Сийрат ва ислом тарихи

Набавий суннатдан олинган 10та илмий ҳақиқат

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари, қилган ишлари улкан фойда ва ҳикматларга тўладир. Қуйида набавий ҳадислардан олинган илмий ҳақиқатларни кўриб чиқамиз.

 

  1. Чироқларни ўчириш

Янги тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, ухлаш пайтида чироқларни ёниқ қолдириш инсон мияси ичидаги тириклик ҳужайраларига салбий таъсир этиб, турли изтиробларга сабаб бўлар экан. Қолаверса, бу ҳол инсоннинг кўриш қобилиятига ҳам ёмон таъсир қилади. Шунинг учун олимлар жисм ва мия саломатлигини ўйлаб, кечқурун ётишдан олдин чироқларни ўчиришни тавсия қилишади. Олимлар 21-асрда тавсия қилаётган нарсани Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 14 аср олдин айтиб қўйганлар. У зот алайҳиссалом “Агар уйқуга ётсангиз, чироқларингизни ўчиринглар!” деганлар. Шу ҳадиснинг ўзи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига далил эмасми?!

 

    1. Поклик иймоннинг ярмидир.

 

Олимларнинг айтишича, инсоннинг турли касалликлардан сақланишида покликнинг катта ўрни бор. Жисмнинг пок ҳолда, турли микроб ва бактериялардан холи вазиятда бўлиши кишининг тери, оғиз, юз, қўл касалликларидан сақланишига сабаб бўлади. Оғиз орқали танага кириб, нафас олиш ва ҳазм қилиш аъзоларининг касалланишига сабаб бўлувчи микроблар ҳам пок юриш, таҳорат қилиш орқали йўқ бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Поклик иймоннинг ярмидир” деганлар.

 

    1. Сувга бавл қилишдан қайтариш.

Маълумки, инсоннинг бавлида бир қанча зарарли бактериялар бўлиб, улар сув орқали бошқа инсонга ўтиш хусусиятига эга. Сувга, хусусан, оқмасдан, бир жойда тўпланиб турган сувга бавл қилиш вабо, ич терлама, қорин тифи, полиомиелит (болалардаги фалажлик) каби касалликларга сабаб бўлади. Оммавий чўмилиш жойларида чўмилганлар шундай касалликларга йўлиқиши кўп кузатилган. Аллоҳнинг изни билан, покиза, касалликларсиз, зарарли микробларсиз ҳаёт кечиришимиз учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини сувга бавл қилишдан қайтарганлар. Жобир розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам оқмас сувга бавл қилишдан қайтардилар”, деганлар.

 

    1. Икки қўлни ювиш.

Уйқудан тургандан кейин аввало икки қўлни ювиш қўлга ёпишган микробларнинг кетишига, қўлда тўпланган ёғ, тер қолдиқларининг йўқолишига сабаб бўлади. Шунинг учун бугунги давр олимлари кўплаб касалликлардан сақланиш учун инсон икки қўлини ювиши муҳимлигини таъкидламоқдалар. Қолаверса, инсон ухлаётган пайтда қўллари қаерда турганини, нималарни ушлаганини билмайди. Уйқудан турган заҳоти қўлларни ювиш эса соғлик сари босил муҳим қадамлардан бири бўлади. Мана шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари қанчалик муҳим экани маълум бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз уйқусидан турса, то қўлларини уч марта ювмагунча идишга киритмасин” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Уйқудан турган одам учун қўлларини ювиш муҳимлигини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ким хабар берди экан?! Албатта, у зотга Аллоҳ таоло хабар бергандир!

 

    1. Истинжонинг аҳамияти.

Бавл қилгандан кейин истинжо қилиш, яъни бавл ўрнини ювиш поклик ва саломатлик учун энг муҳим омиллардандир. Бугунги кун тиббиёти бавл ва нажосат ўрнини сув билан тозалаш, ювиш инсоннинг турли таносил касалликларидан сақланишига сабаб бўлишини баралла айтмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ўз умматларига ўн тўрт аср олдин айтиб қўйганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, мен ва бир ғулом идишда сув ва найза кўтариб олардик”. Бухорий ва Муслим ривояти. Бундан ташқари ҳар бир мусулмон одам ҳар жума ғусл қилиши лозимлиги ҳадисларда айтилган. Бу инсоннинг тери касалликларидан омонда бўлишига, терининг осон нафас олишига ва ёмон ҳидлардан халос бўлишига боис бўлади.

 

    1. Кексалик.

Кексалик инсон умрининг табиий ниҳоясидир. Айримлар кексайгандан кейин ҳам умрини янада узайтириб, бунинг учун турли услубларни қўллайди. Инсон кексаликни даволаб, янада узоқроқ яшаш учун ҳар қанча пулларни сарф қилмасин, барибир фойдаси йўқ. Чунки, кексаликнинг давоси йўқ. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин ишора қилган нарсадир. У зот алайҳиссалом “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар. Имом Аҳмад ривояти.

 

    1. Ҳижома – қон олдириш.

Шифокорлар айтишича, инсоннинг ўсиши 20 ёшдан кейин тўхтар экан. Шу пайтда тананинг бузилган қондан халос бўлиши қийин кечади. Қондаги заҳарли моддалар (токсинлар) тананинг орқа қисмида йиғилиб қолади. Одатда инсоннинг кам ҳаракат қиладиган қисми орқа тарафидир. Бу тўпланиш эса қоннинг танада эркин ҳаракат қилишига халал беради. Шунинг учун бундай пайтда қон олдириш тавсия этилади. Ҳижома қилдириш пайтида танадаги заҳар билан тўйинган, бузилган қон чиқиб кетади. Бу тавсияни бундан ўн тўрт аср олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берганлар. У зот алайҳиссалом “Сизлар қила оладиган даво муолажаларининг энг яхшиси – бу ҳижома (қон олдириш)дир” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

    1. Эпидемия (вабо)нинг муолажаси.

Инсонлар орасида тарқаладиган вабонинг энг намунали муолажаси – касалланган одамларни бошқалардан ажратиб, алоҳида хонада сақлашдир. Вабо ва бошқа касалликка чалинганлар бир муддат алоҳида хонада парвариш қилинса, идиш, совун, сочиқ каби шахсий гигиеник нарсалар бошқаларникига аралаштирилмаса, касалликнинг муолажаси осонлашади. Буни ҳозирги замон тили билан айтганда карантин дейилади. Бу ҳақиқатни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин айтиб қўйганлар. У зот алайҳиссалом “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Шу ҳадиснинг ўзиёқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳақ расули эканликларига далил эмасми?!

 

    1. Сажда.

Изланувчилар саждада жуда ҳам кўп фойдалар борлигини кашф этишди. Сажда қилиш инсон танасидаги қоннинг томирларда айланишини фаоллашишига, мияга етарлича қон ва кислород етиб келишига сабаб бўлар экан. Бу эса инсоннинг ўзини енгил, тетик, руҳан хотиржам ҳис қилишига олиб келади. Сажда қилган инсон Роббисига яқин бўлаётганини сезади. Дилидаги ғамлари арийди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзига сажда қилган бандасининг барча ғамларини кеткизиб, ўрнини хотиржамликка тўлдиради. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у зот билан жаннатда бирга бўлишни сўраган саҳобага “Бу тилагинг амалга ошиши учун кўп намоз ўқиб менга ёрдам бер. Чунки сен Аллоҳга ҳар сажда қилганингда, Аллоҳ таоло у сабабли сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва шу сабабли сенинг бир гуноҳингдан ўтади” деб жавоб берганлар.

 

    1. Тишларни тозалаш.

Олимларнинг таъкидлашича, тишларини мунтазам равишда ювиб юрган инсоннинг хотираси кучли бўлар экан. Тишларни ювганда оғиздаги иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатадиган микроблар кетади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда, уларни ҳар намоз пайтида мисвок қилишга буюрган бўлардим” дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

Ҳа, азизлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳар бир ҳадисларида олам-олам ҳикматлар, фойдалар бор. У зот алайҳиссалом айтган нарсалар бугунга келиб илмий ҳақиқатлар сифатида кашф этилмоқда ва бутун дунёда унга амал қилишга тарғиб қилинмоқда. Шунинг учун севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ва қилишга буюрган ҳар бир буйруқларига биз умматлари итоат қилсак, Аллоҳнинг изни билан, дунёда ҳам, охиратда ҳам бахту саодатга эришамиз.

 

 

Мақола муаллифи: Абдуддоим Каҳел

Таржимон: Нозимжон Иминжонов

Read 5635 times
Top