Сийрат ва ислом тарихи

Ғарблик холис мутафаккирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларидаги тавсифлари

Бугунги кунимизда бутун олам Муҳаммад алайҳиссаломнинг зотларига, сифатларига ва таълимотларига қанчалик муҳтож эканини ўтган асрнинг буюк ақл эгаларидан бири, забардаст инглиз  мутафаккири  ва  ёзувчиси  Бернард  Шоу  ўзининг: "Агар Муҳаммад  пайғамбар  тирик бўлганида, замонамиз муаммоларини бир пиёла чой устида ҳал қилган бўлар эди", деган сўзлари  билан  ифодалаган  эди. 

Пайғамбаримизни  Ғарбнинг  инсофли  кишилари  ҳам  улуғлашган.  Буюк  олмон  шоири Волфганг Гёте бундай деб ёзган: "Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари  тўплаган  жами  салтанату  бойлик,  қаср-лару  саройлар  Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Муҳаммад (алайҳиссалом) сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди".

Бернард Шоу: "Агар Муҳаммад (алайҳиссалом)дек бир одам ҳозирги дунёни бошқарганида эди, бу дунёнинг мушкулотларини ҳал қилишга муваффақ бўлар эди, бу эса, ўз навбатидаҳозирги  дунёга  етишмаётган  хотиржамлик  ва  бахтни  олиб  келган  бўларди"деган  эди.

Томас  Карлайл  тан  олиб  айтишича,  Муҳаммад(алайҳис-салом)  шундай  тубан  халқ(араблар)ни "ёруғлик  ва  илм  ташувчилар"  даражасига  юксалтирди: "Араб  халқи  учун  бу зулматдан  нурга  чиқиш  эди.  Бу  билан  араблар  илк  маротаба  бошқалар  назарида жонландилар. Дунёнинг яратилишидан буён кўзга ташланмай, ўз саҳроларида изғиб юрган қашшоқ подачи халқ! Қаранг, кўзга ташланмаган халқ бугун дунёга кўз-кўз бўлди, кичик эди,  оламий  улуғликка  эришди.  Бор-йўғи  юз  йил  ичида  араблар  ғарбда  Гранадагача,  шарқда Деҳлигача  етишди,  жасорат  ва  улуғворлик  нури  ила  Арабистон  олам  кенгликларини ёритмоқда".

Атоқли  файласуф  Шебол  бундай  дейди: "Муҳаммад(алайҳиссалом)нинг  одам  боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий(ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз".

Франциянинг  таниқли  олимларидан  Ламартиннинг  мана  бундай  сўзлари  бор: "Агар кишининг буюклиги унинг қилган ишларига, қозонган зафарларига, имконияти оз бўлса-да, кўп иш  қилганига  қараб  баҳоланадиган  бўлса,  Муҳаммад(алайҳиссалом)  инсонларнинг  энг буюгидир.  У  киши  ҳам  пайғамбар,  ҳам  нотиқ,  ҳам  даъватчи,  сиёсатчи,  жангчи,  қалблар ҳимоячиси, ғоялар тарғиботчиси, имом(яъни, раҳбар), давлат арбоби, ер юзининг йигирмата минтақасида исломий салтанат қура олган... Муҳаммад(алайҳ-иссалом) ана шундай зот эди!” 

Америкалик  тарихчи  олим  Мишел  Ҳарт  бундай  дейди: "Дунёдаги  таъсири  энг  кучли шахслар  рўйхатининг  бошига  Муҳаммад(алайҳиссалом)ни  ёзиб  қўйсам,  эҳтимол,  айрим  мухлисларим  таажжубга  тушишар? Бошқалар,  эҳтимол,  буни  ўзгача  тушунишар? Нима бўлганида  ҳам,  у  зот  дунёвий  ва  диний  соҳалардаги  самарали  ишлари  билан  тарих саҳнасидаги ана шу мўътабар мақомга муносибдир".

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида яшашган Ислом душманиниг Пайғамбаримиз ҳақларида айтган сўзига қулоқ тутинг

Урва исмли мушрик Қурайш кофирларига шундай ҳикоя қилган экан: "Мен жуда кўп ҳукмдорларни кўрганман. Сезарнинг, Кисронинг саройларида бўлганман. Лекин қасам ичишим мумкинки, асҳоблари Муҳаммадни ҳурмат қилганлари каби ҳурмат-эҳтиром килинган ҳукмдорни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, агар у бир нарса буюрса, улар дарҳол уни бажаришга ташланишади, таҳорат олса, ундан тушаётган сувни  талашиб-тортишиб  олишга  ошиқишадигапирсасукут  қилиб  қотиб  қолишадишу даражадаки, ҳатто унинг кўзларига тик карашга ботина олишмайди”.

Агар  бу ғарблик буюк ёзувчи-ю мутафаккирларнинг  Пайғамбаримиз ҳақларида илиқ фикр билдиришларини ўзларига шараф деб билсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматликни даъво қилиб туриб, у кишига эргашмай юрган шарқликлар учун ору номусдир.

 

 

“Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китоби асосида

Нурмуҳаммедова Васила тайёрлади.

Read 7789 times
Top