muslim.uz
Ўз жонига қасд қилиш – осийлик ва қўрқоқлик
Парвардигори олам Ўзини танитиш учун еру осмонни барпо қилиб, унда барча махлуқот ва мавжудотларни яратди. Шуларнинг ичида инсонни бошқаларидан афзал эканини ва яратганнинг олдида ҳурматли эканини билдириб қўйди. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни (ўзимиз) яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудодларни бир-биридан афзал қилиб яратган, шуларнинг ичида одам боласини барчасидан мукаррам этганини маълум қилмоқда. Одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши, ҳаракати ва унга берилган ақл неъмати азизу мукаррамликдан далолатдир.
Инсоннинг яралиши ва бу дунёга келиши буюк мўъжиза бўлиб, барчаси Яратганнниг хоҳиш-иродаси биландир. Бу оламда тақдир қилганича яшаб ўтиши ҳам бир мўъжиза. Демак, инсоннинг яралиши, бу дунёда яшаши ва дунёни тарк қилиши Яратганнинг иродаси билан боғлиқ экан, энди инсонлар Унинг бандалари учун ирода қилган қонунлари ҳам бор эканини билишлари шарт бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳимли зотки, бандаларига зулм қилмас. Бу қонун – диндир! Унга амал қилган бандаларни мусулмон дейилади. Шу билан инсон бахтли ҳаёт кечиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деди:
«Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар. Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда (динни маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз, мушриклардан бўлмангиз» (Рум сураси, 30-31-оятлар).
Аллоҳ таолонинг таълимотида инсонлар ер юзини обод қилиши, эзгу амаллар билан машғул бўлиши, жамиятга манфаатли бўлиши ва берилган неъматларга шукрона қилиб яшашга буюрилган.
Инсонга етадиган баъзи дард, қийинчилик ва мусибатлар бандага синов ёки унинг гуноҳларига каффорот эканини суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтиб ўтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорот қилади”.
Ҳаётнинг қадрига етмаган, унга берилган неъматнинг шукронасини қилмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози кишиларнинг хатти-ҳаракатлари натижаси ўз жониган қасд қилиш билан ниҳоя топади. Бу борада динимизда бир қанча ваъидлар баён этилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадулабад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оташида абадулабад ўша темирни қорнига санчиб туради”, дедилар. (Муттафақун алайҳи)
Инсон ўз жонига қасд қилиши Аллоҳнинг қазои қадарига қарши чиқиши, қолаверса, такрор берилмайдиган неъмат ҳисобланган умр неъматига ношукрлик, осийлик, иродасизлик ва мусулмонган хос бўлмаган қўрқоқликдир. Бунга мусулмонлар жиддий эътибор бермоғи лозим. Чунки ҳаётда йўқотилган неъматларнинг барчаси, банданинг тавбаси ва истиғфори билан яна қайтарилиши мумкин, аммо умр неъмати кўтарилса, бошқа қайтиб келмайди. Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузнинг кетма-кет алмашиши каби жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексайишдан олдин ёшликни, касал бўлишдан олдин соғликни, фақир бўлишдан олдин бойликни, банд бўлишдан олдин бўшликни ва ўлимдан олдин ҳаётни”, дедилар.
Дарҳақиқат, инсон бутун умр давомида Аллоҳнинг розилигини топай, мукофоти жаннатига етай деб яшайди, гарчи гуноҳкор ва хато қилувчи бўлса ҳам. Аллоҳ таоло ҳам бандаси қилган гуноҳларини чин дилдан пушаймон бўлиб тавба қилса, кечиришини ваъда қилган. Аммо, динимиз хатолар ичида бесабрлик сабабли ўз жонига қасд қилишни улкан гуноҳ эканини ва бундай кишилар учун жаннат ҳаром қилинганининг ҳам хабарини берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқни олди-да, қўлини (томири) кесди ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим” деди”, дедилар. Ҳа азизлар, умр – бебаҳо неъмат. Зеро, унинг қадрига етишда ва атрофимиздаги кишиларга бу борада насиҳатчи бўлишимизда биздан шижоат ва жидду жаҳд талаб қилинади.
Хайруллоҳ САТТОРОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
Тақвимлар тарихига бир назар
Йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими арабчада тақвим (тўғрилаш, тўхтатиш, баҳолаш сўзларидан олинган), лотинчада календарь (аслида “қарз дафтари”дан келиб чиққан) деб аталади. У қуёш, ой ва сайёраларнинг ҳаракатига, кун билан тун алмашинувига, ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланади.
Ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар кўп бўлган. Ҳар қайси миллат ўз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги энг жиддий тарихий эврилишлар даврини ўзи учун бошланғич деб билган. Масалан, қадимги турклар ва ибронийлар хилқатни, яъни дунёнинг яратилишини, мисрликлар самода Сириус юлдузининг кўриниши ёки Нил дарёси тоша бошлашини, юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳри қурилишини, насронийлар милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар ҳижратни тақвимбоши сифатида танлашган. Лекин бу манбалар барча миллатлар учун муштарак бўлмагани туфайли вақт ўтиши билан аксарияти унутилиб, фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.
Тақвимнинг асосий бирлиги йил бўлиб, у ойларга, ойлар эса кунларга ажратилади. Йил Ернинг Қуёш атрофида, ой Ойнинг Ер атрофида, кун Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига қараб аниқланади. Табиийки, бу астрономик жараёнлар анча мураккаб кечади. Шу боис йилни ойларга, ойларни кунларга тақсимлаш масаласи азалдан турли халқларда ҳар хил йўсинда ҳал этилган ҳамда шамсий, қамарий ва шамсий-қамарий тақвимлар яратилган.
Шамсий йил ҳисоби
Шамсий (арабча – “қуёшга оид”) йил ҳисоби дастлаб қадимги мисрликлар томонидан жорий қилинган. Унга тропик йил асос қилиб олинган. Тропик йил эса Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши оралиғидаги вақт бўлиб, 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга тенгдир.
Илк шамсий тақвимда йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойга бўлинган ва охирида уларнинг йиғиндисига 5 кун қўшилган. Шу тариқа бир йил 365 кундан иборат бўлган.
Шамсий йил ўн икки бурждан – Қуёшнинг осмон гумбазидаги йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги шунча нуқта ёки ўша доирада жойлашган ўн икки юлдуз туркуми ва улардан ҳар бирининг ҳайвонларга нисбат берилган ҳолда арабча номланган ва навбатма-навбат келадиган қуйидаги ойлардан иборат:
Ҳамал (Қўзичоқ) – 22 мартдан 21 апрелгача;
Савр (Ҳўкиз) – 22 апрелдан 21 майгача;
Жавзо (Эгизаклар) – 22 майдан 21 июнгача;
Саратон (Қисқичбақа) – 22 июндан 21 июлгача;
Асад (Арслон) – 22 июлдан 21 августгача;
Сунбула (Бошоқ) – 22 августдан 21 сентябргача;
Мезон (Тарози) – 22 сентябрдан 21 октябргача;
Ақраб (Чаён) – 22 октябрдан 21 ноябргача;
Қавс (Ўқ-ёй) – 22 ноябрдан 21 декабрдан;
Жадий (Тоғтака) – 22 декабрдан 21 январгача;
Далв (Сувчи) – 22 январдан 21 февралгача;
Ҳут (Балиқ, Наҳанг) – 22 февралдан 21 мартгача.
Яна бир гап. Қадим туркий халқларда ҳам ойлар 12 бурж номи билан юритилган. Шунингдек, ҳамал, савр, жавзо ойларидан иборат баҳор фасли; буржи обий, саратон, асад, сунбула ойларини қамраб олган ёз фасли; буржи норий, мезон, ақраб, қавс ойлари кирувчи куз фасли; буржи бодий, жадий, далв, ҳут ойларидан иборат қиш фасли буржи ҳокий деб аталган.
Ҳижрий тақвим
Унинг қисқача тарихи қуйидагича: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 632 йил 27 майда вафот этади. Ўша куниёқ Мадинада ислом халифалиги тузилади. Кейинчалик турли номларда то 1923 йил 3 мартгача қарийб ўн уч аср ҳукм сурган бу салтанатнинг Хулафои Рошидин аталмиш дастлабки босқичида ҳазрати Умар ўн йил иккинчи халифа вазифасини ўтайди. Бир куни мулозимлари унга шаъбон ойида тўланиши зарур қарзлар дафтарини кўрсатади. Халифа: “Бу қайси шаъбон ойи – бултургими ёки бу йилгими?” деб сўрайди, бироқ жўяли жавоб ололмайди. Негаки, ўша кезлар мусулмон дунёсида ҳужжатларга сана қўйилмасди. Орадан кўп ўтмай, Жазира волийси Абу Мусо иккита ёзма буйруқ олади. Олади-ю, боши қотади. Сабаби, улар ўзаро мувофиқ келмасди. Устига- устак, санаси йўқлиги туфайли қай бири олдин, қай бири кейин битилганини ажратиш мушкул эди. Абу Мусо бу мавҳумликни бартараф этиш илинжида халифага мурожаат қилади.
Бундай ҳолатлар бот-бот такрорланавергач, масала пишиб етилади. Ва ниҳоят, муҳаррам ойининг дастлабки куни – милодий 638 йил 23 январда ушбу муаммо муҳокамасига бағишланган машварат чақирилади. Пировардида 17 йил бурунги сана, аниқроғи, пайғамбаримиз Маккадан Мадинага кўчган кун (милодий 622 йил 23 сентябрь) йил боши сифатида қабул қилинади ва янги тақвим ҳижрий йил ҳисоби номини олади.
Ўз навбатида, ҳижрий ҳисоб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий йилга бўлинади. “Қамарий” (“қамария”) арабча сўз бўлиб, ўзбекчада “ойга тааллуқли” деган маънони англатади. Қадимги миллатлар тақвимда қамарий йилни кўпроқ қўллашган. Унга Ойнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатида кетма-кет келган иккита бир хил фазаси, соддароқ қилиб айтганда, муайян ой пайдо бўлган кундан янги ой туғилгунга қадар ўтган вақт – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 3 сония асос қилиб олинган. Демак, 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,36702 кунга тенгдир. Шу боис оддий қамарий йилнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфтлари 29 кундан, жами эса бутун ҳолда 354 кундан иборат бўлади. Айни чоқда, 354 кундан ортган қолдиқ (0,36702) уч йилда бир кеча-кундуздан ошгани сабабли ўртача уч йилда бир марта қамарий йил узунлиги 355 кун қилиб белгиланади ва арабчада кабиса йил (тўлиқ йил) деб аталади.
Ҳозир араб мамлакатларида фойдаланиладиган қамарий тақвим ХХ асргача асосий аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлар қатори бизнинг ўлкамизда ҳам қўлланган. Ундаги ойлар ҳар йили шамсий ойлардан 11 кун эрта келади. Инчунун, фақат 33 йилда бир бор эски ўрнига қайтиб, ўзига хос давра қуради. Ислом дунёси рўза, ҳайит, ҳаж каби диний ибодатлар важидан ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, балки қадимги арабларнинг қамарий йил ҳисобини ишлатишган ва уни ҳижрий-қамарий дейишган.
Энди ҳар иккала тақвимда арабча номланган ойларнинг тартиби, ўзбекча маъноси ва неча кундан иборатлиги билан танишайлик.
Муҳаррам (тақиқланган, муқаддас) – биринчи ой, 30 кун. Исломдан аввал ҳам арабларда табаррук саналган бу ойда қабилалараро уруш-жанжаллар ва қон тўкишлар манъ қилинган.
Сафар – иккинчи ой, 29 кун. Унинг хусусияти бошқа ойларники билан бир хил. Исломга кўра, бу вақтда ҳам турли диний маросимларни ва тўйларни ўтказиш, сафарга чиқиш мумкин. Бинобарин, сафар ойининг бехосиятлиги ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир.
Рабиул-аввал (аввалбаҳор, баҳор бошидаги) – учинчи ой, 30 кун.
Рабиус-соний (иккинчи баҳор, баҳорнинг сўнггидаги) – тўртинчи ой, 29 кун.
Жумодул-аввал – бешинчи ой, 30 кун.
Жумодус-соний – олтинчи ой, 29 кун.
Ражаб – еттинчи ой, 30 кун. Арабистон ярим оролида исломдан олдинги жоҳилия даврида уруш тақиқланган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ойлари қаторида туради.
Шаъбон (иккинчи номи Барот, яъни имтиёз ёрлиғи) – саккизинчи ой, 29 кун.
Рамазон (рўза ойи) – тўққизинчи ой, 30 кун. У Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ваҳий қилина бошланган муқаддас ой ҳисобланади ва мусулмонларга рўза тутиш буюрилади. Рўза тутиш эса ҳижратнинг иккинчи йилидан бошланган.
Шаввол (унча катта ёки унча кўп бўлмаган) – ўнинчи ой, 29 кун.
Зулқаъда – ўн биринчи ой, 30 кун.
Зулҳижжа – ўн иккинчи ой, 29 кун.
Марказий Осиёда милодий йил ҳисоби оммавийлашгунга қадар қамарий ва шамсий тақвимлар ишлатиб келинган. Шамсий йил бошида Наврўз байрами кенг нишонланган.
Милодий йил ҳисоби
Кўҳна Рим тақвимида ҳам бир йил қадимги мисрликларнинг шамсий тақвимидагидек 365 кун деб олинган ва унинг ойларга бўлиниши янада мураккаблашган. Устига-устак, боя эслатганимиздек, иккала тақвимда ҳам йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соат қисқалиги билан ажралиб турган. Шу сабаб баҳорги тенг кунлик ҳар тўрт йилда бир кунга сурилиб, айрим чалкашликларга сабаб бўлган. Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь уларга барҳам бериш ниятида милоддан аввалги 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифи бўйича тақвимга ўзгартиришлар киритган. Унга кўра, ҳар тўрт йилдан бири 366 кунлик (кабиса) йил сифатида қабул қилинган. Йил 12 ойга бўлиниб, тоқлари 31 кун, жуфтлари 30 кун, февраль ойи эса оддий йилларда 28 кун, кабиса йилда 29 кун қилиб белгиланган.
Бу тақвим Юлий календари номини олган. Аммо унда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа-ю 14 сония ортиқ бўлгани туфайли ўртадаги фарқ ҳар 400 йилда тахминан уч кунни ташкил қилади. У йиғилиб-йиғилиб, ХVI асрда ўн кунга етади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга эмас, 11 мартга тўғри келиб қолади. Қарабсизки, христиан байрамларини аниқлашда муаммолар пайдо бўлади. Рим папаси Григорий XIII шуни назарда тутиб, 1582 йил 24 февралда италиялик шифокор ва математик Луижи Луллио лойиҳаси асосида ўзига хос ислоҳот ўтказади.
Кейинчалик “Григориан календари” ва “Ғарб календари” номини олган ушбу тақвимда, аввало, ўша йилнинг 4 октябридан кейинги сана 15 октябрга айлантирилиб, баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади. Иккинчидан, тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимидаги сингари 366 кун қилиб олинади. Учинчидан, ҳар 400 йилдан 3 кун чиқариб ташланиб, 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик оддий, февраль ойи бир кунга қўшилиши туфайли 366 кунни ташкил этадиган ва тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йил эса кабиса йил сифатида эътироф этилади (Иккита ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно).
Григорий тақвимига биноан, Исо алайҳиссалом туғилган кун илк милодий йилнинг 1 январи ҳисобланади. Тарихнинг мана шу санага қадар бўлган даври эски эра (милоддан аввалги), кейинги босқичи эса янги эра (милодий) саналади.
Янги тақвим замонлар оша дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда эса 1918 йил 14 февралдан қўлланила бошлади. Модомики, шундай экан, энди ундаги лотинча номланган, келиш тартиби сизу бизга яхши маълум ойлар маъноси билан танишайлик:
Январь (Januarius/Janus) – 31 кундан иборат. Қадимги римликларнинг қуёш маъбуди Янус исмидан олинган.
Февраль (februarius – ҳалолланиш ойи) – 28 кунга, кабиса йилида 29 кунга тенг. Бу ном қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган покланиш маросимига дахлдор.
Март (Маrtius/Mars) – 31 кун. Рим мифологиясида уруш худоси Марс номига қўйилган.
Апрель (aprilis/apricus) – 30 кунлик. Қуёш иситадиган ой маъносида.
Май (Maius) – 31 кун. Юнон афсоналари бўйича Меркурий худосининг онаси Майя шарафига Майус дейилган.
Июнь (Junius) – 30 кунлик. Қадимги Рим маъбудаси Юнонанинг исми қўйилган.
Июль (Julius – Юлий ойи) – 31 кунлик. Милоддан аввалги 45-йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезарь номи берилган.
Август (Augustus – олий, муқаддас, улуғ) – 31 кунлик. Рим ҳоқони Октавиан мутлақ ҳокимга айлангач, Сенат унга Август (худолар томонидан шарафланган) фахрий мақомини берган. Бу сўз олдин ой номи, бора-бора ҳукмдорлар унвонини англатувчи атама бўлиб қолган.
Сентябрь (september – еттинчи) – 30 кунга тенг. Кўҳна Римда 1 мартдан бошланувчи ўн ойдан иборат тақвимнинг еттинчи, Григорий тақвимининг тўққизинчи ойи.
Октябрь (оctо – саккиз) – 31 кунлик. Қадимги Рим тақвимининг саккизинчи, Григорий тақвимининг ўнинчи ойи.
Ноябрь (november – тўққиз) – 30 кундан иборат. Эски Рим тақвимидаги тўққизинчи, Григорий тақвимидаги ўн биринчи ой.
Декабрь (юнонча deka, лотинча decem/dekember – ўн/ўнинчи) – 31 кунга тенг. Григорий тақвимининг ўн иккинчи ойи, Юлий тақвими ислоҳ қилингунча ўнинчи ой ҳисобланган.
Албатта, бошқа календарлар сингари милодий тақвими ҳам камчиликлардан холи эмас. Биринчидан, у бўйича ҳисобланса, Исо пайғамбар таваллуд топган сана милоднинг тўртинчи йилига тўғри келади. Иккинчидан, бу тақвимнинг йилбошиси ҳисобланмиш январь ойи ҳар ўн минг йилда жиддий фарққа учрайди. ХI асрда Умар Хайём қуёш санасига таяниб яратган ва Эрондаги салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан ҳаётга жорий этилган тақвим эса илмий жиҳатдан ёндашганда, ўн минг йилда атиги икки кунга ўзгарадиган даражада пухта бўлган. Афсуски, султон вафотидан кейин у эътибордан четда қолиб кетган…
Тақвимларга оид бундай далиллар мозий дафтарларида жуда кўп.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
тайёрлади
Қуръон мусобақасида қатнашувчилар сони 733 нафарга етди
Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни ҳали давом этмоқда, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz расмий порталида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқдамиз.
Хабарингиз бор, ушбу мусобақага иштирокчиларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 4 январь кунидан бошланган эди. Ўтган қисқа вақт ичида бир неча юзлаб юртдошларимиз Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун ҳужжат топширишди. “Катта хурсандчилик, кучли иштиёқ билан ҳужжат топширишга келаётган мўмин-мусулмон юртдошларимизни кўриб, кўзингиз қувнайди ва беихтиёр муҳтарам Президентимизнинг куни кеча Тошкент вилоятига қилган ташрифлари чоғида: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади” деган сўзлари нақадар ҳақиқат эканини англайсан киши”, дейди Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов.
Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 8 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 556 нафар эркак ва 177 нафар аёл киши жами 733 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган.
Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин. Иштирокчиларини рўйхатга олиш 13 январь кунига қадар давом этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рабиъус сонийда юз берган тарихий воқеалар
Ҳижрий учинчи йил, рабиъус соний ойи (мил. 624 йил сентябрь-октябрь) – Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун катта қўшин тўплаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар етиб келгани заҳоти (ёки Қурайш карвонини кўзлаб), у зот уч юз жангчидан ташкил топган лашкар билан Мадинанинг жанубий тарафидаги Буҳрон деган жойга бордилар (лекин жангсиз кейинги ойда Мадинага қайтиб келдилар. Бу юриш тарихга “Буҳрон ғазоти” номи билан кирган).
Ҳижрий тўртинчи йил, рабиъус соний ойи (мил. 625 йил сентябрь-октябрь) – Ғатафон қабиласининг Бану Муҳориб ва Бану Саълаба уруғларидан ташкил топган саҳройи араблар бир жойга йиғилишаётгани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар келганида, бу тошбағир ва тўпори бадавийларнинг дилларига қўрқув солиш мақсадида Нажд даштлари оша улар устига тезлик билан юриш қилдилар (қароқчилик ва босқинчиликни ўзларига касб қилиб олган бу бадавийлар мусулмонларнинг келаётгани хабарини эшитиб, қўрқиб, тоғнинг тепасига чиқиб кетишди. Шундай қилиб, мусулмонлар бу босқинчи қабилаларнинг попукларини пасайтириб, дилларига қўрқув солиб қўйди ва жумодул аввал ойида Мадинага соғ-омон қайтиб келишди. Бу юришга “Нажд ғазоти” дейилади);
Ҳижрий олтинчи йил, рабиъус соний ойи (ёки рабиъул аввал ойи / мил. 627 йил июль-август ёки август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уккоша ибн Миҳсан розияллоҳу анҳу бошчилигида қирқ нафар саҳобани Ғамр суви атрофида жойлашган Бану Асад қабиласига юбордилар (бу юришга “Уккоша ибн Миҳсан сарияси” дейилади);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу бошчилигида ўн кишилик сарияни Бану Саълаба диёридаги Зулқасса деган жойга юбордилар (у ерга етиб борганларида душман улар учун юз кишилик пистирма тайёрлаб қўйган экан. Мусулмонлар уйқуга кетганда пистирмадагилар тўсатдан ҳамла қилиб, уларни ўлдириб кетишди, фақат битта Муҳаммад ибн Маслама яраланган ҳолда тирик қолди. Бу юришга “Муҳаммад ибн Маслама сарияси” дейилади);
Ҳижрий олтинчи йил, рабиъус соний ойи (мил. 627 йил август-сентябрь) – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳаммад ибн Маслама сариясида ўлдирилган саҳобаларнинг қасосини олиш учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида қирқ нафар саҳобани яна Зулқассага юбордилар (улар тунлари пиёда йўл юриб, тонг пайти Бану Саълаба қабиласига ҳужум қилдилар. Душман тоққа қочиб чиқиб кетди. Мусулмонлар фақат бир кишини қўлга олди ва у мусулмон бўлди. Бу юришга “Абу Убайда ибн Жарроҳ сарияси” дейилади);
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигида бир сарияни Марруз-заҳрондаги Жамум суви атрофида жойлашган Бану Сулайм қабиласи устига юбордилар (бу юришга “Зайд ибн Ҳориса сарияси” дейилади);
Ҳижрий тўққизинчи йил, рабиъус соний ойи (мил. 630 йил июль-август) – Рум шоҳи Қайсар Муъта жангидан бир йил ҳам ўтмай, мусулмонлар енгиб бўлмас катта қудратга айланмасларидан туриб, уларни батамом тор-мор қилишга аҳд қилди ҳамда румликлар, уларга тобе бўлган Ғассон ва бошқа араб қабилалари иштирокида жуда катта қўшин ҳозирлаб, катта урушга тайёрлана бошлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак урушга тайёргарлик қилиш мақсадида аёлларидан бир ой давомида ийло қилдилар (яъни уларга яқинлашмасликка қасам ичдилар) ва улардан четланиб, бир ҳужрани маскан тутдилар.
Ўша кунларда мунофиқлар ўз фитна ва макр-ҳийлаларига ўчоқ бўлиши учун масжид суратида бир марказ барпо қилдилар (у масжидининг номи “Зирор” яъни, мусулмонларга зарар етказиш масжиди эди. Сўнг улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу масжидларида намоз ўқиб беришларини сўрашди, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам урушга тайёргарлик қилиш билан банд бўлганлари учун у ерда намоз ўқишни кейинга сурдилар).
Ҳижрий ўн саккизинчи йил, рабиъус соний ойи (мил. 639 йил апрель) – ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида Шом мамлакатидаги мусулмонларнинг аҳволидан хабар олиб келиш мақсадида Мадинадан саҳобалар билан йўлга чиқдилар (Шом чегарасидаги Сарғ қишлоғига етганида, Шомда ўлат тарқагани ҳақида хабар етиб келди ва Шомга кирмасдан ортларига қайтишди. Ўша ўлат сабабли, Шомда 25-30 минг мусулмон вафот этган. Ўлганлар ичида Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Язид ибн Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амр сингари машҳур саҳобалар ҳам бор эди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, шаҳар аҳолисини тоғли ҳудудларга кўчиришни буюради. Чунки ўлат тоғ аҳолиси орасида тарқалмас экан. Шу сабаб, қолган халқ ўлимдан сақланиб қолган. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин);
Ҳижрий 368 йил, рабиъус соний ойи (мил. 978 йил ноябрь) – саҳобалар ҳақида ёзилган «Ал-истийъоб фи маърифатил асҳоб» китоби муаллифи Абу Умар ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ жума куни имом минбарда хутба ўқиётганида туғилди;
Ҳижрий 491 йил, рабиъус соний ойи (мил. 1098 йил март) – салб урушлари бошланди;
Ҳижрий 1252 йил, 21 рабиъус соний (мил. 1836 йил 4 август) – машҳур «Раддул мухтор» китоби муаллифи ҳанафий уламоларининг охирги муҳаққиқларидан Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ вафот этган;
Ҳижрий 1375 йил, рабиъус соний ойи (мил. 1955 йил ноябрь-декабрь) – Саудия давлати ўз тарихида Масжиди Ҳаромни илк бор кенгайтириш ишларини бошлади;
Ҳижрий 1420 йил, рабиъус соний ойи (мил. 1999 йил июль-август) – машҳур «Мабоҳис фи улумил Қуръон» китоби муаллифи шайх Манноъ Қаттон вафот этди…
ТИИ ўқитувчиси
Абдул Азим Зиёуддин
тайёрлади
Тобеинлар тафсирининг қиймати (2-мақола)
Тафсирда тобеинларнинг ихтилофлари саҳобаларнинг ихтилофларидан кўпроқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида Қурьони карим тафсирида ихтилоф бўлмаган. Саҳобалар замонида бир оз ихтилоф пайдо бўлди. Тобеинлар даврида бу ихтилофлар янада кучайди. Аммо тобеинлардан кейин муфассирлар асрида, яьни ёзма тафсирлар кўпайгани сайин муфассирлар ўртасидаги бундай ихтилофлар ҳаддан ошиб кетди.
Тафсирда девон тузиш умавийлар халифалигининг охири, аббосийлар халифалигининг аввалида бошланди. Бундан олдинги тафсирлар ривоятларга асосланар эди. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки бирлари иккинчиларидан, тобеинлар эса саҳобалардан ёки тобеин иккинчи табеиндан ривоят қилар эди. Тафсирдаги биринчи қадам шу тариқа қўйилган.
Саҳобалар ва тобеинлар асридан сўнг тафсирда иккинчи қадам қўйилди. Бунда асосан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларга мазмунига қараб бобма-боб тартиб берилган, улар орасидан алоҳида бир боб ажратилиб, бу бобда Қуръон оятлари тафсири ривоят қилинар эди. Қурьони каримнинг бошидан охиригача сурама-сура, оятма-оят ёзилган махсус тафсири йўқ эди. Бу даврда кўплаб уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларни жамлаш мақсадида турли шаҳарларни айланар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга ва тобеинларга нисбат берилган ҳадисларни йиғар эдилар. Язид ибн Ҳорун ас-Суламий (117-ҳижрийда вафот этган), Шуъба ибн Ал-Ҳажжож (160-ҳижрийда вафот этган), Вақиъ ибн Жарроҳ (197-ҳижрийда вафот этган), Суфён ибн Уяйна (198-ҳижрийда вафот этган), Руҳ ибн Убода Ал-Басрий (205-ҳижрийда вафот этган), Абдураҳмон ибн Ҳаммом (211-ҳижрийда вафот этган), Одам ибн Адий Иёс (220-ҳижрийда вафот этган), Абд ибн Ҳамид (249-ҳижрийда вафот этган) ва бошқалар шулар жумласидан бўлиб бу уламолар жамлаган оятларнинг тафсири мустақил тафсир китоби сифатида эмас, ҳадис китоби боблари ичида тафсирга ажратилган бир боб сифатида девон қилинган эди. Афсуски, бу қийматли асарлар бизгача етиб келмаган. Шунинг учун улар ҳақида фикр айтиш имконига эга эмасмиз.
Тафсирдаги учинчи дадил қадам бу – тафсирнинг мустақил илм сифатида ҳадисдан ажратилиши бўлди. Мусҳафнинг тартибига мувофиқ ҳолда Қуръони каримнинг ҳар бир оятига батафсил тафсир баён қилинди. Бундай хайрли ишга қўл урганлар қаторида Ибн Можжа (273-ҳижрийда вафот этган), Ибн Жарир ат-Табарий (310-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ал-Мунзир ан-Найсобурий (318-ҳижрийда вафот этган), Ибн Адий Ҳотим (327-ҳижрийда вафот этган), Абу Аш-Шайх ибн Ҳаббон (329-ҳижрийда вафот этган), Ал-Ҳоким (405-ҳижрийда вафот этган), Абу Бакр ибн Мурдавайҳ (410-ҳижрийда вафот этган) ва бошқа ўнлаб уламолар бор эдилар. Бу уламоларнинг тафсирлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, саҳобаларга, тобеинларга ва табаа тобеинларга мансуб ривоятлардан иборат бўлиб, “тафсиру маъсур”дан деярли фарқ қилмас эди. Фақат Ибн Жарир ат-Табарийнинг тафсири бошқа тафсирлардан кенгроқ эди. Унда турли ривоятлар айтилганидан сўнг, кучлироқ ривоятга алоҳида урғу берар, уни бошқалардан қувватлироқ эканини исботлаб фикр билдирар, зарурат бўлганда эъробин ҳам баён қилар эди, ҳатто баьзи ҳукмларни чиқаришда оятлардан истинбот ҳам оларди. Тафсир илми шу тариқа поғонама-поғона ривожлантирилди.
Хулоса қилиб айтганда, Қурьони каримнинг кўплаб хилма-хил тафсирлари юзага келганки, уларни санаб кўплигидан ва ниҳоятда катталигидан киши ҳаяжонга тушади. Ибн Ҳолкон “Вафаётул аъён ” китобида ёзишича, мўтазилийларнинг шайхи Амр ибн Убайд Ҳасан Басрийдан ривоят қилиб Қуръонга жуда ката тафсир ёзган.
“Табйийну казибил-муфтарий” китоби муаллифининг ёзишига қараганда, Абул-Ҳасан ал-Ашьарий “Ал-Мухтазан” деган тафсир ёзган бўлиб унинг ҳажми етмиш мужалладдир. Ибн Арабийнинг ривоятига кўра, “Ал-Мухтазан” беш юз мужаллад.
Ал-Жувайнийга нисбат берилган тафсир ҳам жуда катта ҳажмда бўлиб, Қуръони каримнинг ҳар бир оятига ўн хилдан маъно берилган.
Ал-Қушайрий ҳам жуда катта ҳажмли китоб ёзган.
Ибн ал-Анбарийнинг бир юз йигирма тафсирни иснодлари билан ёд билганлиги айтилади.
Абу Ҳилол ал-Аскарий “Китобул-маҳосин” деган тафсир ёзган, унинг ҳажми беш мужалладдир.
Қуръонга тафсир ёзган уламоларнинг замонлари ва маконлари бир-биридан фарқ қилганига қарамай, тафсир ёзиш услублари бир-бирига мос келгани кузатилади. Масалан, мутақаддим олимлардан баьзилари хоссатан, “тафсири маъсур” (ривоятларга асосланган тафсир) ёзган бўлсалар, мутаххир уламоларнинг баьзилари ҳам шу усулда тафсир ёзганлар. Агар мутақаддим олимларнинг баьзилари ўз мазҳабларининг устунлигини исботлашга ва унга даьват қилишга ўз тафсирларида кўпроқ аҳамият берган бўлсалар, бундай усул мутааххир олимларнинг тафсирларида ҳам мавжуддир. Шунинг учун биз замонидан қатъи назар аввал “тафсири маъсур”ларнинг энг машҳурлари ҳақида, ундан кейин турли фирқаларнинг тафсирлари ҳақида, ундан сўнг тасаввуфий тафсирлар ҳақида, ундан сўнгра фалсафий тафсирлар, фиқҳий тафсирлар, ва ниҳоят илмий тафсирлар ҳақида фикр юритамиз.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
“Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.