muslim.uz
Рўзадорлар (шеър)
Келинг эй рўзадорлар, бирга ифтор этайлик,
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик.
Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар,
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик.
Саҳар туриб Худога тавба тазарруъ айлаб,
Нури имонимизни соф, беғубор этайлик.
Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ таоло,
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик.
Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан,
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик.
Моҳи шариф келганда журму-хатодин ўзни,
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик.
Рўза билан баробар нафс йўлини беркитиб,
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик.
Рўзани ажрини хос Тангри Ўзи берармиш,
Дамни ғанимат айлаб, тоатни ёр этайлик.
Бир кечани бу ойда пинҳон этибдур Субҳон,
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик.
Фазилати бу кечани қадри минг ойга тенгдир,
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик.
Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар,
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик,
Ҳушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик.
Зарифа Маҳкам қизи оққа кўчирди.
Хайриялар давом этмоқда
Ойларнинг султони бўлган муборак Рамазон ойи мўминлар учун меҳр- оқибат ва саховат ойи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу ойда бошқа ойларга нисбатан хайру саховатда ортиқ бўлар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Бу ойда меҳрга муҳтож ва боқувчисини йуқотган оилалар холидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш айни динимиз кўрсатмаларидан ҳисобланади.
Аллох таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси 261-оят).
Ушбу оятда бандаларни қилаётган хайр-эҳсонлари Аллоҳ таоло томонидан савоби етти юз баробар ва ундан зиёда бўлиши хабари берилмоқда.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти муҳтасиби иштирокида Риштон туманидаги 9 та масжид томонидан хайриялар амалга оширилди. Жумладан, Фарғона вилояти Риштон тумани Амирабод МФЙда яшаган марҳум Бахтиёржон Хайитов ва марҳума Гулшаной Хайитованинг вафотларидан сўнг қолган икки нафар вояга етмаган фарзандлари Ихтиёр Баракаев ҳамда синглиси Наргиза Баракаевага 3.000.000 (уч миллион) сўмлик бир бош қора мол ҳадя қилинди.
ЎМИ Фарғона вилоятидаги
муҳтасиби
М.Орипов
Умра-2017 Рамазон мавсуми бошланди
Бугун, 13 июнь куни Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти зиёратчиларидан иборат гуруҳлар жорий йил Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун махсус ташкил этилган чартер рейсларда Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Муборак сафар олдидан зиёратчиларимиз учун Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида ифторлик ва саҳарлик дастурхони ёзилди. Нуроний отахон ва онахонларимиз дастурхон атрофида дуога қўл очиб, аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб, қолаверса, бу каби шароитларни ташкил этилишига сабабчи бўлган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда шу каби эзгу ишларни давом эттираётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳақларига дуолар қилинди.
Зиёратчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимлари кузатиб қўйдилар.
Юртдошларимиз “Умра-2017” Рамазон мавсумида Мадина шаҳридаги “Мавадда Нур” меҳмонхонасида 3 кун бўлиб, бу муддатларда Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида зиёрату ибодатларда бўладилар.
Сўнгра, умра амалини адо этиш учун Макка шаҳрига бориб, у ерда беш юлдузли, барча қулай шароитларга эга бўлган “Аброж ал-Меридиан” меҳмонхонасида 7 кун давомида истиқомат қилишлари белгиланган.
Мазкур сафар давомида зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, қўли ширин ошпазлар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади.
“Умра-2017” Рамазон мавсумида жами 650 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Британия парламентида мусулмонлар сони ортмоқда
Британия парламентияга бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, 650 депутат мандатидан 15 тасини турли партиялардан номзодини илгари сурган мусулмонлар қўлга киритди, эътиборли жиҳати, уларнинг 8 нафари аёллардир, деб ёзади «Ал-Арабия».
2015 йилги сайловларда мусулмонлар атиги 8 ўринга бўлишган эди.
Расмий манбаларга кўра, британия аҳолиси бугунги кунда 63 миллиондан иборат. Шундан 3,5 миллиони, яъни мамлакат аҳолисининг 5,5 фоизи мусулмонлардир.
Осмоннинг ҳам дарвозаси бор
“Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар” (Ҳижр сурасининг 14-15-оятлари).
Араб Амирликларида яшовчи олим, профессор Аднан Шариф инсоният тарихидаги биринчи фазогир ҳақида мақола эълон қилди. Ҳижр сурасининг 14-15-оятларини келтириб олим ёзадики, 1961 йил мусулмон бўлмаган фазогир Юрий Гагарин фазога кўтарилганда иллюминатордан боқиб, Ер сайёрасини кўрганда ҳайратланиб бундай деган эди: “Мен нимани кўряпман? Мен туш кўряпманми ёки кўзларим боғланиб қолдими?” Маълум бўлишича, бу гаплар Парвозни бошқариш марказида ёзиб олинган экан. Бу ҳақда Ғарб оммавий ахборот воситаларида кўп ва хўб ёзган. Аммо собиқ шўро давлатида бу хабар кенг ёйилмаган...
Профессор Шариф Гагариннинг шу сўзлари ёзиб олинган боис айнан ўша сўзларни иқтибос қилиб келтиради. У Қуръони карим, фазо ва астронавтика билан шуғуллунадиган йирик олим.
Ана энди 1400 йил бурун нозил қилинган муқаддас Қуръони каримга эътибор қилинг. Ҳижр сурасида (Улар) унга (Қуръонга) имон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг йўллари (тажрибадан) ўтган эди (13-оят). Аниқликни кўряпсизми? 1961 ймл коммунистлар даври эди. Бу лойиҳа устида ишлаган кўплаб олимлар ва фазогирлар, гарчанд, инқилобдан олдин черков ва масжидлар, илоҳиётшунос олимлар бўлган эса-да, мусулмон эмас эди. Демак, 1400 йил бурун фазога ким кўтарилиши аниқ бўлган – Америка ёки Россия.
Оятнинг маъноси қуйидагича давом этади. “Борди-ю, уларга (атеист коммунистлар) осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, (улар): “шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз”, – деган бўлур эдилар”. Қуръони каримда келган иборани Гагарин русчада “Мен нимани кўряпман. Туш кўряпманми ёки кўзларим боғланиб қолдими”, дея ифода этмоқда.
Буюк Яратувчи бу ҳодиса қачон ва қаерда юз беришини тақдир қилган, Шу боисдан бунинг ҳаммаси Ўзига аён эди. Биз бу ҳақда сўз юритаётганимизнинг сабаби ана шу исбот-далил Исломнинг ҳақиқат дини эканини ва Қуръони карим – Раббимизнинг каломи эканини тасдиқлайди…
Ушбу воқеа икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамони фазогир-учувчи Поповичга сўзлаб берилганида у бундай деган эди: “Ана шу тарихдан мени энг қизиқтиргани қайси, биласизми? Парвардигорнинг: “Уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсак...” деганидир. Бу каломнинг мени қизиқтириб қўйган жиҳати, олимлар ўша осмон дарвозасини топиш учун жуда ҳам кўп ҳисоб-китоб ишларини олиб борган”. Бир қарашда осмон очиққа, сиз истаган томонингиздан фазога кўтарилиб кетаверишингиз мумкинга ўхшайди. Аммо космик корабллар битта дарвозадан учиб чиқади ва битта дарвоздан қайтиб тушади. Лаҳзасига 11 км тезликда учадиган корабл бошқа жойга бориб урилиб ёниб кетмаслиги ёки тепадан нотўғри келгани оқибатида қайтариб фазовий бўшлиқ қаърига улоқтириб юборилмаслиги учун юзлаб ҳисоб-китоб ишлари олиб борилган. Тарихда ана шу ҳодисанинг иккиси ҳам юз берган.
Бундан ташқари, Ториқ сурасининг 11-оятида “Қасамёд этаман ёмғирли осмон билан” дейилади. Биз бугун, XXI асрга келибгина ушбу оятнинг мазмунини идрок этяпмиз. Уяли алоқалардан, эҳтимол, қанчадир сигнал кўтарилади ва қайтиб келади. Альфа-, бета-, гамма-нурланишлари билан ҳам худди шундай ҳодиса юз беради – улар бизнинг сайёрамизга тушмасдан фазога қайтиб кетади. Демак, осмон ўзига қайтариб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам дарвозага тўғри йўналмасдан қайтган космик корабл орқага қайтариб улоқтирилади ва ёниб кетади. Бундан муваффақиятли парвоз этиш ва эсон-омон қайтиб келиш учун ҳисобни аниқ олиш кераклиги аён бўлади.
Ана шу аниқлик Қуръони каримда аниқ ёзиб қўйилган! Агар бизни ҳар доим ҳайратга солиб келган фазога, юлдузларга, юлдузли осмонга оид оятларни ўқиб-ўрганиб, уларнинг маъноси ҳақида жиддий фикр юритилса, ўша ҳисобларни топса бўлади.
Ана шу ажойибу ғаройиботларга тўла оламни яратган Буюк Раббимизнинг донишмандлиги қошида ҳайратга тушамиз. Аллоҳ таоло ана шу мўъжизаларни Ўзининг ижоди – инсоннинг севинчи учун яратган.
Бутун олам биз учун яралган...
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади