Сийрат ва ислом тарихи

Фитрий хислатлар

Фитрий хислатлар бу- суннат, ё Пайғамбарларнинг суннатларидир. Уни биз Исломдаги поклик хислатларидан биридир, десак хато қилмаган бўламиз.

Фитрий хислатлар бу-шариъатга доир иш, ё суннат, ё Пайғамбарларнинг суннатлари[1]ва инсон табиатига хос аломатлар ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни мана шу фитрат билан яратди. Фитрат барча инсонга боғлиқ ҳодисадир. Фитрат Аллоҳ таоло мана шу сифатлар билан яратган нарсадир. Бу хислатлар нафақат уммати Муҳаммадийда, балки олдинги шариатларда ҳам бўлгандир. Соддароқ тарзда, мисол билан айтадиган бўлсак, инсон туғилганидан сўнг киндиги кесилиши сингари ҳолатларни келтириб ўтишимиз мумкин. Биз бу мавзуда фақатгина шаръий ва фитрий хислатлардан бири бўлган тирноқ олиш борасидаги сунннатга тўхталиб ўтмоқчимиз. Мазкур шаръий хислатлар эса ҳадиси муборакда келтириб ўтилган.

عن عائشة أم المؤمنين -رضي الله عنها- حيث قالت: قال رسول الله عليه الصّلاة والسّلام:

عشرٌ من الفِطرةِ: قصُّ الشَّاربِ، وإعفاءُ اللِّحيةِ، والسِّواكُ، واستنشاقُ الماءِ، وقصُّ الأظافر، وغسلُ البراجمِ، ونتفُ الإبطِ، وحلْقُ العانةِ، وانتقاصُ الماءِ. قال زكريَّاءُ: قال مصعبٌ: ونسيتُ العاشرةَ، إلَّا أن تكونَ المضمضةَ. زاد قُتيبةُ: قال وكيعٌ: انتقاصُ الماءِ يعني الاستنجاءَ


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтади: “Ўн нарса фитратдандир. Улар; мўйловни қисқартириш, соқолни тек қўйиш-тиғ текизмаслик[2], мисвок, бурунга сув тортиб қоқиш,тирноқ олиш, бармоқ ва бўғимлар орасини ҳилол қилиш, қўлтиқ ости тукини юлиш, қовсупачасидаги тукларини қириш, истинжо қилиш. Ровий Мусъаб айтади, шу ўнинчиси ёдимдан кўтарилди, у оғизни ғарғара қилиш бўлиши керак”[3]. Яна бошқа ривоятларда оқ сочни юлмаслик ва оқ сочни қора рангга бўямаслик кабилар келтирилади.

تقليم – (тақлим) дегани қисм-қисм, парча-парча қилиб олиш деган маънони билдиради. Шаръий истелоҳда эса; бармоқ бошида мавжуд бўлган тирноқнинг боши тенглигидан ортиб турган қисмини бартараф қилишга айтилади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни хушбичим ва энг гўзал шаклу шамойилда яратган. Одамга турли мақсадларини амалга ошириш учун қўлларни пайдо қилди. Қўлларга эса ишларни осон бажариши, қийинчиликларга учрамаслиги учун шохсимон тузилма бўлиб, метиндек мустаҳкам ғилофни берди. Бунинг натижасида тирноғи бармоқ бошидан узун бўлмаган қўллар ёрдамида исталган мақсадни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Энди, иш одамзот учун янада осонлашди. Фақат, кир ва микроб тўпланадиган даражада ўстирмаслик қолди холос. Зеро, тирноқларни вақтида олиб туриш, уни чиқинди анжомига айланиб қолмаслигини таминлайди.

Тирноқ бармоқ боши устидан чиққан эркин қисм, тана ва илдиздан иборат. Тирноқ ўрнинг илдиз ва чуқурча билан қопланган қисми матрица дейилади. Шу матрица ҳужайраларнинг кўпайиши туфайли тирноқ учига қараб аста секин ўсиб боради. Тирноқ бир кеча кундузда ўрта ҳисбода 0,1-0,2 мм ўсади. Тахминан 100 кунда тўлиқ янгиланади. Тирноқ кишининг ёши, жинси, организмнинг умумий ҳолати ва бошқа омилларга боғлиқ. Масалан, болалар тироғи катталарникига нисбатан тезроқ, ёки қишда ёздагидан секинроқ ўсади. Тирноқ 10-15 мм, эни 10-17 мм, қалинлиги 0,30-0,37мм, аёлларда кичикроқ ва юпқароқ бўлади. Соғлом кишининг тирноғи бир оз бўртиб чиққан, силлиқ, тиниқ ва рангсиздир[4].

Ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобийга қарата: “Тирноғингни олиб юр. Чунки, шайтон ўсиб кетган тирноқ ичига ин қуриб олади”, деб марҳамат қилганлар.

Албатта, эҳтиёж вақтида покланиш динимизнинг қатъий талабларидандир. Биз баён қилган фитратлар турлича кўринишда бўлади.

Мисол учун умрида бир маротаба қилинадиган хатна; маълумот сифатида туғилганининг еттинчи кунида қилиш афзал.

Ибодатни адо қилиш учун амалга ошириш. Яъни, тоҳоратга тегишли бўлган оғизни ғарғара қилиш, бурунни ачитиб сув тортиш, мисвок қилиш;  Маълумот сифатида айтиб ўтамиз Қуръон ўқиш учун ҳам мисвок қилиш яхши амал ҳисобланади.

Жума, жамоат ва ҳайит намози сингариларга бориш учун покланиш;

Инсонлар билан ўзаро мулоқот қилиш учуну хоҳ дўстлар даврасида бўладими, хоҳ ишда бўладими, хоҳ мажлисда бўладими, хоҳ оилада бўладими фарқи йўқ, одамларга нохуш ҳидлар билан озор бермаслик.Яна бир оддий мисол Пайғамбар алайҳиссалом узоқ муддатлик сафардан қайтаётган одамни оиласини бохабар қилмасдан, ҳеч қандай тайёргарликсиз, ҳа йўқ, ба йўқ тўсатдан кириб келишидан қайтарган. Сабаби эса У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Соч соқолини тартибга келтириб, яъни тараб, бегона одамларнинг кўзи тушмайдиган ортиқча тукларини олиб”, келишга буюрганлар.

Эҳтиёж юзасидан қилиниши. Мисол учун мўйловни қисқартириш, тирноқ олишкаби гўзал ишларга шариъатимиз томонидан буюрилганини кўришимиз мумкин.

Тирноқларни оралатиб жума кунида олиш суннат ҳисобланади. Баъзи олимлар жуманинг заволигача олиш яхши дейдилар. Ҳатто тирноқ калталатишни вожиб деб айтган олимлар ҳам бор. Ҳадиси муборакда: “Албатта, ким тирноғини жума куни заволдан олдин оладиган бўлса, дардларидан холос бўлиб, шифо топади”, ушбу санадни Ибн Бутта Ҳумайд ибн Ҳумайд ибн Абдураҳмондан у эса отасидан ривоят қилган. Ибн Бутта “Ал-Муставъиб”, да ушбу ҳадисга амал қилиш фазилат жиҳатидан деб айтиб ўтадилар. Мустаҳаби эса тирноқни пайшанба куни асрдан кейин олишдир. Мана шунга амал қилинади. Ҳадис китобларнинг шарҳларида пайшанба куни олиш Пайғамбар алайҳиссалом қилганликлари ва Али розияллоҳу анҳуга бу ҳақида айтганлари келтириб ўтилган.

Абдураззоқ айтади бир киши пайшанба куни Суфён Саврийнинг олдида тирноғини олмоқчи эди. Бошқа бир киши унга: “Шуни жума кунига қолдирсанг бўларди?” деди. Буни эшитган Суфён: “Суннат бирор сабабга кўра, кечиктирилмайди”, деди. Шунингдек, саҳиҳ хабарга кўра, йўқ деганда қирқ кунда бир олиб туриш суннат. Бир ривоятда муқим учун йигирма кун. Мусофирга эса қирқ кун дейилган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ қачон эҳтиёж сезилса, шунда олиш мустаҳаб деганлар. Абдураззоқнинг ўзлари ва амал юзасидан машҳури ҳамда кенг тарқалгани ҳам ҳар ҳафтанинг жума куни ё пайшанба куни олиш мустаҳаб ҳисобланади. Бу гапни ундан бошқа олимлар ҳам айтиб ўтишган. Ибн Бутта Ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари ҳар ҳафтанинг жума куни мўйлов ва тирноқларини қисчартирардилар деб ривоят қилган.

Дарҳақиқат, биринчи навбатта қўл, сўнг оёқ тирноқлари олинади. Қўлдан бошлашда ҳам аввал ўнг қўлдан бошлаб, кейин чап қўл бармоқларига ўтишлик мустаҳабдир. Зеро, буюк ватандошимиз Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисга мувофиқ қийдагиларни айтадилар: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам оёқ буюм кийиш, соч тараш, тоҳорат-покланиш ва барча хайрли ишларда ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эди”[5]. Имом Нававий: “Тирноқни ҳаммасини олиш суннат. Аёл бўладими, эркак бўладими фарқи йўқ. Ўнгдан бошлаш эса мустаҳабдир”[6], деган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки,  Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” номли китобларида тирноқ олиш борасида келган ҳадисларнинг бирортасини собит қилмаганлар[7]. Лекин, Имом Нававий Муслимнинг шарҳида қатъий тарзда: “Ўнг қўлнинг кўрсатгич бармоғидан бошланади. Сўнг ўрта бармоқ ва номсиз бармоқ кейин жимжилоқ тирноқлари олинади ва чап қўлга ўтишдан илгари бош бармоқ олинади. Чап қўл бармоқ тирноқларини эса жимжилоқдан бош бармоқ тирноқларига қадар олинади. Оёқ бармоқларига келадиган бўлсак, ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошланиб то бош бармоғига қадар олинади. Давоми ўлароқ, чап оёқнинг бош бармоғидан то жимжилоққа қадар олинади”[8], деб айтадилар.

 

Ибн Муфаллаҳ деган олим эса “Шариъат одоблари” деган китобида бошқа бир тартибни келтириб ўтадилар.У киши биз айтиб ўтганга тескари равишда тирноқ олиш ҳақида айтади. Мазкур кўринишни Ибн Бутта тушунтириб ўтганлар. “Биринчи бўлиб, ўнг қўлнинг жимжилоғидан бошланади. Сўнг ўрта катта бармоқ олинади. Сўнг бош бармоқ. Ундан кейин қолдирилиб кетилган номсиз ва кўрсаткич бармоқлар олинади. Сўнг чап қўл бармоқларига ўтилади ва бош бармоқдан бошланади. Сўнг ўрта бармоқ сўнг жимжилоқ олинади. Кейин қолдириб кетилган кўрсаткич ва номсиз бармоқ тирнолари олинади”. Бу Ибн Бутта айтган услуб, худди орада бир бармоқ қолдириб сакрашга ўхшайди. Кейин ўша қолдирилган тирноқлари олинади.

Ал-Омадий  ҳам шунга ўхшаш услубни айтиб ўтади. Яъни,унга кўра биринчи бўлиб ўнг қўлнинг бош бармоғи, сўнг орада кўрсаткич бамоқни ташлаб ўрта катта бармоқ, сўнг  яна номсиз бармоқни ташлаб жимжилоқ тирноғини олинади. Сўнг қолдириб кетилган кўрсаткич ва номсиз бамоқлар олинади. Чапқўл ҳам худди шундай услуб дейди.

Яна бир ривоятда эса ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғидан бошланади тўғридан тўғри то жимжилоққача олинади. Сўнг чап қўлга ўтилади ва чап қўлнинг жимжилоқ бармоғидан бошланиб, ўнг қўлнинг бош бармоғида тугатилади.

Қози Вакеъ ибн Жарроҳ роҳимаҳуллоҳдан у киши Оиша розяллоҳу анҳодан келтириган иснодда қуйидаги ҳадис айтилади: “Эй Оиша тирноқ олишни жимжилоқдан бошла. Сўнг катта ўрта бармоқ ва бош бармоқ тирноғини ол. Кейин қолдирилиб кетилган номсиз бармоқ ва кўрсаткич бармоқ тирноқларини ол. Зеро, шу тарзда олиш бой бўлишга сабаб бўлади”. Мана шу келтирилган ривоятга амал қилинади.

Яна бошқа бир ҳадисда эса: “Ким тирноғини оралатиб олса, ҳаёти давомида кўз оғриғига учрамайди”[9], Ибн Бутта ривояти. Яна у киши ватан ҳимояси ва мудофаа йўлидаги аскарлар учун ўсиб кетишининг зарари йўқ деб қўшимча қилдилар.

Тирноқ олгандан кейин қўлни ва бармоқ уч қисмларини яхшилаб ювиш, шунингдек, олинган  тирноқ парчалари, соч ва ҳижома қони, умумий бадандан чиққан қонлар, узилган тана аъзоларини кўмиш  мустаҳабдир.Зеро, Ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур ишни қилардилар. Худди шундай мазкур муддатларда қўлтиқ ости  тукини юлиш ва қов супачасидаги жунларни қириш ҳам мустаҳаб амаллардандир. Ушбу амалларни бажаришда қайчи ё шифокор маслаҳатига кўра бадандаги тўкадиган дорилар ва шунга ўхшаш нарсаларни ишлатиш ҳам жоиз. Лекин, тиш билан тирноқ олиш макруҳ амаллардан ҳисобланади.

Имом Аҳмад Аллоҳ таолонинг:

ألم نجعل الأرض كفاتا * أحياء وأمواتا 

“Ахир Биз ерни тирикларни ҳам, ўликларни ҳам йиғувчи қилиб қўймадикми?!”[10] тафсирида “Тириклар унга қон, соч ва тирноқларини худди вафот этганларини кўмишгани сингари, ташлаб кўмишади”, деб айтади. Абу Довуд “Маросил” номли китобларида: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳижома қилдириб бўлгач, бир кишига бу қонни ит искаб топмаслиги учун кўмгин”, деб келтиради. Ал-Холлал ва Ибн Бутта келтирган иснодга кўра: “Пайғамбар алайҳиссалом тирноқ олган ва кўмган”, деб айтилади. Вакий исноди билан Мужоҳиддан уни олгандан кейин кўмиш мустаҳабдир, деган сўз ривоят қилинган. Бунга далил “Пайғамбар алайҳиссалом қон ва соч каби нарсаларни кўмишга буюрган”, деб келтирилади. Маҳна Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан тирноқ ва соч олганганидан сўнг  кўмиладими ё ташлаб юбориладими? деб сўраганда у: “Кўмилади”, деб айтди. Шунда бу борада бирор хабар келганми? деб сўраганда, у: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу уни кўмардилар”, деб айтди. Баъзи олимлар овлорақ-оёқ остида қолиб кетмайдиган дарахт таглари каби жойга ташласа ҳам бўлади дейишган. Лекин, ҳаммом ва хожатхона сингари жойларга тирноқни ташлаш мумкин эмас. Шуни алоҳида таъкидалаш керакки, биз юқорида айтиб ўтган вақтдан қов туклари, қўлтиқ ва мўйловни қириш-қисқартиришни ўтиб кетиши макруҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзларини эшитдим: “Беш нарса фитратдан ҳисобланади. Булар хатна қилиш, қов жунини олиш, мўйлов қисқартириш, қўлтиқ ости жунини юлиш ва тирноқ олишдир”. Муттафақун алайҳ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У: “Пайғамбар алайҳиссалом бизларга алоҳида таъкидалаб, мўйловни қисқартириш, тирноқ олиш, қўлтиқ ости тукини юлиш ва қов тукларини қиришни қирқ кундан ўтиб кетмаслигини айтардилар”, деб айтган. Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган[11].

“Муставъиб” ва “Талхис”да  қуйидагилар келади. Ойнага қараб юқорида айтилган ортиқча тукларни қайчига ўхшаш восита билан олса ҳам бўлади. Эркак киши рангсиз, ҳидли хушбўйлик билан хушбўйланиши ва аёл киши эса ранги бору ҳиди йўқ атир билан хушбўланиши мустаҳабдир.

Баъзи мазҳаб олимлари ҳаж вақтида ҳажнинг ҳурмати учун олинмай тургани маъқул деганлар ҳам бор. Лекин, юқорида айтилган икки кун пайшанба ва жумадан бошқа кунда олсанг фалон ва фалондақа ёмонликларга учрайсан деган гаплар, қолаверса халқимиз орасида кенг тарқалган кечқурун тирноқ олиб бўлмайди, сингари сўзларнинг асоси йўқ ва бекорчи сўзлардир. Халифа Хорун ар-Рошид буюк имоми, қозиларнинг қозиси Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳдан “Кечаси тирноқ олса бўладими?”, деб сўраганларида “Бўлади”, дея жавоб берганлар. Халифа бу борада далил сўраганда, Абу Юсуф: “Хайрли ишлар кечиктирилмайди”, деган асоси жавобни берагнлар. . Тунда олишнинг ҳеч қандай зарари йўқ деган маънода жавоб берган экан.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда айрим ёшлар орасида бизнинг ўзбек минталитетимизга умуман тўғри келмайдиган ғарб маданияти “оммавий маданият”га тақлид жуда кучайиб кетмоқда. Улар буни “мода”деб изоҳлашмоқда. Айниқса, туппа тузук муслимаман деб юрган сингилларимиз орасида бу каби ҳолат учраётганлиги ачинарли ҳолатдир.Аммо, ҳақиқий мусулмон банда Аллоҳ ва Росули нимага буюрса, шуни қиладиган, нимадан қайтарса, шундан қайтадиган бўлиши керак. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом уммутларининг барчасини фақат эзгулик сари чорлайдиган зот эди. Қолаверса, бизларни тирноқ қўйишдан қайтарган. Қисқартиришни эса соғлом табиат ва юксак дид деб атаган. Бироқ, тирноқни қасддан, ё бепарво бўлган ҳолда ўстириш жирканч ишлардан ва ислом динида жорий қилинган суннатга хилофдир. Шунингдек, узун тирноқлар тоҳорат вақтида бармоқ учига сув етишидан тўсқинлик қилиши мумкин. Бу эса ўз навбатида тоҳорат ва ибодатга нуқсон етказади. Яна, динимиз кўр-кўрона тақлид қилиш ва ўзини бошқа диндан бўлган ё динсиз адашганларга ўхшатишдан қайтарган. Бир ўйлаб кўрилса, тирноқ ўстириш ўзини худди йиртқич ҳайвонга ўхшатишдай гап. Соғлом табиатли инсон буни ҳеч ҳам ҳазм қила олмайди.

Қайс ибн Абу Ҳозим: “Пайғамбар алайҳиссалом бир намозни адо қилаётганда чалғиб кетдилар. Бунинг сабаби у зот алайҳиссаломдан сўралганда: “Қандай чалғимай, ваҳолангки, сизлар тирноқни олмай, уни кир бостириб келасизлар?!”,деб жавоб берди”, дея ривоят қилган. Абу Убайд бу воқеада тирноқ ўстиришқораланган деб айтган. Шунингдек, тирноқни бўяш, лак[12] қўйиш ва суний тирноқ қўйишни баъзи олимлар маъқулламаганлар. Ўз новбатида бу каби ҳолатлар ғусл ва тоҳоратга халал етказади. Фақат қўйилган лак ва сунъий тирноқларни кеткизилсагина улар адо қилинган бўлади.Шунингдек, ғусл вожиб бўлган ҳолатда ўсган тирноғи бўлса, то ғусл қилмасдан уни олиб бўлмайди. Мободо олса ўша аъзо поклик ҳукмида бўлмайди дейишади. Бироқ, хина[13]га ўхшаш ўзидан сув ўтказадиган бўлса, маҳрами учунгина дуруст деган қавллар бор. Шунда ҳам тирноқ безагини бегона эркакларга кўз-кўз қилиш, шариъатимизда ман қилинган.  Айниқса, сунъий тирноқ инсонникидан қилинган бўлса, уни қўйиш мутлақо мумкин эмас.

Шу ўринда баъзи иқтибосларни келтириб ўтмоқчимиз;

Савол: Оёқ-қўл тирноқларига лак қўйган ҳолда қилинган таҳорат дуруст бўладими?

Жавоб: Одатда лак ўзидан сув ўтказмайди. Шунинг учун лак остидаги тирноқларга сув тегмай қолган бўлади. Бу билан таҳорат ҳам, ғусл ҳам дуруст бўлмайди. (Хойрул фатаво)

“Шам ва хамир каби танага сув етишга тўсқинлик қиладиган нарсаларни кеткизиш лозим” (Мароқил фалоҳ)

Савол: Тирноқ ости таҳоратда ювилиши вожибми?

Жавоб: “Тирноқ бармоқнинг учини ёпиб турадиган даражада узун бўлса, тирноқ остига сув етказиш вожиб бўлади. Агар қисқа бўлса (ўз-ўзидан сув етганлиги туфайли) етказиш вожиб бўлмайди. Агар тирноқлар ўсиб, бармоқ учларидан ўтиб кетса, ижмоъга кўра тирноқни (унинг устки ва остки қисмини) ювиш вожиб бўлади”. (Фатвои Ҳиндия)[14]

Замонамизнинг тиббий хулосаси ҳам тирноқ ўстиришни ёқламайди. Тиббиётга доир бўлган бутун олам илмий кенгашида ҳам профессор Яҳё Хўжа ва профессор Аҳмад тирноқни меёрида қисқартириб юришнинг ўзи, инсон учун зийнат ва чирой бағишлаб туришини таъкидлаганлар. Ўстиришнинг эса ҳеч қандай файдаси йўқ.

Тирноқ ўстиришнинг тиббий зарарлари;

  • Тирноқ ўстириш оқибатида унинг ичида кир, бактерия ва тухум қўйиб, кўпаювчи замбруғлар юзага келади. Айниқса, кетиши жуда қийин бўлган, баъзи нажосатлар тўпланиши натижасида турли ёқимсиз ҳидлар вужудга келади. Ундан ташқари, ҳатто шотка воситаси билан тозаласада, унча-мунчага кетмайдиган тирноқ остидан истеъмол қилинган озуқа орқали ошқазон қурти, дизентерия ва гастрорадикулиткаби ўта хавфли касалликлар келиб чиқади. Хусусан, уй бекаларимиз ўстирилган тирноқ орқали таомлар тайёрлашса, бу кассаликларни барча оила аъзоларига юқтириши мумкин.
  • Узун тирноқлар ўткир-кескирлиги ва бесўнақайлиги учун ҳам шахснинг ўзи ё ён атрофидаги шерикларига жуда кўп ноқулайликларни туғдиради. Ҳатто, травма (жароҳат) – олиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Мисол тариқасида бехосдан кўзга жароҳат етказиши, ҳаракатланиш вақтида терига зарар етиши, бу айниқса келишмовчилик ва уруш ҳолатларида кузатилиши мумкин. Ундан ташқари тирноқ ҳар бир ўсиб борганида, қўл ҳаракатига ҳам қийинчилик туғдиради. Бунинг натижасида эса кафт ёрдамида ишлар амалга оширилади. Бу эса бармоқ бажариши керак бўлганда ундан фойдаланмаслик кафтга салбий таъсир кўрсатади[15].

Яна шуни алоҳида такидалаш керакки, узун тирноқлар қаттиқ жисмлар билан тўқнашиб кетиш ё овқат тайёрлаш жараёнида ёниб кетиш ҳолатлари юзага келиши мумкин.

  • Хусусан, узун ҳолатдаги тирноқнинг кучсизлашиши, тирноқ onchogrofosisё йиртқич ҳайвонларники сингарикўринишга келиши, буришқоқ ва қийшайган ҳолатга келиши, яна Onychausis каби касалликларни келтириб чиқаради[16].

Тирноқлар баъзи ички касаллик ва унинг ташқи тузилиши шахснинг характеридан ҳам дарак беради. Мисол Addison, pnevmaniya, emfizema, mikroniziyaхасталиги, юрак, қон жигар ва темир етишмаслиги  каби ва ҳоказо... Юрак қон томир касаллигига чалинганларнинг тирноқлари ранги кўкимтир тусда бўлади. Жигар касллигида эса сарғиш тусда бўлади. Қадимда аждодларимиз бу услубдан табобат соҳасида жуда кенг фойдаланган. Яна нотўғри ва кўп марталаб қилинган маникюр[17] натижасида тирноқ “Гуллаш” касаллигига йўлиқади. Узоқ муддатли резинка қўлқоп кийиб ишлаш ҳам тирноқни заифлаштиради. Пояфзалнинг тор бўлиши ва зарбдан шикастланиши тиррноқнинг ичига қараб ўсишига олиб келади. Бунда жарроҳлик амалиёти керак бўлади. Тирноқни мустаҳкамлашда зайтун ёғи ва лимон сувидан фойдаланиш ва маълум муддат пахтали қўлқоб кийиш тавсия қилинади. Кўп миқдорда сут маҳсулотлари ва тварог истеъмол қилиш тавсия қилинади. Баъзиларнинг тирноғи ўта қаттиқ ва синувчан бўлгани учун илиқ сувда ивитиб кейин олиш тавсия қилинади. Лекин ивитмаса туҳматга қолади каби сўзлар асоси йўқ, уйдирма ҳисобланади. Тирноқни тақаб ҳам олмаслик керак бўлади.

Шунингдек, ҳозирги замонавий тиббиёт тажрибалар ўтказганида тирноқ остидаги бактерияларни қанча ювса ё кетқизишда препаратлардан фойдаланган тақдирда ҳам  уни йўқотиб бўлмаслиги исботланган. Бу нарсани даволаниш мақсадида шифохонага ётқизилган беморларнинг шифокорлар томонидан касалликлар юқмаслиги ва яна қайта оғиз бўшлиғи орқали ўтмаслиги учун ўстирилган тирноқни олишни тавсия берганларидан ҳам билишимиз мумкин бўлади. Мана қарангки, бугунги илмий кашфиётлар Набавий таълимнинг нечоғлик ҳақиқат эканлигини исботлаб турибди. 

Оҳангарон тумани "Хонобод" жомеъ масжиди имом ноиби

Мадаипов Аҳрорбек

 

[1]Имом Нававий: Шарҳу Нававий ала Саҳиҳ Муслим. Китобут тоҳорат. Боб Хисолул фитра. Дорул хойр.Ж. 2. –Б 492.1995.

[2]Изоҳ: бироқ тартибга келтириш юзасидан бўйи ва энидан олишга рухсат бор. Бу ҳадис матнига ҳам зид эмас.

[3]Имом Абу Довуд ас-Сижистоний: Сунан Аби Довуд. Дорул кутубул илмия. Лубнон. –Б 13. 53 рақам. 2009. Имом Муслимнинг ривояти ҳам бор.

[4]https://www.wikipedia.uzЎзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005).

[5]Имом Бухорий: Саҳиҳ ал-Бухорий. Дор Ибн Касир.–Б 163. 2010.

[6]Имом Нававий: Ал-Мажмуъ. Ал-Иршод. Ж. 1. –Б 339. 2013.

[7]Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний: Фатҳул Борий. Дор иҳё ат-тирос. Ж. 10. –Б 345.2010.

[8]Имом Нававий: Шарҳу Саҳиҳ Муслим. Дорул хойр.Ж. 3. –Б 149. 1995.

[9]Муҳаммад: Ал-Адабуш аш-шариъат.Олимул кутуб.  –Б 331. 1998.

[10]Шайх Абдуазиз Мансур: Қуроъни карим маъноларининг таржимаси. Тошкент. 2001.-Б 798. 29 пора/ 24-25 оят

[11]Муҳаммад: Ал-Адабуш аш-шариъат.Олимул кутуб. –Б 332.1998

[12]Изоҳ; Лак- 1932 йил АҚШ да пайдо бўлган.

[13]Изоҳ; Хина- инсон соғлиғи учун жуда фойдали ўсимлик. Асл ранги қизғиш бўлади. Тарихи 3000 йил илгарига бориб тақалаиди қадимги Мисрда хинага бўялган мўмиёлар топишган. Хина қўйиш суннат.

[14]www.fiqh.uz

[15]Профессор Абдураззоқ ал-Кайлоний. Ал-Ҳақоиқи тиббия фил Ислам. Дорул қолам. –Б 400. 1996.

[16]Броун Фаулку: Болноя тела. Таржимон Солиҳ Довуд. Муҳаммад Дақор. –Б 212. 2009.

[17]Изоҳ; Маникюр сўзи лотинча “manus”-“қўл” ҳамда “cure”-“парвариш” маъносини беради. Кейинчалик қўл ва тирноқ ишлари билан шуғулланадиганларга нисбатан қўлланган.

Read 14564 times
Top