muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 22 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил якунлари ва 2018 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилади.


Ушбу видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши Раиси, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бир қатор идора вакиллари, ташкилотлар раҳбарлари, прокурорлар, ИИВ бошлиқлари, Халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари депутатлари, “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, уламолар, имом-хатиблар, Хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, Ёшлар иттифоқи вакиллари, коллеж, лицей ва мактаб директорлари, мактабгача таълим муассасалари мудиралари, тиббиёт муассасалари мудирлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, шаҳар, туман ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, корхона ва муассасалар раҳбарлари иштирок этади.


Шунингдек, мазкур йиғилишда муҳтарам Президентимиз жорий йил давомида ҳудудларга ташрифлари давомида учрашган тадбиркорлар, фермерлар, ижодкорлар, зиёлилар, таълим, тиббиёт ва ички ишлар соҳалари ходимлари, маҳалла фаоллари, ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишлари режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Четвер, 21 декабрь 2017 00:00

Айб шайтондами?

Бир гал шайтон шикоят қилади: “Бу нимаси? Бу не адолатсизлик? Инсонлар қилғиликни қилиб, айбни менга тўнкашади. Менинг гуноҳим нима? Мен гуноҳкор эмасман. Ишонмасангиз, ўзингиз кўриб, хулоса чиқазинг...”

Бир қўчқор қозиққа боғлаб қўйилган эди. Шайтон келиб, қозиқни нари-бери қимирлатиб: “Қилган ишим бор-йўғи шу”, дейди.

Қўчқор у ёқ-бу ёққа силтаниб, қозиқни қўпоради. Хўжайин уйининг эшиги очиқ, даҳлизда қадимий, гўзал тошойна турар эди. Қўчқор ойнада ўз аксини кўриб, бир шох уриб уни чил-чил қилади.

Уй бекаси зинадан шошилинч тушиб, ота-онасидан қолган ойна чил-чил синиб ётганини кўради ва алам ичида хизматкорларига: “Қўчқорни сўйинг! Ҳозироқ!” деб буюради.

Қўчқор хонадон эгасининг арзандаси эди, қўзичоқ эканлигида сотиб олиб, ўз қўли билан боқиб, катта қилган. Хуллас, у кечқурун уйга келиб, севимли қўчқори сўйилганини кўради.

“Қўчқорни ким сўйди? – деб бақиради у. – Қайси аблаҳ бунга журъат этди?”

Хотини унга жавобан дейди: “Қўчқорни мен сўйдирдим. У ота-онамдан қолган ойнани чил-чил синдирди!”

Эр ғазаби қайнаб қичқирди: “Унда мен сен билан ажрашаман!”

Гап-сўз кўпайиб, бир оила бузилиб кетади.

Қиссадан ҳисса: қоққан қозиғингизга эҳтиёт бўлинг...

 

Жамол КАМОЛ

Таржимаси

 

 

 

 

 

Hidoyat jurnali

 

Четвер, 21 декабрь 2017 00:00

Яхшиликдан йироқ кимсалар

Йигирма биринчи асрда тараққиётнинг кўп эшиклари очилди. Шу билан бирга турли мафкуравий курашлар, ахборот бўҳронлари, ҳар хил ёвуз кучларнинг ҳаракати ҳам кучайди. Бугун халқаро террорчилик хавфини бартараф этиш жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборида турган муҳим масаладир. Бу иллатга барҳам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.

Динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни мустаҳкамлашга чақирилади. Бугун қўпорувчиларнинг Ислом динига мутлақо алоқаси йўқлигини кўпчилик яхши билади.

Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, яхшилик қилиш ва ёмонликдан қайтаришни ҳамда одамлар орасини ислоҳ этишни буюради. Зулм-зўравонликни, бузғунчиликни тақиқлайди.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

"Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳанам) бордир" (Раъд. 25);

“...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир" (Моида, 32).

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набийдан соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилади: “Ким бир аҳдлашган жонни ноҳақ ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди юз йиллик масофадан келиб турур”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким бир қушни беҳуда ўлдирса, у қиёмат куни йиғлаб келади ва эй Раббим, бундан сўра, нима учун у мени бекордан-бекор ўлдирди, деб айтади", дейилади.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳатто қушни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинмоқда. Зеро, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон одамлар унинг қўли ва тилидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қилганлар.

Исломда ҳеч қачон зарари бор нарсага таклиф қилиш, шунингдек, фойдаси бор нарсадан қайтариш ҳам йўқ1.

Қўпорувчилардан эса нафақат инсониятга, балки ҳайвонот, наботот оламларига ҳам кўплаб зарарлар етади. Улар Аллоҳ таоло кўрсатган ҳад-чегараларни бузади, динни ниқоб қилиб, зулм ва қон тўкилишига сабаб бўлади.

Уларнинг ваҳший ҳаракати сабабли, қанча-қанча гуноҳсиз одамлар ҳаётдан кўз юмади, болалар етимга айланади.

Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кишиларнинг қалблари ўлик, руҳлари эса касалдир. Уларнинг фикрича, одамларни гаровга олиш ва ўлдириш, банкларни талаш, портлатишлар гўё ташвиқотнинг бир усули эмиш. Қўпорувчиларнинг тафаккури инсоний туйғулар, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, муроса, диний бағрикенгликка бегона. Уларни яхшиликдан йироқ, инсофсиз кимсаларгина қўллаб-қувватлайди.

 

Абдуллоҳ УЛУҒХЎЖАЕВ

Эртага, 22 декабрь куни Тошкент вилояти Янгийўл туманида яна бир масжид фойдаланишга топширилади. Янгийўлдаги “Пусур оқсоқол” масжиди жорий йилда қайта таъмирланди.

 

Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўриносари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари иштирок этадилар.

 

Тадбир соат 12:00 да бошланиши режалаштирилган.

 

Маросим “Muslim.uz” портали жамоаси ижодкорлари томонидан “Facebook.com” ҳамда “Telegram” ижтимоий тармоқлари орқали онлайн ёритилиши режалаштирилган.

 

Қуйидаги ҳавола орқали онлайн кузатишингиз мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Четвер, 21 декабрь 2017 00:00

Фарзанднинг қандай ҳақлари бор?

Никоҳдан асл мақсад наслу насабни давом эттиришдир. Эр билан хотин никоҳ васитасида оила қуриб, ҳалол-пок яшасагина, фарзанднинг насаби пок бўлади. Яхши фарзанд тарбиясида ота-онанинг диёнати, одоб-ахлоқи муҳим ўрин тутади.

Ойиша онамиз розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ўзингизга муносиб ҳалол жуфтни ихтиёр қилинг. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва шундайларга никоҳлаб беринг” (Ибн Можа ривояти).

 

Уламолар фарзанднинг ҳақларига қуйидагиларни киритганлар:

* Эмизиш. Туғилган фарзанд эмишга муҳтож бўлади. Эмизиш онанинг вазифаси. Шаръий узр билан она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш ота елкасига тушади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар” (Бақара, 233).

Она сути гўдакнинг ҳақларидан бири. Чақалоққа она сутидан яхши озуқа йўқ. Боланинг суяги она сути билан шаклланади, шунингдек, руҳий ривожига ҳам катта фойдаси бор. Эмизиш муддати икки йилдан кам бўлмаслиги гўдак соғлиғига яхши экани кейинги замон илмий изланишларида ҳам исботланди.

* Муносиб исм танлаш. Ота-онанинг муҳим вазифаларидан бири фарзандга маъноли, чиройли исм қўйишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир”, деганлар. Масалан, “Абдураҳмон”,  “Ҳамидуллоҳ”. Шунингдек, пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ кишиларнинг исмларини қўйган яхши.

* Бола қулоғига азон ва такбир айтиш. Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Фотима розияллоҳу анҳонинг боласи Ҳасан ибн Али қулоғига Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифга кўра, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш яхши. Аллоҳ таоло зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган илк овоз бўлишининг баракаси бўлади.

* Чақалоқнинг танглайини кўтариш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўғлим туғилганида уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига олиб бордим. Ул зот унга “Иброҳим” деб исм қўйдилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилгач, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу иш ҳам яхши ният белгисидир.

* Нафақа. Болаларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъминлаш отанинг бурчи. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” (Бақара, 233).

Бола сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожиб.

Боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади.

* Таълим-тарбия бериш. Фарзандига илм ва одоб беришда ота ҳам, она ҳам бирдек жавобгар. Тарбия борасида кўпроқ оналар муҳим ўрин тутса-да, ота ҳам имконият доирасида тарбия бериши керак. Аллоҳни танитиш, илм ва ибодатга рағбат уйғотиш мусулмонликнинг илк шарти. Зеро, ота-она фарзандига яхши тарбиядан ортиқ мерос қолдиролмаслигини Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганлар.   

Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг...” (Таҳрим, 6).

* Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунича бировнинг ҳимоясига муҳтож бўлади. Яъни, овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдами керак. Бу ишларни ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожиб.

* Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча болалар валийга – ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-онага, улар бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

* Болага меҳр кўрсатиш. Бу иш ҳам ота-онанинг вазифаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида Ақраъ ибн Ҳобис Тамимий ўтирганида набиралари Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда у: “Ўнта болам бор, бирортасини ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болажон эдилар. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб бир тиззаларига, Ҳасанни эса, бошқа тиззаларига ўтқазардилар. Сўнгра иккала сонларини бир-бирига қўшиб туриб: “Ё Аллоҳ, иккисига раҳм қилгин, мен уларга раҳм қиламан”, дердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Қизларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг алоҳида кўрсатмалари бор. Чунки қиз бола ожиза бўлади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор, меҳр ва эҳтиёткорлик зарур.

* Болалар орасида адолат қилиш.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларинг орасида адолатли бўлинглар”, деганлар (Бешала “Саҳиҳ” эгалари ривоят қилишган).

Мусулмон киши молиявий масалаларда фарзандларини тенг кўриши керак. Агар фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади, болалари орасида зиддият кучаяди. Шаръий узр бўлса, ота-она болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади.

Балоғатга етганида оилали қилиш. Бу иш ҳам ота-онанинг энг муҳим бурчларидан. Наслни пок давом эттириш учун яхши жуфтга қовуштириш муносиб иш.

Аҳли аёлини, фарзандларини тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таоло олдидаги бурчи. Эр-хотин болалари учун масъул. Фарзанд ҳақига риоя этиш мусулмон учун вожиб ва чиройли ишдир.

“Ҳидоят” журналидан олинди

Top