Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг намунали эр

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамдлар, Пайғамбаримизга салaвoтлар бўлсин!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қандай гўзал хулқни яратган бўлса, шубҳасиз бу гўзал хулқларни эгаллашда энг олий намуна Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Жумладан, яхши эр бўлишлик ҳам гўзал хулқлардандир.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир. Мен аҳлига яхшингизман. Қачон соҳибингиз вафо қилса, уни тек қўйинглар», - дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи аёллари Хадижа розияллоҳу анҳо эканлари барчага маълум, улар биргаликда 25 йилдан ортиқ бирга ҳаёт кечирдилар. Унинг кўп қисми Исломдан олдин ўтди. Ана шу вақт мобайнида Муҳаммад алайҳиссалом эр сифатида рўзғорни ўзлари тебратдилар. Ваҳоланки, Хадижа розияллоҳу анҳо бой аёл эдилар. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан сўнг Хадижа розияллоҳу анҳо ўз ихтиёрлари билан Исломга хизмат қилиш учун мол-мулким Аллоҳнинг йўлида сарф бўлсин, сиз даъват иши билан машғул бўлинг, дедилар.

Хадижа онамиз вафот қилган йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ҳам вафот этиб, бу икки мусийбат мусулмонларни кўп маҳзун қилди. Шунинг учун ҳам бу йил «Маҳзунлик йили» деб аталди. Шунинг ўзидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Хадижа онамиз розияллоҳу анҳога нисбатан нақадар муҳаббатли эканларини билиш мумкин.

Хадижа онамиз розияллоҳу анҳо вафот қилганларидан сўнг ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом у кишининг дугоналарини икром қилар эдилар. Бир муҳаббат бўлса, шунчалик бўлар!

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамиз ҳақларида кўп гапирганларидан оналаримиз розияллоҳу анҳуннанинг рашклари келган вақтлар ҳам бўлар эди. Шундай кунларнинг бирида Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бунча ўша кампирни гапирдингиз?! Аллоҳ ундан яхшисини берди-ку», дея ўзларига ишора қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни «Аллоҳ менга ундан яхшисини бермади! Аллоҳ менга фақат ундан фарзанд берди. Одамлар куфр келтирганларида Хадижа менга иймон келтирди» деган маънодаги гаплари билан рад қилдилар. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни Хадижа онамизга бўлган муҳаббатларидан даракдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намунали эр сифатида аёлларига аъло даражада муомала қилар эдилар. Ҳатто баъзида бироз кўнгил бузилишига сабаб бўладиган воқеалар содир бўлса ҳам Набий алайҳиссалом уларни авф қилиб, чиройли ечим топар эдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг баъзи аёллари ҳузурида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бирлари ўз ходимларидан бир идишда таом солиб юбордилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйида турган (аёл) ходимнинг қўлига урди. Идиш тушиб, иккига бўлинди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишнинг икки бўлагини бир-бирига қўшиб жамлаб, унга таомни йиға бошладилар ва «Онангиз рашк қилди», - дедилар.

Сўнгра у зот хизматчини ҳам, идишни ҳам токи у зот уйида турганнинг ҳузуридан идиш келтиргунча, тутиб турдилар. Бас, бутун идишни синганга ва синган идишни синдирганга бердилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари мазкур ҳадиснинг шарҳида таом юборган киши София онамиз, идишни синдирган киши Оиша онамиз эканликларини айтганлар.

Албатта, бу каби рашк қилиш ҳолатлари табиий, инсонга хос. Шунинг учун бу Оиша онамизга маломат ҳисобланмайди. Лекин бу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муомалалари ниҳоятда эътиборга молик. У зот алайҳиссалом «Онангиз рашк қилди» деб бу ҳолатни изоҳладилар холос...

Албатта, раҳбарлик жуда масъулиятли иш. Битта оилага раҳбарлик қилишнинг ўзи нақадар машшаққат. Агар у бир маҳалла, шаҳар ёки давлат бўлса, масъулияти ҳам тобора ортиб бораверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар жамиятининг раҳбари бўлишлари билан бирга бутун уммат ғамини ҳам елкаларига олган эдилар. Энди у зотнинг машаққатли вазифаларини ўйлаб кўраверайлик. Шундай бўлса ҳам у зот алайҳиссалом аёллари учун алоҳида вақт ажратар, уларга гўзал муомала қилиб кўнгилларини хушнуд этар эдилар. Бунга биргина мисол тариқасида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Оиша розияллоҳу анҳо билан икки марта югуриш мусобақаси ўтказганларини эсласак кифоя. Биринчи марта Пайғамбаримиз алайҳиссалом ортда қоладилар, орадан вақт ўтиб, Оиша розияллоҳу анҳонинг вазнлари бироз ортгандан сўнг яна икковлари югуриш мусобақаси ўтказадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзиб кетдилар ва буни «Ҳалиги билан бир-у бир» деб изоҳлаб қўйдилар.

Демак, эр киши аёли билан шунга ўхшаш мусобақалар ўтказиб туриши ва бу билан аёлини хурсанд қилишга интилиши марғуб иш экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли гап билан аёлларини кўнглини олишни қойиллатар эдилар. Бир гал Ҳафса розияллоҳу анҳо София розияллоҳу анҳони «Яҳудийнинг қизи» дебдилар. Буни албатта рашк туфайли айтиб юборганлар. Лекин бу гап София онамизга етиб борибди. Шунда у киши бундан маҳзун бўлиб ўтирганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриб қолиб, маҳзунликларининг сабабини сўрайдилар. София онамиз бор гапни айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сен «Менинг отам набий, амаким набий, эрим набий бўлса» демадингми?», деган маънодаги гап айтиб у кишининг кўнгилларини кўтарадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам София онамизнинг оталари ва амакилари деганда Ҳорун ва Мусо алайҳиссаломларни назарда тутган эканлар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланмоғимизни насиб айласин! У зот алайҳиссаломга ўхшаб яхши умр йўлдош бўлмоқликни бизга ҳам насиб айласин!

 

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф


Фойдаланилган манбалар:

 

1.     Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи таржима қилган «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китоб. 

2.     Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг «Ҳадис ва ҳаёт» номли китобларининг 25 жузи.

Read 8510 times
Tagged under
Top