muslim.uz
Шайх Камил ҳазрат Самигуллин муфтий Нуриддин домла Холиқназаровга Ислом умматига хизмат қилишда муваффақият тилади
Татаристон муфтийси Шайх Камил ҳазрат Самигуллин муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Менинг Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси лавозимига сайланганингиз билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Сизга ушбу масъул лавозимда Аллоҳ таоло Ислом ва барча ўзбек уммати манфаатига хизмат қилиш ишларидаги барча самимий ният ва эзгу ишларингизни муваффақиятли рўёбга чиқариш имконини берсин, сизга тўғри қарорларни кўрсатсин, ўз атрофингизда ҳамфикр инсонларнинг содиқ жамоасини тўплаш имконини ато этсин, мустаҳкам соғлиқ, сабр-тоқат ва узоқ йиллик самарали касбий йўлни бахшида этсин.
Аллоҳ таоло Сиз ва Сизнинг яқинларингизни эзгу ният ва ишларингиз учун ўз раҳматини дариғ тутмасин.
Шайх Камил ҳазрат Самигуллин,
Татаристон муфтийси
Доғистон муфтийси: Ўзбекистон халқининг маънавий юксалишида янги муфтийнинг хизмати беқиёс бўлади
Доғистон муфтийси Ахмед Абдулаев 2021 йил 21 октябрь куни Уламолар Кенгашида Диний идора раиси, муфтий лавозимига сайланган Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Доғистон Республикаси муфтияти ва шахсан ўз номимдан чин дилдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси лавозимига сайланганингиз билан табриклайман! Сизга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик, Ўзбекистон мусулмонлари манфаати йўлида яратувчанлик фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.
Аллоҳ таолодан жамиятнинг маърифати ва уйғунлашувига қаратилган Сизнинг барча саъй-ҳаракатларингиз Ўзбекистон халқининг маънавий юксалиши, ахлоқий такомиллашуви, ўзаро тушуниш ва тотувликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини сўраб қоламан.
Сизга тинчлик, Ҳақ таолонинг раҳмати ва баракотини тилайман. Омин!
Ҳурмат билан,
Ахмед Абдулаев,
Доғистон Республикаси муфтийси
Минор” жоме масжидига янги имом-хатиб тайинланди
Бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган пойтахт имом-хатиблари йиғилишида Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасига тайинланган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддиновга Юнусобод туманидаги “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифаси ҳам юклатилди.
Шу кунга қадар “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Фозилжон домла Убайдуллаев Юнусобод тумани Бодомзор даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига ўтказилди.
Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Замонамиз устоз уламоларини таҳқирламанг (Видео)
Диёнат ишлари бошқармаси раҳбарининг табриги қабул қилинди
Бугун, 20 октябрь куни Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Селим Аргун бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбаев кутиб олди.
Учрашувда Селим Аргун марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг вафотлари юзасидан ҳамдардлик билдирди. Ўз навбатида, куни кеча бўлиб ўтган Уламолар Кенгашида Нуриддин домла Холиқназаров муфтий лавозимига сайланганлари муносабати билан Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош жанобларининг табрикларини етказди.
Ўзаро мулоқотда икки давлат алоқалари янги босқичга кўтарилгани, диний идоралар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида яхши натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, диний адабиётларни нашр этиш ва хайрия тадбирларини ўтказишдаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу қаратилди.
Ташриф якунида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам меҳмонлар билан суҳбатлашиб, эътибор ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирдилар.
Томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари тақдим этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.