Сийрат ва ислом тарихи

Оналарнинг энг буюги – Омина онамиз

Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи васаллам, ота-оналари куфрда вафот этган эмаслар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг “Ал-фиқ ал-акбар” асаридан.

Оналик – аёл зотига насиб этган муборак ва шарафли вазифадир. Аллоҳ таоло оналарнинг танасини мўъжизавий хилқат қилиб яратди, туйғуларини раҳмати ва сабри билан сарафроз этиб, уларни қутлуғ вазифага тайёрлади. Бу шундайки, раҳмида пайдо бўлган ҳомила бошданоқ уни машаққатга юзлантиради: бошқоронғулик, қўшимча юклик.... лекин аёл шу азобларни катта мамнуният билан, шоду хуррамлик билан қарши олади. Нимжон бир чақалоқ бўлиб дунёга келган мурғак жонни шафқати ила, фидокорлиги ила боқади. Лекин эвазига ҳеч нарса тамаъ қилмайди.

Оналар инсоннинг бу дунёга келишига ва дунёда кечирган илк йилларида бошига паноҳ бўлган муборак кишилардир. Оналарнинг энг бойи эса, шубҳасиз, Аллоҳнинг Ҳабибини дунёга келтирмоқ каби мислсиз шарафга эга бўлган ҳазрати Омина онамиздир.

Омина онамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодларидан бўлган Қурайш қабиласининг бани Зуҳра уруғига мансуб Ваҳб ибн Абдулманнофнинг қизи эди. Онаси Барра бинти Абудуззо ҳам Қурайшнинг бани Абдуррар уруғидан бўлган. Ота-онасининг жўмардлиги, пок ахлоқи, шубҳали ишларга аралашмагани ҳақида тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган.

Бир куни уларнинг уйига салобатли бир меҳмон келади. Меҳмон Макканинг улуғларидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг бобоси Абдулмуталлиб эди. Яқин дўсти бўлган Ваҳбнинг қизи Оминани ўғли Абдуллоҳга сўраб келган эди.

Абдулмуталлиб элнинг эътиборидаги обрўли, эътиборли одам эди. Уни бошқалардан ажратиб турадиган фавқулодда  хислатлари ҳам бор эди. Масалан, унга тушида Замзам сувининг ўрни билдирилган эди. Бундай илҳомларга соҳиб кишининг севган фарзанди Абдуллоҳ учун танлаган келини, шубҳасиз, оддий қизлардан бири эмас эди.

Абдулмуталлиб Замзам булоғини қазиб бошлаган вақтда агар булоқни топиб, унинг кўзини очиш насиб этса, ўн нафар ўғлидан бирини Аллоҳ ризолиги учун қурбон қилишни ният қилган эди. (Иброҳим алайҳиссаломга тушида ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилиш ҳақида амр бўлганидан сўнг унинг авлодлари орасида бирор мушкул иши битишини сўраб, агар шу ишим битса бир ўғлимни  қурбон қиламан, деб ният қилиш урфга айланган) Булоқнинг кўзи очилганидан кейин ўғилларидан бирини қурбон қилиши тайин бўлди. Аммо кимни? Қайси бирини қурбон қилишни аниқлаб олиш учун қуръа ташлашга қарор қилди. Ташлаган қуръа ҳазрати Абдуллоҳга чиқди. Абдуллоҳ бобокалони Исмоил алайҳиссаломнинг йўлини тутиб Аллоҳ ризоси учун қурбони бўлишга рози бўлади. Аммо уни жону дилидан яхши кўрган Макка аҳли унинг қурбон бўлишига рози бўлмайди. Аллоҳ таоло Абдуллоҳни юзта кўркам туяни қурбон қилиши эвазига қутқариб қолади.

Сурати ва сийратининг гўзаллиги билан ҳар бир кишининг эътиборини тортган ҳазрати Абдуллоҳ кейинги вақтларда ғайритабиий бир ҳолатни бошдан кечираётган эди. унга қараганлар унда бутунлай бошқа бир гўзаллик, илоҳий бир нур кўраётган эди. Шу сабабдан Макканинг бўй етган қизлари уни орзу қилиб ҳатто йўлини кесиб ҳам чиқар эдилар. Аммо ҳазрати Абдуллоҳ бундай ишларга қайрилиб ҳам қарамас эди. Унга келин излаган  Абдулмуталлибнинг Макка ва унинг атрофидаги хонадонларда тарбия топган қизлар дидига ўтирмай, Мадинага боради ва ўша ердан Омина онамизни келин қилиб келади. Ҳазрати Абдуллоҳ Макка йигитларининг ҳар жиҳатдан олди бўлгани каби, ҳазрати Омина онамиз ҳам Мадинадаги қизларнинг ҳуснда одобу ахлоқда олди эдилар.

Икки оила  насаби, ижтимоий аҳволи ва поклик жиҳатидан бир-бирига тенг эди. Ҳазрати Омина насаб эътиборидан аслзода бир оила қизи бўлгани каби, ахлоқи поклиги ҳам диққатни тортган, хушмуомала, нафис ва одобли бир қиз эди. Абдуллоҳнинг манглайида порлаган илоҳий нурнинг асл соҳибига оналик қилмоққа лойиқ бўлган ҳар жиҳатдан соғлом қиз эди.

Яна бир қанча вақт ўтиб дунёни ширкдан, куфрдан ва зулмнинг зулматларидан ҳидоят ойдинлигига олиб чиқувчи Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу покиза ёшларнинг зурёди ўлароқ дунёга келадилар.


Аллоҳнинг истагани бўлади

Тўйларидан икки ой ўтиб ҳазрати Омина турмуш ўртоғи Абдуллоҳнинг қулоғига: "Фарзандимиз бўлади!" дея шивирлаб суюнчи олади.

Абдуллоҳ бу муждадан жуда ҳам севинган эди. аммо боласини бағрига босиб, ўпиб эркаламоқ унга насиб этмайди.  Негаки, Аллоҳ таоло азалда тақдирни ёзганда Ҳабиби – Пайғамбаримизнинг дунёга етим келишини ирода этган эди. “У сени етим топиб, жойлаб қўймадими?” (Зуҳо сурасининг 6-ояти).     

Макка ёшларининг аксарияти каби тижорат орқали тирикчилик ўтказадиган ҳазрати Абдуллоҳ сафарга чиққанида ўзини ёмон ҳис қилади ва ҳаётдан кўз юмади. Сафардан қайтган карвон кўрингани заҳоти севган ёрининг истиқболига югуриб чиққан ҳазрати Оминага мудҳиш хабар берилади.

Ёшгина келинчак бўлган Омина айни ўйнаб-куладиган паллада жуфти ҳалолидан бунчалик вақтли ажралиб қолганига куйсинми ёки раҳмида етилаётган норасиданинг дунё юзини кўрмасдан етим қолганига куйсинми?..

Аммо бу не ҳолки, Омина айрилиқ азобига қарамай, юрагида қандайдир бир енгилликни ҳис қилаётгандек эди. Гўёки аллақайерлардан бир хабар Оминанинг юрагига сув сепар эди.

Ҳазрати Омина ғайритабиий тушлар кўрарди. Пайғамбар алайҳиссалом оналарининг кўрган тушлари ҳақида бунда марҳамат қилганлар:

 “Мен отам Иброҳимнинг дуоси, Исонинг муждаси ва онамнинг тушиман. Онамнинг тушида ундан таралган бир ойдинликдан Шом диёридаги саройлар ёришган экан(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Муснад IV, 127, 128).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари ҳар доим шунга ўхшаган тушлар кўрганлар. Тушида бир овоз ҳазрати Оминага бундай дер экан:

“Эй Омина яхши билгинки, сен оламларнинг энг хайрлисига юклисан. Туққанингдан сўнг ўғлингга Муҳаммад деб исм қўй!"

Ҳазрати Омина ана шу сирли туши ҳақида қайнотаси Абдулмуталлибга сўзлаб берди. Абдулмуталлиб бунга сира ҳам ажабланмади. Чунки унинг ўзи ҳам ана шундай ғайритабиий ҳолларга соҳиб зот эди.

Одатда, ҳомиладор аёлларнинг иштаҳаси очилиб баъзи нарсаларни жуда ҳам егиси келади, баъзиларининг эса ҳидига ҳам тоқат қила олмайди. Аммо ҳазрати Оминанинг аҳволи бутунлай бошқача эди. Ичидан келган бир ҳиссиёт ила еган-ичган луқмасининг поклигига диққат этар эди. Фақат шубҳали таомлар эмас, беҳуда вайсаб ўтиришлар, миш-мишлар уни роҳатсиз қилар эди. Овлоқ ерларга кетиб ички ҳиссиёти оғушида қолар эди.

Ушбу қутлуғ фарзандга ҳомиладор бўлганидан бери ҳоли бутунлай ўзгарган, ичида бир таърифлаб бўлмас даражадаги ҳузур ва ҳаловат бор эди. Аллоҳнинг номини тилга олгани замон кўнглига бир илиқлиқ югурар, юраги юмшаб кўзларидан ёшлар оқарди, Роббимиз уни қутлуғ туғруққа тайёрлаётган эди.


Қутлуғ кеча

Ниҳоят кутилган кун келди. Рабиулаввал ойининг иккинчи душанба кечаси эди. Қуёш ҳали бош кўтариб улгурмасидан аввал дунёнинг маънавий самосига илоҳий раҳмат ва ҳидоят қуёши чиқди.

Ўша кеча ҳазрати Омина бўлиб ўтган воқеаларни қуйидагича ифода этган эдилар: “Мен бошқа аёллар каби тулғоқ азобини тортмадим, оғриқ сезмадим. Тулғоқ яқинлашганда қулоғимга шиддатли бир овоз эшитилди, чўчидим. Ортидан оппоқ рангдаги бир қуш келиб қаноти билан танамни силади, мендан қўрқув чекинди. Ёнимга қараб менга бир косада шарбат берилганини кўрдим. Уни олиб ичган эдим ҳар тарафим нурга тўлиб кетди. Ўша чоқда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дунёга келди”

Шунингдек, турли манбаларда  тулғоқ вақтида ҳазрати Оминанинг кўзига Жаннат пардалари очилиб ҳурлар ва малакларнинг атрофида парвона бўлаётгани, уларнинг ҳайрат ва муҳаббат билан чақалоқни томоша қилганлари ривоят этилган.

Қутлуғ тулғоққа ёрдам бериш учун келиб гувоҳ бўлган Шифо хотун, Фотима хотун ҳам фавқулодда ҳолатларани кўрдилар. Шифо хотун ўша кўрганларини бундай деб сўзлаб берган: “Аллоҳнинг Расул туғилган чоқда мен ўша ерда эдим. Қулоғимга бир овоз эшитилди: “Унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”. Машриқ билан Мағриб ораси нурга тўлди. Ҳатто Рум диёрининг баъзи саройларини кўрдим. Сўнгра Аллоҳнинг Расулини қучоғимга олиб эмиза бошладим. Менда шундай бир ҳолат пайдо бўлдики, танам титрай бошлади, кўзларим қоронғулашиб кетди. Бир овоз: “Қаёққа кетди?” деб сўради. “Шарққа олиб кетдилар” дея жавоб берилди.

Бу сўзлар хотирамга муҳрланиб қолди. Аллоҳнинг Расули пайғамбарлигини эълон этар-этмас у зотнинг ҳузурига чопдим ва иймон келтириб мусулмонлар сафига қўшилдим”.

Фотима хотун эса ўша муборак кечада чақалоқ туғилган уйнинг нурга тўлганини ва кўкдаги юлдузлар худди тўкилаётгандек уйнинг устига келганини ҳикоя қилган.

Фарзанд ҳасрати

Ҳазрати Омина туққанларидан сўнг фарзандини тўйиб-тўйиб бағрига босди. Фақат Маккада ҳаво жуда иссиқ эди. Ҳаво ҳарорати жуда қаттиқ исиб кетгани боис атрофдаги қишлоқларда вабо тарқалгани ҳақида хабарлар келарди. Макка эса инсонлар ҳар тарафдан ҳаж зиёрати ҳамда тижорат учун оқиб келадиган ер эди.

Қутлуғ Набийнинг бобоси Абдулмуталлиб муборак неварасининг соғлиги учун уни бир сут эмизувчига беришга қарор қилади. Зотан, бу Маккада кенг ёйилган одат эди. Ҳавоси салқин ва тоза, хасталиклардан узоқ қишлоқнинг одамлари арабчада ҳам тоза сўзлашарди. Турли миллат вакиллари аралашиб кетмагани боис ўша қишлоқларга бошқа тиллар таъсир кўрсатмаган эди. Кўплаб араб оилалари араб тилида акцентсиз гаплашадиган бу ерларга болаларини тил ўргансин деб юборар эди. Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам эмизишга бола олиш учун Маккага келган Ҳалима деган аёлга топширилди.  Ҳазрати Омина учун фарзанд ҳасрати бошланди. Аммо фарзандининг соғлиги учун бу айрилиққа сабр этишга мажбур эди. Унинг ўғли одамларга раҳмат бўлиб қайтар эди. Ҳар турли таҳликалардан узоқ бўлиши учун ҳар қандай нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарур эди.

Ҳазрати Ҳалима бу муборак етимда фавқулодда ҳодисаларни кўрганидан кейин уни тўйиб-тўйиб бағрига босди ва онасига олиб келиб топширди.

Ҳазрати Омина севган ёри Абдуллоҳнинг ҳасратини бир оз бўлса-да тиндирмоқ учун унинг қабрини зиёрат қилишни истади. Севгили ўғлини ҳам ёнига олиб хизматкори Умму Айман билан биргаликда Мадинага қараб йўлга чиқди.
Мадинада Абдулмуталлибнинг тоғаси бўлгани учун оиланинг тоғаси ҳисобланган Бани Нажжор қабиласига меҳмон бўлдилар. Бир ой Мадинада бўлганларидан сўнг Маккага қайтаётганда ҳазрати Оминанинг тоби қочди. Йўл юзидаги Абво деган ерда жон таслим этди.

Унинг вафотига шоҳид бўлган бир аёл шундай деган эди: “Омина вафот этаётганда ўша ерда эдим. Ўғли Муҳаммад эндигина бўй олаётган беш ёшлардаги бола эди. У онасининг бошида турарди. Омина ўғлининг юзига боқиб бундай деди: Эй муборак фарзанд! Эй дунёга бир келиб, учиб кетган кабутарнинг (Абдуллоҳ) ўғли!  Отанг ҳар бир нарсанинг Эгаси ва ҳар нарсани Билувчи ёрдами ила қуръа ташланган кун юзта кўркам туя эвазига қурбон бўлишдан қутилган эди. Тушларимда кўрганларим юз берса, сен бутун инсониятга юборилган пайғамбар бўлиб, уларга ҳалол-ҳаромни ўргатасан, инсонларни ҳақиқатга ва Исломга етказасан. Отанг Иброҳимнинг динида бўласан. Аллоҳ сени жами бутлардан муҳофаза этсин. Сенинг дининг қиёматга қадар давом этади”. Бу сўзлардан сўнг дедики: “Ҳар бир тирик жон ўлади; ҳар бир янги нарса эскиради; ҳар бир кекса дунёдан айрилиб кетади. Ана мен ҳам ўлаётирман. Фақат номим абадий қолади. Чунки ортимда хайрли ва покиза фарзанд қолдирмоқдаман”.

Оналарнинг фахри бўлган ҳазрати Омина шу сўзларни айтганидан сўнг жон берди. Ўзи айтганидек, жисми бу дунёдан кўчиб кетган бўлса-да, номи абадий қолди.  

Аллоҳ таоло Ҳабибининг дунёга келишига васила бўлган бу қутлуғ онага Ўзи лойиқ кўргани каби мукофот беради, иншааллоҳ!

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 21666 times
Tagged under
Top