muslim.uz

muslim.uz

ҚАДРЛИ ВА МУҲТАРАМ АЗИЗ БОЛАЖОНЛАР!

Сизларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклайман! Ўзбекистонимизнинг ҳар бир ўғил-қизи тинч-осуда юртда, ота-онаси бағрида, жисм-у жони саломат бўлиб улғайишини тилайман.

1- июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади.

Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.

Зеро, Хадиси Шарифда “Катталаримизга хурмат кўрсатмаган, кичикларимизга иззат кўрсатмаган инсон биздан эмас” дейилган.

ЗАЙНИДДИН ДОМЛА ЭШОНҚУЛОВ
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Середа, 01 июнь 2022 00:00

Фарзандлар – ўзимизники!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» деб, (Каломуллоҳ Қуръони каримнинг Қалам сураси 4 ояти)да марҳамат қилиб, макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилган Жаноби севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!

«Ҳақ бўлатуриб тортишувни тарк қилган киши учун жаннатнинг чеккасида бир қаср бино қилинишига; ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир қаср бино қилинишига; хулқи гўзал бўлган киши учун эса жаннатнинг юқорисида бир қаср бино қилинишига кафилман» деб, (Имом Абу Довуд ривоятлари) марҳамат ила ваъда этган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!

Каломуллоҳ Қуръони карим ояти карималарида, Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида, саҳобаи киромларнинг гўзал феъл-атворларида, уламоларимизнинг ноёб асарларида, улуғларимизнинг китобларида ва доно халқимизнинг доно мақолларида келган “Ҳаёт” университетида учрайдиган ҳар хил саволларга мукаммал ва тўлиқ, батафсил ва аниқ жавоблар ҳар биримиз учун ЗАРУР ва ДАРКОР бўлса керак…

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил маълумотларни кечаю кундуз зўравонлик билан тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар ва пурмаъноли ҳикматлар жаннатмакон юртимизнинг, муқаддас Ватанимизнинг, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга – ҳаво, балиққа – сув зарурлигидай зарур бўлса керак…

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа ва бугунги XXI аср замонасида ЭНГ КАТТА вазифа, деб билмоғимиз лозим!

«ЖОНЛИ» ВА «ЖОНСИЗ» ТАРБИЯ

«Агар огоҳсан сен – шохсан сен.
Агар шохсан сен – огоҳсан сен»

Албатта, халқимиз, жумладан, ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.

Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.

1) «Жонсиз» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, дисклар, телевизор. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймоқда. Натижада, доно халқимиз мақолида «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб айтилганидек, ўзлари ҳам, оиласи ҳам, қариндошлари ҳам, қўшнилари ҳам, дўстлари ҳам, яқинлари ҳам, атрофдагилари ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалласига ҳам, ишлаб турган ишхонасига ҳам, бутун эл-юртига ҳам етмоқда.

Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия – доно халқимиз дунёқарашига ва миллатимиз менталитетига ҳам, Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам, уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам, шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам, жамиятшунослик алоқалари ва одамгарчилик муносабатларига ҳам, инсоний туйғулар ва руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, юртимиз урф-одатлари ва ўзбекчилик қоидаларига ҳам, маданиятимиз ахлоқлари ва инсоний ақлга ҳам, ахлоқий норма ва доно халқимиз мақолларига ҳам, миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам, халқимиз онги ва мусулмончилигимиз асосларига ҳам, Ислом динимиз тушунчаларига ҳам МУТЛАҚО зид эканлигини унутмайлик!

Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга МОС КЕЛАДИГАНЛАРИНИГИНА саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.

Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.

2) «Жонли» тарбия – бу улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар.

Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.

Оиладаги бош – бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни, айниқса жума оқшоми, бозор оқшоми кунларида оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, ҳар бир ўғил-қизларини, ҳар бир келин-куёвларини, ҳар бир невара-чевараларини ҳақларига яхши тилаклар айтиб, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир тури ҳисобланади. Зеро бундай шаклдаги «жонли» тарбияни ҳаммаларимизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимиз аввал-азалдан чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражада бериб келишган. Шунда «мени отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизни юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз ҳам: «Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди» деб, яна қўшимча сифатида бизларга  енгилмас куч қилиб бердилар.

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди. Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» Бу хусусда шоирларимизни ибратли сўзлари бор:

                      «Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
                      Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор».

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз хақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

Айниқса ҳозирги ёзги таътиллардан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир! Худони олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, юрт-халқимиз олдида ҳам!

Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч қандай қизил диплом ҳам керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қон орқали ўтиб келаяпти! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

Кимнинг она Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “ҳақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

2022 йил 31 май куни сайёр йиғилиш Каттақўрғон шаҳрида ташкил қилинди. Шаҳардаги мавжуд 5 та масжид имом-хатиблари ва ноиблар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари шаҳардаги 16 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон шаҳридаги 5 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик қадри”, “Ёшлар келажагимиз”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” мавзуларида маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 16 та. Шундан 10 тасидамуаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 40 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 20 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 8 та. Шундан 5 та оиладаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди.3 нафари ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 3 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Буларнинг барчаси қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Қўшниси билан низолашган 2 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
  • ЖИЭМда, қидирувда бўлган ва ИҲМ бўлган жами 28 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар ва оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Шундан Уларнинг барчасиЮртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
  • Узоқ муддатга хорижга бориб келган 5 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 3 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Шуларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
  • Уюшмаган ёшлар билан 16 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 300 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Шаҳардаги 5 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 2000 нафардан ортиқ намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори:11 млн сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров Каттақўрғон шаҳридаги 02855 сонли ҳарбий қисм хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари билан “Ватанни ҳимояси муқаддасдир” ва “Мустаҳкам оила асослари” мавзуларида маърифий суҳбат ўтказди.

 ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Середа, 01 июнь 2022 00:00

Болалар – қалбимиз меваси

1 июнда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни — бу жаҳон жамоатчилиги фикрини болалар ҳуқуқига қаратиш уруш хавфидан ҳимоялаш, болалар саломатлигини сақлаш, уларга демократик асосда тарбия ва таълим бериш учун курашишга жалб қилиш кунидир.

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бери ҳaр йили ёз ойининг биринчи санаси хaлқaрo бoлaлaрни ҳимoя қилиш куни сифатида ер курраси бўйлаб турли шиoрлaр oстидa кенг нишoнлaб келинади.

Бироқ бундай эзгу куннинг ташкил этилганига ярим асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, айрим қитъаларда миллионлаб болалар очлик, турли касалликлар, яшаш ва таълим олиш шароитлари йўқлигидан азоб чекаётганлиги, афсуски кўз юмиб бўлмас ҳақиқат.

Лекин, бу байрам она юртимизда ўзига хос тарзда нишонланади.

Зеро, ўзбек миллатига хос нодир маънавий қадриятлар сарасидан бўлган болажонлик, оилапарварлик, меҳр-мурув-ватлик фазилатлари алоҳида ажралиб туради.

Бунга биргина мисолни келтириш билан барчани эътиборини қаратиш мумкин. иккинчи жаҳон уруши пайтида ота-онасидан етим қолган, уй-жойи вайрон бўлган, яқинларидан ажралган юз минглаб етимлар Ўзбекистон бағрида меҳр-шафқат кўрдилар.

Доно халқимиз ўзининг бир бурда нонини ана шу болалар билан беминнат баҳам кўрди. Уларни таълим-тарбия билан парваришлаб, вояга етказиб жамият аъзоларига тақдим этдилар.

Ёш авлод камолоти, таълим-тарбияси йўлида ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижроси йўлида таълимнинг биринчи босқичи бўлган мактабгача таълим ташкилотларига алоҳида эътибор берилмоқда. Ўрта ва олий таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитиш услублари жаҳон талабига мослаштирилмоқда.

Муқаддас динимизда ҳам бу борада талайгина кўрсатмалар берилган.

Жумладан Али розийаллоҳу анҳу шундай деганлар: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадиси шарифларида ҳам болалар ва оилаларни яхшилик қилишга ўргатиш ҳамда уларда чиройли хулқни камол топтириш зарурлиги таълим берилган.

У зот алайҳиссалом: “Болаларингизга ва оилаларингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни одобли этиб тарбиялангиз”, – деганлар.

Мамлакатимизда марказий истироҳат боғлари биринчи галда болаларни хурсанд қилиши учун уларга хос ва мос ўйингоҳлар билан таъминланади.

Меҳрибонлик уйлари ҳақиқий байрам сайлгоҳига айланади. Болаларга совға-салом улашилади.

Зеро, яхши-ёмон кунда бир-бирини суяш аждодларимиздан қолган энг фазилатли меросларимиздандир.

Шукрки, юртимизда эътибордан четда қолган боланинг ўзи йўқ. Барчанинг кўнглида болаларга қарата меҳр-мурувват мужассам деб айта оламиз.

Умримизнинг баҳор фасли бўлган ёшлик ҳар биримизнинг қалбимизда қувончли кунлари сақланиб қолгандек, бугунги болаларнинг байрам кунлари ҳам қувончларга тўлсин. 

Зеро, бола кулса, олам кулади. Олам кулса, у қувончга тўлади, бизларнинг она юртимиз янада гуллаб яшнайди. Болаларнинг беғубор қалблари доимий яйраб-яшнайверсин.  

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Тарихда бешинчи одил халифа номини олган Умар ибн Абдулазиз (61-101 ҳ./720-781 м.) умавийларнинг ҳукмдорларидан бўлиб, унинг даврида ҳадисларни ёзиб олиш ва тўплам (китоб) ҳолига келтириш ҳали бирламчи босқичда эди. Яъни бу иш ҳукумат миқёсига чиқмаган эди. Бу даврга келиб Қуръон мусулмонлар оммаси ичига тўлиқ сингиб бўлган эди. Ҳадиснинг Қуръонга аралашиб қолиши ва бу борада тушунмовчиликлар чиқиши хавфи бу замонда барҳам топган эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳадис илмига расмий ҳомийлик қилган, муҳаддис олимларни қўллаб-қувватлаган ҳукмдор эди. Зотан, илм-фан ҳукмдорлар ва бой-бадавлат одамларнинг ҳомийлиги ва қўллаб-қувватлаши сабабли ривож ва тараққий топиши ҳақиқатдир. Чунончи, «Саҳиҳ ал-Бухорий»да бир ривоят таълиқан келтирилган:

Умар ибн Абдулазиз Мадинага, қози Абу Бакр ибн Ҳазмнинг номига бир хат ёзган эканлар. Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Амр ибн Ҳазм ал-Ансорий ал-Маданий мадиналик табаъа тобеъинлардан бўлиб, Мадинада қози ва бир муддат амир бўлганлар ҳамда 120 ҳ./738 м. йилда 84 ёшларида вафот этганлар. “Саҳиҳи Бухорий”да айтилишича, мактубда мана бу ҳукм бўлган:

وَكَتَبَ عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ إِلَى أَبِي بَكْرِ بْنِ حَزْمٍ انْظُرْ مَا كَانَ مِنْ حَدِيثِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَاكْتُبْهُ فَإِنِّي خِفْتُ دُرُوسَ الْعِلْمِ وَذَهَابَ الْعُلَمَاءِ وَلَا تَقْبَلْ إِلَّا حَدِيثَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلْتُفْشُوا الْعِلْمَ وَلْتَجْلِسُوا حَتَّى يُعَلَّمَ مَنْ لَا يَعْلَمُ فَإِنَّ الْعِلْمَ لَا يَهْلِكُ حَتَّى يَكُونَ سِرًّا

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидаги мазмунга қараб уни ёзиб олгин! Чунки мен илм дарсларидан ва уламоларнинг кетиб қолишидан қўрқиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан ўзгасини қабул қилмагин! Илмни эса ёйинглар. Билмаган кишига ўргатилмагунча ўтираверинглар! Зотан, илм махфий бўлмагунча ҳалокатга учрамайди!» (Бухорий, 100-ҳадис олдидан таълиқан келтирилган ва Доримий, 1/497).

 Имом Молик (93-179 ҳ./712-795 м.) «ал-Муватто» асарида ҳам шу хат борасида ривоят келтирилган. Ўша ривоятда ҳадиси набавия билан бирга суннати хулафои рошидийнни ҳам жамлаш зикр қилинган (Молик, 1/935).

Иккала китобдаги мазкур ривоятда бу кўрсатма фақат Мадинанинг қозисига берилган.

Лекин баъзи ривоятлардан ўша хат барча Ислом ўлкаларининг қозиларига юборилгани маълум бўлади. Унда: «Бу хатни барча ўлкаларга ёзиб жўнатди», ‒ дейилган.

Демак, Умар ибн Абдулазиз биринчи бўлиб ҳукумат миқёсида ҳадиснинг тадвин ва китобат қилинишини бошлаб берганлар. Чунончи, у кишининг буйруқлари остида биринчи ҳижрий юз йилликнинг охирида қуйидаги ҳадис китоблари юзага келган:

  1. Қози Абу Бакр ибн Ҳазмнинг китоблари. «Муватто»да келтирилишича, Абу Бакр ибн Ҳазм бир нечта ҳадис тўпламлари жамлаганлар. Аммо улар халифага етиб боришидан аввал халифа вафот топганлар (Молик, 1/935).
  2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Солим ибн Абдуллоҳнинг садақалар борасидаги рисолалари. Солим ибн Абдуллоҳ ал-Қураший ал-Адавий 106 ҳижрий, 725 милодий йилда вафот этган, Мадинанинг етти нафар фақиҳидан бири. Тобеъинларнинг улуғларидан ва уламоларидан ҳисобланади. Аллома Жалолиддин ас-Суютий (849-911 ҳ./1445-1505 м.) ўзларининг «Тарих ал-Хулафо» номли китобида: «Бу рисола ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг буйруқларига биноан ёзилган», ‒ деганлар.
  3. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг дафтарлари. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийнинг тўлиқ исмлари Абу Бакр Муҳаммад ибн Муслим ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий бўлиб, 58 ‒ 124 ҳижрий, 678 ‒ 742 милодий йилларда яшаганлар. Тобеъинларнинг улуғларидан ва уламоларидан бўладилар. Ибн Абдулбарр (368-463 ҳ./978-1071 м.) «Жомеъ баён ал-илм» номли китобларида Имом аз-Зуҳрийнинг қуйидаги гапларини нақл қилганлар: «Бизларга Умар ибн Абдулазиз суннатларни жамлашни буюрди. Биз уларни дафтар-дафтар қилиб ёзиб қўйдик. Подшоҳи бор ҳар бир ерга ўша дафтарларни юборди» (“Жомеъ баён ал-илм ва фазлиҳи”, 1/337).

Ўша даврда Имом аз-Зуҳрийчалик кўп ҳадис ёзган киши бўлмаган. Шу сабабдан ҳадисларни расмий равишда тўплам ҳолида ёзган биринчи олим Имом аз-Зуҳрий деб айтилади. Кейин Умар ибн Абдулазиз ўша дафтарларни Ислом ўлкаларига юборганлар.

  1. Макҳулнинг «Китоб ас-Сунан» асари. Абу Абдуллоҳ Макҳул ибн Абу Муслим ал-Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ (ваф. 112 ҳ./730 м.) Шом фақиҳи ва таниқли ҳадис ҳофизи ҳисобланадилар. У зот, аслида, Кобулда туғилган бўлиб, асир тушиб, Мисрга бориб қолганлар. У ерда озод бўлиб, илм ўрганганлар ва олим бўлиб етишганлар. Унинг ушбу китоби билан ҳадис ёзишнинг тўртинчи босқичи кириб келди. Ибн ан-Надийм (ваф. 438 ҳ./1047 м.) ўзларининг «Феҳрист» номли китобида буни зикр қилганлар. Зоҳиран бу китоб ҳам Умар ибн Абдулазизнинг фармонларига биноан ёзилган. Зеро, ҳазрати Макҳул ҳам ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг замонларида қози бўлганлар.
  2. Имом аш-Шаъбийнинг «ал-Абвоб» асари. Абу Амр Омир ибн Шураҳбийл аш-Шаъбий ал-Ҳимйарий (19-103 ҳ./640-721 м.) ҳам тобеъинларнинг улуғларидан бўлиб, Кўфада туғилиб-ўсган ва у ерда истиқомат қилганлар. Эшитган барча ҳадисларининг ёдида сақланиши ҳақида айтиб ўтганлар. Аллома ас-Суютий «Тадриб ар-Ровий»да Ҳофиз ибн Ҳажар (773-852 ҳ./1372-1449 м.) ҳаволаси билан: «Абвоби Шаъбий» ҳадис илмида бобларга бўлиб тадвин қилинган биринчи китобдир», ‒ деганлар. Имом аш-Шаъбий Кўфа шаҳрида Умар ибн Абдулазизнинг қозиси бўлганлар. Шунга биноан бу киши ҳам ҳадисларни Умар ибн Абдулазиз буйруқларига биноан ёзган бўлишлари мумкин.

Ҳазрати Умар ибн Абдулазизнинг вафотлари бир юз биринчи ҳижрий йилда бўлган. Юқорида санаб ўтилган китобларнинг барчаси у кишининг вафотларидан аввал ёзиб бўлинган. Мазкур китоблар ва ҳадис тўпламлари ҳадис илмининг биринчи босқич даврини белгилаб беради. У даврда ҳадис илмий расмий равишда сиёсат даражасида ўқиб-ўраганилган ҳамда китобат ва тадвин ҳолига келтирилган.

 

Абиев Ҳикматуллоҳ Ҳасанович,

Имом ат-Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими, “Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом-нойиби

 

Сторінка 88 з 2297

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top