Сийрат ва ислом тарихи

Алқама ибн Қайс

Алқама раҳматуллоҳи алайҳининг тўлиқ исми: Абу Шибл Алқама ибн Қайс Ибн Абдуллоҳ ибн Молик Нахаий Куфийдир. У зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида еттинчи асрда туғилган. Шу билан бирга у зотга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлик насиб қилмаган.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳи муҳаддис, муфассир, Кўфанинг фақиҳи, олими ва қориси эди. У зот Ироқнинг Кўфа шаҳрида истиқомат қилар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд бўлиб, у зотни маҳкам устоз тутади. Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан кейин имоматчиликка ва фатво беришликка энг муносиб номзод эдилар. Ҳатто баъзи саҳобалар У зотдан фатво сўрашар эди.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳи қуйдаги саҳобалардан ҳадис ривоят қилганлар:

  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
  • Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу
  • Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу
  • Салмон Форсий розияллоҳу анҳу
  • Абу Дардо розияллоҳу анҳу
  • Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу
  • Ҳузайфа ибн Яамон розияллоҳу анҳу
  • Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳу
  • Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳу
  • Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу
  • Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу
  • Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу
  • Абу Мусо розияллоҳу анҳу
  • Маъқал ибн Синон розияллоҳу анҳу
  • Салама ибн Язид Жўъфий розияллоҳу анҳу
  • Шурайҳ ибн Артот розияллоҳу анҳу
  • Қайс ибн Марвон розияллоҳу анҳу ва бошқа бир қанча саҳобалар.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳидан қуйдаги тобиъинлар ҳадис ривоят қилганлар:

  • Абу Воил роҳимаҳуллоҳ
  • Шаъбий роҳимаҳуллоҳ
  • Убайд ибн Нузайла роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Муҳаммад ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Зуҳо Муслим ибн Субайҳ роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим ибн Сувайд Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Зибён Ҳусайн ибн Жундуб Жанбий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Маъмар Абдуллоҳ ибн Сахбароҳ роҳимаҳуллоҳ
  • Салама ибн Куҳайл роҳимаҳуллоҳ
  • Абдур Раҳмон ибн Язид роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Исҳоқ Субайъий роҳимаҳуллоҳ
  • Аммора ибн Умайр роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Қайс абдур Раҳмон ибн Сарвон Авдий роҳимаҳуллоҳ
  • Абдур Раҳмон ибн Авсажа роҳимаҳуллоҳ
  • Қосим ибн Мухаймара роҳимаҳуллоҳ
  • Қайс ибн Румий роҳимаҳуллоҳ
  • Мурратут тийб роҳимаҳуллоҳ
  • Ҳунай ибн Нувайра роҳимаҳуллоҳ
  • Яҳё ибн Васааб роҳимаҳуллоҳ
  • Язид ибн Авс роҳимаҳуллоҳ
  • Язид ибн Муъовия Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Риқод Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Мусайяб ибн Рофиъ роҳимаҳуллоҳ ва бошқалар.

Имом Заҳабий у зотни: “Имом, Ҳофиз ва Улуғ мужтаҳид” эди деб сифатлайди.

Устозлари:

  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
  • Муҳаммад ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча саҳоба ва тобиъинлар.

Усмон ибн Саид роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ибн Маъундан “Сенга Алқама  яхшироқми, ёки Убайда?”-деб сўрадим. У икковидан бирини ҳам  афзал демади. Мен: Иккови ҳам энг ишончли ровий, бироқ Алқама Абдуллоҳнинг шогирдлари орасида олимроқ” дедим.

Абул–Мусанно роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар сен Алқамани кўрган бўлсанг, Абдуллоҳни кўрмаганинг зарар қилмайди, чунки, Алқама қиёфада ҳам, илмда ҳам  Ибн Масъуднинг ўзгинасидир”.

Абдураҳмон ибн Язид роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен нимани  ўқисам ва нимани билсам, Алқама ҳам шуни ўқиган ва шуни билган бўларди”.

Алқама ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ “олти саҳиҳ” муаллифлари ҳузурларида тан олинган, ишончли ровийлардан эдилар.

Алқама ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ Язид ибн Муъовия роҳимаҳуллоҳнинг халифалик замонида ҳижрий 62 санада, туқсон ёшларида вафот этганлар.

Манбалар асосида

Абдус Сомад Абдул Босит тайёрлади

Read 8390 times
Tagged under
Top