muslim.uz
Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарайлик
Жамият ундаги инсонларнинг бир-бирларини ўзаро яхшиликка чақириши билан обод бўлади. Жамият инсонларнинг ёмонликдан бир-бировини қайтариши билан тозаланиб туради. Бугунги кунда инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришнинг энг қулай воситаларидан бири матбуот ва интернет орқали қилинадиган чиқишлардир.
Пайғамбаримиз ўз ҳадисларидан бирида инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни садоқат деб баҳолаганлар. Одамларни яхшиликка чақирувчи киши ўз эътиқодига, ўз билими ва илмига, ўз қариндошлари ва миллатдошларига садоқатли бўлади, содиқ инсон бўлади. Яхшиликка чақириш ўрнига ёмонликни ўргатувчи кимса хиёнаткор ҳисобланади. Ундай одам хоин бўлади. Шунинг учун, бепарволик исломда қораланади. Расулуллоҳ: “Ким бирор ёмонликни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартиришга ҳаракат қилсин. Агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Энди, буниси имоннинг заифлигидир!” деганлар. У зот қалби билан ёмон кўриб, лекин индай олмаган одамнинг имонини заиф деб баҳолаганлар.
Инсонларни ёмонликдан қайтаришни пайғамбаримиз ҳужжат деб баҳолаганлар. Инсонлар бир-бировини ёмонликдан қайтарар эканлар, ўзаро ёмонлик қилишдан бир-бирини тўхтатиб қолар эканлар, бу уларнинг фойдасига ҳужжат бўлади. Акс ҳолда, гуноҳга шерик деган ҳужжат бўлади. Бировнинг гуноҳ иш қилаётганини кўриб туриб ҳам индамаслик, унга бепарво бўлиш, ёки унга қандайдир ёрдам бериш унга шериклик билан баробардир. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш ўринлики, жамиятда тарқалган бирор ёмонликка бепарво бўлиш ўша ёмонликка ёрдам бериш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда “ёмонликдан қайтариш”ни фойдага ёки зарарга ҳужжат деб баҳоланган.
Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги ҳотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади. Аллоҳ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, турли иллатлардан бир-бирларини огоҳлантириб қайтариб туришга, тинчликни сақлашга чақиради: Ҳужурот сурасининг 9 - ояти каримасида: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!.." , дейилган.
Бугун турли ҳудудларда кенг тарқалган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандлар келажагига катта хавф туғдиришини одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак ва бу жараёнда барча зиёлилар қаторида имом хатибларнинг турли тадбирлар бўлсин, матбуот ва интернет тармоғида бўлсин илмий исботланган маълумотлар асосида кенг қамровли тарғибот олиб боришлари ниҳоятда долзарбдир.
Дарҳақиқат, мана шундай хавф туғдирадиган оқимларга раддия жавобларни ким бера олади? Фарзандларимизнинг онгига асосли, тўғри ғояни ким сингдира олади? Албатта, бугун Юртимизда фаолият олиб бораётган имомларимиз. Улар шу замоннинг дин пешволари ва халқни тўғри йўлга бошловчи олимлардир. Бу иш уларнинг бугун мамлакат олдидаги ва Яратган Холиқ олдидаги бурч ва вазифалари ҳамдир. Зеро, бизларни бир дин, бир мазҳаб, бир Ватан жамлайди, юртимиз ва халқимиз равнақини сақлаб қолади.
Имом-хатибларимиз бугун замон билан ҳамнафас бўлиб, нафақат меҳробда балки, ташкилотлар, муассасалар, таълим даргоҳлари шунингдек, матбуот ва интернет сайтларида ҳам маърифий ислом тарғиботини олиб бормоқдалар. Истиқлолдан олдин матбуотда дин ҳақида бир сатр тугул дин деган сўзни ёзиш мумкин эмас эди. Фақат динни қоралаш учунгина бўлиши мумкин эди, холос. Бугун жамиятда бир иллат пайдо бўлса, ёки бирор хунук иш авж олса, амри маъруф ва наҳий мункар фарз бўлгани юзасидан албатта имкон қадар ундан одамларни қайтаришга ҳаракат қилиш зарур ва бу хислат ва ҳаракат бутун Ўзбекистон диёрида ишлаётган имом-хатиблар ва барча диний ходимларнинг бош мақсадидир.
Бугун мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва самарадорлигини ошириш, миллий ва диний қадриятларни эъзозлаш ва улардан жамият тараққиёти, ёшлар тарбияси йўлида оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда имом-хатибларнинг бу жараёндан четда туришлари асло мумкин эмас.
Имом хутбасида бир жамоани қамраб олса, ОАВ ва интернет орқали жуда катта жамоани қамраб олган бўлади. Имомни ОАВ ва интернет тармоғида кўпроқ чиқишлар қилиши бу барча учун манфаатдан бошқа нарса эмас.
Чунки, интернет ёки ғарб оламининг ОАВларида фаҳш ва бузғунчиликка, турли экстремистик оқимларнинг ғоялари тўлиб тошган пайтда, имом-хатибларнинг бу фожеалар оқибатидан халқимизни хабардор қилиб, уларни тўғри йўлга бошлаш учун қилаётган саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий самарасини албатта беради. Имомларимиз матбуотда мақолалари сонини кўпайтиришга эмас, балки мақолаларнинг сифати ва савиясини яхшилашга ҳаракат қилиши керак. Бир ҳадиси шарифда: “Одам боласининг уч тоифа сўзидан бошқа барча сўзлари унинг зараригадир. Улар яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳ таолонинг зикрини эслатадиган сўзлардир”, дейилади.
Бугунги кунда жамиятда бирор бир иллат тарқаладиган бўлса унга қарши барча чора – тадбирларни ишга солиб қаттиқ курашиш, хусусан, бу жараёнда матбуотда имомлар томонидан олиб бориладиган тарғиботларнинг ўрни ҳамда бундай жараёнлар омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади. “Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришга динимиз катта эътибор қаратади. Чунки у ер юзидан кўтарилса, тўрт томонни жаҳолат чулғайди, ахлоқсизлик, зулм ёйилади. Шафқат, марҳамат, адолат барҳам топади. Бу амалнинг тарк этилиши оммавий ҳалокатга сабаб бўлади. Бугун ҳар биримиз бизни эзгуликка чорлаб, ёмонликдан қайтарган одамдан миннатдор бўлишимиз зарур. Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳларнинг энг каттаси бир киши бошқа бир кишига: “Аллоҳдан қўрқ ва тақво қил”, деганида, унинг: “Олдин ўзингни бил!” дейишидир”.
Муҳаммад ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
АҚШда 2018 йилги сайловларда мусулмонлар ўз номзодларини қўядилар
Америкалик мусулмонлар АҚШда мавжуд қарашлар сабабли Конгрессдан бошлаб маҳаллий қонунчилик органларигача бўлган сайланадиган ташкилотларга ўз номзодларини қўйишни тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатдан норози бўлган кишилар навбатдаги сайловларда қатнашган ҳолда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилганлар. 90 нафардан ортиқ мусулмонлар турли даражадаги сайланадиган органларга ўз номзодларини қўйишган.
Бунга яна бир сабаб сифатида АҚш жамиятидаги айрим гуруҳлар мусулмонларнинг юқори лавозимларга сайланганини норози кайфиятда кутиб олганини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Минессота штати Рочестер шаҳри мери лавозимига номзод Регина Мустафа сайловлардан олдин ўзига ижтимоий тармоқлар орқали таҳдид қилинганини айтиб ўтди. Сенатга Аризона штатидан ўз номзодини қўйган Деедра Аббуд ҳам ўзига нисбатан таҳдидлар бўлганини қайд этган.
Мичиганлик мусулмонлар америкаликларнинг сайловларда ғалаба қозониши эҳтимоли юқори экани тахмин қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Мовароуннаҳр” нашриётининг зиё маскани иш бошлади
16 июль куни “Мовароуннаҳр” нашриёти ўз ҳовлисининг Қаффол Шоший мақбараси олд томонида қуриб битказилган “Зарқайнар” номли китоб дўконининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдужалил Хўжамов, нашриёт директори ўринбосари Исомиддин Алимов, нашриёт ходимлари ҳамда китобхонлар иштирок этди.
Очилиш маросимида сўз олган Иброҳимжон домла Иномов ушбу зиё маскани ҳар томонлама қулай жойда жойлашгани, Ҳазрати имом мажмуасига мос шакл ва кўринишда қўрилгани, айниқса, унинг “Зарқайнар” деб номланиши дўконга янада файз ва тароват бағишлаб турганини таъкидлади. Эндиликда ушбу зиё масканида юртимиз китобхонлари билан бирга хорижлик сайёҳ ва зиёратчилар учун ҳам хорижий тилларда адабиёт ва қўлланмалар нашр этиш, бу бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кўпайтириш, китобхонларга ҳар томонлама шарт-шароит яратиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнгида “Мавароуннаҳр” нашриёти жамоасининг халқимиз маънавияти ва маърифатини юксалтириш, нашриётнинг ўзи ва бошқа ҳамкор нашриётларда чоп этилган китобларни китобхонлар учун қулай нархларда етказиш борасидаги эзгу қадами қутлуғ келиши сўраб дуою фотиҳа қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати
Ҳиндистон ислом маркази директори: ҳамкорлик алоқалари юксак натижа беражак
Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳиндистон ислом маданияти маркази директори Сиражуддин Қурайши билан учрашув бўлиб ўтди. Мартабали меҳмон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов мулоқот олиб борди.
Дастлаб, муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб, илмий мактаблар ташкил этилгани ва “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари очилгани ва бошқа қатор янгиликлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Давра суҳбатида сўз олган Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров Ўзбекистон – ислом маданияти ва тарихига оид кўплаб ёдгорликларни ўз бағрида сақлаб келаётган бебаҳо замин эканини айтиб ўтди. Хусусан, ҳозирда юртимизда 150 мингга яқин қўлёзмалар сақланиши, ўз навбатида, хорижда ҳам Ўзбекистонга оид асарлар мавжудлиги, уларни ўрганишга зарурат жуда ҳам юқори экани нуқтаи назаридан, давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини қайд этди.
Шоазим Минаваров айни кунларда азим пойтахтимиз марказидаги 10 гектарга яқин майдонда Ислом цивилизацияси марказини бунёд этиш ишлари жадал олиб борилаётганини билдирди. Ушбу марказ биносида 200 минг асарга мўлжалланган кутубхона, Ислом тарихига оид музей, шунингдек, ёшларга Қуръони карим, араб тили ва хаттотлик санъатини ўргатадиган курслар ташкил этиш режалаштирилганини зикр қилиб ўтди. Шунингдек, марказ Ислом динининг эзгулик ва бунёдкорликка йўғрилган таълимотларини кенг тарғиб этиш ва муборак динимиз ҳар қандай зулм-зўравонликка қарши эканини етказишни асосий мақсад қилганини баён этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Самарқанддаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадлар, алломалар асарларини ўрганиш йўлида амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ва Ҳиндистонда ҳанафий мазҳабига оид нодир асарлар кўплиги сабабли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади.
Сиражуддин Қурайши жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон Ислом маданияти маркази ташкил этилиши, асосий фаолият йўналишлари, унда ташкил этилган ўқув курслари, тўгараклар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати ва хориж давлатларининг ушбу марказга бўлган эътибори ҳақида гапириб берди.
Мартабали меҳмон Ислом цивилизацияси маркази билан тузиладиган ўзаро ҳамкорлик меморандуми, албатта, икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини, келажакда юксак натижалар беришини алоҳида қайд этди.
Сиражуддин Қурайш сафар якунида Қуръони каримнинг энг қадимий ва нодир нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳурлик
Муҳаммад деган бир дўстим тоғда яшайди. Яқинда уникига меҳмонга бордим. У билан техникумда бирга ўқиганмиз. Қўйлари кўп. Уларни тонг саҳардан қир-адирларга ҳайдайди. Мусаффо тонг ҳавосида қўйларини яйловда айлантириб боқади.
Кечки овқатни тановул қилиш пайти бўрининг увиллаган товуши ўтовга яқин ердан эшитилди. Дўстим бўрининг увиллашидан заррача ташвиш чекмай, бемалол ўтирарди. Тонгда унга қўшилиб, мен ҳам қўй боқишга чиқдим. Қўйларни ҳайдаб бир оз юрганимиздан сўнг, адирда бир бўрини кўриб қолдим. Қўзидек ўлжасини тишлаб, елкасида кўтариб борарди.
– Қаранг, қаранг, бўри! Уни отиш керак, милтиғингизни беринг, қочиб кетмасин, – дедим. Дўстим бўлса, хотиржамлик билан:
– Асло! Бу бўри қўшним бўлади. Бўри йиртқич бўлса-да, қўшничилик ҳақини яхши билади. Шу боис, бирор марта бўлса-да, қўйларимга ҳужум қилгани йўқ. Овни бошқа жойдан қилиб, болаларини боқади. Ҳатто қўйларимни бошқа йиртқичлардан ҳимоя қилади, деб бўрига қараб, сўзида давом этаркан:
– Бир ваҳший йиртқич қўшничилик ҳақига шунчалик риоя қилса-ю, мен ақлли инсон дўстликка нега хиёнат қилишим керак! Ахир биз ақлли жонзотмиз, биз қўшничилик ҳақини гоҳо мана шундай йиртқичлардан ўргансак бўлади.
Ҳа, азизлар! Қўшничилик ҳақи улуғ, чунки қўшни яхши ва ёмон кунларингизда доимо ёнингизда елкадош бўлади. Баъзи мусибат кунимизда узоқдаги қариндошимиз етиб келгунича қўшнимиз ёнимизда бўлади. Моддий ва маънавий ёрдам беради. Шу боис, қўшничилик ҳақига риоя қилишимиз лозим. Қиёматда яхши ёки ёмонлигимизни қўшнидан сўрашар экан...
Озодлик нелигин бўрида кўргин,
Ундан ҳамияту мардликни сўргин.
Ажабки, қўшнилик ҳурматин қилар,
Ёвуз нафс амридан ўзини тияр.
“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.