muslim.uz

muslim.uz

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш бўйича янги тизимга асос солингани ўзининг амалий ва ижобий натижаларини бераётгани маълум.

Шу йўналишда диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар водий вилоятларида хизмат сафарида бўлиб, халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлидаги фаолиятларига ўзгача мазмун, кўтаринки руҳ олиб кириб, бундай ишларни янги босқичга олиб чиқмоқдалар.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Шоазим Миноваров ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали водийдаги сафар таассуротлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан бўлишди:

«Бир неча кундан бери Фарғона водийсидаман. Бизнинг бойлигимиз - халқимиз, ундаги дуру-гавҳарларимиз эса кексаларимиздир. Водийнинг оқсақоллари, оппоқдодалари, ҳожибувалари, ҳожитоғалари билан суҳбатлашсангиз, олам-олам маъно, мазмун оласиз.

Қувадаги “Ювошота” зиёратгоҳида ана шундай унутилмас учрашув бўлди. Шукроналик, вазминлик, донишмандлик, ўйчанлик, нуронийлик мужассам уларда. Она ерга, Ватанга, қишлоқларига, фарзандлари, набиралари, халққа, Президентга муҳаббат, дуолар тўкилади тилларидан.

“Бетоб бўлмаса, осмонга қараб, насибам тўкил, деб ағанаб ётмаса, бизда ишсизлар йўқ”, дейди улар. “Гилос мавсуми тугаяпти, шафтоли қадоқлаш бошланяпти, кейин олма, узум бошланади", “Қўшнилар, Россия, Польшагача кетяпти меваларимиз. Ҳисоб китобини ҳам аввалгидек узоқ кутмаймиз”, дейишади.

“Ҳа, қўйди-чиқдилар, майда ўғриликлар, фирибгарликлар учраб турибди. Аммо бир бўлсак, бу масалаларни ҳал қиламиз. Бугуннинг шукронасини қилмаслик – кўрликдир. Раҳбар халқини деб тиним билмай ишлаяпти, биз ҳам унга муносиб бўлишга тинмай ҳаракат қилишимиз керак. Оширилаётган, ишланса тўлиқ берилаётган пенсия, қурилаётган уйлар, энг муҳими тинчлик учун юрт етакчисига раҳмат”, дея дуога қўл очишади...

Кафтдек текис йўлда мудроқ элитгандек бўлади, йўқ мудраш фурсати эмас, Тошлоқда ёшлар билан учрашув бор, дея янги суҳбат, савол жавобларга ҳозирлик кўра бошлайман».

Эслатиб ўтмамиз, ҳозирда диний соҳа раҳбарлари, таниқли уламо ва зиёлилардан иборат мутасадди вакилларининг водийга сафари давом этмоқда. Тафсилотларни сайтимиз ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Айни кунларда бир гуруҳ юртимиз уламолари амалий ташриф билан Фарғонада бўлиб турибди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шариповлар Учкўприк, Ўзбекистон ва Бешариқ туманларида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар билан учрашиб, соҳа ходимлари олдида турган вазифалар бўйича мулоқот ўтказишди.

Суҳбат асносида устозлар ўз панду насиҳатлари ва ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашиб, имом домлаларни бундан шижоат ва ғайратли бўлишга чақирдилар.

Сафар давомида Иброҳимжон домла Иномов ва Салоҳиддин домла Шариповлар Учкўприк туманида жойлашган “Хожа Муҳаммад валий” қадамжосини зиёрат қилишди. Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар, жумладан, бу масканда қўним топган марҳумлар ҳақига, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва деҳқончилигига барака тилаб дуои-хайрлар қилишди.

***

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, таниқли уламо Муҳаммадайюб домла Ҳомидов Олтиариқ туманидаги “Шоҳ толиб” масжиди ва Риштон туманидаги “Хўжа илғор” масжидларида жамоат билан кундалик ибодатларни адо этгандан сўнг мўмин-мусулмон билан маърифий суҳбат қурди.

Суҳбат асносида устоз Муҳаммадайюб домла юртимиздаги хайрли ишлар, янгиликлар ҳақида ҳудуд аҳлини етказди, бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича маъруза қилди, жамоат вакилларининг шаръий ва ижтимоий масалалар юзасидан берган саволларига жавоб қайтарди.

Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати

 

Маълумки, айни кунларда муфтий ҳазрат бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар вилоятмизда бўлиб туришибди. Фарғона аҳли уламолар билан юз кўришиб, улар суҳбатидан баҳра олмоқдалар.

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қўқон шаҳрида янгитдан чирой очган “Ҳазрати Аббос” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид жамоаси билан суҳбат қилдилар.
Муфтий ҳазрат нутқларида диний-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, бугунги кунда масжидларда олиб борилаётган қайта қуриш ва ободончилик ишлари таҳсинга сазовор экани, хусусан мазкур масжид биноси, таҳоратхоналарини қуришда ҳам замон, ҳам шаръий одобларнинг дақиқ жиҳатлари эътиборга олинган ҳолда бунёд этилганини эътироф этилди.

Албатта, мўмин-мусулмонлар бу неъматларга шукр қилишлари, ҳали олдинда кўплаб хайрли ишлар ташаббуси бўлаётгани таъкидланиб, масжид аҳли ҳамда Аллоҳнинг байтини обод этишда ўз ҳиссасини қўшганлар ҳаққига дуо қилинди.

Худди шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шариповлар вилоятнинг Фурқат туманига ташриф қилиб, тумандаги “Ал-мадинатул мунаввара” ҳамда “Чилигижийда” масжиди жамоаси билан мулоқот ўтказган бўлсалар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюб домла Хомидов ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Мухтор Алий домла маърузаларидан бағдодлик ва бешариқлик мўмин-мусулмонлар баҳра олдилар.

Ташриф давом этмоқда.

Ўзбекистон республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари Қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Фарғона вилоят ҳокимлиги ва «Вақф» Фонди Фарғона вилоят филиали раҳбарияти томонидан ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, оғир ҳолатдаги беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга беш миллион сўм пул, озиқ-овқат жамланмаси, диний-маърифий китоблар ва эҳтиёжларига кўра маиший буюмлар тақдим этилиб борилмоқда.

 

Мурувватли ҳомийларимиз ва ҳимматли дуогўйларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин!

Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Aлимов ҳазратлари Қўқон шаҳридаги "Ҳазрати Aббос" жоме масжидига ташриф буюрадилар.

Ташриф доирасида пешин намозини мазкур жомеда адо этиш, намоздан кейин суҳбат қилиш кўзда тутилган.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top