Сийрат ва ислом тарихи

Бир изланувчининг ҳикояси 

Абу Абдуллоҳ Салмон ал-Форсий (? - 658) – саҳоба; Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан. Асли исфаҳонлик. Ёшлигидан фитратида Ҳаққа интилиш бўлгани туфайли ҳақ динни қидириб сафарга чиққан. Мажусий динидаги отасидан қочган. Дастлаб насроний динига кирган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг хабарини эшитганидан сўнг у зотнинг ҳузурларига келиб ислом динини қабул қилган. Ироқ ҳокими бўлган кезларда ҳам бўйра тўқиб сотиб, ўз меҳнати эвазига тирикчилик ўтказган; маошини муҳтожларга садақа этган. Расули Акрам (сав)дан кўплаб ҳадислар ривоят қилган.

Салмон ФОРСИЙ

Қўлга киритган ҳурлигим татимаётган, шу қадар фараҳбахш туйғудан сармаст бўла олмаётган эдим. Чунки ҳали мен каби мингларча мазлумлар энг оғир шароитларда ҳаёт кечириб, золимларнинг зулми остида эзилаётган эди. Бу ҳолни фиръавинлар зулмига учраган Мусонинг асҳобига менгзаш мумкин эди.  

Эй азиз! Ичимдаги бу зимистон дунё қачон ёришади? Инсонлар фақат қора танли бўлгани учун, фақир ҳолда туғилгани учун саройларда қул сифатида сотилаётир? Мен Салмон ҳеч қачон бундай адолатсиз дунёда ўзимни озод инсондек ҳис эта олмайман. Келиб чиқишим ва танимнинг ранги уларники каби бўлмаса ҳам ҳар доим мазлумларга ўзимни яқин ҳис этаман. Зеро, мен ўзимни аслзода билан ёнма-ён келганимда душман,  йўқсил билан дучма-дуч келганда бир дўст каби ҳис этаман. Шу боис ўзимни танитганимда ҳуррият оташи бир куни баданимни куйдиришини сўзлар, ўзимни ҳақиқат истаган бир қул ўлароқ таъриф этар эдим. Бу ҳисларим мени янги бир изланишга етаклади.  Негаки, бунчалар чиркин дунёда юз бераётган ноҳақликларга асло томошабин бўлиб тура олмас эдим.

Менга ўхшаган қуллар ҳар куни ҳисобсиз, савол-сўроқсиз, сабабсиз, улкан ибодатхоналар, обидаларда, саройлар қурилишида оғир тошлари остида эзилиб, қонлар ичида жон бермоқда. Қоринни туйдириш илинжида қиролларнинг, императорларнинг хизматига кирмоқ ва уларга итоат этмоқ қандай бўлади-да, инонганим элчининг, сиғинганим тангрининг менинг тақдиримга бахш этгани бир ҳақиқат қандай? Йўқ! Бу кўргуликларим ва барча биродарларим торган азоблар (Тангрилар) бизга бахш этган тақдир бўлиши мумкин эмас. Булар тўйиш нималигини билмайдиган бойларнинг чегарасиз истакларини таъмин этмоқ учун ўйлаб топган уйдирмаларидир. Ҳеч бир тангри ўзи яратган ва тақдирини белгилаган бандасини бу қадар шафқатсиз ҳаёт ичида синамайди. Ёки мен ишонган тангри ўз оташи билан фақат бойларни азиз биладими? Мабодо, олови ўчиб қолса, ўзига бир фойда келтира оладими? Буни ўзи ҳам билмайди! Ахир мен дунёга ҳурлигимни йўқотиб, қуллик кишанлари остида, оғир тошлар яра-чақа қилиб юборган мажруҳ бир танани кўтариб юрмоқ учун келмадим-ку!

Чўллардан ошдим, саройлардан қутулдим, қуллик, ҳорғинлик, азият, шувиллаган қамчилар зарби, оёққа урилган занжирлар, ваҳшиёна бақиришлар, кўз ёшлари, бераҳмлик... булар менинг озодлигимга дахл қила олмайди. Эркинлигим узоқ диёрларда, отини ўзим ҳам билмайдиган бир маконда. Қайда бўлсам ҳам худди туғилган вақтимдаги каби ҳурлигимни яна топаман. Ичимдаги озодлик учқунлари ёлқинланиб, катта бир вулқон ҳолига келмоғи учун бир оташ истадим. Довуллари қайнаган бу озодлик орзуси танамда кундан кунга ёлқинланиб бораётган эди. Кўзларимни очганим заҳоти узун бир йўл кўрар эдим. Валлоҳи, тоғли, дарали, бепоён ва узундан узун йўл. Бу йўлни очмоққа зўр эҳтиёжим бор эди. Аммо дардларимни, изтиробларимни, хаёлларимни баҳам кўрадиган асомдан бошқа кимсам йўқ эди.

Келдим ва уни топдим гўёки. Бу диёрлар менга етиша олмаган озодлигимни кўрсатгандек бўлди. Бир донишманд танишимдан (поп)  илм, ҳикоя, кичик тадқиқотлар, тарихни, ўқиш-ёзишни ўргандим. У: “Озодлик қўлдан кетиб, яна қул бўлиб қолишинг мумкин, бироқ билимни ҳеч ким сендан тортиб ола олмайди”, дерди. У икки тангрига сиғинмас, “Ё пулга ё Аллоҳга сиғинасан”, деган Исо алайҳиссаломнинг изидан борар эди. Унга ва Исога инондим ва итоат этдим. Ҳар бир инсоннинг тангриси бўлган буюк Мавлога қуллик идроким ила боғландим. Бу боғланиш менга йўқотган ҳурлигимни қабул этмаганим ибодатхоналардан, аслзодалардан тортиб олиб берган эди. Мен кимсасиз бир мусофир эдим ёки бир қул, аммо унинг дини буларнинг ҳеч бирини сабаб қилиб мени қуйида кўрсатмади.

Қўлга киритган ҳурлигим татимаётган, шу қадар фараҳбахш туйғудан сармаст бўла олмаётган эдим. Чунки ҳали мен каби мингларча мазлумлар энг оғир шароитларда ҳаёт кечириб, золимларнинг зулми остида эзилаётган эди. Бу ҳолни фиръавинлар зулмига учраган Мусонинг асҳобига менгзаш мумкин эди. Аммо мазлумлар ҳаққини ҳимоя қилиш учун ҳеч бир инсон ҳаракат қилмаётган эди. Аксинча, мен янги мансуб бўлган дин одамлари ўз динларига оид бўлмаганлар (атроф ўлкалар) билан ғавғога киришган эди. Муттасил фатҳ ҳаракатлари ва урушлар давом этарди. Инсонлар янада ваҳшийлашган ва Исонинг насиҳатларини унутар ҳолга келган эди.  

Ҳар ишга қодир бўлган тангрининг бизларга бахш этган тақдири фақат аччиқ азоблардан иборат бўлмоқда эди. Менга ҳуррият йўлини кўрсатган руҳоний ҳаётдан кўз юмган ва кучли изтироб ила мени ёлғиз ташлаб кетган эди. Унинг ўлими озодлигимнинг ниҳояси бўлди. Ожиз таним яна қул ўлароқ хизмат қилишга маҳкум этилди.

Руҳонийнинг ўлимидан сўнг бир мусофирнинг эмин-эркин юриши  аслзодаларнинг кўзига миллий қадриятларга ва насронийликка зид ҳаракат ўлароқ қабул этилди. Такрор қул бўлишим, оғир тошларни ташишим, қамчилар зарбини тортишим, азиятлар остида қолишим аён бўлиб қолди. Руҳимдаги ҳуррият оташидан унган новдаларни золимлар бурда-бурда қилди. Ҳамма нарсадан умидимни уздим. Чўл энди менга Эрондан Кисронинг қочганим каби узун кўринмас, бу ерларда бир вақтлардаги умидларимни ҳам кўрмас эдим. 

Муҳташам саройлар, ибодатхоналар, ҳавога бўй чўзган обидалар яна менинг устимдан, тўккан терларим ҳисобидан юксалаётган эди. Аммо поп менга ўргатган ўқиш ва ёзиш менга бирмунча енгиллик туғдирар эди. Поп менга: “Бу ҳудудларда араб бир пайғамбар келади, унинг динига кир ва унинг дининг ворисларидан бўл”, деган эди. Исми Мустафо эмиш.  У – Аллоҳ тарафидан ер юзига туширилган бир нур, ҳақиқатни билдирадиган, ботилни тақиқлайдиган, одобсизликка бўйин эгмасликни ўргатадиган йўлбошчидир. Ким бу пайғамбар? Нима учун поп менга ўзи ишонган Исони ва Тангрини қўйиб, бошқаси кўрсатган бир динга киришимни истаётир?..

Сўрадим, изладим ва тингладим. У Маккадаги Ҳошим ўғиллари қабиласига мансуб Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эмиш. У ҳали туғилмасиданоқ отасидан айрилган экан ва кичик ёшида онасининг ҳам ҳасартида қолибди. Шу кунларда Мадинага кўчиш учун тайёргарлик кўраётгани ҳақида эшитдим. Ҳар ким унинг ёлғондан қочиб ҳақиқатга, ботилдан қочиб ваҳдатга, зулмга тўсиқ бўлиб адолатни таъмин этмоққа жаҳд этган бир инсон эканини сўзлаётган эди. Бу ердаги қуллигимдан қочиб зудлик билан Муҳаммадни топмоқни истар эдим. Мўътабар элчининг бу йўлида унга йўлдошлик қилиб зулм сари кетган ҳар бир йўлга ғов бўлмоқни орзу этдим.

Қочдим ва Маккага келдим. Бу ерда ҳар киши у ҳақида сўзларди; бири унинг ҳеч қўрқмасдан бойлар ва мулк соҳибларини Аллоҳ йўлида таҳдид этганини, яна бири унинг оддий бир чўпон бўлганини ва оч кўринмаслик учун қорнига тош боғлаб юришини гапирар эди. Қулоқларимга ишонмадим. Ахир Мусо ҳам, Иброҳим ҳам чўпонлар орасидан танланган бир огоҳлантирувчи, ваҳдатни кўрсатувчи элчи эди. Каъбада доимий йиғилишларнинг бўлиб ўтаётгани, унинг ваъзларининг фақир ва мискинларни кучли исённинг эшигига келтириб қўйганини кўрсатар эди, Маккада унинг йўлларига минг турли тўсиқлар қўйилган бўлса-да, бу ерда жуда катта ўзгаришлар бўлиши сезилиб қолган эди. Мушриклар уни ёлғончи, сохтакор, оталарининг омонат қолдириб кетган муқаддас диннинг ашаддий душмани деб ҳисобламоқда эди. У эса тўхтамасдан ваъз этар, инсонларга йиллар давомида йўқотган ҳақиқатларини баён этмоқда эди.

Кеча танҳо эди. Зим-зиё қоронғуликда фақат чўл ҳашаротлари чиқарган овоздан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Каъбада мушриклар яна тўпланиб олиб у Расулни ғийбат қилаётган эди. Баҳслашув турли фикрлар билан кучайиб бораётган чоқда У пайдо бўлди ва мен уни илк даъфа кўрдим. Гапларини бошлаганда яна бир марта қулоқларимга ишонмадим. “Инсонларни эзмоқ учун қўлланаётган бу тангриларингиз нега сиздан бошқа қулларига ёрдамини қизғанмоқда. Бу тангрилар нега гуноҳсиз бўлган гўдакларнинг ўлимларини истамоқда. Муқаддас ҳисоблаганингиз ойларда йиғилган молларни тангрингиз учун харжлайсизми, йўқса, ўз манфаатларингиз учунми? Ўзи бу бутлар сиздан мулк истайдиган қадар ожизми? Ўзингиз йўниб ясаган бу ҳайкалчалардан нималарни умид қилмоқдасиз? Молу мулк Аллоҳ йўлида сарфлангунга қадар инсоннинг ичини ёқадиган бир қур олов бўлиб тураверади!” Кўзларимга ишона олмаётган эдим. Сўзларига ҳайрат этишними, хитобатини, гўзаллигиними?.. нима қилишни билмай анграйиб қолган эдим. У қўрқмасдан ёлғиз ҳолида ўзининг жонига қасд қилиш режасини тузаётган золимлар тўдасига кириб уларга тўғри йўлни кўрсатаётган эди.  

Пайғамбар бу сўзларни айтганидан сўнг мушриклар устига юраверди. Оломон уни аёвсизларча ура бошлади. У эса адл туриб сўзларини ҳеч эътироз билдира олмайдиган тарзда давом эттирар эди. Югуриб бориб ғавғога қўшилиб кетдим, Зулмга қарши менинг илк мужодалам ана шу эди. Мушриклар менинг ўртага кирганимни кўрганидан сўнг бизни Каъбадан суриб чиқарди. Ушбу буюк танишув ўша кеча бошланди. Йиллар давомида излаганим ҳақиқат, эркинлик, ҳуррият оташи илк марта тўғри узанга тушди. Унинг юзи қонаган эди, гўзаллигининг тимсоли бўлган кўзларини юзимга тикди:

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом, ё Расулуллоҳ! 

Ҳар иш шундай бошланди ва ҳар иш шундай ниҳоясига етди. 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

                                                                                                           

 

Read 6583 times
Top