muslim.uz

muslim.uz

Бухоро вилоятига сафар давомида Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ Вобкент туманидаги “Сариосиё” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этди. Сўнг йиғилганларга маърифий суҳбат қилиб бердилар.

Маърифий учрашув давомида Исмоил домла йиғилганларга амалларнинг ниятга боғлиқлиги, илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолат экани, юртимизда истиқлол йилларида диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар ҳақида мавъиза қилиб берди.

Жамоат аҳли устознинг фазилатли илмларидан баҳраманд бўлишди, якунда юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

 

Маъумот учун, барча замонавий шароитларга эга бўлган “Сариосиё” жоме масжиди 2019 йилда қурилиши бошланиб, ҳашар йўли билан қуриб битказилганди. Ҳозирда 500 намозхон масжидда бемалол ибодатларини тўла адо этиш имконияти мавжуд.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча хайрли ишлар баракотини зиёда айласин, янги барпо этилган масжид элимизга узоқ йиллар хизмат қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Алижон қори Ҳайдаров етти пир силсиласининг иккичи буюк устози замини Шофиркон туманидаги Хўжа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу қадамжолари яқинидаги жоме масжидга ташриф буюрди. Масжид аҳли билан пешин намозини адо этиб, илмий-маърифий мавъиза қилиб берди.

Мавъиза давомида Бухоро заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, Бухоро заминининг Ислом цивилизацияси ривожидаги тутган ўрни, фарзанларимиз тарбиясига буюк илмий меросимизнинг аҳамияти хусусидада илмий суҳбат ўтказилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони Каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилади (Мужодала сураси, 11-оят).

Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, – дедилар. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Бугунги кун ёшлари динимиз аҳкомлари ва уламоларимизнинг илмий меросларини ўрганиш билан бирга, уни ҳаётга татбиқ қилсалар, ўйлаймизки келажак ёш авлоддан буюк алломалар етишиб чиқса ажабмас.

Суҳбат давомида устоз масжид аҳлидан тушган саволларга жавоб берди. Маъруза сўнггида Аллоҳдан юртимизнинг тинчлиги, барқарорлигини ва ўтганларимиз ҳақига дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким домла Матқулов Ромитан туманида жойлашган “Амир Ҳамза” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид аҳлини гўзал суҳбатлари билан хушнуд этди.
Маърузада "Тинчлик қадри", "Силаи раҳм", "Илмнинг фазилатлари" тўғрисида суҳбат юритилди.

Дарҳақиқат, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Ғиждувон туманида жойлашган етти пир силсиласининг устозларидан бўлган “Абдулхолиқ Ғиждувоний” қадамжоси яқинида барпо этилган муҳташам масжидга ташриф буюрди.

Ҳомиджон қори Ишматбеков Нақшбандия тариқатининг устозлардан бўлмиш ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу номларига барпо этилган масжид жамоаси аҳли билан пешин намозини адо этгандан сўнг йиғилганларга “Бухоро алломалари ва илмнинг фарзлиги” ҳақида маъруза қилиб берди.

Масжид жамоаси билан дилдан қилинган суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди. Суҳбат якунида мустақил юртимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришларнинг янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top