muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 18 июнь 2019 00:00

Аудиохабарлар (18-06-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Замонамизнинг катта олимларидан Шайх Саид ал-Камолий мазҳабга эргашиш ҳақида гапирар эканлар, мазҳабни тан олмайдиганларнинг бири билан бўлиб ўтган суҳбатларини шундай келтирадилар:

- Сизлар моликийсизлар, Моликка тақлид қиласизлар.

- Ҳа, биз Имом Моликка эрагашамиз. Сен ўзинг нима қиласан?

- Йўқ, биз динни Қуръон ва Суннатдан оламиз.

- Ёлғон гапирдинг! Қуръон ва Суннатдан қандай оласан? Сен ҳузурида таълим олаётган олимнинг исми “Қуръон ва Суннат”ми? Йўқ, унинг исми фалончининг ўғли фалончи-ку. Сен “Мен илмни фалончининг ўғли фалончидан оламан” дейишинг керак. Сен бўлса “Китоб ва Суннатдан оламан” дейсан. Қуръон ва Суннат нима?

Сен Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобини қўлингга олиб, уни очиб ўқий бошлайсан: “Ваҳийнинг бошланиши боби. Шундай-шундай... Ундан бундай фойда оламан” деб, уни ёзиб қўясанми? Шундай қиласанми? Суннатдан шундай оласанми?

Кейин Аллоҳнинг Китобини қўлингга оласан ва Бақара сурасининг илк оятларини ўқийсан.

الم ذَلِكَ الْكِتَابُ لاَ رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِّلْمُتَّقِينَ

“Алиф Лом Мим. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир”.

“Бу оят мана бундай нарсага далолат қилади” дейсанми? Шундай қиласанми? Чиндан шундай қиласанми? Йўқ, сен бундай қилмайсан.

Сен Бухорийнинг “Саҳиҳ”ининг дарси бўлаётган жойга келасан, устоз “Бу ҳадис фалон-фалон нарсаларга далолат қилади” дейди. Сен эса “Хўп, демак, бу ҳадис фалон нарсаларга далолат қилар экан” дейсан. Ҳадиснинг нималарга далолат қилишини сен айтдингми ёки устозми? Шайх айтди-ку!

Сен ўша олим Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобидан фойдалар олиш учун мазкур китобнинг шарҳларига мурожаат қилмаган деб тасаввур қила оласанми? Ким бундай қила олади? Қайси аҳмоқ охири яхшилик билан тугамайдиган бу ишга ўзини уриб, бу иш қўлидан келишини даъво қила олади?

Бирорта шарҳидан фойдаланмаган ҳолда Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобидан ўқиб, тушуниб, нимадир ёзиб, кейин “Сизга Бухорийнинг ҳадисларини тушунтириб, шарҳлаб бераман” деб айтишга кимнинг кучи, қудрати етади? Сибавайҳ ҳам бу ишни қилолмайди. Сибавайҳ! Нега?

Тўғри, араб тилини яхши тушунган инсон Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини ўқиб тушунтира олиши мумкин, лекин араб тилида шундай сўзлар борки, уларни араб тилининг ўзи ҳам шарҳлаб, изоҳлаб беролмайди. Қандай қилиб ушбу соҳадаги мутахассислар ҳақида маълумотга эга бўлмай ва бу китобнинг шарҳларини яхшилаб ўрганмай туриб Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларини шарҳлашга ўтиш мумкин?”

 

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ибн Ҳиббон, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий ва Абд ибн Ҳумайд Кешийлар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган бўлиб, ушбу илму маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фан тараққиётида ўчмас из қолдирган.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш мақсадида Ҳадис илми мактабини ташкил этилган эди.

Давлат раҳбарининг жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берган топшириқлари ижроси мақсадида бўйича бир қанча вазифалар амалга оширилди. Жумладан, 2019 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни ва Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди.

Мазкур Йўл харитасига мувофиқ Ҳадис илми мактаби абитуриентларини янги ўқув йилига қадар пухта тайёрлаш, энг муносиб абитуриантларни талабаликка кабул қилиш мақсадида Тошкент ислом институтида икки ҳафталик тайёрлов курси бошланди.

Ушбу тайёрлов курсида араб тилини пухта ўзлаштирган ҳамда ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус ислом таълим муассасаларини битирган абитуриентларга “Араб тили”, “Ҳадис истилоҳлари”, “Ҳадис шарҳлари” фанлари бўйича Тошкент ислом институтининг малакали ўқитувчилари дарс машғулотларини олиб боришади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Яқин бир йил давомида Туркиянинг Кир шаҳрида 800 йиллик тарихга эга «Жажабей» мадрасасини реставрация қилиб чиқишади. ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига киритилган ушбу мадрасанинг 21 метрлик баландликдаги минораси ҳам анъанавий тарзда, ҳам обсерватория сифатида қўлланилган.
«Исламосфера» нашрининг хабарига кўра, ушбу мадраса 1217 йилда султон Кайхусравнинг Кир шаҳридаги беги бўлмиш таниқли давлат арбоби Жажабей фармони билан қурилган.

Мадрасага киравериш эшиклари устида икки шар ўрнатилган бўлиб, улар Ер ва Қуёшнинг тимсоли ҳисобланади. Ичкарига киришда очиқ гумбазли яримдоира зал ва унинг марказида ҳовуз жойлашган. Ушбу ҳовузнинг вазифаси тескари ағдарилган телескоп вазифасини ўтаган. Тунда очиқ гумбаз орқали сувда юлдузли осмон акс этар эди. Шундай қилиб, фалакшунослар толибларга Қуёш тизими ва коинотнинг тузилиши ҳақида кўргазмали равишда гапириб бериш имконига эга бўлганлар. Ҳовуз тубига 12 поғона олиб боради. Ҳовуздан кейинроқда икки томонда икки устун қад кўтариб турибди, унда аниқ масштабга риоя қилган ҳолда қуёш тизимининг тасвири берилган. Энг катта айлана Қуёшнинг тимсоли бўлса, бир-бирининг устига қўйилган шарлар эса сайёраларни билдиради.

Мадрасада 8 та ўқув хоналари мавжуд. Бино фасадида яна 3 та ракеталар шаклидаги устунлар мавжуд. Улардан бири гўёки олов билан бирга бўладиган ракетани коинотга учириш босқичи, иккинчиси – унинг баландликни олиш босқичини тасвирлайди.

Шуниси қизиқки, Жажабей мадрасасининг фаолиятига ўша пайтда Кўнёда яшаган мавлоно Жалолиддин Румий катта баҳо берган. Буюк ўзбек астрономи Мирзо Улуғбек эса ғарбий Туркманистонда Жажабей мадрасига ўхшаш обсерваторияга асос солган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Ушбу йирик анжуман Кавказ мусулмонлари идораси ташаббуси билан Австриянинг Федерал ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда Ислом бирдамлиги ва динлараро мулоқот мавзулари муҳокама қилинади. Кўплаб давлат ва дин арбоблари, таниқли уламолар қатнашади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top