Сийрат ва ислом тарихи

Уҳуд тоғи билан боғлиқ маълумотлар

Уҳуд тоғи Мадинанинг шимолий тарафида жойлашган муборак бир тоғдир. Тоғнинг узунлиги 7 километр, кенглиги 2-3 километр, баландлиги эса 350 метрга яқин. Тоғ Мадинаи Мунавварадан тахминан 4-5 километр узоқликда жойлашган. Уҳуд тоғида бир неча ғор ва даралар мавжуд бўлиб, баъзи ғорларнинг баландлиги бир ярим метрни, узунлиги эса ўн метрни ташкил этади.

Ушбу тоғ ва унинг атрофида кўплаб тарихий воқеалар бўлиб ўтган. Ана шулардан бири Уҳуд ғазотидир. Бу ғазот Бадр ғазотидан кейин, ҳижрий 3-йилда, мусулмонлар билан Қурайш қабиласи ўртасида бўлиб ўтган. Ушбу жангда минг нафар мусулмонлар уч минг сонли Қурайш қўшинига қарши курашдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни камончиларга тепаликдан тушмасликни, ўша ерда собит туришни тайинладилар. Бу тепалик ҳозир Уҳуд тоғи ёнида жойлашган бўлиб, “Жабалур румот” (Камончилар тоғи, тепалиги) деб аталади. Ўша ерда турган камончилар жанг тугади, ўлжалардан қолиб кетмайлик деган ўй билан пастга тушадилар. Тепаликда кам сонли кишилар қолишади. Бундан фойдаланган Қурайш иттифоқчилари тепаликнинг орқа тарафидан ўтиб, мусулмонларга ҳамла қилади. Олдинда Қурайш қўшини, ортда эса уларнинг иттифоқчилари мусулмонларни қуршаб оладилар. Ана шунда мағлубият юзага келади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

أَوَلَمَّا أَصَابَتْكُم مُّصِيبَةٌ قَدْ أَصَبْتُم مِّثْلَيْهَا قُلْتُمْ أَنَّى هَـذَا قُلْ هُوَ مِنْ عِندِ أَنْفُسِكُمْ إِنَّ اللّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Сен: “Сизга мусибат етган пайтда, ҳолбуки ўзингиз ҳам икки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзингизнинг ҳузурингиздан!” деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир”. (Яъни, ўзингиз сусткашлик қилдингиз, заифлашдингиз, ўзингиз Аллоҳнинг шартини буздингиз, ўзингиз Пайғамбарнинг амрига хилоф қилдингиз, энди келиб, “Бу қаердан?” дейсизми?! Билиб қўйинг, бу мусибатни ўзингиз ўзингизга чақириб олдингиз.) (Оли Имрон сураси, 165-оят).

Ҳа, ушбу мағлубият Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилган камончилар сабабидан бўлган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр қилинган Уҳуд тоғидаги даралардан бирида душмандан ҳимояланиб, яширинган эканлар. Кўплаб саҳобалар мағлубиятдан саросимага тушиб, қочиб кетадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида саноқли саҳобалар у зотни пана қилиб, ўз таналари билан ул зотни ҳимоя қилиб туришган. Шу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга “От, эй Саъд, от, ота-онам сенга фидо бўлсин!” деган эканлар.

Бу ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари ёрилди, тишлари синди, юзларига совутнинг ҳалқаси санчилиб, ой юзларидан қон оқиб тушди. Шунингдек, Уҳуд ғазотида етмишта саҳобалар шаҳид бўлишди. Уларнинг саййиди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу эдилар.

Жангдан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга шаҳидларни дафн қилишни амр этдилар. Улар ўша майдонга дафн этилдилар. Орадан 14 аср ўтиб, шу кунимизгача ушбу мақбара Уҳуд тоғи этагида мавжуддир. Ҳаж ва Умрага борган ҳожиларимиз барча муборак маконлар қаторида Уҳуд тоғини ва етмишта шаҳид саҳобаларни ўз бағрига олган “Шаҳидлар мақбараси”ни ҳам зиёрат қилиб, Қуръон ўқиб, дуои фотиҳа қиладилар.

Уҳуд тоғи яқинида “Фасҳ” ёки “Уҳуд” деб номланган масжид бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти куни ўша масжидда намоз ўқиган эканлар.

Ушбу жангда Умму Амора Насийба бинт Каъб, Абу Дужона, Ҳанзала, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Мусъаб ибн Умайр, Абдуллоҳ ибн Жаҳш, Амр ибн Жамуҳ каби саҳобалар ўзларининг фидокорликларини кўрсатдилар.

Уҳуд тоғининг фазилатлари

حَدَّثَنِي مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ ، حَدَّثَنَا يَحْيَى ، عَنْ سَعِيدٍ ، عَنْ قَتَادَةَ ، أَنَّ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، حَدَّثَهُمْ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَعِدَ أُحُدًا ، وَأَبُو بَكْرٍ ، وَعُمَرُ ، وَعُثْمَانُ فَرَجَفَ بِهِمْ ، فَقَالَ : اثْبُتْ أُحُدُ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ نَبِيٌّ ، وَصِدِّيقٌ ، وَشَهِيدَانِ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд (тоғи)га кўтарилдилар. У зот билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Тоғ уларни титратди. Шунда у зот оёқлари билан бир уриб, “Собит тур, эй Уҳуд! Сенинг устингда Набий, Сиддиқ ва икки шаҳид турибди” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.

Аллоҳ таоло тоққа сезиш, яхши кўриш хусусиятини ато қилган. Уҳуд тоғи ўзининг устига чиққан зотларнинг кимлар эканини яхши биларди. Шунинг учун севинчдан, ҳайбатдан титраб кетди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Уҳуд тоғидир. У бизни яхши кўради ва биз ҳам уни яхши кўрамиз” деганлар.

Уҳуд тоғи ўхшатилган ўринлар

Зирр ибн Ҳубайш ривоят қилишича, Ибн Масъуд арок (дарахти)дан мисвок олар эди. Унинг болдири шунчалик ингичкалигидан шамол учириб юборгудек бўларди. Қавм унинг устидан кулди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нимадан куляпсизлар?!” дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, унинг болдирлари ингичкалигидан куляпмиз”, дейишди. Шунда у зот: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, унинг икки (болдири) Мезонда Уҳуд (тоғи)дан ҳам оғирроқдир!” дедилар (Аҳмад “Муснад”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Табароний “Кабийр”да, Абу Яъло ва Таёлисийлар ўз “Муснад”ларида ривоят қилишган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг жуссаси жуда кичкина бўлган. Ҳатто арокдек кичкина ва одамни кўтара олмайдиган дарахтларга ҳам бемалол чиқиб кетаверган. Бу ҳақида Абдуллоҳнинг ўзи шундай ривоят қилади: “Мисвок олиш учун арок дарахтига чиқдим. Шунчалик енгил эканимдан биродарларим ҳайрон бўлишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега ажабланяпсизлар? Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қиёмат кунида Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади!” дедилар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Дўзахдаги кофирнинг озиқ тиши Уҳуд тоғичалик катта, терисининг қалинлиги эса уч кунлик йўл қадар бўлади” (Муслим: 17/186, Термизий: 4/104 ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», – деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари собит бўлган: “Кимда-ким мусулмон кишининг жанозасига иймон ва ажр умидида эргашса ва то унга намоз ўқилиб, дафн қилинишдан фориғ бўлгунча бирга бўлса, батаҳқиқ, икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд (тоғи) мисличаликдир. Кимда-ким унга намоз ўқиса сўнг дафн қилинишдан олдин қайтиб келса, батаҳқиқ, бир қийрот билан қайтади”. (Бухорий (47), Муслим (945)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким жанозага намоз ўқилгунча ҳозир бўлса, унга бир қийрот савоб, ким дафн қилингунча ҳозир бўлса, унга икки қийрот савоб», дедилар.

«Икки қийрот нимадир?» дейилди.

«Икки улкан тоққа ўхшаш нарса», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Икковларидан кичиги Уҳудга ўхшаш», дейилган.

Аллоҳ таоло барчамизни Ҳаж, Умра ибодатларига қайта-қайта мушарраф этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 13129 times
Top