Сийрат ва ислом тарихи

Қутайба ибн Муслим

Тарихчи олим Мухаммад Наршахийнинг ёзишича,  Ҳазрати Қутайба ибн Муслим 42 ҳижрийда (милодий 661) Шомнинг Бохилий деган жойида таваллуд топди.

Қутайба ибн Муслимнинг тўлиқ исми-шарифи Амир Қутайба ибн Муслим ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Робия ибн Холид ибн Усайд Аль-Хайр бўлган.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўз қавмида шарафга эга, адиб ва олим эди. Қўл остидагиларга нисбатан адолатли, юксак ахлоқ соҳиби, ҳақиқатгўй эди. Қутайба ибн Муслим юзаки камтарликни ёқтирмас эди.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари араб лашкарбошчиси бўлиб, интизомни мустаҳкам сақлаган, истеъдодли, қатъиятли ва иродаси мустаҳкам одам бўлган. Ҳар қандай ишни маслаҳат ила амалга оширган.

Қутайба ибн Муслимни 72 ҳижрий (милодий 691) йили Араб ҳалифаси Абдураҳмон ибн Марвон Хуросонга ноиб этиб юборди. Хуросонда давлат ишлари билан бирга бу ерда яшовчи халқларни Исломга даъват қилиш ҳамда масжид ва мадрасалар барпо эттириш унинг зиммасига юкланган.

У 87 ҳижрийда (милодий 706)  Зарафшон водийсини забт этди. Водийнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Пойкентга кириб келди.  89 ҳижрий  (милодий 708 йили) Марв ва Кешни, 90 ҳижрий  (милодий  709) йили Бухорони забт қилади.  93 ҳижрий (милодий 712) йили Хоразм ва Самарқандга боради. 94 ҳижрий (милодий 713) йили баҳоридан Шошга ундан Фарғона водийсига, то Хитойнинг  Қашқар ва Урумчисигача етиб борди.

Бу ерларда яшовчи аҳолининг барчасини Ислом динига даъват қилди, уларни ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик бахтига мушарраф қилди.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шаҳарга кириб келса аввало ўша шаҳар халқини Ислом динига даъват қилар эди. Ўз ихтиёри билан Исломни қабул қилганларни рағбатлантирар, ҳар хил имтиёзлар берар эди. Масалан, ер солиғидан, ўғилларини суннат қилганларни жузъя (жон) солиғидан озод қилганлар. Бу у зотнинг динни ёйишлигидаги уддабуронлиги бўлса, берган имтиёзлари халқпарварлиги эди.

Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шаҳарни забт қилса, ўша шаҳарга масжид, мадраса ва азон айтиш учун миноралар қурдирган. Хусусан, Мовароуннаҳр диёридаги биринчи масжидни Бухоро шаҳрида 712 йилда қурдирган.

Мўътабар китобларимизда Қутайба ибн Муслим ҳазратлари тўғрисида жуда кўп хабарлар бор. Исмоил Ҳаққий (р.а.) “Тафсир ул-Рух ул-Баён” китобида бундай ёзади. “Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Жайҳунга келганида бирга келган аскарларига қарата: “Эй биродарлар! қалбингизда заррача дунё (бир шаҳарни босиб олиш, бойлик ортириш, инсонларга зулм қилиш) умиди бўлса шу ерда қолинг, қалбинггизда Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг динини етказиш  бўлса менга эргашинг, деб  “Парвардигор, ўзинг гувоҳсан, бизларнинг қалбимизда заррача дунё умиди бўлса, шу дарёда чўктиргин, қалбимизда фақат сенинг динингни етказиш бўлса бизларга шу дарёдан нажот бергин” деб дуо қилдилар ва дарёга от солди. Бутун аскарлари билан саломат дарёдан чиқди”.

Қутайба ибн Муслимнинг адолатларварлиги ва халқпарварлиги, ҳар қандай ҳолатда адолат билан иш тутганини тарих манбаларида келтирилган қуйидаги воқеа ҳам яққол намоён этади. Ўша даврда одамлар масжидга йиғилишди. Муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқазди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ё жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.

Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”

Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?” деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам биз уйимиздан покиза Ислом динини ёйишлик учун жидди жаҳд қилиш учун чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ ундан олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”.

Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатининг татбиқи бўлади”.

Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди. Иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳли ҳаммалари Исломни қабул қилди.

Яна бир ибратли воқеа. У зот Хуросонга кириб келганида у ернинг аҳли бўлган бир одам туриб турли мақтовли сўзлар билан шеър айта бошлади. Шунда у “Сен мен билан яшаб кўрдингми? Нега маддоҳлик қиласан” деб уни тўхтатиб қўйди.

Қутайба Ибн Муслим ҳазратларининг шахсияти ғайратли, уддабуррон лашкарбоши, адолатли пешво, хиёнатни севмаган, илму урфонга, шеъриятга яқин нозиктаъб инсон сифатида гавдаланади. Аммо, Совет Иттифоқи таълим тизимларининг тарихчилари уни қонхўр, золим, адолатсиз ва илм-фан, маданиятнинг ашаддий душмани сифатида таърифлаганлар. Афсуски, бизнинг айрим ватандош тарихчиларимиз ҳам ислом динининг бу ерларга тарқалиши масаласини ёритишда шундай хатоларга йўл қўйган.

Қутайба ибн Муслим ҳазратларининг дўсти Абдул Малик ибн Марвон ўша даврдаги мусулмонларнинг амири бўлган. У ўзининг дўсти ва яхши таниган, яқин одами сифатида имом Қутайбани Хуросон вилоятига ноиб қилиб тайинлаган эди. Абдул Малик тақводор обид бўлган. Ибн Саъднинг хабар беришича, у аввал Мадинайи мунавварага амир қилиб тайинланган. У Усмон ибн Аффон, Абу Ҳурайра, Абу Саид, Умму Салама ва Муовия каби улуғ зотларнинг насиҳатларини эшитган. Унга қадар мусулмонлар орасида Абдул Малик деган ном бўлмаган.

Даҳрий тарихчилар “китобларни куйдирган, олимларни ўлдирган” деб сифатлаган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига ана шу маърифатпарвар, адолатпарвар, халқпарвар Абдул Малик ибн Марвон волий қилиб тайинлаган эди. Сиёсат тарихи ва табиатидан маълумки, ҳар бир давлат бошлиғи муҳим мансабларга ўзига ҳамфикр одамларни тайинлайди. Халифа Абдул Малик ҳам Мадинаи мунавварадаги тўрт алломанинг бири, илм-маданият жонкуяри ўлароқ, ўзи каби дунёқарашга эга бўлган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига волий қилиб танлаган эди.

715 милодий йилнинг иккинчи ярмида халифа Валид вафот этиб, ҳокимият унинг укаси Сулаймон қўлига ўтганида Қутайба ибн Муслим унга хизмат қилишдан бош тортган. Чунки у отаси ва оғаси каби маърифатпарвар, олим ва донишманд эмас, табиийки, Қутайба у билан ҳеч бир масалада келиша олмас эди. Бундан ғазабланган Сулаймон ўша йилнинг охирида махсус жаллод юбориб, Фарғона водийсида Қутайба ибн Муслимни ва унинг оиласидаги ўн бир кишини қатл қилдирган ва кейинроқ бу қилмишидан пушаймон чеккан эди! Бу воқеалар хусусида араб шоири Жарир: “Бир яралган Қутайбани ўлдирдилар, Жони учиб кетгандан сўнг ўкиндилар! Дунёдаги бу пушаймон ҳеч нарсамас, Охиратда “аттанг!” деган ёмон бўлар!” деб ёзган эди.

Яна бир манбаларда туркий халқлар Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўлдирилганида: “Эй араблар! Уни ўзингиз ўлдирдингиз, агар у биздан бўлганида эди – биз уни қадрлар эдик. Агар вафот қилса, ундан барака хосил қилишлик учун тобутга солиб, жангларимизга олиб чиққан бўлар эдик”,  деган эканлар.

 Юртимизда қанчадан-қанча халқ мўмин-мусулмон бахтига мушарраф холда яшаб келдилар ва келмоқдалар. Нафақат оддий мусулмон, балки Ислом динининг ривожи ва тараққиёти учун ҳисса қўшган олим ва уламолар бу юртлардан етишиб чиқди. Бу зотларнинг исмларининг ўзини ёзилса,  уламолар исмларидан иборат алоҳида бир китоб ҳосил бўлади.  Бу Қутайба ибн Муслим ҳазратлари дуоларининг шарофати ва холис хизматлари туфайлидир.

Шундай мўътабар инсон     милодий 715 йили бизнинг азиз диёримиз, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманига дафн қилинган.

Фойдаланилган адабиётлар:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – Ислом тарихи;

Шайх Муҳаммад Хузарий – Уммавийлар давлати тарихи;

Шайх Исмоил Бурсавий – Рухул Баён тафсири;

Махмуд Шайт Хаттот – Мавороуннаҳр қўмондарлари;

Имом Наршахий – Бухоро тарихи;

Ўзбекистон Ислом энциклопедияси.

Н.Холиқназаров,

Андижон вилояти бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 14113 times
Top