muslim.uz

muslim.uz

 

Барчамизга маълумки пандемия муносабати билан мамлакатимиздаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган жойларга карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда тиббий ниқоп ва қўлқоп билан антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда киритилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилди. Тест синовларининг шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойлар кузатув камералари билан жиҳозланиб, Давлат тест маркази жалб қилган кузатувчилар томонидан назорат қилиб борилди.

Ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича 2020-2021 ўқув йили учун 2020 йил 16-17 сентябрь кунлари ўтказилган тест синовлари натижалари 2020 йил 25 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг @mandat_muslim_uz_bot телеграм боти орқали эълон қилинади.

Абитуриентлар мазкур ботда шахсий ДТМ махсус кодини киритиш орқали ўзининг тест синови натижалари билишлари мумкин.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Савол: Бизда бир “Ҳизбут-таҳрир” номли жамоа бор. Ислом халифалигини ўрнатиш ҳақида бонг уришади.  Уламолар ҳақида ҳар хил гаплар гапиришади. Уларга қандай раддия қилиш керак? Ўзи Ислом халифалигига қандай йўл тутилиш керак? 

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Инсонлар жамоаланиш бўйича икки жамоага ажрайдилар. Роҳманнинг жамоаси ва Шайтон жамоалари. Аллоҳ таолонинг жамоаси тарқоқ бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтади:

 إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ

“Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси 159-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Насоролар ҳам етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлиниб кетади”, деганлар  (Имом Абу Довуд  Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Яна Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Муовия разияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилган. Унда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир. Биргина фирқа бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўша бир тоифа кимлар, эй, Аллоҳнинг Расули!” дейишди. У Зот: “Жамоатдир”, дедилар. Сўнг яна қўшимча қилиб айтдиларки: “Албатта яқин орада шундай қавмлар келадики, қутириш касали беморни қандай эгалласа,  уларни ҳавои нафс худди шундай эгаллайди” – дедилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар берган нарсалари воқеъликда содир бўлди. Ҳавои нафсга эргашиш кўпайди. Фирқалар, жамоалар кўпайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўз китобида айтади:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон сураси 103-сура).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзларингиздан олдингилар йўлига худди (камон ўқининг) патлари бир хил жойлашгани каби, изма-из эргашасизлар. Ҳатто улар зобб (эчкиэмар)нинг инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам албатта кирасизлар. Саҳобалар айтдилар: “Эй, Расулаллоҳ! Яҳудлар ва Насороларми?” Пайғамбар алайҳиссалом: “Унда ким?” - дедилар.

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Мўъмин мўъмин учун худди бир бирини мустаҳкамлаб турувчи бино кабидир”.

Аммо бу пайдо бўлган ҳизблар-жамоалар ўзаро бир-бирларидан танофурда, нафратдадирлар. Бир бирларини таъна-айб қўядилар. Ҳатто бир киши: “Бу ҳизблар дин душманларининг  ирода-истакларини яъни умматни тафриқага солиш, хотирини паришон қилиш, алалоқибат  умматни заъифлаштириш каби ишларни амалга оширяптилар”, деса тўғри айтган бўлади.

Хуллас, “Ҳизбут таҳрир” жамоаси қаттиқ адашган тоифалардан. Мен сўзимнинг авалиданоқ шу сўзни айтсам балки сизларга ғариб туюлар. Аслида бу сўзни айтишдан олдин муқаддима келтиришим керакдир. Масалан қуйидагича: “Ушбу ҳизбут таҳрир жамоаси паскаш жамоа бўлиб, Урдунда пайдо бўлган. “Ихвонул муслимин”дан ажраб чиққан.  Ихвончилар уларга бу йўлдан қайтсинлар учун ўзаро элчилар юборишган. Лекин улар қайтишдан бош тортишган. Уларнинг етакчиси Тақиюддин Набаҳоний эди. Улар ақида масалаларида қуйидагиларни айтадилар: ақидавий ҳукм фақат ақлдан олинади. Агар самъий яъни, нақлий далилдан олинса, у фақат қатъий далил бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам улар азоби қабрни рад қиладилар, Масиҳуд-Дажжолни  чиқишини инкор қиладилар. Фазилатли аҳлоқлар ва илм ўргатишга бепарво бўладилар. Ҳизбчилар қуруқ сиёсатдонликка ўргатиладиган динга мухолиф жамоадир.

Ҳизбчиларнинг етакчисига: “Нима учун сизларда Қуръон ёдлатадиган мадрасалар кўринмайди?”, деб сўралганда шундай жавоб берган: “Мен дарвешлар чиқармоқчимасман”. Кўриб турганингиздек, улар фақат сиёсатга таянадилар. Илм, аҳлоқ ва қалб тарбияси, зуҳд, тақвога сабаб бўлувчи илмлар улар учун қизиқ эмас. Фиқҳий масалаларда ҳам ўзларига хос жиҳатлар бўлиб, уларга кўра эркак киши номаҳрам аёл билан қўл бериб кўришса, жоиз бўлади.  Шунингдек, шўрода кофир инсон ҳам бўлиши, ҳамда у умумий маънода волий, ҳоким бўлиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, Ҳизбут таҳрир жамоаси энг адашган тоифалардан биридир.

Мен Ҳизбут–таҳрирлик билан фахрланган, гердайганлардан таажжубдаман. Барча мўмин мусулмонларни ҳизбут-таҳрир жамоасидан огоҳликка, улардан узоқ бўлишга чақираман. Агар биз ҳизбут-таҳрир жамоасини таъвилчилар, деб ҳисобламасак эди, аслида уларни кофир дейишимиз ҳақли бўларди. Чунки улар азоби қабрни инкор қиладилар. Масиҳуд-дажжолни чиқишини инкор қиладилар. Етакчилари эса: “Талабаларига Қуръонни ўргатиш лозим эмас. Улардан дарвешлар етиштирмаслик керак” – дейди.  

Яман уламолар кенгаши аъзоси

Шайх Муқбил Ҳодий Водиий

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқиши унинг мазкур халқаро ташкилот ишидаги иккинчи иштироки ҳисобланади. Юртбошимиз дунё минбаридан туриб минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун муҳим саналган умумсиёсий масала ва таклифларни ўртага ташлади. Биз учун ушбу нутқнинг алоҳида аҳамиятли жиҳати шундан иборат бўлдики, белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, мазкур халқаро ташкилот одатда дунё бўйича олтита тилдан фойдаланади. Давлатимиз раҳбари тарихда илк бор ўз она тили – буюк Навоий, Амир Темур, Бобур, Жалолиддин Мангубердининг тилида сўз айтиши, албатта, тарихий воқеадир.

Президент Ш.Мирзиёев ўз нутқида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқди. Ҳозир уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда диний эркинлик борасида вазият кескин яхшилангани, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш доимий муҳим вазифа эканлигини айтиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, диний эркинлик бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ишлар ушбу сўзларни тасдиқлайди. Жумладан, диний масалалар бўйича махсус рўйхатда турган шахсларни ушбу рўйхатдан чиқарилгани, кўплаб диний маҳбусларга амнистия эълон қилинаётгани, янги масжидлар очилаётгани, диний таълим олиш учун имкониятлар кенгаяётгани 2020 йил АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотирга молик давлатлар” қаторидан олиб ташлашига сабаб бўлди. Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини бугунги кунда мамлакатда 130дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи бандида ҳам хавфсизлик, диний бағрикенглик  ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналиш қилиб белгилаб қўйилган. Муқаддас динимиз таълимотига кўра эса бағрикенг бўлиш иймон белгисидир. Чунки, Аллоҳ таоло муборак каломида:

Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (“Мумтаҳана” сураси, 8-оят), деб марҳамат қилган.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.

Давлатимиз раҳбари сессияда сўзлаган нутқларида минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратиш бўйича эришилган ютуқлар, қўшни Афғонистон мамлакатида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги бажарилиши лозим бўлган аниқ таклиф ва режалар ҳақида айтиб ўтдилар.

Халқимизда “Қўшнинг тинч- сен тинч” деган нақл бор. Аллоҳ тало Ўзининг китобида биз бандалар кимларга яхшилик қилиш лозимлигини уқтириб:

Ва Аллоҳ таолога ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлагнлар яхшилик қилинганар. Албатта, Аллоҳ таоло ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас” (“Нисо” сураси, 36-оят), деб марҳамат қилади.

Агар эътибор берсак, оятда ҳар бир тоифа зикр қилиниб туриб, қўшни ҳақида уч маротаба қайта зикр қилинмоқда. Демак, шариатимиз кўрсатмалари бўйича ҳам қўшнининг ҳаққи буюклиги ояти каримада зикр қилинмоқда. Мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ушуб сиёсат ҳам диний жиҳатдан, ҳам умуминосий жиҳатдан тўла рисолага мос келишини таъкидламоқчимиз.

Бир сўз билан айтганда давлатмиз раҳбарининг маърузаларида қайд этилган барча масалалар ўзининг ўзбекона инсонпарварлик туйғулари билан йўғрилганлиги, қатъий ва мағрур жаранглаши билан ҳам алоҳи аҳамият касб этди.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Заркент бобо” зиёратгоҳида аёллар ва болалар томонидан қабр тавоф қилинаётгани, устунлар ўпилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этилаётгани ҳақидаги эски видеолавҳа яна тарқатилди. Таъкидлаш зарурки, ушбу эски видеолавҳа бундан бир йил аввал ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди.
Ўша вақтнинг ўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бу ҳолатга муносабат билдирилиб, амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилган. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга қадамжо тўғрисида аниқ маълумот ва зиёрат тартиблари тушунтирилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар жойлаштирилган.


Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил октябрь ойида эълон қилинган қуйидаги муносабатлар билан яқиндан танишиб, янада ишонч ҳосил қилиш мумкин.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 22 сентябрь 2020 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси эл ардоғидаги сухандон, Тошкент ислом институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Шуҳрат Қаюмовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Шуҳрат домла Қаюмов Тошкент ислом институтида 2009 йилдан буён “Воизлик санъати” фанидан таълим бериб келаётган эди. Шу йиллар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва институт фаолиятидаги илмий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказишда фаол иштирок этди. Қатор йиллар анъанавий республика Қуръон мусобақаларида бошловчилик қилди.

Сўнг пайтларда Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсирини овозлаштириб аудио шаклда тайёрлаётган эди, аммо бу ишлари охирига етмай қолди. Фарзандларини ҳам диёнатли қилиб тарбиялаган эди.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг фарзанду аржумандлари ва барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

Top