muslim.uz.umi
Туҳматнинг охири вой
Тошлоқ туманилик (Фарғона вилояти) мухлисимиз таҳририятга хат йўллаб, 13 йилдан буён қуруқ туҳматга қолаётгани, бунинг ортидан анча ғам чекаётганини алам билан ёзибди. У ўз мурожаатида туҳмат ҳақида мақола беришимизни ва бу билан кўпчиликни бу иллатдан огоҳ этишимизни илтимос қилибди.
Дарҳақиқат, туҳмат – бир инсонни қилмаган ишини қилди, сўзламаган сўзини гапирди, дея ёлғон гувоҳлик бериш, иғво-бўҳтондир. Бу иллат инсон ҳаётини хавфга, буткул издан чиқишига, ўзаро душманлик, низога сабаб бўлади. Шунинг учун ота-боболаримиз ўт-сув, туҳмат балосидан асрасин деб дуо қилишган. Чунки туҳмат катта офатлар каби улкан фожиадир.
Тарихда ҳам кўплаб Пайғамбару уламолар ҳам туҳматга дучор бўлишган. Бунга яққол мисол қилиб, Юсуф алайиҳиссаломнинг зиндонга тушишию, Оиша онамиз билан содир бўлган машҳур “Ифк” воқеасини айтиш мумкин. Айниқса, Оиша онамизга фитначилар томонидан қилинган туҳмат бутун Ислом умматига оғир келди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир ой оят нозил бўлмагунича нима қилишни билмай қолдилар. Саҳобалар ҳам қаттиқ ғамга ботди. Оиша онамиз тинимсиз кўз ёш тўкди. Қачонки, Аллоҳ таоло Оиша онамизни оқлаб Қуръони каримда: «Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат) да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур», (Нур сураси, 23–24-оят) оятларини сўнггина барча дард-аламлар ариди.
Бундай воқеалар асрлар оша доим бўлиб турган. Мисол учун, Имом Бухорий кемада сафарга чиққанида бир йўловчи у кишининг ёнидан 1000 танга пули борлигини билиб, уни ундириш мақсадида туҳмат қилмоқчи бўлади. Буни сезган олим пулни денгизга улоқтириб юборади ва шу зайлда туҳматдан холос бўлади.
Шунингдек, ўтган асрнинг 30–40-йиллари юртимиздаги қатағон сиёсати туфайли минглаб зиёли ота-боболаримиз туҳмат ва бўҳтон билан олий жазога тортилгани барчамизга маълум. Унинг мудҳиш оқибатлари бугунги кунимизгача сезилади.
Афсуски, ўз нафси, манфаати йўлида беайб кишиларга туҳмату бўҳтон қилаётган кимсалар бугун ҳам бор
. Улар бойлик орттириш, мансабга ёки мол-мулкка эга бўлиш илинжида одамлар ҳаётига хавф солади. Кўплаб азоблар чекишига ҳатто, жавобгарликка тортилиб, қамоққа тушишига ҳам сабабчи бўлади. Уларнинг бу қилмишлари учун қонунчилигимизда қатъий жазо тайинланган бўлса-да, охиратда ҳам бундай одамлар қаттиқ азобга гирифтор бўлади.
Бу ҳақда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради”, дейдилар (Имом Табароний ривояти).
Шуниси маълумки, туҳматчилар у дунё бу дунё рўшнолик кўрмаслиги тайин. Қилган ишининг касри бир кун бўй кўрсатади. Бунга жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири Саъд ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳаётида бўлган воқеа бунга мисол бўлади олади. Чунки у кишига бир аёл еримни тортиб олди дея бўҳтон қилади. Бундан қаттиқ азият чеккан Саъд ибн Зайд аёлни баддуо қилади ва туҳматчи йиллар ўтиб хору зор бўлиб оламдан ўтади. Бундай воқеалар бугунги ҳаётимизда ҳам учрайди. Ён-атрофимизад ўзгаларга озор бериб, ўзи ҳам бир кун азобга қолганлар кам эмас. Шундай ҳар қандай ишнинг жавоби бир кун барибир қайтади.
Ислом Йўлчиев
Балоғат илми ҳақида
Қуръони карим оятлари маъноларини тўғри ва аниқ тушуниб етиш учун бир қанча илмларни билиш зарур. Ана шу илмлардан бири балоғат илмидир. Балоғат илмининг асосий вазифаси Қуръони карим маъноларини тўғри тушуниш ва тафсир қилишга хизмат қилади.
Қуръони карим мўжизадир. Унинг назми ҳар бир сўзи, ҳар бир калимаси, ҳар бир сураси назм ва маъно жиҳатидан инсониятни ожиз қолдиради.
Балоғат илми илми баён, илми маъоний ҳамда илми бадиъ қисмлардан иборатдир. Бадиъ илмининг ўзи икки қисмга бўлинади:
- Ал-мухассиноту-л-лафзийя – “лафз гўзалликлари”. Бу қисмда оят калимага ҳусн бўлган жиҳатлар ўрганилади.
- Ал-мухассиноту-л-маъновийя – “маъно гўзалликлари”. Бунда оятнинг маъносига ҳусн бўлган жиҳатлар ўрганилади.
Балоғат илми асосчиси Абу Ёқуб Юсуф Саккокий “Мифтоҳу-л-уълум”асарида маъно гўзалликларга таврия, муқобала, ҳусну-т-таълил, тибоқ (мутобақа, иттидод), мушокала, муроату-н-назир, музоважа, лафф ва нашр, жамъ, тафриқ, тақсим, жамъ маъа тақсим, жамъ маъа тафриқ ва тақсим, ийҳом, тавжиҳ, суқу-л-маълум масоқа ғайриҳ (бошқаларда тажоҳулу-л-ориф), иътирод, иститбоъ, илтифот, тақлилу-л-лафз кабиларни киритган.
“Бадойеъу-с-санойеъ”, Тарғиб ва таҳзийб”,
“Эъробул Қуръан ва байануҳу”, “Дурусул балоғо” асарлари асосида
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матншунослик ва адабий манбашунослик магистранти
Санобар МУХАМЕДХОДЖАЕВА тайёрлади.
“Фатволар тўплами” номли китоб нашр этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоларининг “ФАТВОЛАР ТЎПЛАМИ” номли китобининг 1-жузи нашрдан чиқди.
Китобни тайёрлаш жараёнида икки йил давомида юртдошларимиздан келган саволларга имкон қадар содда услубда, ҳанафий мазҳабимиздаги мўътабар фиқҳий манбаларга асосланган ҳолда жавоблар берилди.
Китобхонлар ушбу китобдан таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж-умра, савдо-сотиқ, ижара ҳамда ақидавий масалаларга оид кўплаб қизиқарли саволларга батафсил жавоблар топишлари мумкин.
Аллоҳ таоло ушбу китобни юртимиз мўмин-мусулмонларига манфаатли қилсин!
Китобнинг ҳажми: 632 бет
Муқоваси: Қаттиқ, зарҳал
Нашриёт: Shamsiddinxon Boboxonov NMIU
Нархи: 82 000 сўм
Хушхабар: “Саййид ота” масжидига илк ғишт қўйилди
Уламоларимиз: "Бирор ҳудудда масжид барпо этилса, шу масжиднинг баракаси бутун аҳолига татийди. Шу ерга файз, унум ва барака инади", дейишган. Ҳақ гап. Эътибор бериб қаралса, масжиди бор маҳаллалар файзли, баракалидир.
Тошкент вилояти Паркент тумани Қизил тоғ қўрғони "Файзобод" маҳалла фуқаролар йиғини Усмон Носир кўчасида жойлашган "Саййид ота" жоме масжидининг янги биноси қурилишига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, маҳалла фаоллари, нуронийлар отахонлар иштирок этди.
Масжиднинг ер майдони ва айни пайтда қурилиш давом этаётган ҳудуд 25 сотихдан иборат. Замонавий масжидга ҳамоҳанг тарзда имом-хатиб, ноиб, мутавалли хоналари ҳамда қоровулхона ҳам бунёд этилмоқда.
Барча шарт-шароитга эга жомега мос тарзда таҳоратхона ҳам қад ростлаяпти.
Намозхонлар учун қулайлик яратиш мақсадида автотураргоҳ ҳам қуриляпти.
Янги жоме тез орада мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишини Аллоҳ таоло насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳисса қўшаёганлардан Раббимиз рози бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Лондонда “Қуръон ўсимликлари” кўргазмаси очилди
Лондонда дунёдаги энг катта ва энг машҳур халқаро “Kew Gardens” боғида Қуръони каримда зикри келган ўсимликлар ҳақида маълумот берувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Бу Қуръони карим мазмунини таништиришни мақсад қилган илк ташаббуслардан саналади.
Буюк Британия пойтахти Лондон ғарбида жойлашган ушбу боғда ташкил қилинган кўргазмада Қуръони каримда зикр этилган ўсимликларнинг чизмаси, фотосуратлари ҳам намойиш этилди. Кўргазма фаолияти шу йилнинг 17 сентабригача томошабинлар учун очиқ экани маълум қилинди.
Ўз навбатида боғ маъмурияти: “Қуръони каримда кўплаб мисол ва таълимотлар мавжуд, шунингдек, унда табиат манзараси, хусусан, яшил майдон, ўсимлик ва гуллар ҳақида сўз юритилган”, дейди.
Кўргазмада намойиш этилган санъат асарлари тўпламини “Қуръон ўсимликлари: тарих ва маданият” китоби муаллифи доктор Шаҳина Ғазанфар ва Янги Зеландияда яшовчи ботаника бўйича иллюстратор Суе Викисон яратди.
Викисон томонидан ишланган 30 та фотосуратдан иборат Қуръон ўсимликлари кўргазмасида саримсоқ ва анордан тортиб узум ва хинагача бўлган кенг турдаги ўсимликлар ва уларнинг Қуръондаги аҳамияти ва мазмуни ҳақида маълумотлар тақдим этилган.
Шуниси эътиборга лойиқки, “Kew Gardens” бу соҳада дунёдаги энг йирик халқаро боғ ҳисобланади. Чунки у дунёдаги энг катта ва энг хилма-хил ўсимлик ва қўзиқорин коллекцияларини ўз ичига олади.
Халқаро боғлар Лондоннинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, уларда 1 100 дан ортиқ ходим ишлайди ва йиллик бюджети 65 миллион фунт стерлинг, яъни 85 миллион AҚШ долларидан ошади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати