Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг нафл ибодатлари

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг амаллари қандай эди, ибодатлари учун бирор кунни хослармидилар”, деб сўрашганларида, у зот: “Йўқ, Расулуллоҳнинг амаллари доимий эди. Қайси бирларингиз Расулуллоҳ бажарган амалларни қилиш қўлингиздан келади?!” дея жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ибодат қилиш билан ҳаловат топардилар. Чунки у зот: Билол (розияллоҳу анҳу)га: “Тур эй Билол, бизларни намоз билан роҳатлантир”, дердилар (Имом Аҳмад ривояти). 

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ибодатдаги услублари, агар бирор амални бажарсалар, уни давомли қилганлар. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тоқатларингиз етадиган амалларни ўз зиммаларингизга олинглар. Зеро, Аллоҳ таоло зерикмайди, ўзларингиз зерикиб қоласиз, Аллоҳ таолога бандалари қиладиган амалларнинг энг яхшиси оз-оздан бўлса-да, давомли бажариладиганидир”, дедилар (Имом Абу Довуд). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечалари қоим бўлардилар. Тунги намозни адо қилиш учун кўпинча кечанинг иккинчи ярмининг аввалида турардилар. Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечанинг аввалги қисмида ухлар, охирги қисмида эса бедор бўлардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Ҳадиси шарифда: “Тунда бедор бўлишнинг Аллоҳ таолога энг маҳбублиси Довуд (алайҳиссалом)нинг бедор бўлганидир. У зот кечанинг ярмида ухлар, учдан бир қисмида бедор бўлар ва олтидан бир қисмида яна ухлардилар”, дейилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Ярим тунда ибодат қилиб, кечанинг охирги қисмида ухлашнинг бедорлик чарчоғидан дам олиш, бадандаги ланжликни кетказиш, бомдод намози ва ундан кейинги зикрларда толиқиш сезилмаслиги ва тунги намозни риёдан холи қилиш каби ҳикматлари бор. Яна туннинг охирги олтидан бир қисмида бир оз дам олган кишининг ранг-рўйи ёрқин, бағри дили саломат ҳолда тонг оттиради. Бу ҳолат тунда бажарган амалларини ўзгаларга билдирмасликнинг энг яхши йўли ҳисобланади (Имом Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий”). 

Зеро, бу пайт, яъни ярим тунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳажжуд намозини ўқиганлар. ўқиган киши Раббисидан ёғиладиган раҳматларга эришади. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ухлашларидан олдин дуою зикрлар ва Қуръони каримнинг айрим сураларини ўқирдилар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Зуҳо (чошгоҳ) намози ўқирдилар. Гоҳида икки ракат (Зуҳо намозининг энг оз миқдори), кўпинча тўрт ракат баъзида олти, саккиз ёки ўн икки ракат қилиб ҳам ўқирдилар. 

У зот бомдод намозини ўқигач, ўтирган жойларида то қуёш чиққунига қадар Аллоҳ таолони зикр қилардилар (Имом Муслим ривояти). 
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шомдан кейин нафл намозлар ўқирдилар. Гоҳида шомдан кейин хуфтонгача ўқисалар, баъзида олти ракат ўқирдилар. Ҳадиси шарифда: “Ким бу олти ракат нафл ўқишни тарк этмаса, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса ҳам кечирилади”, дейилган (Ибн Можа ва Имом Термизий ривоятлари). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп дуо қилганлар ва умматларини ҳам шундай қилишга чорлаганлар. Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрасалар, икки қўлларини елка баробаригача кўтарардилар... Қўлларини кўтарганларида икки кафтлари билан юзларини силамагунларича туширмасдилар. Дуоларида қиблага юзланардилар (Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривоятлари). 

“Дуоларини уч марта такрорлашни яхши кўрардилар” (Имом Абу Довуд ривояти). Уч марта истиғфор айтардилар ва маънолари кенг, қисқа дуо қилишни афзал кўрардилар. Маъноси кенг ва лафзи қисқа айрим дуолари ушбулар: “Аллоҳумма Роббана аатина фид дуня ҳасанатав ва фил аахироти ҳасанатав ва қинаа азаабан нар. (Маъноси: Эй Аллоҳ, Раббимиз, бизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт ва бизни жаҳаннам азобидан сақла)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 
“Аллоҳумма аслиҳ лии динияллази ҳува ъисмату амрии ва аслиғ лии дуня яллатии фииҳаа маъашии ва аслиҳ лии аахироти латии илайҳаа маъаади важъалил ҳаяата зияадатан ли фи кули хоййр важъалил мавта роҳатан ли мин кулли шарр. (Маъноси: Эй, Аллоҳ динимни ислоҳ қил (тузатгин), у ишларимнинг пок сақловчиси, ҳимоя қилувчисидир. Дунёмни ислоҳ қил, унда мен ҳаёт кечираман. Охиратимни ислоҳ қил, қайтиб борадиган жойим унгадир. Мен учун ҳаётимни барча эзгу амал ва яхши ишларим ортиб боришига сабабчи қил. Ўлимимни эса барча ёмонликдан қутулиб роҳатга эришиш мақоми қил)”.

Яна шундай дуо қилардилар: “Аллоҳумма иннии ъауузу бика шиқооқи ван нифаақи ва сууил ахлақи (Маъноси: “Эй Аллоҳ, бузғунчилик, мунофиқлик қилишдан ва ёмон хулқлардан паноҳ беришингни сўрайман”) (Абу Довуд ривояти). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечасида ҳам, кундузи ҳам кўп-кўп тасбеҳ айтардилар. Кеч кирганида эшиклари олдига келиб, тунардим. Шунда то ухлаб қолгунимча, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Субҳааналлоҳ, субҳааналлоҳи Рабби”, деб тинмай тасбеҳ айтаётганларини эшитар эдим” (Имом Табароний ривояти). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозларда, намозлардан кейин ва бошқа ҳолатларда истиғфорни кўп айтардилар. Робиъа ибн Каъб айтади: “Мен кундузи Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг хизматида бўлардим. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш маротаба “Астағфируллоҳа ва атувбу илайҳи (маъноси: Аллоҳдан гуноҳларимни кечиришини сўрайман ва унга тавба қиламан)”ни айтаман” дейилган (Имом Бухорий ривояти). 

Ибн Умар (розияллоҳу анҳо) айтади: “Биз бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир жойда ўтирганимизда у зотнинг: “Роббиғфирлии ва туб алайя иннака антат тавваабур роҳим (Раббим мени кечир ва тавбамни қабул эт! Албатта, Сен тавбаларни қабул қилувчи ва меҳрибон Зотсан)”, деб юз маротаба айтганларини санадик” (Абу Довуд ва Ибн Ҳибон ривоятлари – Бу ҳадисни Имом Термизий саҳиҳ, деб айтганлар). Бошқа бир ривоятда “Иннака антат тавваабур роҳим”нинг ўрнига “иннака антат тавваабул ғофуур (Албатта, Сен тавбаларни қабул қилувчи ва кечирувчи Зотсан)”, лафзида келган. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафл рўза ҳам тутардилар. Баъзи вақтларда кетма-кет рўза тутганларидан атрофидаги саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғизлари очиқ ҳолда юрмасалар керак, деб гоҳида эса рўза тутмаганларидан, аксинча гумон қилишарди. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир ойда уч марта ва ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўза тутардилар. 
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган муборак кунлари – душанба кунни улуғлардилар. У кунда рўза тутиб: “Мен бу кунда туғилганман”, дердилар» (Имом Муслим ривояти). 

Айниқса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шаъбон ойида кўпроқ рўза тутардилар. Агар Рамазон ойи кирса, бу ойда бошқа ойларга қараганида кечалари кўпроқ қоим бўлишга жидду жаҳд қилиб, айниқса, охирги ўн кунида эътикофда ҳар кечасини бедор ўтказишга ҳаракат қилганлар. 

Кўкалдош ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси 

Ғиёс БАРАТОВ тайёрлади.

 

 

Read 7937 times
Top