muslim.uz

muslim.uz

Середа, 27 июнь 2018 00:00

Ақл салтанати

Оқил шоҳ улус аҳволидан огоҳ бўлиб, халқ­нинг нима иш қилаётганини, таълим-тарбияси, яшаш шароити, оч-тўқлиги, ҳамма-ҳаммасини билиб туради. Юрти учун хизмат қилганларни муко­фотлаб, ўзига яқин олади. Салтанати ва халқига хиёнат қилганларни жиноятига яраша жазо­лайди. Шу билан бирга, раҳм-шафқат эшиги ҳам доимо очиқ туради. Қароқчи, ўғрилар­га раҳм қил­майди. Салтанати бузилиб, вайрон бўлмаслиги учун доимо сергак ва ҳушёр бўла­ди. Ҳар тонг давлати­нинг тинчлиги-фаровонлиги ва халқининг бах­тини сўраб дуо қилади.

Подшоҳ салтанатини вайрон қилмоқчи бўл­ган хоин, қароқчи, ўғрилар қилаётган гуноҳлари­нинг ёмонлиги, ҳар қанча яширинча иш қилма­синлар, айблари очилиб, оқибатда бир кун одил подшоҳдан жазо олишларини англаб, жазоланаётган ҳолларини кўз олдига келтириб юрадилар. Оқибати нима билан тугашини билсалар-да, қўлга тушсам бир гап бўлар тарзида нафс сўзига кириб, исёнларини орттириб бораверади. Уларнинг жиноятини зимдан кузатиб юрган подшоҳ вақти-соати келганида уларни қўлга олиб, жал­лодга топширади. Дор тагидаги осий эса бўй­ни­даги арқонни ва жаллоднинг қилич яланғоч­лаб турганини кўриб, қўрқувдан титраб, тавба қи­либ кечирим сўрайди. Аммо ҳукм ўқилган, чек­кан пушаймони ва қилинган тавба фойда бермайди.

Эй азиз фарзанд! Одамнинг жисми ҳам дав­лат кабидир. Ақл салтанат подшоҳидир. У жисм салтанатини адолатли бошқарса, олий мукофот олади. Ақл салтанати жисм давлатини гиёҳ­ванд­лик, майхўрлик, фаҳш ва гуноҳлардан қай­тар­маса, жисм салтанати гуноҳларга учраб, тезда қулайди. Жисм маънавий ва руҳий таназзулга юз тутади. Инсонни одамийлик, мўминлик фаз­лидан фосиқлик ва мунофиқлик ботқоғига боти­ради. Вайрона ва хароба юртдан одамлар қоч­га­ни каби, жаҳолат ботқоғига ботган кишидан имон, юзидан нур, қалбидан раҳм-шафқат ва илм қочади. Бундай инсонлар одамийлик фазли­дан бе­баҳра бўлади. Шу боис ақл салтанатини кўп китоб ўқиб, тажриба ва илмий изланиш би­лан тўйдирмоқ зарур.

Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан

Индонезиянинг NetTV телеканали «Ўзбекистоннинг ажойиб шаҳарларини кашф этинг» кўрсатувларини намойиш этди.

Баҳорда ушбу телеканалнинг суратга олиш гуруҳи Ўзбекистонга келиб, «Мусулмон саёҳатчилар» рукнида «Ўзбекистоннинг ажойиб шаҳарларини кашф этинг» ҳамда «Самарқанд, Ўзбекистон» кўрсатувларини тасвирга олган эди.

Ушбу дастурларнинг ҳар бирини Индонезияда бир миллиондан ортиқ оилалар томоша қилган. Индонезия жамоатчилиги Марказий Осиёдаги ислом цивилизацияси марказлари ҳақидаги фильмни илиқ кутиб олди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳати чоғида телекўрсатув бошловчиси Шаза Белладона ва унинг ҳамкасблари Тошкент ва Самарқандга ташриф буюрди, Чимён тоғларига чиқди. Ўзбекистон ҳаёти, турмуши, маданияти ва меъморчилиги кўрсатиб берилди.

Фильм муаллифлари  сўнгги вақтларда жадал суръатларда ривожланаётган зиёрат туризмига алоҳида урғу берди.

Индонезиялик тележурналистлар саёҳатини Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил қилган эди.

Олимлар митти камералар орқали чумолиларнинг яшаш тарзини ўрганар экан, бу митти ва заиф жонзотлар қилаётган айрим ишларини кўриб, уларга қандай ҳаракатланишни ўргатган ва билдирган ёлғиз Аллоҳ таоло эканини беихтиёр тан олишмоқда.

Қуръони каримнинг “Намл (Чумоли)” сурасида Сулаймон (алайҳиссалом) қиссаси баён этилади: «Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” деди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!”» (Намл, 17–19).

Илмий тадқиқотлардан чумолилар жуда уюшган ҳолда яшаши ва улар инсон ақли етмайдиган мураккаб алоқа тизимига эгалиги маълум бўлди. Уларнинг кичкинагина бошида миллион, ундан ҳам кўпроқ сезги аъзолари бор. Ана шу сезги аъзолари орқали бир-бири билан алоқа ўрнатади. Ўлжа топишда, бир-бирларининг ортидан боришда, уя қуришда бу аъзоларнинг аҳамияти улкан. Ҳайратланарли жиҳати – чумолининг 2–3 миллиметрлик танасида беш юз минг нерв ҳужайраси жойлашган.

Аллоҳ таоло амр этади: «Бас, эй ақл эгалари (уларнинг аҳволидан) ибрат олинг» (Ҳашр, 2). Чумолидан олинадиган ибратлардан бири сабр ва матонатдир. Аллоҳ таоло чумолиларга берган сабр ва матонат, инсондан бошқа мавжудотларда йўқ. Ривоятлардан бирида бундай ҳикоя қилинади: Машҳур саркардалардан бири курашда мағлубиятга учрайди. У ўз жонини зўрға сақлаб, бир ғорга беркинади. У ерда ётаркан, ўзининг аҳволини, лашкарларининг қанчаси ҳалок бўлиб, қанчаси ярадор бўлгани ҳақида ўйлайди. Шу чоғ кўзи ҳарсанг устига чиқмоқчи бўлаётган чумолига тушади. Уни кузата бошлайди: чумоли харсанг тошга тирмашиб чиқади, устига етай деганда тушиб кетади, яна чиқади, етай деганда яна тушиб кетади, охири, ўн еттинчи марта ҳаракат қилганда, тирмашиб чиқиб кетади. Шунда саркарда айтади: “Менинг биринчи мағлубиятданоқ кўнглим чўкиб ўтирибди. Наҳотки шу заиф чумоличалик ҳаракат қилолмасам, наҳотки шунчалик сабр-бардош билан қаттиқ туриб, қайта-қайта ҳаракат қилиб ўзимни тиклаб ололмасам”.

Чумолининг ҳаракатчанлиги, ҳеч қачон курашишдан тўхтамаслигидан гўзал хулоса чиқарган саркарда, тирмашади, курашади ва алалоқибат юртини ғанимлар исканжасидан озод этади.

 

Муниба МУҚИМЖОНОВА

тайёрлади

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).

Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шакл­да яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сураси тўртинчи оятида марҳамат қилинади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шакл­да) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббосга (розияллоҳу анҳу) кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.

Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.

Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.

Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.

“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...” Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.

Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча бор­лиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.

“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг ки­йим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.

“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлар­дан афзал қилиб қўй­дик...” яъни, бошқа махлу­қот ва мавжудотлардан ус­тун қилдик.

Бизнинг аҳли сунна­ вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғам­барларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўмин­лардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).

Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий

тафсирлари асосида

Нўъмон  АБДУЛМАЖИД

тайёрлади.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига бағишланган тадбир ўтказилди

Тадбирни туман бош имом-хатиби Р.Жалилов очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тарихий воқеа бўлгани, ушбу фармон диний соҳа ходимларининг бугунги кунда соҳа ходимлари олдида турган вазифа ва имтиёзларни белгилаб берганини таъкидлади.

Шундан сўнг сўз олган туман Адлия бўлими бошлиғи М.Юлдашев ушбу Фармонга биноан диний-маърифий соҳа вакиллари олдига қўйилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди. Ушбу ҳужжатда белгилаб ўтилган “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори асосида динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, ёшларни эзгу қадриятларимизга муҳаббат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш каби муҳим масалаларда бугун диний соҳа ходимлари жонбозлик кўрсатишлари зарурлигини замон тақазо этмоқда, – дея қайд этди.

Шу билан бирга, ушбу фармон асосида таъсис этилган «Вақф» хайрия жамоат фондининг мақсад-вазифалари, бу орқали имом-хатибларни маош билан таъминлаш, хайрия тадбирларини ташкил этиш, қолаверса, мўмин-мусулмонлар зиммаларида фарз бўлган закот ва бошқа хайрия-эҳсонларини замонавий ахборот технологиялари ёрдамида қулай ва тез шаклда адо имкониятига эга бўлганлари катта янгилик бўлгани эътироф этилди, деб хабар беради Фарғона вилояти вакиллиги матбуот хизмати.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top