muslim.uz
"Ёнғинни ўчиргандан олдини олган афзал"
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 19 сентябрдаги топшириқномаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2017 йил 14 сентябр кунги "Билим юртида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишни ташкил этиш, хусусан, соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда педагог-ўқитувчи ва талабаларга тушунтириш ишларини олиб бориш ҳақида"ги хати асосида ўтган ҳафта “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида "Ёнғинни ўчиргандан унинг олдини олиш афзал" мавзуида семинар ташкил этилди.
Унда Нукус шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи майор Ж.Жубанишов, бўлими бошлиғи ўринбосари подполковник Т.Ўрозбоев, билим юрти ўқитувчилари ва талаба ёшлар иштирок этди.
Семинарни билим юрти мудири Ш.Бауатдинов кириш сўзи билан очди.
Дастлаб соҳа вакиллари ёнғин хавфсизлик қоидалари билан атрофлича таништирди. Сўнгра Нукус шаҳар ёнғин хавфсизлик бўлими 2-АОҚБ бошлиғи ўринбосари катта лейтенант А.Отажонов ва 2-АОҚБ смена бошлиғи лейтенант Б.Абдиров ўз экипажи, ёнғин ўчириш автомобили ва техниклари воситасида ёнғин содир бўлганда уни тез ва самарали бартараф қилиш йўлларини амалда кўрсатиб берди. Ушбу амалиётда талабалар ҳам иштирок этиб, билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб олди.
Cаломат ХУДОЙБЕРГАНОВ,
“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Муҳаррам ойи фазилати
Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Биринчи Муҳаррам янги йилнинг бошланиш кунидир. Одатда мусулмонлар бир-бирларини бу муносабат билан табрик этадилар.
Луғатда “муҳаррам” сўзи, ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Дарҳақиқат, Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ойни Аллоҳнинг ойи, деб номланади, бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” – деган (36-оят).
Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда.
Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унга инсоннинг ҳеч дахли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган”.
Ўн битта ҳам, ўн учта ҳам қилиб бўлмайди. Янги ой чиққан куни янги ой бошланади. У йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлади. Кейин яна янгиси чиқади. Олдиндан белгилаб қўйилган ҳисоб билан, ой тўлин бўлганда ҳам, янги ой бошланди, дейилмайди. Бундай дейишлик хато ҳисобланади. Чунки Аллоҳнинг ишига бандаси аралаша олмайди.
“Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир”.
Яъни, ўн икки ойдан тўрттасида уруш қилиш Аллоҳ томонидан ҳаром қилингандир. Бу Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари бўлиб, мазкур ойларда уруш бошлаш ҳаромдир.
“Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг”.
Юқорида зикр қилинган ҳукм тўғри дин ҳукмидир. Ислом ҳукмидир. Бу ҳукмга хилофан ҳаром ойларда уруш қилиб, ўзингизга зулм қилманг.
Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ошуро куни бор.
Ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан “Ашуро” ойи дейиш урфга айланган.
Ривоят қилишича бу муборак ойнинг Ошуросида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом жаннат дарахти мевасидан танаввул қилиб гуноҳкор бўлгани тавбасини қабул қилган кундир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди:
“Бас, (Одам билан Ҳавво) ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади” (Тоҳа сураси, 121-122 оятлар).
Имом Аҳмад (рҳ.) Ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилишларича, шу куни, Нуҳ (а.с.)нинг кемалари “Жудий” тоғи устида тўхтаган, шу сабабли Нуҳ (а.с.) шукрона тариқасида шу куни рўза тутганлар.
Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)ни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқарганлиги ҳақида Ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
“Пайғамбар (сав) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро кунида рўза тутганларини кўрдилар ва: “Бу қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу – Аллоҳ таоло Мусо (а.с.) билан Бани Исроилни душманларидан қутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо (а.с.) бу кунда рўза тутганлар” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (сав): “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман” – дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.
Жоҳилият арабларининг ҳам Ашуро кунида рўза тутиш одатлари бор бўлган. Ойша онамиз (рз.) қуйидаги ҳадисни марҳамат қиладилар:
“Ашуро куни Қурайшийларнинг жоҳилият даврида рўза тутадиган куни эди. Расуллуллоҳ (сав) ҳам шу куни рўза тутар эдилар. Мадинага келганларидан кейин Рамазон ойи рўзаси фарз қилинди. Шундан сўнг Пайғамбар (сав): “Мен ашуро куни рўза тутишга буюрилган эдим, энди эса хоҳлаган киши рўза тутсин, хоҳлаган киши тарк қилсин”, - дедилар”.
Юқоридаги ҳадисдан маълум бўладики, Исломнинг аввалги даврида Ашуро кунида рўза тутиш мусулмонларга фарз бўлган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Рамазон рўзаси фарз қилингач, Ашуро рўзасининг фарзлиги бекор қилиниб, нафл бўлиб қолган.
Расулуллоҳ (сав) бу кунда рўза тўтишнинг фазилати ҳақида:
“Ўтган бир йилда қилинган гуноҳларга каффорат бўлади” – деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса:
“Ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” – деганлар.
Яна бошқа бир ҳадисда эса:
яъни: “Рамазон ойи рўзасидан кейинги Аллоҳ ойи бўлган Муҳаррам ойида тутилган рўзанинг савоби улуғдир. Фарз намозидан кейин эса кечаси туриб адо этилган нафл намози афзалдир”.
Бундан ташқари бу кунда қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофотлар беради. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар янада саховатли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтирмоқликлари лозим. Чунки, хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик шарт. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қиладилар:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар.
Дарҳақиқат, эҳтиёжмандларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.
Хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни юқорида айтилганидек, авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик лозим. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва бегоналарга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Яна шу нарсани қайд этиб ўтиш лозимки, Ҳукуматимиз томонидан камтаъминланган оилаларга, етим-есирларга ва қария отахон ва онахонларга моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда. Аҳолимиз орасида ўзига тўқ, тадбиркор ва ишбилармон кишилар ҳам борки, улар фақат ўз манфаатларини эмас, балки, юртимиз форовонлиги, халқимизнинг эҳтиёжларини қондириш ҳақида ҳам қайғурадилар. Динимиз таълимотига кўра, закотини ўз вақтида берадиган, муҳтожлар ҳолидан саховотли ва мурувватли инсонлар Аллоҳ таоло томонидан беқиёс ажру савобларга эга бўлиб, икки дунё саодатига муваффақ бўлурлар.
Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Биров моли билан (бу саховатдир), биров қўли билан, яна бошқаси чиройли сўзи билан яхшилик қилади. Ҳатто бошқалар йўлидаги халақит бераётган шохчани олиб ташлаш ҳам яхшиликка киради. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик.
Абдуллоҳ ибн Аббос (рз.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ёзиб, уни қуйидагича баён қилди: “Кимики бир яхши амални ният қилсаю адо эта олмаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб унга ёзиб қўяди. Агар ният қилсаю адо ҳам этса, Аллоҳ таоло унга яхши амали учун етти юз ёки ундан ҳам зиёдагача ажр берур. Агар бирор ёмон амални ният қилсаю уни бажармаса, Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилди, деб ёзади. Агар ёмонликни ният қилсаю бажарса, Аллоҳ таоло унга битта ёмонлик ёзади”, - дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни хайру саховатли, яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин.
С. Арзиқулов,
Фатво бўлими ходими
Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар
Учиш аппарати
Леонардо до Винчи парвозни амалга оширишни орзу қилишидан кўп асрлар бурун мусулмон олими Аббос ибн Фирнас учиш аппарати ясашга бир неча бор уриниб кўрган. У IX асрда биринчи бўлиб учиш аппаратини ихтиро қилишга эришган. Қизиғи, ибн Фарнас бу аппаратни қисқа вақт ичида яратган.
У қушнинг қанотига ўхшаб ясалган костюмни кийиб олган ва атрофига йиғилган одамларга: “Мана бу қанотларни юқорига-пастга қилсам, худди қушларга ўхшаб учаман”, деган.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Патриарх Кириллни Президент қабул қилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москва ва Бутунрус Патриархи Кириллни қабул қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Ташқи ишлар вазирлиги Патриарх Кирилл Ўзбекистонга 29 сентябрда ташриф буюришини маълум қилди.
Патриарх Кирилл Республика ҳукумати вакиллари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган. Шунингдек, у Самарқанд ва Бухорога бориб муқаддас жойларни ҳам зиёрат қилади.
Манба: Uzdaily.uz
Саломатлик - туман бойлик
Аллоҳ таолонинг бандаларига берган беҳисоб неъматларининг ичида энг улуғи, бу сиҳат-саломатликдир. Бу бебаҳо неъматнинг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси - сиҳат саломатлик ва фароғат” (Имом Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, инсоният ўзида бор неъматни гоҳида қадрига етмайди. Саломат ва хотири жам бўлган киши турмуш ташвишлари, чеки-чегараси йўқ орзу-ҳавасларнинг кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги ва тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат саломатлигини бой бергач, аттанг қилади ва саломатлигини йўқотиш эвазига топган нарсаси унинг олдида ҳеч нарса эмаслигини кейин англаб етади. Лекин, кейинги афсус надоматнинг фойдаси бўлмай қолади. Шунинг учун, неъматларни вақтида қадрига етиб, унинг шукронасини адо этиб бормоқлик лозим бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар: “...саломатлик вақтингизни беморлик келишидан олдин ғанимат билинг...” (Имом Термизий ривояти).
Сиҳат саломатлик неъматидан баҳраманд киши бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, бошқа неъматлар ҳам инсонга татимайди. Шунинг учун, саломатлик неъматини қўлдан бермаслик, унга футур етказадиган ҳар қандай иллатлардан инсон ўзини сақламоғлиги лозим бўлади.
Гоҳида инсонга беморлик етиши табиий ҳолат. Инсоннинг ожизлиги ҳам шунда. Бу дунёда Аллоҳ таоло бандаларини турли йўллар билан синаб, имтиҳон қилар экан, гоҳида етадиган беморлик ҳам ўза синовларнинг биридир. Бунинг учун банда ғамга ботмаслиги керак, аксинча бу имтиҳондан муваффақиятли ўтишга ўзида куч топа олиши лозим. У ҳам бўлса, сабрдир. Ҳасталикка сабр қилган кишига савоб ёзилиши, гуноҳларига каффорат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан қатор ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кишига етадиган чарчоқ, ҳафалик, озор, ғам-ташвиш ва ҳатто битта тикан кириши сабабли Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўчиради”, (Имом Бухорий ривояти).
Динимизда даволанишга ижозат берилган. Ҳадисларда баён этилишича, Аллоҳ таоло қандай дард нозил қилган бўлса, албатта унинг давосини ҳам нозил қилган. Шундай экан, инсоният доимо изланишда бўлиб, ўзининг ҳаётини сақловчи, соғлигини асровчи воситаларни кашф қилишда бардавом бўлиши лозим.
Мутақиллик йилларида юртимизда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилиши натижасида юртимизда фуқароларнинг ўртача ёши 1990 йилга нисбатан 67 ёшдан эркаклар ўртасида 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 75,8 ёшга орди. Албатта, бунда соғлиқни сақлаш соҳасига давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганлигининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Оқил инсон соғлигининг кетишига ўзи била туриб сабабчи бўлмаслиги лозим. Чунки, биз учун ҳаётимиз қанчалик омонат бўлса, соғлигимиз ҳам омонатдир. Ўз жонига қасд қилиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, қасддан соғилигига путур етказиш ҳам шунчалик гуноҳ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» деган. (Бақара сураси, 195-оят).
Ислом шариатининг мақсади инсондаги асосий беш нарсани сақлашга қаратилган бўлиб, шулардан бири инсоннинг жонини омон сақлашдир. Шунинг учун ҳам, ислом динида инсоннинг ҳаётига, инчунун унинг соғлигига зарар етказадиган ҳамма нарса ҳаром саналади. Қуйидаги ҳадис бунга яққол далил бўлади. Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи ва футур етказувчи нарсани истеъмол қилишдан қайтардилар, (Имом Абу Довуд ривояти). Маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш оқибатида инсоннинг нафақат соғлиги, балки ҳаёти хавф остида қолади. Минг афсуски, йигирма биринчи асрга келиб маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳвандлик моддаларининг турлари кўпайиб кетди. Буларга мубтало бўлган кишиларда ўпка, жигар саратонига чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Маълумки, саратон хасталиги билан оғриган кишиларнинг аксарияти шу касаллик туфайли ёруғ дунё билан видолашмоқдалар. Гиёҳвандлик балоси кенг тарқалиши оқибатида аждодларимиз билмаган ва эшитмаган касалликлар пайдо бўлиб, ҳар йили минглаб одамлар бу офатнинг қурбонига айланмоқдалар. ОИТС деган аср вабосига қарши курашиш учун дунё ҳамжамияти турли тадбирларни амалга оширишига қарамасдан ҳалигача бу дарднинг давоси топилганича йўқ.
Ҳасталикни даволашдан кўра уни олдини олган яхшироқ, деган нақлга амал қилган ҳолда ёшларимизни гиёҳвандлик ва у келтириб чиқарадиган ёмон оқибатлардан огоҳлантиришдан тўхтамаслигимиз лозим. Зеро, саломатлик - туман бойлик, деб бежизга айтилмаган.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
“Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди
имом-хатиби.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.