Сийрат ва ислом тарихи

Тобеинларни таниш

Тобеиннинг таърифи:

“Тобеъуна” луғатда, “тобеъийю” ёки “тобеъун” бўлган исми фоилнинг жамидир. У “табиъа” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “эргашди”, “орқасидан юрди” деган маъноларни ифодалайди.

Истилоҳда эса, мусулмон ҳолида саҳобага учрашиб, мусулмон ҳолида вафот этган кишига “тобеъий” айтилади [1]. Баъзилар эса, “у саҳобага ҳамроҳ бўлган кишидир” [2], деб таъриф беришган [3].

Баъзилар эса, “Мўъмин бўлган ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан суҳбатлашган киши тобеъиндир” [4], дейишган [5].

Бу илмнинг фойдалари:

“Тобеинларни таниш” илмининг фойдаси жуда кўпдир. Инсон бу илмга беэтибор бўлса, саҳоба билан тобеинни ва тобеин билан табаъ тобеиннинг ўртасини ажрата олмайди. Шунингдек, бу илмнинг фойдаларидан  яна бири  “муттасил ҳадис” билан “мурсал ҳадис”ни ажратиб олишдир.

Тобеинларнинг табақалари:

Тобеинларнинг табақаларининг адади ҳақида ихтилоф қилинган. Уламолар уларнинг табақаларини ўз қарашларига, ижтиҳодларига кўра тақсим қилишган:

  1. Имом Муслим уларни уч табақа қилган.
  2. Ибн Саъд уларни тўрт табақа қилган.
  3. Ҳоким Найсабурий уларни ўн беш табақага тақсим қилган ва фақат уч табақасини зикр қилган:

А). Уларнинг энг биринчи табақаси  – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат башоратини берган ўнта саҳобаларга учрашган тобеинлар бўлиб, бунга Қайс ибн Абу Ҳорим роҳимаҳуллоҳни мисол қилиш мумкин. У киши уларнинг барчасидан ҳадис эшитган ва ривоят қилган. Тобеинлар орасида ундан бошқа бирорта тобеин бу ўнта саҳобанинг ҳаммасидан ҳадис ривоят қилмаган.

Б). Уларнинг энг охирги табақаси – Басра аҳлидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга, Мадина аҳлидан  Соиб ибн Язийд ва Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳумоларга учрашган кишилардир. Бу саҳобалар энг охирги вафот этган саҳоба бўлишган [6].

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам саҳиҳ сўзга кўра шу табақадан бўлган.

Илм китобларида кенг тарқаган тобеинларнинг уч табақаси қуйидагилардир:

  1. Катта (кибор) тобеинлар табақаси. Улар катта (кибор) саҳобалар билан учрашган.
  2. Ўрта (мутавассит) тобеинлар табақаси. Улар саҳобалардан ва катта (кибор) тобеинлардан ҳам ҳадис ривоят қилишган.
  3. Кичик (сиғор) тобеинлар табақаси. Улар вафотлари кейинроқ бўлган кичик (сиғор) саҳобалардан ҳадис ривоят қилишган. Бу саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ёш бола бўлишган. Бу саҳобалар ёшлари катта бўлган пайтда бу тобеинлар ёш бола бўлиб, уларга учрашган.[7]

Энг аввал вафот этган тобеъин – Абу Зайд Маъмар ибн Язийд (30-ҳижрий санада ўлдирилган).

Энг охирги вафот этган тобеин – Холф ибн Холийфа (180-ҳижрий санада қазо қилган) [8].

Етти фақиҳ бўлган тобеъинлар:

Катта тобеъинлардан етти фақиҳ бўлиб танилган кишилар қуйидагилардир:

Саъийд ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Урва ибн Зубайр, Хорижа ибн Зайд, Абу Салама ибн Абдурроҳман, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба ва Сулаймон ибн Ясор.

Мухозрамнинг таърифи:

Мухозрам, луғатда “хозрама”, феълининг исми мафъули бўлиб, “икки даврда яшаган”, деган маънони ифодалайди.

Истилоҳда, у жоҳилият ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида ҳам яшаб, мусулмон бўлиб, у зотни кўрмаган ёки мушрик бўлган ҳолида у зотни кўрган бўлиб, кейинроқ мусулмон бўлган кишидир. Чунки, мушрик ҳолида Расулуллоҳни кўришлиги эътиборга олинмайди [9].

Мухозрамларнинг ҳукми:

Баъзилар уларни саҳобалардан дейишган. Саҳиҳ гапга кўра улар тобеинлардан саналади, уларнинг Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадислари мурсал ҳадис дейилади.

Мухозрамлар ҳақида фақат Имом Муслим ибн Ҳажжож (261-ҳижрийда вафот этган) ва Имом Бурҳониддин Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Аъжамий (841-ҳижрийда вафот этган) томонидан муҳозрамлар ҳақида алоҳида китоб ёзилгандир. Имом Муслимнинг бу китоби ҳақида Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ Саҳиҳи Муслимга бўлган шарҳида, унинг китобларини зикр қилиб, “Китабул мухозромийн”[10] ни ҳам зикр қилган. Иброҳим ибн Муҳаммаднинг китоби “Тазкиротут толиби ал-муъаллама лиман юқолу аннаҳу мухозрам” номли бўлиб, у нашр қилингандир.[11]

Тобеинларнинг энг афзали:

Тобеинларнинг энг афзаллари ҳақида уламолар ўртасида бир неча фикрлар баён қилинган. Бу сўзларнинг энг машҳури тобеинларнинг энг афзали – Саъийд ибн Мусайяб ҳисобланади, дейилганидир.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хофийф Шерозий бундай деган:

  1. Мадина аҳли тобеинларнинг энг афзали деб Саъийд ибн Мусайябни айтишади.
  2. Куфа аҳли эса, Увайс Қаранийни энг афзали дейишган.
  3. Басраликлар Ҳасан Басрийни энг афзал тобеин дейишган.

Тобеъин аёлларнинг энг афзали:

Абу Бакр ибн Абу Довуд бундай деган: “Тобеин аёлларнинг саййидалари Ҳафса бинти Сийрийн ва Амро бинти Абдурраҳман ва улардан кейин (кичик) Умму Дардодир”.

Тобеинларнинг таниш борасидаги ёзилган энг машҳур китоб – Абу Муторриф ибн Футойс Андалусийнинг “Маърифатут тобеъийн” китобидир.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Шокиржон МАДАМИНОВ манбалар асосида таёрлади.

 

[1] Нухба, 58-бет.

[2] Ал-Кифоя, 22-бет

[3] Тайсиру мусталаҳул ҳадис, 247-бет.

[4] Маърифату улумул ҳадис,  42-саҳифа.

[5] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.202-саҳифа.

[6] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.

[7] Манҳажун нақд фи улумил ҳадис, 148-саҳифа.

[8] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.

[9] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.203-саҳифа.

[10] Шарҳун Нававий ала Саҳиҳи Муслим, 1/10. Таҳзийбул Асмо, Нававий 2/397. Сияру Аъламун Нубало, 12/397.

[11] Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.682-саҳифа.

 

 

 

Read 8672 times
Top