Сийрат ва ислом тарихи

Моҳир камончи саҳоба

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг туғилган йиллари манбаларда ҳижратдан 23- ёки 27-йил олдин деб кўрсатилади. Бу милодий ҳисобда 595 ёки 599 йилга тўғри келади.

Саъд розияллоҳу анҳу мерганлик ва камондан ўқ узиш бўйича ўта моҳир саҳоба эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни у кишига “От, эй Саъд, ота-онам сенга фидо бўлсин, от!” деганлар. Али розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъддан бошқа одамга бу гапни айтганларини эшитмаганман” деганлар.

Ислом динига энг аввал кирган саҳобалардан бири эдилар.

Саҳобаларнинг ичида паҳлавонлиги, қўмондонлик салоҳияти борлиги, мерганлиги, дуоси тез қабул бўлиши билан машҳур эдилар.

Форслар ўлкасининг фатҳ қилинишига сабаб бўлган Қодисия, Мадоин жангларида қўмондон бўлганлар.

Куфага биринчи волий бўлганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини Куфага волий этиб тайинлаганлар.

Муҳожир саҳобалардан Мадинада энг охири вафот этган киши шу зот эдилар.

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қўриқлаб юрган зотлардан бири эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳу келганларида, “Бу менинг тоғам. Бирор киши ўз тоғасини кўрсатсинчи” деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ё Аллоҳ! У Сенга дуо қилганда, дуосини ижобат қилгин!” деб дуо қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг пешоналарига қўлларини қўйганлар. Кейин юзларини, кўксиларини ва қоринларини силаб, “Ё Аллоҳ, Саъдага шифо бергин!” деб дуо қилганлар. Кейинчалик Саъд розияллоҳу анҳу бу воқеани эслаб, “Ҳозиргача у зот алайҳиссаломнинг қўллари тафтини кўксимда ҳис қиламан” деганлар.

Саъд розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳунинг вафотларидан кейин янги раҳбар танлаш борасидаги Маслаҳат Кенгашининг аъзоси бўлганлар.

У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этганлар.

Уҳуд куни кўпчилик ортга чекинган пайтда жойидан қимирламай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриб, у зот алайҳиссаломни қўриқлаган кам сонли саҳобалардан бири эдилар.

Саъд розияллоҳу анҳу Макка фатҳи куни муҳожирларнинг учта байроқларидан бирини кўтариб борган зот эдилар.

У киши тириклигида жаннати эканлигини эшитган бахтиёр инсонлардан бири эдилар.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад каби муҳаддислар Саъд розияллоҳу анҳудан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Умар, Оиша бинт Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Аббос, Соиб ибн Язид, Жубайр ибн Мутъим, Жобир ибн Абдуллоҳ, Мисвар ибн Махрама, Абдуллоҳ ибн Омир, фарзандлари Омир, Умар, Муҳаммад, Мусъаб, Иброҳим, Саъид ибн Мусаййиб, Абу Усмон Наҳдий, Амр ибн Маймун, Аҳнаф ибн Қайс, Алқама ибн Қайс, Иброҳим ибн Абдураҳмон ибн Авф, Абу Абдураҳмон Суламий, Мужоҳид, Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳум каби кўплаб зотлар у кишидан ҳадис ривоят қилишган.

Вафотларидан олдин юнгдан бўлган кийим (жубба)ларини олиб келишни буюрганлар. Олиб келишгач, “Мени шунга кафанланглар. Чунки, Бадр ғазоти куни душманга рўбарў бўлганимда, устимда шу кийим бор эди. Кафаним бўлсин деб шу кунгача сақлаб қўйгандим” деганлар.

Ҳижрий 55-йилда, милодий 674 йилда, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу даврида вафот этиб, Мадинада дафн этилганлар.

Суратда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг машҳур камонлари бўлиб, ушбу камон Мадинаи мунавварадаги “Ҳижоз темир йўли” номли музейда сақланади.

Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан рози бўлсин!

 Интернет материаллари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 6051 times
Top