muslim.uz
"Минор" жоме масжидида Рамазоннинг биринчи кечаси
Гуллар шаҳрида улуғ ой таровати
Мустақиллик йилларида исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун шарт-шароитлар яратилди.
Бугунги кунда она юртимиз, Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганини, диёримизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз авваламбор Яратганимизнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда
Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 19 май куни “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.
Ушбу қарор ҳар бир фуқаро қалбини тоғдек кўтарди. Ундаги белгиланган мақсад ва вазифаларни тўла бажариш қай бир соҳада бўлишидан қатъий назар, ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоқда.
Хақиқатда муборак Рамазон ойининг кириб келиши иншааллоҳ юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этади деб умид қиламиз. Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошлаб юборилди. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитмоқдалар. Қуръон хатмиларига қатнашаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз. Зеро, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”- деганлар.
Агар мулохаза қилсангиз мустақилликдан олдин улкан масжидларни тўлдириб, ёшу қари эмин-эркин ибодатларини адо этишлари қаёқда эди. Ваҳоланки ҳозирда юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.
Диний қадриятларимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз бизларга лозим бўлади. Неъматларга шукр этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.
Инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амалларни бажариш ҳам муқаддас ойнинг талабларидандир.
Эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш ҳам ушбу қутлуғ ойнинг фазилатидандир.
Одатда мўмин киши нима иш қилса, Аллоҳ таолонинг розилигини топишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилиш ҳам Унинг розилигига эришиш ҳамда берилган неъматни зиёда бўлишига сабаб бўлувчи омилдир.
Тинчлик ва хотиржамлик бўлган юртда ривожланиш ва тараққиёт бўлади. Ибодатлар тинч ва осойишталик билан адо этилади. Фарзандларимизнинг қувноқ овозлари беғуборлик билан жаранглайди. Эл-юртимиз узра бахту-саодат тараннум этади.
А.ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Таровеҳ таровати. “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжиди
Муборак Рамазоннинг биринчи кунги рўзасини тутдик. Бугунги об-ҳаво кечагидан иссиқроқ бўлган эса-да, очликни ва чанқоқни унчалик сезмадик. Чунки ниятимизга қараб Аллоҳ таоло куч-қувват ва сабр-бардош бериб қўйган. Мана, ёруғ юз билан, хурсандчилик билан ифторлик қилиб иккинчи таровеҳни ўқиш учун масжидга ошиқяпмиз.
“Маҳкамбой ҳожи ота” масжиди ҳам намозхонлар билан тўлди. Хуфтоннинг вақти яқинлашиб қолди ҳамки, одамлар оқими келишда давом этмоқда. Хатм ул-Қуръон бошлагани заҳоти масжид ва унинг атрофини раҳмат фаришталари ўраб олади, Аллоҳнинг раҳмати ёғилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шу ҳолат қуйидагича баён этилган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар олдида уларни зикр қилади», дедилар»
(Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Масжид имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла жамоага таровеҳнинг ана шундай фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берганидан сўнг қорилар Хатмни бошлашди.
Рамазон масжидлардан бошланади
Рамазон ва комил инсон тарбияси
Интизорлик ила кутган муборак Рамазон ойи бошимизга соя солиб турибди. Бутун дунё мусулмонлари ушбу ойни интиқлик билан кутадилар. Зеро, ойларнинг султони бўлмиш Рамазон - Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти, фазилат ва гўзалликларни ўз ичига жо айлагандир. Ушбу ойда бизни дуо ҳарорати ва зикр тафти эгаллайди ҳамда жисмимиз ва руҳимиз таскин топади.
Аллоҳнинг фазли билан комил инсон ва юксак ахлоқ тарбиячиси бўлган, уни амалга оширишга интилган тарбия уламолари таъкидлашларича, рўза мадрасаси инсонни чиниқтиради ва поклайди.
Биз билан рамазон ҳолати ундан кейин ҳам давом этиши мумкинми?! Биз унинг ўрнини сақлаб қола оламизми? Зеро, у тенгсиз муаллим ва азиз устоздирки, агар биз уни англаб етсак, ҳаракат қилсак, биздан комил инсон тарбияси мадрасисининг ўқувчилари етишиб чиқарди.
Биринчидан: Комил инсон ким?
Комиллик, камолот, баркамол, мукаммал одам, комил инсон, пири комил... Бу сўз, ибораларни кўп эшитамиз, айтамиз, ўқиймиз. Луғатларда “комил” сўзи – “тўлиқ”, “етук”, “мукаммал” маъноларини, “баркамол” эса “етукликка эришган”, “мукаммал”, “камол топган”, “бекаму-кўст” маъноларини бериши айтилади. “Бекам” – “бирор жиҳатида ками йўқ”; “бекўст” – бирор эгри, кемтиги ёки ортиқча жойи йўқ, “бенуқсон” дегани экан.
Файласуф Кантнинг наздида: “У - унинг йўли умуминсоний таянч қилиб олишга салоҳиятли бўлган шахс”;
Нитшанинг наздида эса: “У - ўзини ривожлантириш учун амал қиладиган, натижада ақл ва қувват билан нарсаларга ҳукм ўтқазишга қодир бўладиган инсондир”.
Бирор бир тарбия мадрасаси, нафс илми, турли хил фалсафалар ҳам бизга талаб қилинган комил инсонни етиштириб бера олмаган.
Чунки, биз ибодатларни фақат қуруқ ҳаракатлар билан адо қиламиз, унинг руҳий томонини, ахлоқий таъсирини ҳис қилмаймиз. Лекин рўза бизда тарбиялайдиган гўзал ахлоқларни ва биз рамазонда етиштиришимиз мумкин бўлган меваларни бир ўйлаб кўрганмисиз? Ким шуни ўйлаб кўрса, уни амалга оширса ва шунга мувофиқ яшаса, у Аллоҳнинг инояти билан комилликка яқин инсон бўлади.
Имомимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам башарият тарихи таниган энг комил шахс эканликларида шубҳа йўқ. Чунки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ибодат ва ундан ҳосил бўладиган комиллик қуввати ўртасида яшаётган “ажратишни” билмаганлар. Балки, У зот қорин ва шаҳват рўзасидан олдин руҳ ва виждон рўзасини тутганлар ва яхшиликда эсган шамолдан ҳам тез бўлганлар.
Рўза мактаби бизга қандай фойдалар беради?
Хаёлга келадиган биринчи фойда бу - бандага Аллоҳ таоло уни кузатиб туришини ҳис қилдириш. Ўйлаб кўринг, рамозон ойида, кундузи бир мусулмон киши ёлғиз ўзи бир хонада ё қасрда ўтирса ёки саҳрода сайр қилиб юрса, уни ҳеч ким кўрмаётган, ҳеч ким кузатиб турмаган бўлса, оч бўла туриб ўзи иштаҳаси тортиб турган таомни тановул қилишга ёки муздек сув билан чанқоғини бостириш учун нега қўл узатмайди? Уни бундан нима тўсиб турибди? Бу Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилишидир. Бу ахир иймоннинг энг олий даражаси бўлган, ҳадиси шарифда мақталган “эҳсон” эмасми? Қуръони карим рўзанинг бу фойдаси ҳақида шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Бизларни ҳар биримиз Аллоҳнинг кузатиб туришидан, тақводан, “эҳсон”дан бир насибага эга бўлади. Шундай экан, мусулмоннинг шахсияти у билан мукаммал бўладиган хулққа айланиши учун уни ривожлантириш ва рамазонда ҳам, рамазондан кейин ҳам шу ҳолатда қолиш лозим.
Дарҳақиқат, рўза бизда Аллоҳ таолонинг кузатиб туриши ҳиссини тарбиялайди. Ҳатто, биз барча халойиқнинг назаридан холи жойда бўлсак ҳам Мавлоси уни кузатиб турган кишининг йўлидан юрсак ва ундан фойдалана олсак ёлғончи ёлғон гапирадими? Ёки ўғри ўгрилик қиладими? Ёки порахўр пора оладими ё берадими? Ёки судхўр судхўрлик қиладими? Ёки кимдир ота-онасига оқ бўладими? Ёки бузғунчи киши инсонлар орасида бузғунчилик қиладими? Рамазон ва Рамазондан кейин. Йўқ асло!
Бу улуғ хулқнинг ёлғиз ўзи бугунги кунда ҳаётимизда баъзан учраб турган хиёнат, ўғрилик, ёлғон каби ёмонликларни ҳал қилиши мумкин. Чунки, ёлғон кўпчилик узрсиз ишлатадиган иллатга айланиб қолган. Рамазон – агар билсак бизга Аллоҳнинг кузатиб турганини ўргатади.
Иккинчидан: Бу ерда яна рўза бизни иродали қилиб тарбиялайди. Биз у сабабли шаҳватларга бўйсунмаймиз, адолатсизлик қилмаймиз, балки нафсимиз, шаҳватимиздан ғолиб чиқамиз ва Раббимизнинг розилигини истаб рағбатларимиздан четланамиз. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва шаҳватлардан тийиладиган киши, заифлашмайдиган иродали, азми-қарори қатъий, қалби пок ва бақувват инсонга айланади. Чунки, у ҳеч кимнинг олдида заифлашмайди. Агар биз ўзимизда рўза мактаби ахлоқларидан бўлган шу олиймақом хулқни шакллантира олсак, дунё ва охратда азиз ва мукаррам бўламиз.
Баъзи бир кишилар исломдаги рўза ҳақида сўраб, қизиқади. Агар инсон динимиз талаб қилгандек рўза тутса, умуминсоний мантиқ орқали рўза мактабида ирода сифати тарбияланган фақатгина ривожланишда катта ўрин эгаси бўлиши кераклигини англаб етади. Ваҳоланки, ривожланиш фақат мақсад қўйиб, уни режалаштириб, амалга оширишда бор имкониятни ишга солиш билан бўлади. Лекин, буларнинг барчаси рўза бизда тарбиялаган ирода сифати бўлмаса юзага чиқмайди.
Учинчидан: Рамазон сабр малакаси. У соҳибини юксакларга кўтарадиган, унга нусратни нақд қиладиган қандай ҳам яхши хулқдир. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларидан бирида келишича: “Билингки, нусрат сабр биландир, кушойиш машаққат биландир ва албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”. Сабрли киши агар хоҳласа ўзининг ички касалликлари ва душманларининг ҳийласи устидан ғалаба қилишга қодирдир.
Ҳокисорлик – баланд мартаба, тортинчоқлик – пешқадамликдир. Енгилтаклик ва бесабрлик рўза даволайдиган ёқимсиз нарса эмасми? Нима учун мушкулларимиз кўпайиб, баъзи оилалар ажрашиб, дўст-у ақраболаримиз дунё матоҳларига берилиб кетдилар? Нега оқибатсизлик ва фитна авж олди? Чунки, сабр бизда ҳали ҳануз ҳали хулқ бўлиб шаклланмаганидандир. Рамазоний сабр касалликларимиздан қанчасини даволади? Қанча инсоний шахсият рўза ила комилликка эришди?
Тўртинчидан: Тилни сақлашга эътибор қаратиш. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳиҳ ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қиладилар: “Рўза қалқондир. Бирингиз рўза тутса жанжаллашмасин, бақир-чақир, фисқ-у фужур қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақоратласа мен рўзадорман, десин”. Ё Аллоҳ! Инсонда қанчадан қанча хунук сўз, ҳақорат қилиш, тили ўткирлиги бор-а! Рўза мана шуларни барини бир сўз билан ҳал қилиб қўя олади. Тилни тийиш иш атрофимиздаги бизни қуршаб олган азиятларни қанчасини даф қила олади? Агар ҳаётимизнинг турли жабҳаларида тадбиқ қилинадиган бўлса, қанча инсон шахсиятлари камол топиши мумкин?
Бешинчидан: Бахилликдан сақланиш. Бахиллик касалига қарши қандай ёрдам беришига бир назар солинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадорнинг ажридан камайтирилмай унга ҳам рўзадорнинг ажрича ажр бўлур”-дея марҳамат қилганлар. Сахийликка етакловчи қандай гўзал чорлов! Бу бахилликка қарши куч бағишловчи илоҳий рамазоний таълимдир.
... وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
“...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”. (Саба сураси, 39-оят)
Карамли бўлган инсон ҳеч қачон зиён кўрмас экан. Зеро, мол хайр-эҳсон қилишлик билан камаймайди, балки, савоб кўпаяди, рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади. Бахиллик, инсон шахсиятини паст санаш ва унинг эҳтиромини биладиган ва билмайдиганлар орасини кескин ажратувчи омилдир. Ҳа, инсонлар кўрсин учун амал қилиб эмас, балки Аллоҳ таоло учун қилган амал сабабидан инсонларнинг кўз ўнгида даража топилади. Агар инсон шунга ҳам интилмаса, нафснинг хархашаларига рамазон мактабидек фазилат уруғини сочадиган, унинг айбларини кетказа оладиган яна бирор мактаб бормикан?!
Мана шуларга закот молини, ҳеч бўлмаганда фитр садақасини беришни ва инфоқ-эҳсонга ўргатадиган сабабларни қиёслаб кўрайлик. Ҳатто, бир кунлик таомидан бошқа егулиги бўлмаган фақир ҳам инсон руҳиятини тарбияловчи исломий низомда туриб фитр садақасини беради. Агар барча мусулмонлар мана шу тенгликни тушуниб етганларида, ҳиқд-у ҳасад йўқолган, нафрат ўлдирилган, кучли кучсизни риоясини қиладиган, бой камбағалга эътибор қаратадиган тенгликда ажойиб уммат шаклланган бўларди. Қандай ҳам гўзал-а!
Олтинчидан: Зикрларни кўпайтириш: Қуръон тиловати, таровеҳ намози, қадр кечаси, руҳиятни нурафшон бўлиши билан Аллоҳ таолонинг раҳматига бурканиши ила ички оламни ҳам унутмаслик. Инсониятнинг руҳий ва жисмоний хислатлари ибодат, тенглик, муҳаббат ва якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога қуллик қилиш билан мукаммал бўлади.
Рамазондаги дастурни бутун ҳаётимизга тадбиқ қила оламизми?
Инсон шахсияти эътиқодининг тўғрилиги, ибодатининг гўзаллиги билан камол топади. Рўза билан комил инсон етишиб чиқади. Бундай комил инсонни ғайриоддий инсон, деб айтиш ёки “Суппермен”, деб, хоҳлаганча номлаш мумкин. У Ислом фарзанди. Инсон шахсиятида комиллик барқ урадиган бўлса, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса билан хушнуд бўлади:
قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ
“Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят). Бас, шундай экан, инсон рамазон дастурини ҳаётга тадбиқ қилиши, рамазоний ахлоқни маҳкам тутиши лозим бўлади. Бундан кейин уни ҳеч ҳам қўлдан бой беришга ҳаққи йўқ. Чунки инсон доимо Раббисини назоратидадир. Шундагина, яхшиликни кўзлаб, Аллоҳ таолонинг қудрати ила кўзлаган мақсадларни рўёбга чиқара олиши мумкин бўлади. Аллоҳ таолони розилигини истаб мусибатларнинг ҳар қандай турига дош бера оладиган бўлади. Ёмон сўзлардан тилни сақлаш, Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш жамиятда тенгликни юзага келишига сабаб бўлади. Комил инсоннинг сифати шудир. Бизларга рамазонни берган Холиқимизга шукрлар бўлсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институи “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.