muslim.uz
Муфтий ҳазратлари юрт келажаги ва фарзандлар бахти учун хизмат қиладиган муносиб номзодга овоз бердилар
Ўзбекистон тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашда Президент сайлови муҳим воқеа ҳисобланади. Бугун, 24 октябрь куни мана шундай тарихий жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, сайловлар очиқлик ва шаффофлик асосида янада файзли ўтмоқда. Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 41-сайлов участкасига келиб, муносиб номзодга овоз бердилар.
Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари ушбу участка масъуллари билан суҳбат қуриб, мамлакатимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик ва сайлов жараёнлари муваффақиятли ўтишини тилаб, жумладан шундай дедилар:
– Аллоҳ таолога шукрки, бугун тарихий воқеада иштирок этиш бахтига муяссар бўлдик. У ҳам бўлса, Ўзбекистон Президентлигига муносиб номзодга овоз бериш кунидир. Мен ҳам мана шундай бир юртнинг фуқароси сифатида, диёрини севувчи мусулмон ўлароқ овоз беришда иштирок этмоқдаман. Умид қиламизки, азизлар ҳар бир нарса ниятга боғлиқдир. Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда, Пайғамбаримиз алайҳиссаллом, барча ишлар ниятга боғлиқдир, деб марҳамат қилганлар. Шундай экан биз ҳам муносиб номзодга яхши ният ила овоз бердик. Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг яхши ният ила муносиб номзодга овоз бериши яхшилик йўлидаги ҳамкорлигидир.
Ҳақ таоло Қуръони каримда: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”, деб баён қилган (Моида, 2).
Шундай экан, биз яхшилик йўлида бир-биримизга ёрдам бермоқдамиз. Аллоҳ таоло муносиб номзодни юртимиз, халқимиз ва келажагимиз учун хизмат қилишда Ўзи мададкор бўлсин...
Бугунги овоз бериш жараёнларида диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар ва мударрислар ҳам фаол иштирок этиб, барчага намуна бўлганларини алоҳида қайд этиш керак.
Бу йилги Президент сайлови миллий ва халқаро тамойиллар асосида, сайловчиларнинг юқори даражада иштирок этиши билан янада файзли ўтмоқда. Зеро, сайловчилар фаоллиги миллат ҳамжиҳатлигини, ўз юртига бўлган ишончни, олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватланишини яққол намоён этади.
Дарҳақиқат, охирги йиллардаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ва хайрли ислоҳотлар натижасида янги масжид-мадрасаларнинг очилиши, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилиши Аллоҳ таолонинг юртимизга берган улуғ неъматлари бўлди.
Бугунги сайловларда мўмин-мусулмонларимизда келажакка бўлган ишонч ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси янада ортганини яққол кўриш мумкин.
Аллоҳ таоло мамлакатимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз фаравонлигини янада зиёда айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муқаддас Исро ва Меърож еридан муфтий ҳазратга қутловлар келди
Фаластин бош судьяси, Фаластин давлати Президенти маслаҳатчиси Маҳмуд Сидқий ал-Ҳаббош муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Муқаддас Исро ва Меърож ери бўлган Фаластиндан, муборак Ақсо масжидининг ёнгинасидан Сизга энг самимий саломларни йўллаймиз. Аллоҳ таолодан Сизга сиҳат-саломатлик тилаймиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Сизга юксак ишонч билдириб, муфтийлик лавозимига сайлагани билан чин кўнгилдан табриклаймиз.
Аллоҳ азза ва жалладан Сизга бу буюк омонатни зиммангизга олишингизда мадад тилаймиз. Сизга элу юрт хизматида муваффақият ато этсин. Сизга, Ўзбекистон диёри ва халқига омонлик, тинчлик-хотиржамлик ато этсин. Фаластин ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг икки халқ ва Ислом уммати ҳамда бутун инсоният манфаати йўлида янада ривожланишини, тилаб қоламиз.
Маҳмуд Сидқий ал-Ҳаббош,
Фаластин бош судьяси, Фаластин давлати Президенти маслаҳатчиси
Ҳомиджон домла Ишматбеков “Мирза Юсуф” масжиди янги имом-хатибини намозхонларга таништирдилар
Куни кеча, 21 октябрь куни шу кунга қадар “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Фозилжон домла Убайдуллаев Юнусобод тумани Бодомзор даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига ўтказилди.
Пешин намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Фозилжон домла Убайдуллаевни Юнусобод тумани Бодомзор даҳасидаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби сифатида намозхонларга таништирдилар
Аллоҳ таолодан Фозилжон домла Убайдуллаевнинг янги жоме масжиддаги иш фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ҳозирга қадар “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов Тошкент шаҳар бош имоми ва “Минор” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларига тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент вилояти вакиллиги, Тошкент тумани "Ҳамд" жоме масжиди имом-хатиби Абдусамад домла Жўрақуловнинг оналари Ҳосиятхон ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан уларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Жаноза эртага (23-октябр) куни соат 14:00 да Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Ғўс қишлоғи, Ўртагузар маҳалласи "Тунука" жоме масжидида ўқилади
Аллоҳ таоло марҳум онани Ўз раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин, маконларини жаннатлардан айласин. Бу дунёда қилган барча хайрли ва эзгу ишларини бошларига соябон, охиратларига заҳира қилсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг биринчи жума суҳбатлари
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.