muslim.uz
Илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилади
Президент Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, кейинги бир йилда Президентнинг соҳага доир 11 фармон ва қарори қабул қилингани қайд этилди.
Лекин фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция паст даражада қолаётгани, илмий изланишлар етарлича қўллаб-қувватланмаётгани танқид қилинди.
«Ҳар бир илмий ишга маҳсулот сифатида қаралиши, унинг харидори олдиндан аниқ бўлиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар грант ажратилиши, илмий-тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошлари бир неча баробар оширилишини маълум қилди.
Куни кеча Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Учрашувда бу борадаги ишларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, илмий ишланмалар яратиш ва соҳага татбиқ этиш масалалари тўғрисида фикр алмашилди.
манба: president.uz
Ҳар бир ота-она учун муҳим китоб
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда она ва бола саломатлиги масалаларига муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида алоҳида эътибор қаратиляпти. Соғлом бола йили давлат дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳам фикримизнинг яққол исботидир. Бу вазифа давлатимиз ички сиёсатининг бош йўналишларидан бирига айланди. Ватанимизнинг порлоқ келажагини ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлод таъмин этади. Фарзандларни эртанги куннинг муносиб эгалари ҳамда ворислари қилиб вояга етказиш ота-оналарнинг орзуси, масъулияти, бурчидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг ўтган йиллари чоп қилинган “Оилада фарзанд тарбияси” рисолалари жамланмаси бўлган ушбу китоб ўғил-қизларимизни юксак маънавият, гўзал фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашда ота-оналар ва устоз-мураббийларга ишончли қўлланма бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 1753-рақамли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.
Муаллиф: Усмонхон Алимов
Номи: «Оилада фарзанд тарбияси»
Нашриёт: «Мовароуннаҳр» нашриёти
Сана: 2017 йил
Ҳажми: 460 бет
ISBN: 978-9943-12-407-3
Ўлчами: 60х90 1/16
Муқоваси: Қаттиқ
Нашриётда сотув нархи: 24000 сўм
Неъматлар кушандаси
Аллоҳ таоло инсон зотига кўп неъматларни ато этган. Булар: ислом, имон, ақл неъматларидир. Берилган неъматлар ҳаммаси инсон манфаати учун яратилган. Самовий динларнинг охиргиси, Ислом одамларни барча шайтоний афъоллардан сақланишга, Аллоҳ томонидан амр қилинган фармонларни адо этишга, виждонли ва чиройли хулқ эгаси бўлишга, яшаб турган жамиятига манфаат келтирувчи, ватанига содиқ фарзанд бўлишга даъват этиб келади.
Инсоннинг асосий вазифаси яратгувчи яъни, Аллоҳга итоат ва ер юзини обод қилишдан иборат. Баъзи бир инсонлар берилган неъматлар қадрига етмай, ўзларига юкланган вазифарларини ҳам унутмоқдалар. Динимизда одам фарзандига берилган ақл ва жон неъматларини асраш энг катта ва долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Агар бандалар Аллоҳ таолонинг фарзлари ва пайғамбармизнинг(с.а.в) суннатларига риоя қилган ҳолда ҳаёт гузаронлик қилсалар икки дунё саодатига эришадилар. Лекин ҳозирги кунимизга қарасак, жон ва ақл неъматига хиёнат қилаётган инсонлар анчагина. Гиёҳвандлик ҳам ушбу омонатларнинг заволига сабабчи бўлган омиллардан биридир. Ушбу хиёнат Аллоҳ таолонинг иродасига зид бўлган амаллар сирасига киради. Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида барчани огоҳлантириб: "ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!"-деб марҳамат қилган. (Бақара, 195 оят). Шариатимиз томонидан ман қилинган, рухсат этилмаган ҳар қандай кўринишдаги гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ушбу оятга мос келади. Гиёҳванд моддалар ақл ва молни ҳалокатга олиб келувчи воситаларидандир. Ҳозирги замонамизга келиб, дунёнинг деярли барча жойларида тарқалиб улгурган бу офат кўпгина ёшларни, ҳаётга эндигина қадам ташлаб келаётган фарзандларимизни йўлдан урмоқда. Ҳаммамизга маълумки, Ислом таълимоти, гўзал шариатимиз инсон учун зарарли бўлган, фойда келтирмайдиган, ақл ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддарни ҳаром деб таъкидлайди ва уларни истеъмол қилишдан қайтаради.
Пайғамбаримиз(с.а.в.): "Ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар" (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Ушбу машҳур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканлигига далолат қилади. Шу сабабли ҳам бу турдаги моддаларни истеъмоли шаръан ножоиз. Дунё тан олган олимлар ва юртимиздан чиққан буюк шахслар, инсон сиҳат-саломатлигига зарар қиладиган бу заҳри қотилни ҳаромлигига иттифоқ қилишган. Жумладан, ҳозирги замон табиб ва шифокорлари ҳам гиёҳвандликнинг зарарини тасдиқлашмоқда. Гиёҳванд одам нафақат ўзига балки яқинлари, оила аъзолари ва бутун жамиятга зарар келтиради. Бу эса Исломга зид ва шариатга номуносибдир. Пайғамбар(с.а.в) "Исломда ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир"-деб марҳамат қилганлар. (Имом Ибн Можа ривояти). Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир.
Мутахасисларнинг фикрига кўра гиёҳвандлик моддаларини қабул қилган инсон ўртача 25 йил умр кўришлиги қайд этилган. Демак, мана шундай тинч ва осуда ватан, фаровон ҳаёт, соғлик ва саломатлик неъматларини асраш ҳаммамизни бурчимиз. Гиёҳвандлик барча неъматлар кушандаси. Бу каби иллатларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.
Р.КАМОЛОВ
Бухоро шаҳар
«Сайфиддин Бохарзий» жомеъ масжиди
имом хатиби
Валийлар каромати ҳақ
Айримлар илмсизликлари сабаб оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилиб, валийларнинг кароматларини кескин инкор этишади. Бу гўёки мушрикларнинг пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизаларини рад этганлари кабидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот. Хоҳлаган бандасига набий, расул ёки валийлик мақомини бериш Унинг измида. У зот ўз дўстларини мўъжиза ёки каромат ила сийлаши табиий ҳол, албатта. Бунга шак келтириш ноўрин. Валийлар Аллоҳнинг эрка бандалари бўлиб, айрим ишларда бошқалардан ажралиб туришган холос. Улар ҳаётига разм солсак, теран мушоҳада этсак, бунинг ҳақлигига яна бир карра амин бўламиз.
Аввало, валий тушунчасига эътибор берсак. Валий Аллоҳни дўст тутувчи, ибодатда бардавом, ҳукмларда маҳкам, эътиқодда ўрнак, гуноҳдан йироқ, ҳаромдан узоқ юрувчи кишидир.
Саъдуддин Тафтазонийнинг «Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия» асарида айтиб ўтилганидек, шубҳасиз, уларнинг кароматлари ҳақдир. Бундай каромат узоқ масофани қисқа муддатда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийим-кечакнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсалар билан гаплашиш, келган балоларни пасайтириш каби нарсаларда билинади. Бу каби ҳолатлар валийларда ғайриоддий йўл билан содир бўлади.
Имом Абу Бакр ибн Фурак айтганлар: «Авлиёларга пайғамбарлардан фарқли ўлароқ кароматларини яшириш вожибдир».
Абу Бакр Ашъарий эса: «Каромат набийга ҳам, валийга ҳам хос», – деганлар.
Демак, авлиёларда каромат содир бўлиши айни ҳақиқатдир. Унинг қандай бўлиши ақлга сиғмасада, бироқ шариат қоидаларига асло зид эмас. Ақидавий масалаларни тўғри тушуниш, тўғри талқин қилиш, далил-исботларга суяниб иш тутиш турли хил фитна ва зиддиятларнинг олдини олишда, айрим бузғунчи гуруҳларнинг ботил эътиқодларига раддия сифатида истифода этишда анчайин қўл келади.
Шундай экан, ўтган валий зотларнинг йўлларини тутиш, суннатларига эргашиш, ҳикматларига суяниб иш тутиш айни камолот чўққиси эканини унутмаслик зарур.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
Шавкат Мирзиёев олимлар шаҳарчасига борди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташриф буюрди.
Энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш, энергетика соҳасини диверсификация қилиш мақсадида мамлакатимизда атом энергия станцияси қуришга киришилди. Юқори технологияларга асосланган бу вазифани амалга ошириш учун замонавий билимларни чуқур эгаллаган мутахассислар талаб этилади. Шу боис Тошкентда Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда. Ушбу таълим муассасасини Ядро физикаси институти ҳудудида жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу борадаги лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни жаҳон стандартлари асосида қуриш, энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Ядро физикаси институти пойтахтимизнинг Улуғбек шаҳарчасида жойлашган. Давлатимиз раҳбари ушбу шаҳарчанинг Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
«Бу шаҳарча олимлар шаҳарчаси бўлиши керак. Яқин вақтларда бу ерга бошқа илмий-тадқиқот институтларини ҳам кўчирамиз. Олимлар учун, илм-фан ривожи учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз», деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шаҳарча ҳудудини кенгайтириб, институтлар учун бинолар, янги уй-жойлар, мактаб ва дам олиш масканлари қуриш, шаҳар маркази билан транспорт қатновини яхшилаш, ер усти метроси олиб келиш зарурлигини таъкидлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.