Сийрат ва ислом тарихи

Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён

Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Софийя бинти Абул Осс ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўттиз беш йил олдин (мелодий олти юз саксон тўққизинчи йили) Маккаи мукаррамада туғилганлар.

У Қурайш қабиласининг сардори, Макка шаҳрининг бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани (кейинчалик исломни қабул қилиб саҳоба бўлган), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам энг катта ғанимларидан бўлган Абу Суфённинг қизи эди. Унинг қавми Бани Абди Шамснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми Бани Ҳошимга адовати кучли эди. Бу қавм Ислом даъватига ҳамда даъват соҳибига доимо тўсқинлик қилар эди. Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Парвардигори томонидан олиб келган бу муборак Ислом даъватини тўсишга бор кучи, имконияти билан қаршилик қилди-ю, лекин бу уринишида муваффақиятга эришмай, ҳасрату надомат ила умидини узди. Бу вақтда Макка аҳлидан кўпгина кишилар ва аёллар Исломни қабул қилишган, ҳаттоки Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳам Ислом ҳидоятини топган эди. У ўз отасидан қўрқиб, бу азиз динини сақлаш учун эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга кетган эди.

Ҳабашистонда Аллоҳ таоло унинг эрини залолатга мубтало қилиб, у (баъзи ривоятга кўра) Ислом динидан чиқиб, насроний динини қабул қилди. Буни билган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дархол ўз эридан воз кечди. Аёл эрининг турли йўллар ила яна қайта ярашишга қилган ҳаракатларини рад қилиб, ўз дини бўлмиш Исломда собит, мустаҳкам турди. Ўзи ёлғиз қолгач, у бегона юрт Ҳабашистонда кўпгина қийинчилик, кўрқинчларга дучор бўлди. Барча қийинчилик, оғир шароитларга сабру матонат ила чидади. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Қурайшнинг сардори, каттаси ва ботири ҳисобланган отасининг таъқибидан ва шунингдек, одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қайтариб, доим унга қарши гиж-гижловчи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ашаддий душмани бўлган онаси Ҳинднинг ғазабидан қўрқувда эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо, шунингдек, ўз қавми ва қариндошлари нафратидан ва уларга кулги бўлишдан ҳам қўрқар эди. Чунки арабларда душмани унинг бахтсизлигидан кулиши энг катта ор ҳисобланарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳони ўзларига жуфти ҳалол қилиб олишга ёрдамини сўрадилар. Нажоший бу хушхабарни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога етказганида, у хурсандлигидан кўкка учаёзди. Кўнгли кўтарилиб, дарз кетган қалби яралари тузалди. Уни шодлик қамраб олди. Унинг қанчалик хурсанд бўлгани Аллоҳ таологагина аён эди.

Нажоший Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога иззат-икром кўрсатиб, унга кўп меҳрибонлик ва яхшиликлар қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр қилиб тўрт юз динор ва бошқа нафис ҳадялар тақдим этди. Ва уни Шураҳбил ибн Ҳасна билан биргаликда иззат-икромини жойига қўйиб, Мадинаи Мунавварага — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кузатиб қўйди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Мадинаи Мунавварага келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Ҳижратнинг олтинчи ёки етгинчи санасида эри вафот этганидан сўнг уйландилар. Ўша вақтда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ёшлари ўттиз олтида эди.

Бу муборак турмушнинг никоҳини ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар.

Аллоҳ таоло Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо туфайли қуйдаги оятни нозил қилган:

عَسَى اللَّهُ أَنْ يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُمْ مِنْهُمْ مَوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ (бундай ишларга) қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир. (Мумтаҳанаҳ, 7-оят)

Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳо ҳижратнинг қирқ тўртинчи санасида (мелодий олти юз олтмиш тўртинчи йили) Мадинаи мунавварада вафот этдилар. Бақеъ қабиристонига дафн этилдилар.

Манбалар асосида

Тожиддинов Абдуссомад

Абдулбосит ўғли тайёрлади

Read 8071 times
Tagged under
Top