Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг боқий дунёга кўчишлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи санаси, душанба куни чошгоҳ вақтида олтмиш уч ёшларида бу оламни тарк этдилар.

Ҳажжатул вадоъдан уч ой ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ касал бўлдилар, ҳатто ўринларидан туришга ҳам қодир бўлмай қолдилар. Вафотларидан тўққиз кун олдин қуйидаги оят нозил бўлди: «(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас» (Бақара, 281-оят).

Касаллик аломатлари зоҳир бўла бошлагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилишни ирода қилдилар. У ерга бориб, йиғлаган ҳолда қайтдилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизни нима йиғлатди?” деб сўрадилар. Ул зот: “Биродарларимни соғиндим”, дедилар. Улар: “Бизлар сизнинг биродарингиз эмасмизми?” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар менинг саҳобаларимсиз. Биродарларим эса, мендан кейин келадиган, мени кўрмай туриб, менга имон келтирадиган қавмдир”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйига келдилар. У ерга барча аёлларини йиғиб, беморлик кунларини Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида ўтказишга улардан ижозат сўрадилар. Завжаларининг барчаси бунга рози бўлдилар. Ўринларидан туришга ҳаракат қилдилар. Лекин бунга қодир бўла олмадилар. Шунда Фазл ибн Аббос ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўтариб, аёллари Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужрасига олиб кирдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биринчи марта бундай аҳволда кўриб, қаттиқ хавотирда қолдилар. Масжид одамлар билан тўлиб тошди. Уларнинг хавотир тўла изтиробли овозлари эшитилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ терга ботдилар. Оиша розияллоҳу анҳо ул зотнинг: “Ла илаҳа илла Аллоҳ албатта, ўлим сакаротдир”, деганларини эшитдилар. Масжидда одамларнинг овозлари кўтарилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан бу ҳақда сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Улар сиздан хавотир олаяптилар, ё Аллоҳнинг Расули”, деб жавоб бердилар. Ул зот: “Мени уларни олдига олиб чиқинглар”, деб яна ўринларидан туришга ҳаракат қилдилар. Лекин тура олмасдан ҳушини йўқотдилар. Ҳушига келтириш учун устиидан сув қуйдилар. Минбарга кўтарилгач, уларга: “Мендан хавотир олаяпсизларми”, деб сўрадилар. Ҳамма бир овоздан: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дея жавоб бердилар. Шунда одамларга энг сўнгги хутбасини баён қилдилар: “Эй инсонлар, сизларнинг мен билан бирга бўладиган (абадий) манзилингиз дунё эмас. Мен сизлар билан учрашадиган жой Ҳавза олдидадир. Аллоҳга қасамки, мен у ердаги ўша манзилимни кўраётгандекман. Эй инсонлар, Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақирлик етишидан қўрқмайман. Мен сизларга дунё етишидан, сизлардан олдинги умматлар курашганидек, сизлар ҳам дунё учун курашингиздан, алалоқибат дунё уларни ҳалок этганидек сизларни ҳам ҳалок этишидан қўрқаман”, дедилар. Сўнг эса: “Эй инсонлар, намоз масаласида Аллоҳдан қўрқинг, намоз масаласида Аллоҳдан қўрқинг, аёллар ишида Аллоҳдан қўрқинг, аёллар ишида Аллоҳдан қўрқинг. Аёлларга яхши муносабатда бўлишга сизларни буюраман” деб қайта-қайта такрорладилар.

Хутбанинг давомида: “Эй инсонлар, Аллоҳ таоло агар бир бандасига дунёни ёки Ўзининг ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди, у эса Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр этди”, дедилар. Ул зотнинг бу гапидан нимани мақсад қилганини хеч ким фаҳмламади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини назарда тутган эдилар. Саҳобалардан ёлғиз Абу Бакр розияллоҳу анҳугина буни тушундилар, ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлиб: “Ота-онамиз, аҳлимиз-болаларимиз, молу жонимиз сизга фидо бўлсин Аллоҳнинг Расули”, деб йиғлай бошладилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини бўлгани учун Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қараб турардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳимоя қилиб: “Эй инсонлар, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)ни ўз ҳолига қўйинг, сизлардан бирортангизнинг бизга кўрсатган хизмати бўлса, биз уни мукофотладик, лекин Абу Бакргина (розияллоҳу анҳу) бундан мустаснодир. Мен уни мукофотлай олмайман. Уни мукофотлашни Аллоҳга қолдирдим”, дедилар.

Сўнг Аллоҳ таолодан, мусулмонларга нусрат беришини, қадамларини собит қилишини ва уларни қўллаб қувватлашини сўраб дуолар қилдилар. Хутбанинг сўнгида: “Эй инсонлар, то қиёматгача менга эргашадиган умматларимга мени саломимни етказинглар”, деб сўзларини тугатдилар.

Кейин яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўтариб уйларига олиб кирдилар.

Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўлида мисвок тутган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига кирдилар. Қаттик хасталанганликлари туфайли мисвокни сўрашга ҳам қодир бўлмадилар. Буни фаҳмлаган Оиша розияллоҳу анҳо мисвокни Абдураҳмондан олиб, оҳисталик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини покладилар. Кейин қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо кирдилар. Оталарини бу аҳволда кўриб йиғладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима яқинроқ кел”, дедилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғига бир нарсаларни айтдилар. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг йиғиси кучайди. Бир оздан сўнг унинг қулоғига яна бир нарсаларни айтдилар. Бу сафар Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо кулдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Фотима розияллоҳу анҳодан оталари нима деганлари ҳақида сўралганда: “Биринчи марта шу куни вафот этишлари ҳақида гапирдилар. Иккинчи марта эса, менга аҳлимдан биринчи бўлиб сен етишасан дедилар”, деб жавоб бердилар.

Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳузуримдан чиқинглар”, дедилар. Оиша розияллоҳу анҳони чақириб, унинг кўксига бошларини қўйдилар. Қўлларини осмонга кўтариб: “Рафиқул аълога  Рафиқул аълога...” дея бошладилар. Оиша розияллоҳу анҳо бунинг яхшилик эканини билдилар.

Сўнг Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, ўлим фариштаси остонада турибди, сиздан киришга изн сўраяпти”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил, унга изн беринг, кирсин”, дедилар.

Жон олишга тайин қилинган фаришта: “Ассалому алайкум, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло мени сизнинг ҳузурингизга юборди. Сизга бу дунёда қолиш ёки Аллоҳнинг ҳузурига рихлат қилишдан бирини танлаш имконини берди”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рафиқул аълога,  Рафиқул аълога...” дедилар. Ўлим фариштаси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош томонларига келиб: “Эй покиза руҳ, Аллоҳдан рози бўлган ва Аллоҳ сендан рози бўлган ҳолда чиқгин”, деди.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари осилиб тушди. Кўксимдаги муборак бошлари оғирлашди. Бу ҳолатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини билдим. Нима қиларимни билмасдим. Охири ҳужрамдан чиқиб, ташқарида турган саҳобаларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганлари хабарини беришдан бошқа чорам қолмади”, дедилар.

Масжид йиғи овозлари билан тўлиб кетди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини қўтариб: “Ким, Муҳаммад ўлди деса, бошини оламан. Ул зот, Мусо (алайхиссалом) Аллоҳ билан учрашиш учун  кетганларидек, кетдилар ва тезда қайтадилар”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу саросимага тушиб қолган инсонларни тинчлантириб: “Эй инсонлар, ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, у ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилган бўлса, Аллоҳ тирикдир, ҳеч қачон ўлмайди”, деб хутба қилдилар. Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига кириб, ул зотни бағрларига босиб йиғладилар.

Авазхўжа БАҲРОМОВ,

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби

 

 

 



 

 

 

 

 

 



 

Read 6272 times
Top