Сийрат ва ислом тарихи

“Муҳаммад” исмининг маъноси

Ҳар бир номнинг маъноси ва кўтарган юки бўлади. Хўш, биз севган “Муҳаммад” исмининг маъноси нима?

“Муҳаммад”нинг маъноси – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, яъни,  мақталаверади, мақталаверади ва яна мақталаверадиган[1]. Мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда ҳам кўп, бутун фазилатлар эгаси.

Барча пайғамбарлар мақталадилар, аммо пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтовсиз мақталадилар. Барча пайғамбарларнинг мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари мавжуд, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламники эса, ҳаммасиникидан кўра кўпроқдир. Барча пайғамбарлар фазилат эгалари бўлиб, умматларига намунавий, ибратли, комил инсонлар бўлишган, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, ўзларида бутун фазилатларни жамлаган  ва қиёматгача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал гўзал намунали зотдирлар[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли, худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагида бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қойил қолишади ва: “Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганида эди!” дейишади. Мен ўша ғиштман, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман”, дедилар»[3].

Пайғамбаримизнинг яна бир исмлари “Аҳмад”нинг маъноси эса, Аллоҳ таолога кўпроқ ҳамд-мақтовлар айтувчидир.

Барча пайғамбарлар Аллоҳ таолога ҳамд-мақтовлар айтишган, аммо пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан кўра кўпроқ айтганлар.

“Муҳаммад” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг буюк ва машҳур исмларидир. Мусулмон бўлиш учун “Муҳаммад расулуллоҳ” дейиш керак, аммо “Аҳмад расулуллоҳ” деса, кифоя қилмайди[4].

 


[1] “Мавсуъатуд дифоъ ъан Росулиллаҳ” (2/276).

[2] Бадриддин Айний Ҳанафий, “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (24/73); Муҳаммад ибн Абдул Боқий Зурқоний, “Шарҳуз Зурқоний ъала Муваттоил имом Молик” (4/558); Ибн Дурайд, “Ал-иштиқоқ” (1/2) ва бошқалар.

[3] Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривояти.

[4] Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/410).

Тошкент ислом институти

катта ўқитувчиси

Абдул Азим Зиёуддин

 

 

Read 12126 times
Top