muslim.uz
Хорижлик сайёҳлар учун 30 кунлик сайёҳлик визаси жорий этилди
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2018−2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ижроси доирасида туристик визалар бериш тартибига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 декабрдаги ПҚ-3423-сон “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик йиғимлари тарифига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида қуйидагилар назарда тутилган:
Биринчидан, якка тартибдаги хорижий сайёҳларга 30 кун муддатга бериладиган кириш туристик визалар жорий этилади. Аввал қисқа муддатли (7 ёки 15 кунга) туристик визани олган чет эл фуқаролари бирор сабабга кўра қайтиш рейсининг ушланиб қолиши туфайли кўп ҳолатларда визани узайтириш муаммосига дуч келар эди.
Иккинчидан, якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун кириш туристик визаларини расмийлаштириш нархи учдан бир қисмга (60 доллардан 40 долларга) камайтирилди. Туристик визанинг юқори нархда бўлиши мамлакатга саёҳат қилиш бўйича қарор қабул қилишга тўсиқ бўлувчи омиллардан бири эди.
Учинчидан, гуруҳларга мўлжалланган туристик визани расмийлаштириш учун қуйи чегара икки баробарга (10 дан 5 нафар кишигача) камайтирилди. Аввал сайёҳларга 10 кишилик гуруҳни йиғиш маълум қийинчиликларга олиб келган, сабаби гуруҳ кўп ҳолатларда 5 ёки ундан ортиқ кишидан ташкил топган оила аъзолари ёки яқин танишлар ҳисобидан шакллантириларди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган қарори қуйидагиларни таъминлайди:
- сайёҳлик визаларини расмийлаштириш билан боғлиқ расмиятчиликни камайтириш ва эҳтимолий туристлар харажатларини камайтириш;
- чет эллик сайёҳлар оқимининг фаоллашиши, шу жумладан кичик гуруҳлардаги туристлар сонининг кўпайиши ҳисобидан;
- 1 ойлик ягона туристик визани жорий этиш ҳисобига сайёҳларнинг республикамиз ҳудудида бўлиш муддатларини узайтиради.
Индонезия халқаро фестивалга мезбонлик қилади
Индонезиянинг Ява штатидаги Сиребон шаҳрида 2018 йилнинг 9-17 июль кунлари “Олам” номли йирик халқаро исломий фестивал бўлиб ўтади.
Ушбу фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан 100 га яқин нуфузли шахслар иштирок этади. Шунингдек, Европа, Осиё, Африка, Америка ва Австралиядан бир неча юзлаб мусулмонлар келиши кутилмоқда.
Фестиваль доирасида бир қатор хилма-хил дастурлар ва лойиҳалар, жумладан, мусулмон мамлакатлари иқтисоди бўйича халқаро анжуман, исломий савдо масалаларига оид симпозиум ҳамда 150 минг зиёратчи ташриф буюрадиган маданий ва санъат кўргазмаси ташкиллаштирилади.
Фестиваль ташкилий қўмитаси мудири Ризо Маҳанинг айтишича, ушбу фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад, туризм соҳасида иш олиб борувчи фаол мутахассислар ва ижодкорларни жамлаш ва ўзаро фикр алмашишлари учун муносиб шроитни муҳайё қилишдир.
Илёс АҲМЕДОВ,
тайёрлади.
Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак
Жиноятчилик – инсонларни бир-биридан узоқлаштирадиган, жамият бирдамлигига раҳна солувчи, ривожланишнинг оёғига тушов, ёшларнинг эртасини барбод этувчи иллат.
15 ноябрь куни муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор ҳам айнан мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этишга бағишланган эди.
Йиғилишда Юртбошимиз томонидан жиноятларнинг олдини олишда имом-хатибларга билдирилган ишончни оқлаш мақсадида бугунги кунда ушбу иллатга қарши курашиш борасида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ курашилмоқда. Жойларда аҳоли орасига кириб, уйма-уй юрган ҳолда муаммони барвақт аниқлаш, иллат бўлиб газак олмасидан бартараф этиш бўйича қатор ишлар амалга ошириб келиняпти.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, ўринбосарлар, вакиллик ходимлари ва имом-хатиблар жойлардаги масъуллар билан биргаликда, айнан, ижтимоий оғир аҳволдаги, нотинч, турли муаммолар исканжасида қолган оилаларни аниқлаб, улар билан ўрганиш ишларини олиб бормоқдалар. Ҳар бир имом-хатиб масжид ҳудудидаги маҳаллалар раислари билан биргаликда бу борада махсус режалар ишлаб чиқмоқда. Ўтган ҳафта давомида 100 дан зиёд хонадонларга кириб, аксариятининг ижобий ҳал этилишига эришилди.
Ўрганишлар натижасида мерос масаласида келиша олмаётган туғишганлар, эр-хотин, қайнона-келин, қўни-қўшнилар орасидаги можаролар ислоҳ этиб бориляпти. Тайинли иши йўқ, ичкиликка рўжу қўйган, жиноят қилиш эҳтимоли борларга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ўз жонига қасд қилишга урунганлар билан суҳбат асносида уларнинг руҳий кечинмалари, қалб изтироблари тингланиб, ушбу жирканч ишга ундаган сабаблар ахтариляпти. Руҳий-маънавий озуқа бериш орқали иродасини мустаҳкамлаб олишига кўмаклашиляпти.
Таъкидлаш лозимки, уйма-уй юрган ҳолда олиб борилаётган ўрганиш ишлари ижобий натижа бермоқда ва талай муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
“Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган шиор бош мақсадимизга айланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакиллиги
Конституция қабул қилинганининг 25 йиллик байрами муносабати билан ўтказилган тадбир (видео)
Қадимий масжидда янги технологиялар ўрнатилади
Мумбай шаҳрининг жанубида жойлашган масжидга қуёшдан электр энергияси олувчи технологиялар ўрнатилгани маълум қилинди. Ушбу ускуналар масжиднинг электр энергиясига бўлган 67 фоиз эҳтиёжини қондиради.
Калбадеви жоме масжиди қуёш панелларини ўрнатган Мумбайдаги учинчи масжид экани айтилмоқда. Минора масжиди ва Закариё масжидларида қуёш панеллари аввалроқ ўрнатилган эди.
Масжидларда қуёш энергиясидан фойдаланиш карбонат ангидриднинг ҳавога кўп миқдорда чиқарилишининг олдини олади. Биргина Мумбайдаги масжидда қуёш энергиясига ўтилиши йилига 35 тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олдини олади.
Ушбу турдаги технологияларнинг ўрнатилиши масжидлар учун электр энергияси сарфини камайтиришда ёрдам бериб, Мумбайдаги уч масжид ўзларининг энергияга бўлган ҳаражатларини 70 фоизга (60 минг рупиядан 20 минг рупияга) камайишига олиб келди.
Қуёш панеллари масжиднинг том қисмига ўрнатилиб, унинг чироқлари, лифтлари ва кондиционерлардаги электрга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда.
Ҳиндистон ҳукумати масжидлар нафақат шаҳар иқтисодиётига, балки мамлакатдаги экологик вазиятга ҳам улкан фойда келтирадиган ишни биринчилардан бўлиб бошлаганини юқори баҳолаган.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.