Сийрат ва ислом тарихи

“Расулуллоҳ бизга ўрнак”

Юртимизнинг масжид ва мадрасаларида муборак мавлиди шариф ойи муносабати билан Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётини ўрганиш бўйича файзли тадбирлар ташкил қилинмоқда. Жумладан, Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида ҳам ҳар йилги анъанага биноан куни кеча “Расулуллоҳ бизга ўрнак” шиори остида мавлид тадбири ҳамда сийрат мусобақаси ташкил қилинди.

Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллиги, билим юрти раҳбарияти ҳамда Тошкент ислом институти амалиётчи талабалари билан ҳамкорликда ташкил қилиниб, унда билим юрти мударрис ва талабалари билан биргаликда, талабаларнинг ота-оналари, меҳмонлар иштирок этишди.

Тадбир анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўнгра ЎМИ Хоразм вилоят вакили Х.Абдуллаев кириш сўзи билан тадбирни очиб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларининг ҳар бир нуқтаси биз мусулмонлар учун ибрат бўлмоғи лозим, у зотнинг ҳар бир суннатларига амал қилиш билан биз ўз муҳаббатимизни изҳор қилишимиз мумкинлиги ҳақида гапириб, бугунги тадбирнинг аҳамиятини тушунтириб ўтди.

Шундан сўнг 2-3-4-курс талабалари орасида 5 та йўналишда:

  1. Пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти бўйича 10тадан тезкор савол;
  2. Нубувват тарихидаги воқеалар тафсилоти бўйича 3 тадан савол;
  3. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бағишлаб салавот ва нашидалар айтиш;
  4. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари бўйича буклет ёки плакат тайёрлаш;
  5. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларининг исмларини санаш шартлари бўйича мусобақа ташкил қилинди.

Тадбир давомида жорий ойда билим юрти талабалари ўртасида “Расулуллоҳ бизга ўрнак” мавзусидаги иншолар танловининг ҳам ғолиблари эълон қилиниб, мусобақа ва танлов ғолиблари ЎМИ Хоразм вилоят вакиллиги ҳамда билим юрти ҳомийлари кўмагида муносиб тақдирланди.

Тадбир сўнггида Имом Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мавлиди шариф” асари ўқилиб, хатми Қуръон қилинди.

Тадбир якунида байрам дастурхони ёзилиб, мударрис ва талабаларга ош қилиб берилди.

 

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мудир муовини О.Адилов

Read 5291 times
Tagged under
Top