muslim.uz.umi
Дубай Ислом банки Қуръони каримни катта ададда чоп эттиради
Дубай Ислом банки Қуръони каримнинг дунё бўйлаб тарқалиши ва чоп этилиши учун “Дар ал-Бир” уюшмасига 550 000 дирҳам ажратганини эълон қилди.
IQNAнинг “Al-Bayan” матбуот хизматига таяниб хабар беришича, Дубай Ислом банки бу ташаббусни Қуръони карим ҳофизлари ва қориларини қўллаб-қувватлаш, банкнинг хайрия фаолиятини амалга ошириш сифатида баҳолаган.
“Дар ал-Бир” уюшмаси директори Муҳаммад Соҳаил ал-Маҳири бу саъй-ҳаракатни юқори баҳолаб бундай деди: “Дубай Ислом банки мазкур акциянинг стратегик ҳамкори бўлиб, уюшманинг турли хайрия ташаббуслари ва хайрия лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди”.
Қарийб 44 йилдан буён ушбу банк турли гуманитар соҳаларда дунё мусулмонлари орасида хайрия ва хизмат кўрсатиш соҳаларида масжидлар ва Қуръони каримни ёдлатиш марказлари қурилишида улкан ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ал-Маҳири “Дар ал-Бир” уюшмасининг келгуси режалари ҳақида маълумот бериб, жумладан бундай изоҳ берди: “Бу чора-тадбирлар Ислом дини таълимоти ва хайрия ишларини амалга оширишнинг аҳамиятига асосланади. Уюшма фаолиятининг асосий қисми Қуръони каримни дунёнинг турли мамлакатларида чоп этиш ва тарқатиш, масжидлар ва Ислом марказларини қўллаб-қувватлашга қаратилган”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Меҳмонни икром қилиш
«Шундай қилиб, Биз Юсуфни у ерга (улуғ мартаба ва иззат билан) жойлаштирдик; у ерда хоҳлаган жойида маскан тутиб яшар эди. Биз раҳматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишига етказурмиз, муҳсинларнинг – гўзал иш-ҳаракат қилгувчиларнинг мукофотини зое қилмасмиз».
Айтилдики: «Юсуф алайҳиссаломнинг гўзал иш – ҳаракатларидан бири, у зот ҳеч қачон ёлғиз таом емас эдилар, шунинг учун Аллоҳ таоло у зотни Муҳсин деб номлади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир мўминнинг хонадонига меҳмон келса, мезбон меҳмонга кулиб боқса, унинг кўзларига дўзах ўти ҳаром қилинади».
Иброҳим алайҳиссалом кундузи таом емоқчи бўлсалар, бир ёки икки мил юриб бўлса ҳам, бирга овқатланиш учун бир меҳмон ахтарар эдилар.
Кимки меҳмонни икром қилмаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан эмас ва Иброҳим алайҳиссалом миллатидан ҳам эмас. Кимки Аллоҳ таоло ризоси учун меҳмонга таом берса, онасидан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлади.
Муъоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу дедилар: «Уйимга меҳмон келди, уйда тоза сув ва қаттиқ нондан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Меҳмонга боримни қўйдим, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меҳмоннинг фазилати ҳақида сўрадим». Шунда ул зот менга дедиларки: «Етти қават осмон фаришталари йиғилсалар ҳам, бунинг тавсифини келтира олмайдилар. Ким Аллоҳнинг севикли бандаларидан бўлишни хоҳласа, меҳмони билан бирга таом есин».
Бир киши: «Бунинг (меҳмонни икром қилишнинг) савоби нима, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Бунинг савоби бир йил нафл рўза тутган, Байтуллоҳни ҳаж ва умра қилган, Аллоҳ йўлида душман билан жанг қилган кишининг савобичадир».
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳуга айтилди: «Бу дунёда сиз севган нарса нима?» «Меҳмонга таом бериш, душманга қилич уриш, ёз кунларида рўза тутиш», деди.
Аҳмад ҒАЗЗОЛИЙнинг
“Баҳрул маҳабба” асаридан.
Умар розияллоҳу анҳунинг хавфлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч қачон суяниб қолмас эдилар. Доимо Аллоҳ таолонинг раҳм қилишини тилаб турар эдилар.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Агар бир нидо қилувчи осмондан нидо қилиб:
«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз жаннатга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам эмасмиканман, деб қўрқаман.
Агар бир нидо қилувчи нидо қилиб:
«Эй одамлар! Албатта, бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирувчиларсиз!» деса, мен ўша одам бўлсам, деб умид қиламан».
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолди ва:
«Эй Абу Мусо! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалларинг холис қолиб, бошқа амалларингдан учма-уч чиқсанг. Яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлса-ю, сенинг фойдангга ҳам, зарарингга ҳам бўлмаса. (Шу) сени хурсанд қиладими?» деди.
Абу Мусо:
«Йўқ! Эй мўминларнинг амири, Аллоҳга қасамки, Мен Басрага келганимда ботил кенг тарқалган экан. Мен уларга Қуръонни ва Суннатни ўргатдим. Улар ила Аллоҳнинг йўлида ғазот қилдим. Мен ўшалар ила У Зотнинг фазлини умид қиламан», деди.
Умар розияллоҳу анҳу:
«Лекин мен ўз амалимдан яхшиси ёмони билан, ёмони яхшиси билан учма-уч бўлиб, менинг фойдамга ҳам, зараримга ҳам бўлмасдан учма-уч чиқишини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган амалимнинг ўзимга холис бўлишини хуш кўраман», деди».
Ибн Асокир ривоят қилган.
Ҳофиз Абу Бакр Абу Дунё ривоят қиладиларки, бир куни кечаси ҳазрати Умари Одил ўз одатларига кўра Мадинаи Мунаввара кўчаларини айланиб юрган эканлар. Мусулмонлардан бирларининг ҳовлиси ёнидан ўтиб кетаётиб, ҳовли эгасининг намоз ўқиётганини эшитибдилар. Тўхтаб, қироатга қулоқ солибдилар. Уй эгаси «Ват-Тур»ни ўқиб,
«Албатта, Роббингнинг азоби рўй беражак. Уни қайтарувчи йўқдир»га етганда, ҳазрати Умар: «Каъбанинг Робби ила қасамки, бу ҳақ қасамдир», дебдилар ва эшакларидан тушиб, деворга суяниб қолибдилар. Бир муддат шу ҳолатда туриб, сўнг уйларига қайтибдилар.
Шундан кейин у киши бир ой касал бўлиб ётган эканлар. Йўқлаб келганлар у кишининг нима билан оғриётганларини билмас эканлар. Қуръон пок ва таъсирчан қалбларга ана шундай таъсир кўрсатган.
«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди
ислом.уз