muslim.uz
Мечеть аль- Харам представляет электронный Коран для слабовидящих
Большая мечеть Мекки официально представила электронный Коран, чтобы помочь слепым и слабовидящим верующим мусульманам. В электронном Коране Haramain используется передовая технология, основанная на шрифте Брайля. Его длина составляет почти шесть дюймов, а ширина - четыре, что позволяет пользователям плавно перемещаться между страницами, используя высококачественные ячейки Брайля.
Специальные полки готовятся для 100 электронных устройств Брайля, которые были разработаны для людей с нарушениями зрения, сказал Гази Аль-Тубьяни, представитель Генерального президентства по делам двух священных мечетей.
«Каждая ячейка может вместить шесть точек, а также 10 цифровых клавиш, которые позволяют пользователям вводить номер страницы для быстрой навигации, а также кнопки поворота. Они также могут прокручивать строки на каждой стороне текста шрифтом Брайля », - рассказал Аль-Тубьяни.
«Эта услуга будет предоставлена очень скоро. Мы почти закончили подготовку полок для этих устройств, чтобы они были доступны невидящим прихожанам, посещающим священную мечеть ».
Как передает islam.ru, в дополнение к проекту новых устройств, на который потребовалось почти 10 месяцев, Большая мечеть также предложила бумажные копии Корана, напечатанные шрифтом Брайля.
«Каждый мусхаф (копия Корана) состоит из шести томов. У нас также есть буклеты со шрифтом Брайля, предназначенные для слепых детей, чтобы помочь им узнать об основах ислама », - добавил он.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
31.12.2021 й. Ихлос – амаллар асоси
ИХЛОС – АМАЛЛАР АСОСИ
Муҳтарам жамоат! Ихлос сўзини кундалик ҳаётимизда жуда кўп қўллаймиз. Бугун ана шу атаманинг динимизда нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида сўз юритамиз. Ихлос – қалб амалларидандир. Балки у қалб амалларининг ҳам бошида туради, чунки амаллар фақат ихлос бўлсагина, қабул бўлади. Демак, ихлос – амал ила Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилишдир! Бошқача айтганда амалга киришганда Аллоҳ ва охират учунгина киришиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам банда хоҳ ошкора, хоҳ махфий амални қилишда нафсига марғуб бўлган жиҳатларни қўшиб юбормаслиги керак бўлади.
“Ихлос” калимаси луғатда “бирон кишига нисбатан самимий, холис, содиқ бўлиш” деган маънони ифодалайди.
Шариат истилоҳида эса у “Аллоҳ таолога нисбатан холис, содиқ бўлиш, барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.
Дарҳақиқат, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидирки, ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади.
Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамлар сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади. Ким уни зое қилса – ҳалокатга юз тутади.
Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай дейди:
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
яъни: “Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси 5-оят).
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, мана бундай дейди:
وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ
яъни: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо сураси 125-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
قالَ اللَّهُ تَبارَكَ وتَعالَى: أنَا أغْنَى الشُّرَكاءِ عَنِ الشِّرْكِ، مَن عَمِلَ عَمَلًا أَشْرَكَ فِيه مَعِي غَيرِي، تَرَكْتُهُ وشِرْكَهُ
яъни: “Аллоҳ таборака ва таоло айтди: “Мен – шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман! Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани ҳам шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қилурман” (Имом Муслим ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда ихлоссиз ўрганилган илмнинг зарари ҳақида бундай дейилган: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:
مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ لاَ يَتَعَلَّمُهُ إِلاَّ لِيُصِيْبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا،
لَمْ يَجِدْ عَرْفَ الجَّنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ
(رواه الإمام أبو داود)
яъни: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига – гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам – ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг – гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да – гуноҳларини кечиради.
Муҳтарам жамоат! Ихлоснинг энг катта фойдаларидан бири шундан иборатки, агар бирор-бир амал Аллоҳ таоло учун холис, фақат Унинг Ўзигагина қуллик қилган ҳолда бажарилса, Аллоҳ Таоло банданинг катта гуноҳларини ҳам кечиб юборишига сабаб бўлади.
Бир ҳадиси шарифда йўлдан одамларга озор берувчи нарсани холис Аллоҳ учун олиб ташлаган ва шу туфайли гуноҳи кечирилган киши ҳақида баён қилинади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِى بِطَرِيقٍ وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ فَأَخَذَهُ فَشَكَرَ اللَّهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Бир одам кетаётиб, йўлда ётган тиканли шох-шаббага кўзи тушди-да, уни четга олиб қўйди. Унинг бу хайрли иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳларини мағфират этди” – дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).
Худди шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифда чанқоқ итни сувга қондириш ҳақидаги воқеа ҳам мавжуд. Бу воқеа ҳам кўринишидан кичик, лекин ихлос билан қилинган амал сабабли гуноҳкор аёлнинг катта гуноҳлари кечирилганлиги хабар қилинган. Уламоларимиз айтганларидек, бу аёл қалбида ихлос билан, соф имонни сақлаган ҳолда итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди.
Муҳтарам азизлар! Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки амал соҳибининг қалбидаги имон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро амал – суратдир, ихлос эса – унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан мақбулдир.
Бошқача айтганда, ихлос билан қилинган амал – илдизи мустаҳкам дарахтдир, риёли амал эса – илдизи кесиб ташланган дарахт кабидир. Агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланса, тезда қурийди.
Шунинг учун ҳам ихлоссиз амал қилишдан сақланишимиз зарур! Зеро ихлоссиз қилинган ҳар қандай амал – гарчи у Исломда энг юксак амал ҳисобланган бўлса ҳам – бирон қийматга эга бўлмайди, у учун бирон мукофот берилмайди, аксинча, риё қилгани учун гуноҳкор бўлиб қолади.
Бугунги кунда катта-катта маблағ сарфлаб қилинадиган эҳсонлар, ҳаж ва умра сафарлари, шунчаки, хўжакўрсинга ёки одамлар эшитсин учун, ихлоссиз амал бўлиб қолмаслиги зарур. Лекин гоҳида эътиборимиздан четда қолаётган бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзиш, йўлларни равон этиш, маҳалла ва масжидларни обод қилишга озми-кўпми ҳисса қўшиш каби амаллар ихлос билан адо қилинса, катта савоблар берилиши ва гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.
Муҳтарам азизлар! Амаллар қабул бўлиши учун ихлос билан бирга унинг суннатга мувофиқ бўлишлиги ҳам талаб қилинади. Бу борада Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Агар амал холис бўлса, аммо тўғри бўлмаса, қабул бўлмайди. Агар амал тўғри бўлса, аммо холис бўлмаса ҳам, қабул бўлмайди. Амалнинг холис бўлиши – Аллоҳ учун бўлишидир, амалнинг тўғри бўлиши – суннатга мувофиқ бўлишидир”, – деб туриб ушбу оятни тиловат қилганлар
فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
(سورة الكهف، 110)
яъни: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф сураси 110-оят).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан қуйидаги насиҳат ривоят қилинган: “Сўз амалсиз наф бермайди, сўз ва амал ниятсиз наф бермайди. Сўз, амал ва ният суннатга мувофиқ бўлсагина, наф беради”.
Демак, ниятим яхши, холис ниятдаман деб шариатга зид ишлар ва гуноҳларни қилиш жоиз бўлмайди.
Умар разияллоҳу анҳу доимо айтардилар: “Аллоҳим! Амалимнинг барчасини солиҳ қил, уни холис Ўзинг учун қилишни насиб этгин!
Амалларда ихлосли бўлиш ўта енгил иш, ҳоҳлаган инсон бунга эриша олади, деб ўйлаш хатодир. Аллоҳ осон қилиб қўймаса, ихлос ўта қийин, инсонларга жуда ҳам машаққатли эканлигини кўплаб буюк зотлар таъкидлаганлар. Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий инсон нафси учун энг шиддатли нарса нималиги ҳақида сўралганда: “Ихлос, чунки нафснинг ихлосда ҳеч қандай насибаси йўқ”, – деб жавоб берганлар.
Улуғлардан яна бирлари: “Ниятни холис қилиш амал қилувчилар учун барча амаллардан кўра қийинроқдир”, деган эканлар.
Юсуф ибн Ҳусайн ар Розий айтганлар: “Дунёдаги энг азиз нарса –ихлосдир, қалбимдан риёни туширишга қанчалар тиришдиму, аммо у ҳар гал янги кўринишда қайта ўсиб чиқаётгандай бўларди”, деганлар.
Демак, мусулмон киши доим нафсини тарбиясида ҳушёр бўлиб, ихлосини текшириб туриши, риё ва сумъадан сақланиши – шартдир. Акс ҳолда нафси ҳавоси каттариб-каттариб, уни илоҳлик даъвосигача олиб бориши мумкин. Бунга тарихда мисоллар етарли.
Муҳтарам жамоат! Ҳаммамизга маълумки, совуқ кунлар бошланиб, ҳаво ҳарорати пасайиб бормоқда. Табиийки, аҳоли ўз хонадонларини иситиш чораларини кўра бошлайдилар ва электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки ёқилғининг бошқа турларидан фойдаланадилар.
Афсуски, охирги пайтларда юртимизнинг турли гўшаларида мазкур иситиш воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида ёнғин ҳамда табиий газ ва кўмир ҳидидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлмоқда. Ачинарлиси, бундай воқеалар инсонларнинг турли хил тан жароҳати олиши ёки ўлими билан якунланмоқда.
Соҳа мутахассисларининг хабар беришларича Республика бўйича шу йилнинг ўзида қоидаларга амал қилмаслик оқибатида 206 та бахтсиз ходиса содир бўлган. Улар натижасида 139 нафар инсонлар вафот этган ва 314 нафар инсонлар турли даражада куйган ва оғир тан жарохат олган.
Хар бир вафот этган инсонлар хонадонларида қанчалик мусибат, ғам ташвишларни ва куйган ёки жарохатланганларни ахволини тасаввур қилишнинг ўзи жуда оғир.
Мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳар биримиз иситиш мосламаларимизга яна бир бор эътибор бериб, ундан оқилона фойдаланишимиз зарур. Қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг!
Соха мутахассисларини фикри билан Сизларга оддийгина хавфсизлик қоидаларини эслатиб қўйишни жоиз деб билдик:
- Хонага кирилганда хонада газ хиди йўқлигига ишонч хосил қилингандан кейингина электр чироғини ёқишга одатланишимиз керак!
- Газ, ўтин ёки кўмир бўладими, улар ёниб турган хоналарда яшаш, ухлашдан умуман воз кечиш керак!
- Иситиш ускуналарининг мўрилари қуш уялари ёки бошқа хил тиқинлардан тозаланиб, соз ҳолатда ишлаши доимий назоратда бўлиши керак!
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, озгина бепарволик сабабли нафақат ўзимиз, балки бошқаларга ҳам зарар етказишимиз мумкин. Зеро динимиз ўзгаларга зарар бериш эмас, балки яхшилик ва эзгу ишларда кўмакчи бўлишга буюради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исломда зарар кўриш ҳам, зарар бериш ҳам йўқ”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳар бир мусулмон инсон аввало ўзи ва ўз аҳли оиласини, қолаверса, қўни-қўшнилари, ёру дўстларини ҳаётини хавф остига қўйишдан сақланиши лозим.
Аллоҳ таоло хонадонларимизни ва оила-аъзоларимизни турли фожеалардан, офатлардан Ўзи паноҳида асрасин ва барчамизни мухлис бандаларидан қилсин! Амалларимизга риё аралашишидан Ўзи паноҳида асрасин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Оила мустаҳкамлиги – жамият фаровонлиги” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Ноёб ислом тангалари кўргазмаси иш бошлади
Шоҳ Абдул Азиз жамоат кутубхонаси 21 декабрь куни Эр-Риёдда ноёб ислом тангалар кўргазмасини очди.
Arabnews хабарига кўра, маданият вазири, шаҳзода Бадр бин Абдуллоҳ бин Фарҳан раҳнамолигида ташкил этилган кўргазма ташриф буюрувчилар, мутахассислар ва хоҳловчилар учун ислом цивилизацияси аломатларини унинг тарихий улуғворлигида кўра олиш имконини берадиган ойна яратишга мўлжалланган.
Ушбу кутубхонада шарқий ислом ва Ғарб мамлакатларидан Умавийлар, Аббосийлар, Андалусийлар, Фотимийлар, Аюбийлар, Отабеклар, Салжуқийлар, Мамлуклар ва Усмонийлар империяси даврига оид саккиз мингдан ортиқ зарб қилинган ва нодир араб ва ислом тангалари мавжуд.
Кутубхонада Арабистон ярим оролида яшовчи айрим цивилизацияларга тегишли, Макка, Мадина, Ал-Ямама ва Биша каби шаҳарларда зарб қилинган тангалар ҳам мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
4-мавзу: Тинчлик ва осойишталик – олий неъмат!
Маълумки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинч- осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.
Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз. Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).
Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Набий алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик- омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).
Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда 16 хил конфессияга амал қилувчи 130 дан зиёд миллат вакиллари ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.
Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан, кўплаб мусулмонлар истиқомат қилувчи юртлар сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар
ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда.
Дарҳақиқат, Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.
Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъи назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар улуғ неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Шу ўринда Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни эслаш ўринлидир: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Сунани Термизий”, 2346-ҳадис).
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий барқарорлик жамият ҳаётининг осойишталиги билан тавсифланади. Барқарорликка тинч-тотувлик ва уни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш, турли ижтимоий қатламга мансуб фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, давлат, жамоат ва диний ташкилотлар, фуқаролар ўртасидаги ижтимоий келишув ва шерикчилик бардавомлигини таъминлаш орқали эришилади.
Аксинча, халқ орасида бузғунчилик ғояларини тарқатиш орқали беқарорлик келтириб чиқариш эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаради. Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: “...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида: “...Аллоҳнинг ризқидан еб- ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!..” деб марҳамат қилинган.
Шунингдек, Ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!..” (Моида сураси, 8-оят) дейилган.
Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз.
Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.
Айниқса, ахборот манбалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз керак. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари шарт.
Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади. Уламоларимиз ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмаслиги, балки уни қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиш лозим эканини таъкидлайдилар:
– Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;
– жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларига яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);
– Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб- асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамани яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);
– Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши ғоявий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.
Таъкидлаш жоизки, Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, тинчликни улуғ неъмат дея эътироф этган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.
Шу нуқтаи назардан фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ҳамда бор имкониятлари билан ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, диндорларимиз ибодатларини хотиржам ва эмин-эркинликда адо этмоқдалар.
Қайд этилганлардан бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, дунёда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан ватандошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг онги ва шуурида мураккаб ва таҳликали дунё, минтақада рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақида бирёқлама ва нохолис тасаввурлар шаклланишига йўл қўймаслик зарур саналади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлиқ катта ҳамда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши – унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
"Диний-маърифий суҳбатлар" китобидан
Динда саволим бор: Ичкиликка ружу қўйган отага фарзанд танбеҳ бериши мумкинми?
— Ота ичкиликка ружу қўйган, шариатимизни ҳурмат қилмайдиган бўлса, фарзандлар танбеҳ бериши мумкин-ми?
— Отага фарзандлар ҳеч қандай ҳолатда ҳам танбеҳ бериши, унга қаттиқ тегиши мутлақо мумкин эмас. Ҳаттоки, насиҳат қилиш борасида ҳам фарзанд қилмасин, балки отага гапи ўтадиган бошқа катта кишилар қилиши керак дейилган. Фарзандларнинг бу борадаги вазифалари ўзларининг гўзал ахлоқлари, чиройли одоблари ҳамда динимиз кўрсатмаларига амал қилишлари билан уларга муомала қилишларидир. Энг муҳими, ота-оналар ҳақларида намозлардан кейин тинимсиз дуо қилишлари жоиз.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.