muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 20 августь 2018 00:00

Арафотдаги кутиб олишга ҳозирлик

Ҳожиларимиз Мино водийсида кеча кун мобайнида зикр, тасбеҳ ва дуолар билан машғул бўлдилар. Бугун эрта тонгдан ҳажнинг асосий арконларидан бири ҳисобланган Арафот манзили томон йўл олмоқдалар. Юртдошларимиз учун махсус автобуслар шай қилиб қўйилган. Улар учун айни дамда Арафот майдонида ҳам барча шароитлар ҳозирлаб қўйилган: таҳорат учун иссиқ-совуқ сувлар, тиббиёт бўлими, иссиқ овқат ва чой тарқатиш бурчаги, кун давомида, дуо, зикр, гўзал мавъизалардан баҳраманд бўлишлари учун овоз кучайтиргичлар ва бошқа қулайликлар шулар жумласидандир.
Маълумки, Арафот дуолар қабул ва ниятлар ижобат бўладиган маскандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ҳадиси шарифларидан бирида: «Ҳаж арафадир», дея марҳамат қилганлар. Дилларида эзгу мақсадларни ният қилган юртдошларимиз ушбу мўътабар масканда кун ботгунга қадар ибодат ва дуода бўладилар.

ЎМИ матбуот хизмати

Мино водийсидан фотолавҳа:

ЎМИ матбуот хизмати

Неділя, 19 августь 2018 00:00

Ҳожиларимиз Мино водийсида

Мино Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи бўлиб, у Масжид ал-Ҳарам шимолидан 7 км узоқликда жойлашган. Иброҳим алайҳиссалом шу ерда шайтонга тош отганлар ва қурбонлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажини адо этганларида тош отиб, қурбонлик сўйганлар. Ва: “Мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур”, деганлар. 

Ҳожилар Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни бомдод намозини адо этиб бўлгач, Минога йўл оладилар ва Арафа кунининг бомдод вақтигача шу ерда истиқомат қиладилар. Сўнгра Арафотга кетиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни яна Минога қайтадилар ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттирадилар.

Юртимиздан жўнаб кетган ҳожилар ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннати санийяларига амал қилиш ниятида шундай улуғ, муборак масканга йўл олдилар. Бу ерда ибодатнинг мағизи бўлган дуо билан машғул бўлиб, юртимиз, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги сўраб дуолар қиладилар.

Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг дуолар мақбул бўладиган лаҳза ва маконларда қилаётган дуои-хайрларини қабул этсин. Сўрайдиганларидан афзалини берсин.

 

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Жорий йилнинг 18 август куни кечқурун, Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунида зиёратчиларимиз таматтуъ ҳажини ният қилиб эҳромга кирдилар. Муборак Ҳаж ибодатини адо этишга шай турган нурли отахону онахонлар, қалбда ҳаяжон, кўзда қувонч, тилда шукроналик дуолари ила автобусларга чиқиб, Мино водийси томон йўл олдилар.

Ишчи гуруҳи аъзолари Мино водийсида уларни кутиб олиб, ўзлари учун ажратилган чодирларга жойлаштирдилар. Зиёратчиларимиз аввалдан ҳозирлаб қўйилган саранжом ва саришта чодирларга кириб, зикру дуо ва ибодатни бошлаб юбордилар.

Муборак Мино водийсида ҳам юртдошларимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Хусусан, озиқ-овқат тарқатиш пункти ва тиббий ёрдам марказлари, ўз вақтида иссиқ овқат ва чой таъминоти йўлга қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, ватандошларимиз ҳаж амалларининг энг масъулиятли палласини кўтаринки руҳ ва катта ихлос билан бошладилар.

 

 

 

 

ЎМИ матбуот хизмати 

Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2018 йил 18 август куни муборак Қурбон ҳайити муносабати билан ҳайитга тайёргарлик ҳашари бўлиб ўтди.

Унда комендант, 1 та мударрис, 3 та мударриса, 2 та ишчи ходим, 10 та талабалар фаол иштирок этдилар.

         Ҳашарда билим юртимизнинг атрофи ва кўчаларига сувлар сепиб супурилди, олд томонида жойлашган ҳовузнинг ичкари қисми, атрофлари, билим юртининг ички ва ташқи ҳовлиси, том қисмлари тозаланди ва барча дарахтлар оқланди, ахлатлар олинди. Билим юрти саҳнидаги гулзор тозаланди. 

Ҳар бир курс талаба қизларга ажратиб берилган синф хонасидаги доска, парталар, гилам тозаланди. Талаба қизлар турар жойларини тоза ва озода қилдилар.

1-курс талабалари таҳоратхона ва масжидни тозаладилар.

         2-курс талаба қизлари билим юрти ошхоналарини саранжом-саришта қилдилар.

         3-курс талаба қизлари тикувчилик хонаси ва АРМ хоналарини кўздан кечириб тозаладилар.

         4-курс талабалари таҳоратхона, қизлар гигиена хонасини озода қилдилар. 

          “Қурбон ҳайити”га тайёргарлик ҳашари барча ҳудудларда бўлгани  каби бизнинг билим юртимизда ҳам ўтказилиб, мударрисалар ва талабалар “Қурбон ҳайити”га тайёргарлик ҳашарига оз бўлса ҳам ўз ҳиссаларини қўшганларидан жуда ҳам мамнун бўлдилар.

 

“Қурбон ҳайити” ҳаммангизга муборак бўлсин!

 

 

Билим юрти мудири

А.Иноятов

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top