muslimuz

muslimuz

Вівторок, 10 октябрь 2023 00:00

Ибодат қилишда дангасалик

Навбатдаги нафс хасталигининг белгиси бу – фарз намозларни адо этишда дангасалик қилиш, нафл амалларда ғафлатда қолиш саналади.

Муолажа услуби

Бу касалликдан халос бўлиш учун – кўпроқ нафл рўза тутиш, ноқобил “биродар”лардан узоқлашиш ва нафсни ўзи хоҳламаган нарсаларни қилишга мажбурлаш лозим.

Асов ҳайвонни бўйсундиришнинг яна бир йўли, унинг устига ортиладиган юкни кўпайтиришдир. Шунда ҳайвон заифлашиб, ўз-ўзидан итоаткор бўлади. Нафс тарбиясида ҳам бу усулни қўллаш яхши самара келтиради.

Нафсни тоат-ибодатлар билан чиниқтириш билан унинг орзу-ҳаваслари жиловланади, қайсарлиги йўқолади. Киши нафсида сокинлик ва тавозе пайдо бўлиб, ибодатларни хушуъ-хузуъ ила адо эта бошлайди.

Ривоят қилинишича, бир киши Абу Язид ал-Бистомий раҳимаҳуллоҳдан сўради:

“Менга Аллоҳ йўлида энг қаттиқ машаққатга дучор бўлган нарсангиз ҳақида сўзлаб беринг”.

Олим жавоб берди: “Буни тушунтириш қийин”.

Ўша одам яна сўради: У ҳолда менга Аллоҳнинг йўлидаги энг кичик қийинчилик ҳақида гапириб беринг”.

Олим: “Бу ҳақда гапириш мумкин эмас”, деди.

У киши давом этди: “Нафсингни нимага ундаш жуда қийин бўлган?”.

Абу Язид: “Бу ҳақда менга гапириш ҳам қийин”. Шунда одам сўради: “Унда нафсингни зўрлаш энг осон бўлган нарса ҳақида хабар бер”.

Олим деди: “Мана бу саволга жавоб бера оламан. Нафсимни Аллоҳ таолога ибодат қилишга ва амрларини адо этишга чақирдим, аммо у бундай қилмади, бўйин эгишни истамасди. Кейин унга бир йил давомида сув бермадим (ва у тинчланди)”.

Ибн Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Сенинг ибодатга нисбатан бепарво ва дангаса бўлишинг қалб кўзинг кўрлигига далолат қилади”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Вівторок, 10 октябрь 2023 00:00

Аёл меҳр билан онадир!

Қуръони карим эркагу аёлга, ҳуру қулга бирдек нозил бўлди. Оятлар сабаб синфий гуруҳлар орасидаги масофалар қисқарди, инсонлар бир-бирига яқинлашди, ғазаб босилди, хиёнат камайди, муҳаббат ва садоқат энг юқори даражага етди. Аёл хизматкорликдан турмуш ўртоқ бўлиш мақомига кўтарилди, буюмдек сотилишдан қутулди. Эркак у билан ўз камчиликларини тўлдирди, у билан бутун бўлди. Оила ҳузур-ҳаловат масканига айланди.

Жоҳилият тугади, саодат келди. Жоҳилият даврида қилган зулмидан ҳузурланганлар ҳидоят таъмини тотгач, мазлум ва мазлумаларнинг озодлиги учун курашадиган бўлдилар.

Қуръони карим: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг...” (Таҳрим сураси, 6-оят), деб хитоб қилгач, мўминлар хонадонларига жиддий эътибор қарата бошлашди. Ушбу ҳолат аста-секинлик билан алоҳида оилалардан жамиятга кўчди.

Инсонларнинг руҳида ўчмас из қолдирган Абдуллоҳлар, Анас ибн Моликлар ўша уйларда вояга етдилар. Хўш, уларни қандай оналар тарбиялади? У шундай онаки, қиблага юзланиб, саждага бош қўйган, ойнинг шуъласида юзлаб хатмлар қилган ва Қуръонга сидқидилдан, ихлос ила амал қилган! Аслида, аёл фақат фарзанд дунёга келтириши билан эмас, меҳри билан она. Она фарзандига хизмат қилишдан чарчамайди ҳам, эринмайди ҳам. “Ярим кечаси нега мени уйғотасан?” деб фарзандини уришмайди. Уйқусида ҳам, уйғоқлигида ҳам боласининг бошини силаган мушфиқ онанинг қўллари ҳамиша меҳрлидир.

Совуқ уйларни ҳам онанинг тафти иситади. Биласизми, мактабдан уйга қайтган бола биринчи бўлиб онасини сўрайди! Меҳрибон онасини кўриши, уни қучоқлаши, мактабда устозидан танбеҳ олган ёки мақтов эшитган бўлса, буни аввало волидасига айтиши керак. Чунки қалбни кўпроқ она яхши тушунади. Бола тўрт девордан иборат уйни яхши кўришининг сабаби ҳам онасидир. Бизга оёққа туришни ўргатган ҳам, қавму қариндошларга меҳрли қилиб қўйган ҳам онадир. Касаллик исканжасида азоб чекиб ётган кўз қорачиғи учун жарроҳлик хонаси ортида дуо қилаётган тўқсон ёшли момога куч берган ҳис ҳам оналик туйғусидир...

Аҳроржон ИСКАНДАР ўғли

“Мўминалар” журналининг 2023 йил 2-сонидан олинди.

Вівторок, 10 октябрь 2023 00:00

Фаоллик ва рағбат

 

Обуна–2024  

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйининг "Ҳидоят" ва "Мўминалар" журналлари ҳамда "Ислом нури" газетасига 2023 йил учун обуна тарғиботида фаол қатнашган имом-хатибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррирлари Абдулатиф Абдуллаев, Азизбек Холназаров иштирок этди.

Тадбирларда мазкур нашрларга 2024 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳар бир хонадонга зиё кириб боришига ҳисса қўшишнинг фойдалари, савоблари ҳақида сўз борди.

Фаол имом-хатиблар "Шамсуддинхон Бобохонов" нашриёт-матбаа ижодий уйининг эсдалик совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирланди.
Йиғилишлар хайрли дуолар билан якунланди. 

 

Ўз мухбиримиз

Ҳижрий 1445 йил Рабиул аввал ойи муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида эълон қилинган “Октябрь – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” доирасида 2-курс талабалари ўртасида “Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди.

Тадбирда  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, институт ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, профессор-ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.

Қуръон тиловати билан бошланган мусобақа қуйидаги шартлар асосида ўтказилди:

  1. Сийратга бағишланган мақола ёки шеър ёзиш ва уни ифодали ўқиб бериш ё видеоролик тайёрлаш;
  2. Сийратга оид қисқа савол-жавоблар: “Сиз Пайғамбарни танийсизми?” китобининг 2-жузи асосида;
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шамоилларини баён қилиш Қози Иёзнинг “Аш-шифо” китоби асосида;
  4. Мавзуга оид саҳна кўриниши.

2-курс талабалари ўртасида ўтган “Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли Сийрат мусобақасида қуйидаги натижалар қайд этилди:

1-ўрин: 202-гуруҳ талабалари;

2-ўрин: 201-гуруҳ талабалари;

3-ўрин: 204-гуруҳ талабалари.

Аввал хабар берганимиздек, Робиул ойи муносабати билан Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Расулуллоҳ умматимиз! сийрат танлови ўтказилган эди.

“Сиз Пайғамбар алайҳиссаломни танийсизми” номли сийрат мусобақасида мазкур танлов ғолиблари ҳам тақдирланди. 19 нафар талаба қатнашган танловда қуйидаги натижалар қайд этилган эди: 

1-ўрин: Рихсибоев Абдулазим, 2-курс талабаси;

2-ўрин: Қодиров Абдулазиз, 4-курс талабаси;

3-ўрин: Икромжонов Абубакр, 4-курс талабаси.

Шунингдек, томошабин иштирокчилар ўртасида ўтказилган қисқа саволларга тез ва тўғри жавоб берган талабаларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.

Тошкент ислом иститути

Матбуот хизмати

 

Индонезияда мусулмонлар оқсоқоллари кенгаши томонидан “Динлар ва иқлим ўзгариши” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Aнжуман доирасида “Диний эътиқодлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича хабардорликни қандай шакллантиради” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Мусулмонлар оқсоқоллар кенгаши аъзоси, Малайзиянинг собиқ Дин ишлари вазири доктор Зулкифли Муҳамад Aл-Бакри одамларни экологик муаммолардан хабардор қилишга қаратилган диний тушунча ва қадриятлар ҳақида маълумот берди.

Aл-Бакрий диннинг маънавий-ахлоқий нуфузи ва сайёрамиздаги миллиардлаб одамлар онгига чуқур таъсири туфайли ХХI асрда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улкан аҳамият касб этиши мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади “Islamnews” see.news га таяниб.

Индонезиянинг “Наҳдатул-улама” ислом ташкилоти раиси ўринбосари Зулфа Мустофа диндорлар учун кўрсатма ва тавсияларни шакллантириш учун экология мавзусида диний-ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Top