muslim.uz

muslim.uz

Яман ҳукумати бугун, 29 март куни мамлакат ҳудудидаги тарихий меросни сақлашда кўмак беришини сўраб UNESCOга мурожаат қилди. Бу ҳақда “aawsat.com” нашри хабар берди. 

Мамлакатдаги зиддиятли аҳвол сабабли хусий жангарилари томонидан Яман архитектура ёдгорликлари бузиб ташланаётгани ва уни сақлаб қолишда мамлакат ҳукуматининг имконияти етарли эмаслиги қайд этилган. 

Мамлакат Маданият вазирлиги берган баёнотга кўра, обидаларни вайрон қилиш ишлари уч йилдан кўпроқ вақт давомида давом этиб келмоқда. 

Бундан ташқари, жангарилар гуруҳлари тархий иморатларнинг ташқи девор қисмини ўзларининг шиорлари рангида бўяшмоқда. Мурожаатда Сано шаҳрининг қадимий қисмини сақлаб қолишга кўмак бериш масаласи баён этилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Четвер, 29 март 2018 00:00

Ер думалоқми?

Албатта, Қуръони Карим Аллоҳнинг Каломи бўлиб, қиёматга қадар уни тиловат қилиб, ибодат адо этилади. Қуръон билан борлиқдаги илмий ҳақиқатлар ўртасида мутлақо зиддият йўқ. Чунки, Қуръони Карим ҳеч қачон ўзгармайди. Агар Қуръон билан илмий ҳақиқатлар ўртасида зиддият содир бўлганда, дин масаласи зое бўлган бўларди. Мабодо ўқувчининг кўзига зиддият кўринса, бу ё ўша ўқувчининг Қуръоний ҳақиқатни тушунмаслигидан ёки илмий ҳақиқат деб тақдим этилган нарсанинг саҳиҳ эмаслигидан бўлади.

Агар биз Қуръонни тўғри маънода тушунмасак ва уни нотўғри тафсир қилсак, зиддият юзага келади.

Агар илмий ҳақиқат деб айтилаётган нарса ёлғон бўлса ҳам зиддият юзага келади.

Лекин бир савол туғилади. Хўш, биз Қуръоний ҳақиқатни қандай қилиб тушунмаймиз? Бунга мисол келтирамиз. Токи одамлар Қуръоний ҳақиқатни тушунмаслик борлиқ ҳақиқатлари билан зиддият пайдо бўлишига олиб боришини билсинлар.

Аллоҳ таоло Ўзининг азиз Китоби – Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:

وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا

“Биз ерни ёйдик” (Ҳижр сураси, 19-оят).

Бу оят луғавий эъжозни ҳам, илмий эъжозни ҳам ўз ичига олади.

Аллоҳ таоло мазкур оятда Ерни ёйдик, тўшадик деяпти. Муайян ерни айтдими? Йўқ, муайян ерни айтмади, балки, мутлақ ҳолатда Ерни тўшадик деяпти. Бу нима дегани? Бу шуни англатадики, агар сен қаерга борсанг ҳам, сен кўриб турган рўпарангдаги ёйилган жойни ер деб аталади.

Агар экваторда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар шимолий қутбда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар жанубий қутбда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган ерни кўрасан.

Агар Европада, Африкада, Осиёда бўлсанг ҳам, рўпарангда ёйилган, текис ерни кўрасан.

Хўш, нега шундай бўлади?

Қаерга борсанг ҳам, олдингдаги ер тўшалгандек кўринишда бўлишининг сабаби – Ернинг доира шаклида эканлигидир. Агар Ер тўртбурчак, учбурчак, олтибурчак шаклида бўлганда, сен қачондир ернинг четига, қирғоғига етиб борган, ўша қирғоқда турганингда эса рўпарангда ёйилган, тўшалган ерни кўрмаган бўлардинг. Қаерга борсанг ҳам олдингдаги ер тўшалган, текис ҳолда кўриняптими, демак, бу нарса Ернинг шар шаклида эканлигини билдиради. Бугунги кунда космик кемалар, сунъий йўлдошлар орқали Ернинг ўз ўқи атрофида айланиб турган доира шаклидаги тасвирини бевосита ёки билвосита кўриш мумкин. Ўзинг турган жойга бир белги қўйиб, кейин тўғрига юришда давом этиб, маълум масофаларни босиб ўтганингдан кейин яна ўша белги қўйган жойингга қайтиб келасан. Ер думалоқлиги учун шундай бўлади. Агар Ер думалоқ бўлмай, бошқа бирор геометрик шаклда бўлганда, юриб бориб, қирғоқда пастга тушиб кетган бўлардинг ва белги қўйган жойингга қайтиб келолмасдинг.

Аллоҳ таоло:

    وَالأَرْضَ مَدَدْنَاهَا

“Биз ерни ёйдик” оятида Ернинг кўриниб турган ҳолатига муносиб бўлиши ва асл ҳақиқати бўлган доирасимонлигига далолат қилиши учун “мададнаа” калимасини зикр қилди.

Бу ояти каримани нотўғри тушуниб, Ерни “текис, ясси” дейдиганлар “Дин билан илм ўртасида зиддият, қарама-қаршилик бор” дейишади. Оятнинг маъносини тўғри тушунганлар эса, “Албатта, Қуръони Карим Ернинг думалоқлигини зикр қилган илк Китобдир” дейдилар. Ушбу ҳақиқат, яъни Қуръони Карим Ернинг дори шаклида эканини зикр қилган илк Китоблигининг ўзиёқ ғайридинларнинг иймон келтириб, Исломга киришларига кифоя қилади.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳи” номли асаридан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Евросиё ёш етакчилар иштирокида “Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум бўлиб ўтди. Унда қатнашган Москва муфтийси Ильдар Аляутдинов сўзга чиқиб, Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларни тарқалишининг асосий сабаблари ҳақида гапириб ўтди ва у сўзида: “Ислом дини “тинчлик” тушунчасига йўғрилган. Масалан, биз бир-биримизга “Сизга тинчлик бўлсин” сўзлари билан мурожаат қиламиз, барча нарсадан буюк Зотнинг исмларидан бири “Ас-Салам” –  “тинч”, “тинчлик ўрнатувчи” маъносини англатади”, дея таъкидлади.

Ильдар Аляутдинов ёлғон ғояларнинг тарқалиш сабабларини санаб ўтиб, Ислом ҳақидаги жамият тушунчаларини ва идрок этишининг шаклланишида оммавий ахборот воситалари ролини алоҳида таъкидлади. “Афсуски, одамлар ёлғон маълумотларни жуда тез қабул қилиб олади. Соғлом жамиятни у кўп миллатли, кўп конфессияли ва турли динлар ва маданиятлар қанчалик даражада мустаҳкам боғлангани тушунчаси билан хабардор қилиш керак.

Терроризмнинг тарқалиши бутунжаҳон муаммоси ҳисобланади ва буни бартараф этиш учун ҳар биримиз иштирок этишимиз зарур”, дея ўз чиқишини якунлади.

“Ёшлар экстремизм ва радикализмга қарши” мавзуидаги III форум фаолияти икки кунга мўлжалланган. Унда МДҲ республикалари ва Грузиядан юздан ортиқ вакиллар – илмий ва экспертлар бирлашмалари, давлат ҳокимияти органлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг ёш вакиллари  иштирок этмоқда.

 

 

Абдувоҳид  ЖАМОЛИДДИНОВ,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Янги университет МДҲ давлатларидаги барча диний ўқув юртларини назорат қилади. Москвадаги Халқаро динлараро кенгаш йиғилишида Москва давлат тилшунослик инситути базасида МДҲ давлатлариаро Халқаро диний таълим тармоғи университети ташкил этилгани маълум қилинди. МДТУ ректори Ирина Краеванинг таъкидлашича, янги университет МДҲ давлатларидаги диний билим юртлари – мусулмон,православ,  буддавийлик ва бошқа динларнинг ўқув юртларида қилинаётган ишларни мувофиқлаштириб боради.  Бу, унинг сўзларига кўра, “Ҳамкорлик доирасидаги диний таълим равнақига хизмат қилади”. Университетнинг қачон иш бошлаши аниқ айтилмаган.

«Интерфакс», ахборот агентлигининг қайд этишича,  айни кунларда МДТУ янги илмий маскан сифатида синовдан ўтмоқда – террорчилик, диний экстремизм ва сектачиликларга қарши туриш мақсадида ташкил қилинган ушбу университетнинг самарадорлиги қанчалик бўлиши мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати


 

Бир киши аёлини болаларининг кўз ўнгида урди ва уларнинг қалбига қўрқув ва хавф солди. Аёли хафа бўлиб турганда, эри унинг юзига тарсаки туширди.

Шунда аёли:

– Ҳозир бориб сизнинг устингиздан арз қиламан, – деди.

Эр:

– Сенга ким айтди, мени сени кўчага чиқишинга изн беради деб?! – деб дағдаға қилди.

Аёл:

– Эшик ва деразаларни беркитиб қуйсам, қаёққа ҳам борарди, деб ўйлаяпсизми? Сиз барибир мени арз қилишимдан тўхтатиб қола олмайсиз, – деди.

Эр унинг қатъиятидан ҳайратланиб:

– Нима қилмоқчисан ўзи? – деб сўради.

Аёл:

– У билан боғланаман, – деди.

Эр:

– Қўл телефонинг менда, хоҳлаганингни қил! – деб жавоб қилди.

Аёл ҳаммомга қараб юра бошлади. Буни кўрган эр, аёлим ҳаммомнинг деразасидан ошиб қочмоқчи бўлса керак деб уйлади-ю, ташқари томондан дераза рўпарасига қараб юрди. Деразадан қочиб кетади деган гумон билан бир оз муддат у ерда турди. У ердан чиқмаганини кўргандан кейин, ҳаммом эшиги олдига келди. У ерда юзларидан сув томиб турган ва табассум ила чиқиб келаётган хотинига дуч келди.

Аёли унга:

– Мен фақат Унинг номи билан қасам ичиладиган Зотгагина шикоят қиламан. Сиз бекитиб қўйган эшик ва деразангиз ҳамда қўлимдан олиб қўйган телефонингиз ҳам мени унга арз қилишимдан тўса олмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг эшиклари ҳеч қачон ёпилмайди, – деди.

Бу сўзни эшитган курсига чўкиб фикр юрита бошлади. Аёли эса хотиржам намоз ўқий бошлади ва саждада узоқ муддат қолиб кетди. Эр бу ҳолатни зимдан кузатиб турарди. Аёл намозни тугатиб, қўлларини осмонга кўтариб узоқ дуо қила бошлади. Буни кўриб турган эр аёлига:

– Саждада менинг зараримга қилган дуоингнинг ўзи кифоя қилмайдими? – деди.

Аёл унга майин овозда:

– Менга қилган салбий муомалангизга кифоя қиладими? – деди.

Эр:

– Аллоҳга қасамки, мен бу сўзим билан ғазабланган вақтимни назарда тутмадим, – деди.

Аёл:

– Шунинг учун мен ҳам дуодан тўхтамадим. Аслида дуони сизга эмас, балки шайтоннинг зарарига қилдим. Мен аҳмоқ эмасманки, кўзимнинг оқу қораси бўлган жуфти ҳалолимнинг зарарига дуо қилсам, – деди.

Бу сўзни эшитиб, эр ўзини тутиб тура олмасдан йиғлаб юборди ва аёлининг дуо қилиб турган қўлидан ўпиб,

– Аллоҳга қасамки, бундан кейин сенга ҳеч қачон озор бермайман, – деди.

Хулоса: ушбу аёл Аллоҳ таоло ва унинг Расули бизга  амр қилган солиҳа аёлнинг айнан ўзидир.

 

Абдушукур Муродов

ЎМИ Матбуот хизмати

Top