Сийрат ва ислом тарихи

Муҳаммад расулуллоҳ (с.а.в) – буюк намуна

“Биз Сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик ..” деган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин, “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман” деб марҳамат қилган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га батамом саловоту саломлар бўлсин, У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир устун олдида хутба ўқир эдилар. Кейин саҳобалар у Зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га минбар қуриб беришди. Шунда ҳалиги устун Аллоҳнинг расули унинг олдидан кетганлари учун ўкирган овозда йиғлади. Сўнг Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб, ҳалиги устунни силаб юпатдилар. Шундан кейин устун тинчланди».

Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ушбу ривоятни сўзлар эканлар, қавмга қарата: «Шу ёғоччалик бўлмасангиз-а, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни шу ёғоччалик яхши кўрмасангиз-а», деган эдилар.

Дарҳақиқат, севикли пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у Зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир..”, - деб таъкидлайди.

Демак, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни чин дилдан севиш, у зотга ҳақиқий уммат бўлишга ҳаракат қилиш Аллоҳ таоло муҳаббатига, гуноҳларни мағфират қилинишига олиб келар экан. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у Зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У Зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига:

«Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деб дуо қилганлар. (Термизий ривояти)

МУҲАММАД РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАССАЛАМ – БУЮК НАМУНА

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон қилганлар: “Сен: “Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Менга, шубхасиз, илоҳингиз битта “илоҳ” экани ваҳий қилинди. Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига шерик қилмасин”, дегин..”.

Яъни, Расулуллоҳ алайҳиссалом биз каби сифатларга эга инсондир, лекин бу улуғликда ҳам биз билан баробар дегани эмас. Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳ алайҳиссалом каби гўзал хулқли бошқа инсон яратмаган!

Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма яхши хислат ва сифатларни ўзларида жамлаган ягона шахсдир. Тарихда ўтган ҳар қандай машҳур шахснинг одамлардан яширадиган, ўзи ёки оиласи шаънига доғ туширадиган гуноҳлари ва ёмонликлари бўлган. Муҳаммад алайҳиссалом эса ўз ҳаётларини сир сақламасдан барча одамларга намуна сифатида ошкора баён қилиб қолдирган ягона Зотдир.

Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг саҳобаларига содир бўладиган иш ва сўзларни оқизмай-томизмай бошқаларга етказишни буюрганлар, тинчлик, уруш, ғазаб, рағбат ва касаллик чоғларидаги ҳолатларни ҳам беркитмасдан ҳаммага етказишни амр қилган ягона шахсдир.

Онамиз Оиша (р.а.) оиладаги ҳолат ва ҳодисаларни Муҳаммад алайҳиссаломнинг изнлари ила бошқа саҳобийларга ибрат ва ўргатиш мақсадида ошкор айтар эдилар. Чунки, у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир қилган ишлари, айтган сўзлари шариат ва дин эди.

Буюк намуна шахсий хулқларнинг гўзаллиги, улуғ ишлар ёки келажак авлод учун қолдирган улкан унутилмас мерослар билан ўлчанади. Тарихда ўтган улуғларда шулардан бири мавжуд бўлиши мумкин. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссаломда бу фазилатларнинг ҳаммаси мавжуд. Ўтмишдаги улуғлар фақат биргина ўз қавми ва халқи учун фойда келтиришган бўлишса, Расулуллоҳ алайҳиссалом бутун оламларга раҳмат бўлиб келган Зотдир. Тарихдан машҳур раҳнамолар, йўлбоши ва саркардалар ирод этган маъруза ва берган тавсияларининг ҳаммасига ҳам ўзлари амал қилган деб бўлмайди. Қалбида ўйлаган ниятлари сўзларига тўлиғича келмаган. Улар одамларни ёмонликлардан тийилишга чорлаган, лекин хилватда, рағбати кучайганда, ғазаби келганда ёки эҳтиёж сезганда ўзлари айтганига амал қилишмаган. Шу боис халқ ҳузурида қилган маърузалари таъсири узоққа бормаган. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссалом мактаблар ташкил этиб, соатлаб маъруза қилмаган бўлсалар-да, қалбларни забт эта олганлар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом зарур бўлганда уйда, масжидда, йўлда ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар. У зот нафақат сўзлари, балки амаллари билан ҳам ўзгаларга буюк намуна бўлганлар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хулқлари Қуръон бўлган. Биз бу гапни кўп эшитамиз-у, лекин маъносини чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қилган ҳар бир ишлари, айтган ҳар бир сўзлари ва хулқлари Ўзлари тиловат қилаётган оятлар, инсонларга етказаётган маърузалар, мажлислардаги ваъз-насиҳатларга мос демакдир.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдинги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетар эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг оёқлари шишиб кетганини кўрган саҳобалар: "Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?" дейишганда, у Зоти муборак: "Мен шукр қилгувчи бандалардан бўлмайманми?" дея жавоб берганлар.

Тарихда таниқли ва аслзода шахслар жиноят содир этишса, кам ҳолларда уларга нисбатан жазо қўлланилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида ҳам ҳудди шундай воқеа содир бўлди. Қурайшнинг энг обрўли Бану Махзум қабиласидан бир қиз ўғрилик қилди. Ўғрилик содир этилгач, кўпчилик “Расулуллоҳ алайҳиссалом кечиримли Зот, уни авф этадилар, қолаверса, бу қиз обрўли оиладан, ҳеч бўлмаганда бошқа енгилроқ жазо қўлланса керак”, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ алайҳиссалом буни эшитиб, “Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган”, деб таъкидладилар. Сўнг тарих мислини кўрмаган ва фақат Ислом динига хос бир ҳадисни айтдилар: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман!”. Ҳа, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хоҳиш-истаглари ва ҳаёт-мамотлари Аллоҳдан тушаётган ваҳий билан боғлиқ эди. Бу ваҳийга қарама-қарши бўлган йўл У зот учун бегона йўл ҳисобланар эди.

Қурайшликлар Расулуллоҳ алайҳиссаломга катта бойлик ва подшоҳлик ваъда қилишиб, эвазига Исломни ёйишдан воз кечишни сўрашганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам Аллоҳнинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман”, дедилар.

Тасаввур қилинг, бир одам сизга энг яқин кишининг жонига қасд қилди. Сўнг ёнингизга келиб, афв тилади. Сиз унинг айбидан кўз юма оласизми?! Чеккан азобларингизни унутиб, уни кечира оласизми?! Расулуллоҳ алайҳиссалом эса амакилари Ҳамза (р.а.)нинг қотили Ваҳший (р.а.) Исломни қабул қилгач, уни афв этганлар.

Макка аҳли Расулуллоҳ алайҳиссаломни саҳобаларидан жудо этиб, юрган йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турган ҳолатларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ алайҳиссалом бу мусибатларга сабр қилиб, уларнинг ҳаққига дуолар қилдилар. Аллоҳнинг нусрати ила Макка фатҳ этилганида маккалик мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаган ҳолларида Расулуллоҳ алайҳиссалом томонларидан берилажак ҳукмни кутиб туришарди. Чунки улар қилмишлари кечирилмаслигини, ўлимга маҳкум эканликларини ва шунга лойиқ қанчалик жирканч иш қилганларини билишар эди. Шундай бўлса-да, бу мушриклар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳусни хулқлари ҳақида бир-бирига сўзлаб, кечирилишларига умид боғлашарди. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмаган бошқа йўлни танладилар, бу ҳукмни ҳеч ким кутмаганлиги ҳам рост эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга қараб: “Кетаверинглар, сизлар озодсизлар”, деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўғри сўзликлари ва омонатдорликлари ҳам буюк намуна. Бу Зот алайҳиссаломнинг омонатдорликларини эсланг! Ҳатто кофирнинг омонатига ҳам хиёнат қилмадилар! Қурайшликлар Расулуллоҳ алайҳиссаломлан бошқа ишончли омонатдор инсон топа олишмаган.  Тасаввур қилаяпсиз-ми?, бир-бирига қарама-қарши икки тараф, ўртада жанг кетаётганига қарамай, мушриклар Расулуллоҳ алайҳиссаломга ўз моллари ва пулларини ишониб топширганлар.

Расули Акрам алайҳиссалом сарвари коинот бўлишларига қарамай, саҳобалари билан бирга ишлар, яшаш тарзлари уларникидан фарқ қилмас эди, мажлисга борганларида қаерда бўш жой бўлса, шу ерга ўтирар эдилар, ҳатто келган одам: “Қайси бирингиз Муҳаммад алайҳиссаломсиз?”, деб сўрарди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом фақирона ҳаёт кечирдилар, фақирликлари ожизликларидан эмас, балки бойликка ружу қўймаганликларидан эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак ҳужраларининг узунлиги йигирма беш қулочдан ошмаган. Оиша (р.а.) онамиз билан истиқомат қилган ҳужралари бир хонали бўлиб, гуваладан тикланган эди. Ҳужранинг торлигидан Расулуллоҳ алайҳиссалом намоз ўқиганларида Оиша (р.а.) онамиз ухлай олмас эдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом сажда қилганларида Оиша (р.а.) онамиз оёқларини йиғиштириб олардилар. Уйда ойлаб қозон осилмас, кўпинча оила таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи солинган чарм тўшакда ётардилар. Ҳафса (р.а.) онамиз шундай ҳикоя қиладилар: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўшаклари биттагина палос эди, уни икки буклаб солиб берардик. Бир куни палосни тўр буклаб солиб берган эдик, эртасига у Зот палосни неча қават қилиб тўшаганимизни сўрадилар, биз тўрт буклаб солганимизни айтганимизда, бундан кейин икки қават қилиб солинглар, бугун ўриннинг юмшоқлиги мени намоздан қўйди, деганлар.

Сизнинг хизматларингизни, фазилатларингизни ёзиб, васф этиб тугатишнинг имкони йўқ. Бугунгача дунёдаги бирор машҳур шахснинг ҳасби ҳоли Сизникичалик кўп ва кенг ўрганилмаган, бу Сиз келтирган илоҳий рисолат ҳақлигига, Сиз келтирган дин Аллоҳ наздида мақбул, бутун инсониятга таклиф этилган охирги таълимот эканига ёрқин далилдир.

Огоҳ бўлинг! Албатта, мен сиздан аввал боргувчиман, сизлар ҳам менга етиб оласиз.

Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз – ҳавзи Кавсардир.....

Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин». (Аллоҳ таоло барчаларимизни Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга қилсин)

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Даврон Нурмуҳаммад

 Тошкент Ислом университети талабаси

Read 7435 times
Top