Сийрат ва ислом тарихи

Шер йўл кўрсатган саҳоба

Биз улуғ зотлардан: «Худодан қўрқсанг, шер ҳам сендан қўрқади», деган сўзни кўп эшитганмиз. Қуйида шу сўз ўз тасдиғини топган бир воқеа ва унинг муаллифи билан танишиб чиқамиз.

Сафина розияллоҳу анҳунинг исмлари Меҳрон ибн Мофина бўлиб кунялари Абу Абдурраҳмон бўлган. Асли форс бўлганлар. У киши Умму Салама розияллоҳу анҳонинг қули бўлган. Умму Салама ҳаётининг охиригача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиш шарти билан уни озод қилган. Бу буюк саҳоба ҳаётларининг охиригача ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилганлар. Ва пайғамбаримизнинг мавлоларига айланганлар. Шунинг учун тарих китобларида у кишини «Сафина мавла расулиллаҳ яъни пайғамбар озод қилган Сафина», деб зикр қилинган.

У кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари сафина(яъни кема), деб номлаганлар. Бу ҳақида Сафина розияллоҳу анҳунинг ўзлари: «Сафарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бир водийга бориб тўхтадик. Мен сафардаги бир неча кишининг юкини кўтариб олган эдим. Агар ўша куни менга етти туяга юк бўладиган оғирликни ортганларида ҳам, ҳеч қанақа қийинчиликсиз кўтарган бўлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб: «Сен Сафинасан», дедилар», деган. (Ҳайтамий ва Аҳмад ривояти)

У киши ўн тўртта ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан икки ўғиллари Умар ва Абдурраҳмон, Ҳасан Басрий, Саид ибн Жамҳон, Муҳаммад ибн Мункадар ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. У кишидан ривоят қилинган ҳадислар Имом Муслим, Термизий ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимларнинг китобларида келтирилган.

У киши билан содир бўлган ғароиб нарсалардан бирини ўзлари қуйидагича ривоят қилганлар: «Денгизда сузиб кетаётган эдик. Тўфон натижасида кемамиз синди. Кема парчаларидан қолган ёғочга осилиб, бир оролга сузиб келдим. бу оролда шерлар жуда кўп экан. Тўсатдан катта шерга рўпарў келдим. Шер манга ҳамла қилмоқчи бўлди. Мен унга: «Мен Сафина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўламан. Йўлда адашиб қолдик», дедим. Ҳалиги шер бошини силкитиб елкаси билан мани туртди ва олдимга тушиб йўл кўрсатди. Бу оролдан чиқиб кетадиган йўлнинг бошига мани келтириб ўзи худди мен билан хайрлашгандай, орқага қайтди». (Баззор ва Табароний ривояти)

Юқоридаги ҳодиса Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик замонларида бўлган.

У киши Ироқда Ҳажжож ибн Юсуф даврида етмишинчи ҳижрий санадан кейин фавот этганлар.

 

Нурмуҳаммедова Васила

Read 7839 times
Top