muslim.uz

muslim.uz

Британия масжиди Рамазон ойида хайрия учун 996,000 фунт стерлинг ($1,4 миллион) тўплади, бунда хайрия йиғувчилар Яман, Сурия ва Ливанга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишди, шунингдек, Буюк Британияда оч ва муҳтож одамларни овқатлантиришга ёрдам беришди, деб хабар бермоқда islam.ru.

Arab News нашри тарқатган баёнотда Green Lane Masjid гуманитар ташкилоти бу йил Рамазон ойида "ҳар қачонгидан ҳам фаолроқ" эканини айтилган.

Islamic Relief ва One Ummahларни қўшган ҳолда хайрия ташкилотлари билан биргаликда ишлаган Бирмингемдаги масжид муқаддас ой давомида эҳсон йиғиш ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш дастурлари бўйича бир қатор тадбирларни ўтказди.

Телевидениеда маблағ йиғиш бўйича бир кампания доирасида Сурияда Green Lane Masjid нон заводи лойиҳаси учун 130 000 фунт стерлингдан ортиқ пул йиғилди.

Ушбу пулга қашшоқлик ва иқтисодий ҳалокат дуч келган 28 000 нафар сурияликларни мунтазам ва арзон озиқ-овқат билан таъминлаган ҳолда, ҳар куни 11 тоннадан ортиқ нон ёпиш давом эттирилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов 15 июнь куни Малайзия элчиси Ҳенди Ассан билан учрашди.

ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Малайзия муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар турли даражада бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвали ва кун тартибини кўриб чиқди. Шу нуқтайи назардан жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияда Малайзия томонининг ҳамда 15 июль куни онлайн режимда ўтказиладиган Бутунжаҳон ислом иқтисодий форумида Ўзбекистон томони иштирокининг ташкилий жиҳатларига муҳим эътибор қаратилди.

Бутунжаҳон Ислом иқтисодий форуми 2006 йилда Малайзия кўмаги билан ташкил этилган. БИИФ Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Европа давлатлари ишбилармон доиралари билан асосий мулоқот майдони саналади. Шунингдек, исломий молиялаштириш воситаларини ишга солган ҳолда тадбиркорлик ва инвестиция фаолиятига янги имкониятлар яратиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифаларидандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остидаги ақидапарастлик гуруҳларидан ташқари яна бир таҳдиднинг янги қатлами намоён бўлди. У ҳам бўлса мазҳабсизликка чақирувчилар тоифасидир. Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда унга эътиқод қилувчи шахс учун суннийликдаги тўрт ёки ундан бошқа фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашишлик шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини ўзига лозим тутса, у кўр–кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.

Мазкур тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақатгина Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, Китоб ва Сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни тўлиқ кафолатлай олмайди. Қолаверса, исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлганлиги эътиборидан, бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга маҳкумдир. Саҳобаи киромларнинг барчаси ҳам Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Улар бирор–бир масалада Қуръон ва суннадан далил тополмай қолгандагина ижтиҳодга қўл урганлар. Бу эса, асосий эътибор қаратиладиган ва эргашиладиган ҳолат.

Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш айнан мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратилиши ва бу уларнинг бирлигига раҳна туғдираётганлиги жар солинмоқда.

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканлигига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилару, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Мазҳабга эргашиш аслида залолатдан узоқ бўлмоқ демакдир. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўз даъволарини асослашда ихтилоф  ва тақлид ибораларига алоҳида урғу берадилар.

Маълумки, исломда ихтилоф ақидавий ва фиқҳий йўналишларга хос. Ақидавий ихтилоф Аллоҳ таолога эътиқод қилишда турли туманлилик шаклда юзага келиб, мусулмонлар ички бирлигининг заифлашуви, турли тоифаларга бўлиниб кетишдек салбий оқибатларга сабаб бўлган. Бунинг оқибатида хорижий, мўтазилий, қадарий, жабарий ва муржиий каби кўплаб тоифалар вужудга келишига замин яратилган.

Фиқҳий ихтилофлар эса мутлақо бошқа мазмунга эга бўлиб, мазҳабларнинг ибодат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга турлича ёндашувнинг натижаси ўлароқ вужудга келган. Бундай ҳолат асло нуқсон ёки ихтилоф манбаи сифатида талқин этилиши мумкин эмас. Аксинча, ислом шариатининг замон ва маконга мослашувчанлиги ва мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Масалан, бирор-бир манзилга етиш учун турли томонлардан бориш имкони бўлса, киши нисбатан энг яқин ва қулай йўлни танлайди. Мусулмон шахси томонидан бирор бир мазҳабни тутиши ҳам айнан шундай ҳолатга қиёслаш мумкин. Зеро, уларда у ёки бу масала муайян халқ, миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари, менталитети ҳамда ижтимоий муносабатларнинг характеридан келиб чиқиб энг қулай ва маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламоларининг иттифоқига кўра, диннинг аслига тааллуқли бўлган ақидавий масалаларда тақлид қилиш мумкин эмас. Унинг акси ўлароқ, фиқҳий масалаларда эса, бирор-бир мазҳабга эргашиш, яъни тақлид қилиш лозим бўлади.

Шайх Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Бундай ҳаракатлар эса ҳадисларда ва уламоларнинг асарларида қатъий қораланган. Қайд этилган мулоҳазалар “Қуръон ва ҳадисгагина амал қиламиз”, – дея ўзларини мужтаҳид билиб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилаётганлар аслида, бу ҳаракатлари билан диний бирлик ва ақидавий якдилликка раҳна солаётганлигини исботлайди. Қолаверса, бундай иддаолар асрлар давомида мавжуд бўлиб келаётган мазҳаблар асосчилари ва уларнинг таълимотларига нисбатан бўҳтон бўлиб, мусулмон шахсини адаштиришга қаратилганлигини хулоса қилиш ўринли бўлади.

Хулоса қилиб айтганда ислом динидаги мазҳабларнинг турли туманлиги ноқис ҳолда бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари хам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм- маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соха бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онгига биринчи қабул қилшига маълумот  нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилишар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса хам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Узоқов Абдулвосид

 

П'ятниця, 18 июнь 2021 00:00

Муслима аёлларга тавсиялардан

Ғазабни тийиш йўллари.
Қуйида ғазабни тийишнинг еттита йўлини зикр қиламиз.Ин ша Аллоҳ , уларга амал қилиш орқали ғазабни тийиш имкони бўлади:

- Эрингиз ёки фарзандларингизга уйга кириш дуоларини ўргатинг ва уларга амал қилдиринг.Қачонки, уйга кирсалар:
“Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, Ихлос сураси, салавот ва дуо ўқиб ҳамда салом бериб кирсинлар. Дуо ушбудир:


اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا

“Эй, Аллоҳим! Мен Сендан кирадиган жойнинг энг яхшисини ва чиқадиган жойнинг энг яхшисини сўрайман. Аллоҳнинг номи ила кирдик ва Аллоҳнинг номи ила чиқдик.Ва Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик” (Имом Абу Довуд ривояти)
Ёдда тутинг! Дуолар фақат ўқиш учун эмас, балки Аллоҳ таъолодан ҳожатини сўраш учун бўлади.Шунинг учун дуоларнинг маъноларини тушуниб сўрасин. Агар болалар ёки катталар уйга кираётиб, шайтондан паноҳ сўрамасалар (дуо қилиб кирмасалар), у ҳолда шайтонлар уйга кириб, болалар ва эр-хотин ўртасига жанжал солади.


عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ « إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ لاَ مَبِيتَ لَكُمْ وَلاَ عَشَاءَ. وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ قَالَ الشَّيْطَانُ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ. وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ قَالَ أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ ».

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганлар: “Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида ва таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой ҳам йўқ, кечки овқат ҳам йўқ, дейди. Агар бир киши уйига кирса ва кираётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (ўзининг шерикларига): сизларга тунайдиган жой топилди, дейди. Агар таомланаётган вақтида Аллоҳни зикр қилмаса, у: сизларга тунайдиган жой ҳам, кечки овқат ҳам топилди, дейди”. (Имом Муслим ривояти)

- Қачонки, ғазаб келса, у ҳолда “Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”ни ўқинг. Маъноси: “Мен қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳ таъолога сиғинаман” (Имом Бухорий ривояти)

- Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда,Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:


إذا غَضِبَ أحَدُكُم وهُوَ قائِمٌ فَلْيَجْلِسْ فإِنْ ذَهَبَ عَنْهُ الغَضَبُ وإلاَّ فَلْيَضْطَجِع

“Қачонки, сизлардан бирингизга ғазаб келса, агар тик турган бўлса, ўтириб олсин.Шунда ҳам ғазаби кетмаса, у ҳолда (ерга) ётиб олсин” дедилар.
Ишончим комилки, бундан бошқа йўлга ҳеч ҳожат йўқ. Чунки, одам тик турган пайтида, жисми ердан узоқ бўлади.Ўтирганда эса, ерга яқин бўлади.Ётганда эса, ўтиргандан ҳам кўра анча ерга яқин бўлади.Аллоҳ таъоло ернинг фитратига камтарликни солиб қўйган.У камтарлик одамга таъсир қилиб, ғазабидан тушади.Чунки, камтарлик ғазаб ва кибрнинг зиддидир.(Инсон бошини ерга қўйиб, дунёни кузатса, ўзининг ҳеч ким эмаслигини ва Аллоҳ таъолонинг бандаларига ғазаб қилишга ҳаққи йўқлигини англайди). (Давоми бор...)

Муҳаммад Ҳаниф Абдулмажид.

”Тўҳфайэ дулҳан” –китобидан Абдулқайюм Комил таржимаси

П'ятниця, 18 июнь 2021 00:00

Мазҳабсизлик – хатарли бидъат

Фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиш тарихи саҳобалар[1] ва Набий алайҳиссалом вафот этгандан кейинги келадиган  асрга тақалади.

Ҳижратнинг аввалги иккинчи асридан тўртинчи асрнинг ярмигача ижтиҳоднинг олтин даври бўлди. Бу вақт оралиғида мазҳаблари ёзилиб ва фикрларига эргашиладиган ўн учта мужтаҳид намоён бўлишди. Улар: Маккада Суфён ибн Уйайна, Мадинада Молик ибн Анас, Басрада Ҳасан Басрий, Куфада Абу Ҳанифа ва Суфён Саврий, Шомда Авзоий, Мисрда Шофеъий ва Лайс ибн Саъд, Нийсобурда Исҳоқ ибн Роҳивайҳ, Бағдодда Абу Савр, Аҳмад, Довуд Зоҳирий ва ибн Жарир Таборийлардир.

Улардан тўрттаси жумҳур мусулмонлар томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинди[2]. Улар: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир.

Бу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, шофеъийлар 21 фоиз, моликийлар 17 фоиз, ҳанбалийлар 7,5 фоиз[3].

Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд.

Демак, фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.

Набий алайҳиссаломнинг саҳобалари илмда бир-биридан фарқ қилган. Баъзилар Абдуллоҳ ибн Аббосни, ироқликлар Ибн Масъудни, ҳижозликлар Абдуллоҳ ибн Умарни розияллоҳу анҳум ўзларига ўрнак қилиб, уларнинг кўрсатмаларига риоя этиб яшашган. Аҳли илмлардан ҳеч ким уларнинг бу ишини қоралагани ёки бир шахсга тақлид қилганни гуноҳкорга чиқарганларини билмаймиз[4].

Демак, бугунги кунимизда ҳам оми халқ, шунингдек, истинбот ва ижтиҳод қилиш даражасига етмаган олимлар учун бирор мужтаҳидга тақлид қилиш, билмаганларини сўрашдан бошқа чора йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло бундай буюрган: “Агар билмайдиган бўлсангиз аҳли зикрлардан сўрангиз”[5] (Наҳл сураси, 43-оят).

Шу ўринда диёримиз мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) мазҳаби кўрсатмасига риоя қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдиришган. Халқимиз ҳам шу мазҳабга амал қилишган. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам мазҳаби мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда[6].

Минг афсуслар бўлсинки, ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остида яна бир таҳдид – мазҳабсизликка чақирувчилар тоифаси пайдо бўлди.

Мазҳабсизликни ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор-бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Лекин бир, икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, ёки “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак” – деган даъволарни қиладилар[7]. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.

Мазҳабсизларнинг энг кулгили ҳолати, аҳли сунна ва жамоадаги тўрт мазҳаб соҳибларидан бирининг йўлига юриб, гапини олиш “бидъат”-у, кимлиги номаълум  “шайх”ларининг асоссиз “фатво”ларига эргашиш “ҳақиқат”ми? Аслида, мана шу каби асоссиз “фатво”лар мусулмонларнинг бирдамлигига раҳна солаётган “ИШИД” ёки “Ал-қоида” каби бузғунчи гуруҳларнинг фойдасига хизмат бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, ислом қоидаларига биноан, фатво бериш ҳуқуқи, ақида, фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари ва тули шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, ўз мазҳабининг таълимотларига таянган ҳолда, қолаверса, муфтий мартабасига эга муайян шахсларгина бериши маълум[8].

Ҳозирги кунда бутун ислом уммати минг уч юз йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, ўзини мужтаҳид санаб юрганлар аслида, “бир китобча ва магнит тасмаси маданияти”га мансуб кишилардир[9].

Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Зеро, Ислом олами тан олган Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий, Бурҳониддин Марғилоний ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.

Шу ўринда айтаётган сўзларига ҳужжат келтира олмайдиган ва қилаётган даъволарининг асоссиз эканлиги аниқ бўлган мазҳабсизларнинг “муайян бир мазҳаб асосида амал қилиш ҳаром ва бу бидъатдир”, деган сўзлари эмас, балки аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, деган сўзи айни ҳақиқатдир.

[1] Ваҳба Зуҳайлий. Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳу. 1-жуз. 42-бет. Дамашқ: Дорул фикр, 2001 й.

[2] Аҳмад Саъид Ҳавва.  Мадхал ила мазҳабил имам Аби Ҳанифата Нўъмон. 87-бет.  Жидда, Дарул Андалус ал-Ҳазро. 2002 й.

[3] А.Тулепов. Ислом ва ақидапарсат оқимлар. 35-бет, Тошкент: “Шарқ” , 2014 й.

[4] Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий. Ал-ла мазҳабийя ахтору бидъатин туҳаддиду шариъатал исламия. 107-бет. Дамашқ. Дарул фикр. 1985-йил

[5] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент. ТИУ.нашриёт матбаа бирлашмаси. 2009 й.

[6] А.Тулепов. Ислом ва ақидапарсат оқимлар. 36-бет, Тошкент: “Шарқ” , 2014 й.

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар сабаблар ечимлар.83- бет. Тошкент: “Шарқ”, 2011.

[8] А.Тулепов. Ишид фитнаси. 19-бет. Тошкент. Мовароуннаҳр. 2014 й.

[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ихтилофлар сабаблар ечимлар.  64- бет. Тошкент: “Шарқ”, 2011.

Фарҳод ЖЎРАЕВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top