Сийрат ва ислом тарихи

Набий алайҳиссаломнинг гўзал фазилатлари

Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ривояти сийрат ҳақида янада тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умумий ҳолатлари, инсонлар билан алоқалари ва улар билан кундалик ҳаётдаги мулоқотлари борасида сўз юритилган.

Али розияллоҳу анҳу шамойил борасидаги машҳур ҳадисни айтадилар: «Фазилатли кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан эди. Уларга диндаги фазилатига қараб муомала қилар эдилар. Уларнинг эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилар эдилар».

Ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни ҳам ўзгаларга кўмак бериш, эҳтиёжмандларнинг ҳожатини раво қилишга ундардилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Кимки бир биродарининг ҳожати талабида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмоннинг бирор машаққатини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунининг машаққатларидан бирини аритади. Кимки бир мусулмонни сатр қилса (айбини яширса), Аллоҳ таоло уни қиёмат куни сатр қилади», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бир мўминнинг дунёдаги қийинчиликларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қийинчиликларидан бирини енгил қилиб қўяди. Кимки бирон иложсизга осон қилса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда осон қилади. Кимки бир мусулмонни сатр қилса, Аллоҳ уни дунё ва охиратда сатр қилади. Модомики, банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмагида бўлади», дедилар».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ўзгаларга ёрдам беришнинг фазли ҳақида қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши амаллар ёмон ўлимдан сақлайди, махфий садақа Раббнинг ғазабини кетказади, силаи раҳм умрни зиёда қилади», дедилар».

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси инсон Аллоҳга суюклироқ? Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонларнинг Аллоҳга энг суюклироғи инсонларга манфаатлироғидир. Аллоҳга энг маҳбуб амал – бир мусулмоннинг қалбига қувонч киргизиш, унинг машаққатини кетказиш ёки унинг қарзини адо этиш ёки очлигини кетказишдир. Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан маҳбуброқдир. Кимки ғазабини босса, Аллоҳ унинг айбини сатр қилади. Ким қодир бўла туриб жаҳлини ютса, Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини умидга тўлдиради. Ким биродари билан унинг ҳожатини раво қилиб бергунича бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда собитқадам қилади», дедилар».

«Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кимки бирор уй ҳайвонини (сутини соғиб ичиш учун) бериб турса ёки кумуш (яъни пул) инфоқ қилса ёхуд (йўл сўраганга) йўл кўрсатиб қўйса, бир қул озод қилгандай бўлади», деганларини эшитдим».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Энг яхши амаллар қайси?» деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин биродаринг қалбига шодлик улашиш, унинг қарзини тўлаш ва унга нон бериш», дедилар».

Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтади: «Отамдан Набий алайҳиссаломнинг инсонлар билан қандай муомалада бўлганларини сўрадим. Отам айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиллари фақат фойдали нарсаларни гапирарди. У зот инсонларга гўзал муомала қилар, қўполлик қилиб, уларни нафратлантирмас эдилар. Ҳар бир қавмдаги ҳурматли кишиларни эъзозлар ва уларни ўша қавмга бошлиқ қилиб қўярдилар. (Исломни янги қабул қилган баъзи) инсонлардан ўзларини эҳтиёт қилардилар, лекин очиқ юз ва табассум билан қарши олардилар. Улардан юз бурмасдилар. Бирорта саҳобалари кўринмай қолса, суриштирар, ҳолати ва кайфияти ҳақида сўрар эдилар. Яхшиликни маъқуллаб, қўллаб-қувватлар, ёмонликни номаъқул ҳисоблаб, унинг олдини олардилар. Ҳар бир ҳолат учун ечимлари бор эди. Мавъизани қисқа ҳам қилмас, меъёридан ошириб ҳам юбормас эдилар. У зотнинг наздида кишиларнинг энг яхшиси – инсонларга манфаати энг кўп тегадигани эди. Бир-бирига ёрдам берадиганларни юксак мартабаларга лойиқ кўрар эдилар».

Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтади: «Отамдан Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлислари қандай бўлгани ҳақида ҳам сўрадим. Али розияллоҳу анҳу шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирсалар ҳам, турсалар ҳам, Аллоҳ таолони зикр қилар эдилар. Ўзларига жой ҳозирлатиб қўймас, бизларни ҳам ўзимиз учун жой тайёрлатиб қўйишдан қайтарар эдилар. Бир қавмнинг олдига борсалар, ўтирганларнинг давомидан (охирида ўтирган одамнинг ёнига) ўтирардилар, бизни ҳам шунга буюрар эдилар. Бирга ўтирганларнинг барчасининг ҳаққини адо қилар эдилар. Суҳбатдошларини сабр билан эшитганлари сабаб, уларнинг ҳар бири ўзларини у зотга энг яқин киши деб ўйларди. Бирон киши ҳожатини маълум қилса, уни қуруқ қайтармас, сўраганини берар ёки тасалли берувчи сўз айтар эдилар. Барчага очиқкўнгил бўлганидан уларга худди оталаридек муносабатда бўлар эдилар. Дарҳақиқат, у зотнинг наздида барча баробар эди. «Илм, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси» деб таърифланган муборак мажлисларида овозлар баланд кўтарилмас, бирон кишининг обрўси тўкилмас ва тўғри йўлдан озиш ҳолатлари кузатилмас эди. Мажлисдагиларнинг барчаcи тенг кўрилар, бир-биридан фақат тақвоси билангина афзал саналарди. Ёши катталарни улуғлашар, кичикларни эҳтиром қилишарди. У зот ҳожатмандларни устун қўяр, ғарибларни (мусофир) эса ҳимоя қилар эдилар».

Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтади: «Отамдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз суҳбатдошларига қандай муомалада бўлганлари ҳақида ҳам сўрадим. Али розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ юзли, юмшоқ табиатли, хушмуомала эдилар. Ёмон хулқли, қўпол, бақироқ, фаҳш сўзловчи, айбловчи ва тор феълли эмас эдилар», деб жавоб бердилар. Бир ривоятда: «Маддоҳ ва масхара қилувчи эмас эдилар», дейилган.

Пайғамбар алайҳиссалом бир нарсани хоҳламасалар, унга эътибор бермасдилар. Умидвор одам у зотдан умидини узмас эди. Уч нарсани тарк қилган эдилар: бадгумонлик, бирон нарсани меъёридан ошириб юбориш ва фойдасиз ишлар. Шунингдек, бирон кишини ёмонламас, айбламас ва айбини ахтармас эдилар. Фақат яхши сўзлар айтардилар, суҳбат чоғида ҳамсуҳбатлари бошига қуш қўнган инсондек диққат билан у зотни эшитар эдилар. Сукут сақлаган пайтларида олдиларидаги кишилар ўзаро гаплашишар, лекин тортишмас эдилар. Бирон киши гапирса, сўзини тугатгунича эшитиб турар эдилар. Ҳузурларига биринчи келган киши биринчи гап бошлар эди. У зот улар кулган нарсага кулар, улар ажабланган нарсадан ажабланар эдилар. Мушкули бор одамлар келиб, савол сўраса, саҳобалар ҳам жавобларидан баҳраманд бўлиш учун кутиб турар эди. Агар гапириш ва бирон нарса сўрашда қўпол муомала қилинса, сабр қилиб: «Ҳожати бор кишига ёрдам беринглар», дер эдилар. Меъёридан ошмаган мақтовни қабул қилардилар, бирон кишининг сўзини бўлиб қўймас эдилар. Кимдир чегарадан чиқиб кетса, сўзини тўхтатиш ёки ўринларидан туриб кетиш билан сўзини бўлар эдилар. Жоҳил ва нодон кишиларнинг сўзига эътибор бермасликлари у зотнинг муомала одобларининг юксаклиги аломати эди. Ёмон ниятда ёки масхара оҳангида гапирилса, айтилган сўзнинг зоҳирига қараб муомала қилиб қўяр эдилар. Бунга яҳудийлар билан бўлган воқеани мисол келтириш мумкин. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига киришга рухсат сўраб, сўнг атайлаб тилларини буриб: «Ас-соому алайка», яъни «Сизга ўлим бўлсин», дейишди. Оиша розияллоҳу анҳо уларнинг мақсадини тушуниб: «Ўзларингга ўлим ва лаънат бўлсин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Уларнинг нима деганини эшитмадингизми?» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эшитганим учун ҳам «Ваалайкум», яъни «Сизларга ҳам», дедим-ку», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг «ас-салом» («тинчлик») эмас, «ас-сом» («ўлим») маъносини назарда тутганини билган эдилар. Лекин у зот алайҳиссалом айтилган гапнинг зоҳирига қараб, мусулмонлик обрўсини сақлаб, «Сизларга ҳам», деб жавоб қайтардилар.



Муҳаммад Ҳасанийнинг “Икки олам сарвари” китобидан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Ғиёсиддин Баратов таржима қилди

Read 5844 times
Top