muslim.uz
“Лайлатул қадр” нинг қадри нимада?
“Лайлатул Қадр” нима?
Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улардан бири “Қадр” деб номланади. Суранинг номи унинг биринчи оятидаги “Қадр” сўзидан олинган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, унинг номи “Лайлатул Қадр” яъни “Қадрли кеча” номидан келиб чиққан. Демак “Лайлатул Қадр” деганда мазкур сурада ва бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда баён қилинганидек Рамазон ойининг ичидаги алоҳида қадр-қийматга эга, фазилатларга бой бир кеча тушунилади. Зеро, бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал ҳисобланади.
Нега бу кеча “Қадрли кеча” деган ном олган?
Сура муборак кеча “Қадр” деб аталишининг икки хил маъноси бор:
- Биринчиси – қадри улуғ, деган маънода. Чунки, худди шу кечада Қуръони карим нозил бўлиши бошланган. Айнан шу кечада Қуръон Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилган. Ундан кейин Қуръони каримнинг сура ва оятлари дунё осмонидан ер юзига Жаброил фаришта орқали йигирма уч мобайнида бўлиб-бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга турли воқеа ва ҳодисалар сабаб қилиниб нозил қилинган. Шунинг учун ҳам бу кечанинг қадри улуғ, фазли мўл-кўл ҳисобланади.
- Иккинчиси –қадар, яъни бандаларнинг бир йиллик тақдирлари белгиланадиган, ҳал қилинадиган кеча, деган маънони билдиради.
Нега бир кечалик ибодат минг ойдан яхшироқ ҳисобланади?
Нима учун биргина “Лайлатул қадр” кечасида қилинган ибодат унда “Лайлатул қадр”и бўлмаган минг ойдан яхшироқ ҳисобланиши ҳақида Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бундай жавоб берган: “Аввалги умматлардан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой жидду-жаҳд қилгани ривоят қилинди. Бу хабардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ажабландилар. Пайғамбаримиз алайҳис салом ўз умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: “Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!”-дедилар.
“Лайлатул қадр сенга ва умматингга ўша одам жидду-жаҳд қилган минг ойдан яхшироқ”, деди Аллоҳ таоло.
Демак, бу кеча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ҳисобланади.
“Лайлатул қадр”ни бедор ўтказган кишининг гуноҳлари кечириладими?
Севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Лайлатул қадр” кечасини иймон билан савоб умидида бедор ўтказган мўминларнинг гуноҳлари кечирилиши хушхабарини берганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَ مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَمَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Ким Рамазонда иймон ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Рамазонда иймон ила савоб савоб умидида қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади. Ким “Лайлатул қодр”да иймон ила савоб савоб умидида қоим бўлса (бедор ўтказса), унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Шунинг учун бу кечани Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, дуо қилиш ва истиғфор айтиш билан бедор ўтказиш керак.
“Лайлатул қадр” кечасида бирор дуони ўқиш тавсия қилинганми?
Ҳа, “Лайлатул қадр” кечасида қуйидаги дуони ўқиш тавсия қилинган:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَارَسُولَ اللهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيَّ لَيْلَةٍ لَيْلَةَ الْقَدْرِ مَاأَقُولُ فِيهَا ؟ قَالَ:قُولِي: اَللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّا تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули агар мен қайси кечанинг Қадр кечаси эканини билсам у кечада нима деб дуо қилай”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний” (Эй Аллоҳим, албатта сен ўта афв қилгувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин”, деб дуо қилинг), дедилар”. Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун Рамазон ойи давомида ҳар кеча ушбу дуони ўқишга одатланиш керак.
“Лайлатул қадр” кечасида фаришталар ерга тушадиларми?
“Лайлатул қадр” кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчилигида кўплаб фаришталар раҳмат ва баракотлар билан ер юзига тушадилар.У кеча тонг отгунча тинчлик-омонлик кечаси бўлади. Бу кечада фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло бандаларига фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.
“Лайлатул қадр”Рамазоннинг қайси кечаси?
“Лайлатул қадр” қайси кеча экани ҳақида бир-биридан фарқли бир қанча ривоятлар келган. Уларнинг ичида энг мўътабари Рамазон ойинининг йигирма еттинчи кечаси экани ҳақидаги ривоятдир. Мўминлар ибодат мавсуми бўлмиш Рамазон ойида янада кўпроқ ибодат қилишлари учун “Лайлатул қадр”нинг қайси кеча экани аниқ билдирилмаган. Шунинг учун Рамазоннинг барча кечаларини имкон қадар ибодатлар билан ўтказиш керак.
Манбалар асосида
ТИИ проректори
Ибодулла Аҳроров
тайёрлади.
Рўзадорнинг дуоси
Юртимизда меҳмон бўлган муборак Рамазон ҳам охирлаб бормоқда. Солиҳ амалларни етарлича қила олмаган мўмин бандалар учун имконият тугади дегани эмас экан. Чунки амаллар хотимасига қараб белгиланиши маълумдир. Шунинг учун ҳам азиз юртдошлар, қолган мана шу оз миқдордаги саноқли кунларни ўзгача ғайрат-шижоат билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Бу борада бизга мўминнинг асосий қуроли бўлган дуо ёрдам беради.
Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятларининг сўнггида мана бундай марҳамат қилади: “Бандаларим қачон сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен яқинман, дуо қилувчи қачон дуо қилса, ижобат қиламан”. (Бақара сураси). Рўзадорнинг дуоси шаксиз қабул қилиниши ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Жумладан, ибн Умар (р.) ривоят қилган ҳадисда “Рўзадорнинг оғиз очиш даврида қабул қилинадиган дуоси бор”, (Насоий ривояти) деган бўлсалар, Абу Ҳурайра (р)дан ривоят қилинган ҳадисда “уч кишининг дуосини қайтармаслик Аллоҳнинг зиммасидадир: рўзадорни оғиз очгунча (қилган дуосини), мазлумни ғолиб келгунча (қилган дуосини) ва мусофирни қайтиб келгунча (қилган дуосини)”, деганлар (Баззор ривояти). Яна бир ҳадисда ул зот марҳамат қиладилар: “Рамазонда Аллоҳни кўп ёд этувчи мағфират қилинади ва бу ойда Аллоҳдан сўровчи қуруқ қолмайди”. (Табароний ривояти). Булардан кўриниб турибдики, биз дуо орқали катта-катта фазилатларга эришишимиз мумкин экан. Айниқса, сизу-бизлар ўтказаётган дамларда Аллоҳ таоло илтижоларни қайтармаслигини унтмаслигимиз керак экан.
Диёримиздаги кўплаб масжидларда Рамазон шарофати билан бошланган Қуръон хатмлари давом этмоқда. Бу ҳам бизлар учун яна бир фурсат демакдир. Чунки Имом Байҳақий Анас (р) дан ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ҳар бир хатмнинг мустажоб дуоси бор”, деганлар. Ушбу ҳадис бошқа ўринда мана бундай лафз билан келади “Қуръон хатмида мустажоб дуо ва жаннатда бир дарахт бор”. (Байҳақий ривояти).
Хуллас, азиз ака-ука ва опа сингиллар, модомики Рамазон ҳали тугамаган экан, биз учун мустажоб дуолар имконияти бордир. Келинглар, гуноҳларимизни кечирилиши, фарзандларимизни бахту-саодати, диёримизни гуллаб-яшнаши учун туну-кун дуоларда бўлайлик, шоядки Аллоҳ таолонинг бахтли бандалари қатори Раййон эшигидан жаннатига кирсак.
Саййиджамол Масайитов
Қадр кечаси: фазилатлари ва аломатлари
Рамазон хусусида биз бандаларга учта мағфират ваъда қилинди. Дастлабкисида “ким Рамазон рўзасини имон ва ажр умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Кейингисида “Ким Рамазон ойида имон ва ажр умидида қоим (тунда бедор) бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган ва охиргисида “ким қадр кечасида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб айтилган. Агар учинчи жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, фақат бир кечани ибодатда ўтказишлик учун шунчалик кўп савоб ваъда қилиняпти. Қуръони каримда эса уни минг ойдан афзаллиги айтилган. (Қадр сураси). Бу қадар фазилатга эга кечани қайси эканлигини билиш ҳаммамиз учун ҳам аҳамиятлдир.
Имом Бағавийнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “исми аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатда зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечани ҳам ўз бандаларидан махфий тутган. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деганлар. Бу маънода ва хоссатан охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканлигини тасдиқловчи ривоятларни кўплаб топиш мумкин.
Шундай бўлсада, уни Рамазоннинг 27-кечасига тўғри келишлик эҳтимоли каттароқ эканлигига ишора қилувчи ривоятлар ҳам талайгина. Жумладан, ибн Умар (р) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимда-ким уни изламоқчи бўлса, 27-кечада изласин”. (Имом Аҳмад ривояти). Ибн Аббос (р) дан ривоят қилинади: бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен кекса, касалманд чолман. Менга (ҳар кечада) қоим бўлишлик оғирлик қилади. Шунинг учун мени Аллоҳ таоло қадр кечасига муваффақ қилиши мумкин бўлган бир кечада қоим бўлишга буюр. Ул зот: сен еттинчи кечани маҳкам тутгин, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Қуйидаги ҳадисларда эса унинг аломатлари ҳам зикр қилиниб ўтилган. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбга бундай дейилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд: ким йилнинг ҳаммасида қоим бўлса, қадр кечасини топади, деганлар. Шунда Убай деди: Унда ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у албатта, Рамазонда (истисносиз қасам ичди). Аллоҳга қасамки мен уни қайси кеча эканлигини биламан. У 27-кечадир ва аломати унинг тонгида (кечадан кейинги тонгда) қуёшни шуласиз чиқишидир”. (Аҳмад, Муслим ва Абу Давудлар ривояти).
Бухорий Абу Саиддан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилдик. Улар бизнинг ҳузуримизга йигирманчи куннинг тонгида чиқиб мурожаат қилдилар: “Мен қадр кечасини кўрдим ва сўнг унутиб қўйдим. Уни охирги ўн кунликда, тоқ кечаларда изланглар. Мен ўзимни сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим. Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эътикоф қилган бўлса, қайтсин”. Сўнг бизлар қайтдик ва осмонда бирор доғни кўрмадик. Шунда бирдан бир булут келди ва ёмғир ёғиб масжид томидан (хурмо шохидан қилинган эди) оқа бошлади. Намозга иқомат айтилди ва мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни сув ва лой устида сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳаттоки ул зотнинг пешоналарида лойнинг изини кўрдим”.
Минг ойлик ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг фазилатини топишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга муваффақ қилсин!
Саййид Жамол
Мусулмонлар дунёга совға қилган ихтиролар (Қаҳва)
Ривоятлардан бирида Холид деган араб киши Эфиопия жанубидаги Каффа деган жойда қўй боқиб юриб, қўйларининг мевалардан бирини еганидан кейин ҳаракатчан бўлиб қолаётганини сезган. Ўша меваларни териб олган Холид биринчи бўлиб қаҳва қайнатган. Қаҳва дастлаб Эфиопиядан Яманга экспорт қилинган. XV асрга келиб эса Макка ва Туркияга тарқалиб. 1645 йил Туркия орқали Венецияга ўтган. Англияга қаҳвани 1650 йил турк тадбиркори келтирган ва Лондоннинг Ломбард кўчасида қаҳвахона очган. Арабча “qahwa” сўзи туркчада “kahve” деб талаффуз қилинган. Итальянлар бу сўзни “caff?” шаклида, инглизлар эса икки “е” орттириб “coffee”, деб атаган. русчада эса – “кофе”, дейилади.
Унутилмас совға бўлди
Эътироф
Ижодкор учун энг катта мукофот – халқнинг эътибори, эътирофи. Чунки қаламкашнинг мақсади – қалбларга йўл топиш, яхшиликларга элнинг муҳаббатини орттириш, хато ва камчиликларга муросасизлик уйғотиш йўли билан ҳаётнинг гўзал, фаровон, мазмунли бўлишига, жамият тараққиёти, юрт ободлигига ҳисса қўшиш. Хайрли ниятларини Аллоҳнинг неъматларидан бири – сўз воситасида одамларга “юқтира” олса, ижодкор албатта, бахтли бўлади-да!
Яқинда пойтахтимизнинг муҳташам Анжуманлар саройида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида бўлиб ўтган катта анжуманда сўзлаган нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор муҳим масалалар юзасидан фикр билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси, “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган “Ҳидоят сари” маърифий дастури ва “Зиё” студияси кўрсатувлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлари, ўйлаймизки, бу нашр ва дастурларнинг ҳаётимиздаги ўрнини эътироф этиш, шу билан бирга, улар олдига қўйилган вазифалар қанчалар масъулиятли эканини таъкидлашдир. Юртбошимиз таклифлари билан мамлакатимизда маърифий йўналишдаги нашрларга берилган имтиёзларни “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси учун ҳам жорий этиб, уларга ҳам солиқ ва мажбурий ижтимоий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлар берилиши, шубҳасиз, “Мовароуннаҳр” нашриётини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир, унда тайёрланадиган нашрларнинг сифатли, мазмунли бўлиши учун янги имкониятлар очади.
Юртбошимиз юксак минбардан эътироф этиб, меҳнат ва ижодимизга кўрсатган эътибор, ғамхўрликлари кўнглимизни тоғдек кўтарди. Бу воқеа муборак Рамазон ҳайити, Республика оммавий ахборот воситалари ходимларининг анъанавий байрами арафасида бизга унутилмас совға бўлди. Бундай эҳтиром, ишончни мамлакатимиз ва жаҳондаги воқеа-ҳодисаларни зийрак нигоҳ билан кузатиб, уйғоқ қалб ҳис этиб, самимий ва холис сўзда халқимизга етказиш билан оқламоқ ниятимизни Аллоҳ қўллаб-қувватласин.
“МОВАРОУННАҲР” нашриёти
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.