимат билайлик”, “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:
- Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 17 та. Шундан 2 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
- Кам таъминланган оилаларга ташриф: 52 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда бошқа йўналишдаги муаммолари ҳамкор ташкилот масьуллари билан биргаликда ижрога йўналтирилди.
- Ногиронлиги бор ва касалманд 2 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
- Нотинч оилаларга ташриф: 1 та. Уларнинг оиласидаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди. Улар ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
- Уюшмаган ёшлар билан 9 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 60 нафардан кўпроқ уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
- Тумандаги 7 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 1 000 нафарга яқин намозхонлар иштирок этишди.
- Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 11 200 000 сўмни ташкил қилди.
- Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров Жомбой туманидаги “Исломобод” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилари билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, уларнинг аҳоли билан “Сабр тоқат”, “Иймон эътиқод”, “Ибо ҳаё”, “Аёллар ўртасида ичкиликнинг олдини олиш”, “Таълим тарбия”, “Бидъат-хурофот”, “Ажримларнинг олдини олиш”, “Ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик” ва “Жиноятчиликнинг олдини олиш” каби кўпроқ маърифий суҳбатлар ташкил қилиш ҳамда соҳа ходимларининг аввало ўзлари халққа намуна бўла олишлари борасида давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Хайрулло домла мазкур масжидда жамоат билан Пешин намозини адо қилдилар ва намоздан сўнг жамоатга “Мукборак дамларни ғанимат билинг” ва “Ёшлар тарбиясига эътиборли бўлайлик” мавзуларида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
- Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Жомбой туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ва намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Ёқубжон домла Мансуров ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Абу Масъуд Бадрий
Саҳоба Абу Мусъуд Бадрий иккинчи Ақаба байъати иштирокчиси. Бадрда иштирок этмаган. Уҳуд ва ундан кейинги ғазотлар иштирокчиси. Жуда кўп ҳадислар ривоят қилди. Саҳобаларнинг уламоларидан. Куфада яшаган. Али ибн Абу Толибнинг издошларидан. Али розийаллоҳу анҳу Сиффинга кетатуриб уни Куфага ўзининг ўринбосари этиб қолдирган.
Исми: Уқба ибн Амр ибн Саълаба Ансорий Ҳазражий Бадрий. Кунияси: Абу Масъуд. Ансорлар билан иймонга келган. Онаси: Салама бинти Озиб. Аёли: Ҳузайли бинти Собит. Ақабага етмишта ансор билан чиққан. Иккинчи Ақабада ҳам иштирок этган етмишта кишининг энг ёши. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уни Бадр иштирокчиси деган. Аммо Абу Аҳмад Ҳоким унга зид гапни айтган. Энг машҳур сўз унинг Бадрда иштирок этмаганидир. Лекин Бадрдаги сув ёқасида тўхтаб, ўша ерда яшаб қолгани учун бадрий деб ном олган.
Набий алайҳиссалом ғуломини калтаклашдан қайтарган саҳоба Абу Масъуд Бадрийдир. Ўзи бундай ривоят қилади: “Қамчим билан ғуломимни ураётганимда ортимда: “Билгин эй Абу Масъуд”, деган овозни эшитдим. Жаҳлимнинг зўридан овоз нима деяётганини тушунмадим. Менга яқин келганларида у киши Набий алайҳиссалом эканларини билдим. У зот: “Билгин эй Абу Масъуд, билгин эй Абу Масъуд”, дедилар. Айтади: “Қўлимдаги қамчини ташлаб юбордим”. (Бир ривоятда: “Ҳайбатларидан қўлимдаги қамчини тушириб юбордим”, дейилган). Набий алайҳиссалом: “Билгин эй Абу Масъуд, сен бу қулни жазолашга қодирлигингдан кўра Аллоҳ сени жазолашга кўпроқ қодирдир”, дедилар. Мен: “Бундан сўнг ҳеч қачон қўл остимдагини урмасман”, дедим. (Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоятида Абу Масъуд: “Ё Расуллаллоҳ, (ушбу) қулим Аллоҳ таолонинг розилиги учун озоддир”, дейди. Набий алайҳиссалом: “Агар шундай қилмаганингда дўзах сени куйдирарди”, деб айтадилар)» (Имом Муслим ривояти).
Кейинчалик Куфада яшади. Али розийаллоҳу анҳунинг издошларидан эди. Али розийаллоҳу анҳу Сиффинга кетатуриб уни Куфага ўзининг ўринбосари этиб қолдирди. Кейинроқ айрим сабабларга кўра мўминларнинг амири уни ишидан четлаштиради. Шундан сўнг Абу Масъуд розийаллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварага қайтиб кетади.
Кўп ҳадис ривоят қилган. У кишидан тобеинлар: ўғли Башир, Абдуллоҳ ибн Язид Хотмий, Авс ибн Зомъаж, Абу Воил Шақиқ ибн Салама, Алқама ибн Қайс Нахаъий, Масруқ ибн Аждаъ, Амр ибн Маймун, Робиа ибн Ҳароша, Қайс ибн Абу Ҳозим, Абдураҳмон ибн Язид Нахаъий ва Омир Шаъбий ҳадис ривоят қилишган.
Абу Масъуд Ансорий бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисга келдилар. Сад ибн Уқба розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло бизни сизга салавот айтишга буюрди. Биз сизга қандай салавот айтамиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сукут сақладилар. Ҳатто биз қани эди у бу саволни сўрамаганида эди, деб орзу қилдик. Бир муддатдан сўнг: “Бундай денглар: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама соллайта ъала Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммад кама барокта ъала Иброҳима фийл ъаламина. Инннака ҳамидум мажид”, деб айтинг. Салом эса, сиз билганигиздек”, дедилар».
Абу Масъуд Ансорийдан яна бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аввалги (ўтган) пайғамбарлардан одамлар етиб келган (эшитган) гапларидан бири (шудир): “Уялмасанг (ҳаё қилмасанг), истаганингни қил!” (Имом Бухорий ривояти)
Бир куни саҳоба розийаллоҳу анҳу ҳузурида динор ва дирҳам ҳақида гапиришди. У киши бундай деди: “Уни жигарларингизга ёпиштириб олинглар. Аллоҳга қасам, охиратингизга бирор динор ва бирор дирҳам ҳам олиб кетолмайсиз. Сизлардан олдингилар қолдиргани каби уни ё ер устида ё ер остида ташлаб кетасиз. Улар ҳам унинг устида бир-бирлари билан сизлар каби жанжаллашдилар, сизлар каби бир-бирларини алдадилар. У (мол-дунё) сизларнинг динингиз ва дунёингизни ҳалок қилади”.
Саҳоба Мадинаи Мунавварада Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида оламдан ўтди. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
"Ислом нури" газетаси