muslim.uz

muslim.uz

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

 

Фитналар содир бўлганида мусулмон киши шариатнинг бунга муносабатини билмоғи керак бўлади. Бунинг учун эса аҳли сунна уламоларидан сўраши ва уларнинг кўрсатмасига кўра ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранглар”, деган. Бошқа бир оятда эса Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қосангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”, дейилган.

Ибн Аббос бу оятнинг тафсирида “ўзларингиздан бўлган ишбошилардан” мурод дин ва фиқҳ аҳли деганлар.  Қолаверса, эсдан чиқармаслигимиз керакки, аҳли сунна вал жамоа уламолари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидир. Фитналар пайтида қандай йўл тутишимизни улардан сўрашлик бизларга вожиб бўлади.

Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар…”, дейилган.

Уламолар Аллоҳнинг шариатининг ёрдамчилари, инсонларга ҳақни ботилдан, ҳидоятни залолатдан ажратиб баён қилиб берувчилардир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсонлардан шундайлари борки, улар яхшиликлар учун калит, ёмонликлар учун қулфдир”, деганлар.

Фитналар эшигини ёпадиган ҳам, улардан чиқиш калити ҳам уламолардир. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоа уламолари атрофида йиғилиш ва улар билан бирлашиш лозим бўлади. Мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлгандагина фитналар зарар қилмаслиги мумкин. Чунки бўри ҳам подадан айрилган қўйга ҳужум қилганидек, шайтон ҳам мусулмонлар жамоасидан ажралган кишиларни фитналар домига тортиб боради.

Башир ибн Амрдан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд чиқаётган пайтида биз тайёрланиб турдик. У Қодисия йўлида келиб тушди. Бир боғга кириб, қазойи ҳожат чиқарди. Сўнгра таҳорат олди. Сўнгра чиқди. Унинг соқолларидан сув томиб турарди. Биз унга: “Бизга насиҳат қилинг. Инсонлар фитнага тушганлар. Сиз билан яна учрашамизми, йўқми билмаймиз”, дедик.

Шунда у: Аллоҳга тақво қилинглар. Яхши одам хотиржам бўлгунча ёки фожирдан қутилгунча сабр қилинглар. Жамоатни лозим тутинглар. Албатта, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини залолатда жамламайди, дедилар. Жамоат билан бирга бўлиш раҳмат бўлса, ундан ажралиш азобдир. Жамоат билан бўлган киши фитналардан узоқ бўлади ва нажотга эришади. Жамотдан ажралган киши эса фитналарга тушади ва азобга дучор бўлади. Жамоат бу фақат  кўпчилик дегани эмас, балки аҳли сунна вал жамоа йўлидан юрган кишилар жамоатдир.

Шунинг учун Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Агар фақиҳ тоғни устида бўлса эди, у жамоат бўларди”, деган эдилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар. Мен эса унга тушиб қолишимдан қўрқиб ёмонликлар ҳақида сўрардим. Мен “Ё Расулуллоҳ! Биз жоҳилият ва ёмонликларда эдик. Аллоҳ таоло бизга мана бу яхшиликни келтирди. Бу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” деб сўрадим. “Ҳа. Фақат унда дахон бўлади” дедилар. “Унинг дахони нима?” дедим. У зот: “Бир қавмлар бўлади, улар менинг йўлимдан бошқа йўлда бўладилар. Уларни танийсан ва инкор қиласан” дедилар. Мен “Мана шу яхшиликлардан кейин яна ёмонликлар бўладими?” дедим. “Ҳа. Жаҳаннам эшигига чақирувчилар бўлади. Ким уларга ижобат қилса, унга (жаҳаннамга) тушадилар” дедилар у зот. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бизга уларни сифатлаб беринг” , дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг терилари худди бизнинг териларимиздек, бизнинг тилларимиз билан гаплашадилар”, дедилар. “Ўша нарсалар менга етиб қолса, менга нимани буюрасиз”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имомларини лозим тут”, дедилар.

 

ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,

Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

Бугунги кунда мамлакатимизда диний таълимга алоҳида эътибор қаратилиб, йилдан йилга кенг имкониятлар тақдим этилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфида 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритиб, уларда юзлаб талабалар таълим олмоқда.
Самарқанд вилоятидан шу кеча кундузда жами 94 нафар талабалар ушбу ислом билим юртларида диний таҳсил олмоқда. Жумладан, Тошкент ислом институтида 6 нафар, Тошкент шаҳар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 7 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 12 нафар, Хоразм вилояти Ургунч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 4 нафар, Бухоро вилояти Когон туманидаги “Мир араб” олий мадрасасида 9 нафар, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги “Мир араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 15 нафар, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 39 нафар ва Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2 нафар.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакиллиги диний муассасаларда таълим олаётган мазкур талабалар билан узвий алоқани йўлга қўйган. Хусусан, яқинда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, “Кўкалдош”, Нукус шаҳридаги “Муҳаммад Беруний”, Урганч шаҳридаги “Фахриддин ар-Розий”, Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида бўлган вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров талабалар билан учрашиб, уларга вақтдан унумли фойдаланиш, илмни пухта эгаллаш бўйича насиҳатлар берди. Сўнгра ўқишни якунлаганларидан сўнг вилоятга қайтиб, диний соҳада вакиллик билан ҳамкорликда хизмат қилиш, эгаллаган илмларини мусулмонларга етказиш зарурлигини эслатиб ўтди. Шунингдек, талабаларнинг яшаш шароитлари, иқтисодий ҳолатларини ҳам ўрганиб, ўқув шартнома тўловларини амалга оширишга имконияти йўқ талабаларга ҳомийлар кўмаги билан моддий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур тадбирларнинг давоми ўлароқ, жорий ҳафтанинг биринчи ярмида Ёқубжон домла Мансуров Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюриб, мазкур даргоҳда таълим олаётган самарқандлик толиби илмлар билан дилдан суҳбат қурди. Ушбу давра суҳбатида домла талаба ёшларга "Илм олиш игна билан қудуқ қазиш кабидир” мавзусида маъруза қилиб бердилар. Шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда Самарқанд вилоятидаги юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Тадбирдан сўнг, билим юрти билан келгусида ҳам малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича фикр алмашилди.
Иншааллоҳ, бундай тадбирларни келгусида ҳам мунтазам ташкил қилиб бориш, ушбу улуғ даргоҳларда таълим олаётган самарқандлик талабалар билан янада яқинроқ ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, вилоятимизга етук кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар олиб бориш ва мана шундай учрашувлар ташкил қилиш режалаштирилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакили Зайниддин Эшонқулов

«Агар огоҳсан сен – шохсан сен.

 Агар шохсан сен – огоҳсан сен!»

 

 

ҚАДРЛИ ва ТАБАРРУК  ХОЖИБОБО ва ХОЖИОНАЛАР!

МУҲТАРАМ  ХОЖИАКАЛАР!

АЗИЗ ва ҚИММАТЛИ  МЕҲРИБЕПОЁН  ОТАЛАР!

ҲУРМАТЛИ ва МУНИС  МЕҲРИДАРЁ  ОНАЛАР!

Бугунги юртимизни тинчлигида СИЗЛАРНИНГ ҳам хизматларингиз БЕҚИЁС КАТТА!

СИЗЛАРНИНГ ўз оилангиз тарбиясидаги машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб фаолиятларингиз ҳар қандай таҳсину мукофотларга лойиқ ва муносиб!!!

Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгалигини ҳаммамиз жуда ҳам яхши биламиз. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан ва кучли пойдевор вазифасини ўташлигини ҳам жуда пухта эгаллаганмиз.

Диёримизда миллий қадриятлар ва муборак динимизнинг эзгу таълимотлари асосида оилага доир қонун-қоидалар янада мукаммал қайта ишланди. Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизни юксак маънавиятига давлатимиз раҳбари Муҳтарам Президентимиз «Жаҳолатга қарши маърифат» қимматбаҳо ғояни қўшимча сифатида бизларга енгилмас куч қилиб бердилар.

Бу вазифа нафақат бирор вазифадор ёки бирор соҳадаги масъулларга белгиланган, балки ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН буюк вазифа, деб билмоғимиз лозим!

Муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси хамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги даврда, ахборот технологиялари ўта тезкорлик билан ривожланаётган бир пайтда, нанотехнология зўр шиддатлик билан авжига чиқаётган замонда, ҳар хил оммавий ахборот воситалари хилма-хил, тўғри-нотўғри маълумотларни кечаю кундуз тарқатаётган бир онда, фарзандларимиз ўз-ўзлари билан ёлғиз қолиб 25 соат вақтларини телефон, компьютер билан машғул бўлиб, болаларимиз улар билан “банд” бўлиб қолганларида мазкур вазифалар, жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг ҳар бир фуқаросига қушга хаво,  балиққа сув зарурлигидай зарур бўлса керак.

      

            Азиз ва қадрли меҳрибон ота-оналар!

Доно халқимиз «яхшини шарофати, ёмонни касофати» деб бежизга айтмаган...

Ана шу “аллакимларнинг” турли хил йўллар билан бераётган “тарбия”лари доно халқимиз дунёқараши ва миллатимиз менталитетига ҳам, Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларига ҳам, динимиз кўрсатмалари ва шариатимиз ҳукмларига ҳам, уламоларимиз фатволари ва давлатимиз қонунларига ҳам, шарқона одобларимиз ва мазҳабимиз меъёрларига ҳам, жамиятшунослик алоқалари ва одамгарчилик муносабатларига ҳам, инсоний туйғулар ва руҳшунослик сир-асрорларига ҳам, юртимиз урф-одатлари ва ўзбекчилик қоидаларига ҳам, маданиятимиз ахлоқлари ва инсоний ақлга ҳам, ахлоқий норма ва доно халқимиз мақолларига ҳам, миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам, халқимиз онги ва мусулмончилигимиз асосларига ҳам, ҳамда Ислом динимиз тушунчаларига ҳам зид эканлигини унутмайлик!

Сизу бизлар энг тўғри йўлдан, ўз ота-оналаримиз не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан шакардан ширин фарзандларимизни, не умидлар билан ўстираётган, қанча орзу-ҳаваслар билан катта қилаётган болаларимизни “аллакимлардир” яна йўлимиздан оздириб ва адаштириб қўйишмасин... Натижада фарзандларимизнинг ўзлари ҳам, оиламиз ҳам, қавм-қариндошларимизу қўни-қўшниларимиз ҳам, дўстларимизу яқинларимиз ҳам, атрофдагиларимиз ҳам сарсон бўлиб, уларнинг касофатлари яшаб турган маҳалламизга, ишлаб турган ишхонамиз ва бутун эл-юртимизга ҳам етмасин...

Токи хали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор оламига, ғўр маънавиятига “аллакимлар” жиддий зарар етказиб қўйишмасларидан олдин, ўз фарзандларимизни ўзимиз тарбиялайлик!

Жаноб ҳазрат Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадис-шарифларида мархамат қиладилар: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар!» Бу хусусда шоирларимизнинг ибратли сўзлари бор:

«Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

    Осмонга етса ҳам, қийшиқдир девор».

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз хақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. ...Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун барчамиз кўзимизни каттароқ очиб, зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.

Дину халқимиз учун эртаю-кеч хизмат қилаётган Муҳтарам Президентимизнинг “Жаҳолатга қарши маърифат” олтиндан қиммат ғояларини барпо этиш мақсадида ҳар биримиз оиламиз аъзоларини ҲИДОЯТга чорлашда, хонадонимизни ИСЛОМ НУРИ билан мунаввар қилишда, ҳар бир мўъмин ва МЎЪМИНАЛАРга маърифат улашишда СИЗЛАРНИНГ ҳиссаларингиз жуда ҳам кўп ва сарбаланд бўлишида ҳеч қандай шубҳамиз йўқ.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг шу учта газета ва журналларидан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, хайвон-парранда-хашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир! Худони олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, юрт-халқимиз олдида ҳам!

Буларни ҳаммасини ўз фарзандларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай диний таълим ҳам, бирор-бир махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч кандай қизил диплом ҳам керак эмас! Асло! Мутлақо керак эмас! Ёшларимизда бу жиҳатларини биз уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор, уларнинг хамиртурушларида бор! Зеро шу фазилатларнинг ҳаммаси болаларимизнинг ДНК ларида мавжуд! Чунки бу хусусиятларнинг барчаси бизларнинг ота-оналаримиздан авлоддан-авлодга, қондан-қонга тарбия (!) орқали ўтиб келаяпди! “Бунинг қонида бор-да ўзи!” деб ёки “олма пишса, тагига тушади” деб бежиздан-бежиз айтмайди доно халқимиз!

Қанча кўп оилага “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари кириб борса, шунча кўп одам Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳ масалаларидан баҳраманд бўлишлари ҳамда бошқаларнинг “дарслари”га алданиб, ёт ғоялар ва ботил иддаоларга берилмасдан, муқаддас динимиз кўрсатган йўллардан юришлари – хар биримизнинг улкан ютуғимиздир!

Чунки шу учта нашримизда ҳам улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар узлуксиз ва давомли ёритиб борилади.

Шунинг учун ҳам бизнинг газета ва журналларимиздаги маълумотлар маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) МЕҲРИ БЕПОЁН ОТА УЧУН, ҳар бир (!) МЕҲРИ ДАРЁ ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.

"Жаҳолатга қарши маърифат" бебаҳо ғояни "Ҳидоят" журнали, "Ислом нури" газетаси ва "Мўминалар" журналлари обунаси орқали ҳам анча таъсирли ва унумли амалга оширишимиз мумкинлигини ҳаммамиз жуда яхши биламиз.

Бунинг учун нафақат ўзимиз обуна бўлишимиз, балки атрофдагиларимизни ҳам обунага тарғиб этишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиз бўлиши даркор!

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!      

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Иброҳимжон Иномов

Сторінка 1 з 3019
Top