Рамазон

Рамазон – ғанимат ойи

Рамазон ойи мўмин – мусулмонлар учун раҳмат, мағфират, кўпроқ савоб ишлар қилиб олиш ойидир. Шу сабабли, Рамазон ойининг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан тўлиқ фойдаланиб қолиш зарур. Аллоҳ таоло Рамазон ойининг ҳар бир кунини бошқа кунлардан кўра афзал қилиб қўйган. Бу бандалар савобларини кўпайтириб олишлари учундир. 

Бу ойда барчамиз савоб ишлар қилишда бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қилмоқлигимиз лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!» (Мутаффифун, 26).

Рамазон ойини муносиб ўтказишда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ворид бўлган баъзи суннатлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро, бу суннатларга амал қилиш Рамазоннинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлиш имконини беради.

  1. Аллоҳдан рамазон ойига соғ-саломат етказишини ҳамда Рамазон рўзасини тутишга мушарраф этишини сўраб дуо қилиш.Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи келса, Аллоҳга “Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбон ойларини хайрли қилгин ва Рамазонга етказгин”, деб дуо қилар эдилар. Шунингдек, саҳобийлар ҳам муборак Рамазон ойи келмасидан олдин “Аллоҳ бизни рамазонга етказ” деб дуо қилишга одатланган эканлар.
  2. Аллоҳга улуғ Рамазон ойига етказгани учун ҳамд айтиш. Чунки Аллоҳ бу ойга етказиб ўзининг чексиз раҳмат ва марҳаматига лойиқ кўрди.
  3. Рамазон ойига етганлигидан хурсанд бўлиш. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойи келса, бахтиёр ва хурсанд бўлиб кетар эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рамазон ойи келди. Рамазон ойи Аллоҳ рўза тутишни фарз қилган раҳмат ойидир. Бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади”, дер эдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари, тобеийлар бу ой келишини интизорлик билан кутишар эди.
  4. Рамазон ойи келмасдан унга тайёргарлик қилиш. Афсуски, ҳаётимиздаги барча майда ишларни ҳам эътибордан четда қолдирмай ҳисоб-қитоб қиламиз-у, бироқ рамазон ойи режасини тузишни унутамиз. Оқибатда дунё ва охират учун фойдали бўлган яхшиликдан бепарволик сабабли маҳрум бўламиз. Зеро, охиратнинг ободлиги бу дунёни обод қилиш билан бошланади. Абадий саодатга эришиш учун ибодатларни гўзал тарзда адо этишга одатланиш лозим. Шу сабабли, мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ойининг ҳар бир кундузию кечасини ўтказиш тартибини режалаштириб олишлари мақсадга мувофиқ.
  5. Савоб амалларни холис ният ила бажариш. Кўпроқ яхшиликлар, савоб амаллар қилишга интилиш. Агар мўминлар амалларни холис Аллоҳ учун адо этсалар, Аллоҳнинг ўзи улар учун ибодатларни бажаришда енгиллик, барака ато этади. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «.... агар улар Аллоҳга содиқ (ростгўй) бўлганларида, албатта, ўзлари учун яхши бўлур эди» (Муҳаммад, 21).
  6. Ҳар бир мўмин-мусулмон Рамазон ойи рўзасига оид бўлган масалаларни яхшилаб ўзлаштириб олиши керак. Рўзанинг барча қоидаларини тушунмай, унга кўр-кўрона амал қилиш, гўё мевасиз дарахт каби бўлади. Динимиз илм дини бўлиб, ҳар бир мусулмон эркак ва аёл ўзи учун фойдали ва зарарли нарсаларни билиб олиши шарт. Агар бирор билмаган нарсаси бўлса, у ҳақда сўраб билиб олиши керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Бас, (эй, Макка аҳли!) Агар билмайдиган бўлсангиз, (Таврот, Инжилни биладиган) зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё, 7)
  7. Рамазон ойи раҳмат ойи бўлиш билан бирга гуноҳлар кечириладиган мағфират ойи ҳамдир. Бу ойда имкон қадар қилган гуноҳларимиздан пушаймон бўлиб, тавба қилмоқлигимиз лозим. Албатта гуноҳларни кечирувчи Ғафур, Раҳим сифатига эга Роббимиз Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур, 31).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 95653 times
Top