muslim.uz
Бухорода “сайёҳлик полицияси” иш бошлади: тил биладиган, одобли, маҳоратлилар саралаб олинди
Бухорода “Хавфсиз туризм” концепцияси асосида ички ишлар идораларининг янги тизимдаги фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Бу кўҳна шаҳарнинг бетакрор тарихий обидаларини кўриш, азиз авлиёлар, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун хорижликларнинг қадами узилмайди. Бу ўз навбатида ҳуқуқ тартибот, айниқса, ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки, ташриф буюраётган турли делегация аъзолари ва чет эллик меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга нисбатан турли хил кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ички Ишлар Вазирлигининг буйруғи талабларини бажариш юзасидан Бухоро вилоят ҳудудида Хавфсиз туризмни таъминлаш мақсадида ИИБ таркибига кирувчи 43 та штатдан иборат туризм йўналишида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, ушбу тизимнинг жорий этилиши келгусида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг вилоятда сайёҳат қилишлари чоғида қўшимча шарт-шароитларнинг яратилишига имкон яратади. Бундан ташқари, мазкур хужжатда чет эл фуқаролари учун хавфсиз муҳитни яратиш вазифалари ҳам аниқ қилиб белгиланган. Бугунги кунда ана шу қарор ижросини таъминлашга қаратилган концепция устида ҳам соҳа мутахассилари иш олиб бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғига биноан, ўтказилган танловда биринчи навбатда хорижий тилларни биладиган, юқори малакали мутахассислар, бундан ташқари, касбий тайёргарликка, юксак аҳлоқий ва маънавий сифатларга, хизмат вазифаларини бажариш бўйича зарурий тажрибага эга бўлган ходимлар танлаб олинди.
“Шу боисдан ҳам, хорижликлар учун бугунги замон талбларига жавоб берадиган барча қулайликларни жорий этиш ҳамда келажакда уларнинг ташрифини янада ошириш мақсадида халқаро миқиёсида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим бўлади”,- дейди бошқарма раҳбари Эркин Сафаров.
Маълумотларга кўра, биргина Бухоро шаҳрида 2018 йилнинг охирига қадар, 10 та замонавий меҳмонҳоналарни барпо этиш, улардаги ўринлар сонини 1210 тага етказиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирда “Қалқон” ягона видеокузатув маркази Бухоро шаҳари ҳудудини ўрнатилган 60 та камералар орқали кузатиб келаётган бўлса, келгусида Бухоро шаҳрига ташриф буюрган хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда “Хавфсиз туризм” дастурий комплекс тизимини жорий қилиш мақсадида ана шундай камералар сонини яна 425 тага кўпайтириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Демак, жойларда 275 та видеокузатув мосламалари, 68 та шахс ва автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини яққол кўрсатувчи видеокамералар, 4 та иссиқликни аниқловчи (тепловизор), 55 та алоқа ташвиш тугмалари, шунингдек, 27 та чорраҳаларда 85 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини ва автомобиль йўлларининг 6 та жойларида тезликни аниқлайдиган видеокамералар ўрнатилиши белгиланди. Бу эса, ўз ўрнида сайёҳлар гавжум бўладиган жойларда назоратни кучайтириш имконини беради ва уларнинг ҳавфсизлигини таъминлайди.
Бугунги кунда шаҳарнинг қайси бир гўшасида бўлманг, ҳудудларда ҳушёр ва сергак посбонлар осойишталикни таъминлаш йўлида хизмат олиб бораётганликларининг гувоҳи бўласиз.
Бухорода мавжуд бўлган барча ёдгорликлар, ва уларни куриш учун келаётган сайёҳлар алоҳида назоратга олинган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қуръон ёдлашнинг олтин қоидаларидан хабардормисиз?
Ҳар бир мусулмон киши Каломуллоҳни ёдлаш ва унга амал қилишга интилади. Ҳадисларда Қуръонни ёд олган кишига кўп мукофотлар ваъда қилинган. Жумладан: ҳазрат Усмондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ҳам ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўқувчиларига шафоатчи бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Қуйида Қуръонни осон ва пухта ёдлашнинг айрим қоидаларини баён қиламиз:
- Қуръонни ёдлашда Аллоҳга таваккал қилиш, яъни у Зотнинг розилигини истаб, бу йўлда ғайратли бўлиш.
- Ҳар куни Қуръоннинг бир қисмини тиловат қилишга одатланиш. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалнинг яхшиси оз бўлса ҳам, давомлисидир”, деганлар (муттафақун алайҳ).
- Битта мусҳафдан ёдлаш ва такрор қилиш. Шунда ҳар бир саҳифадаги оятларнинг жойлашиши қори зеҳнига ўрнашиб, хотирасига келаверади.
- Ёдланган оятларни устознинг текширувидан ўтказиш. Чунки Қуръонни ўзича ўқиб, ёдлаб, такрорлаган киши хатосини билмайди. Устоздан ўтказган кишининг эса хатолари тузатилади ва ёдлаганлари мустаҳкамланади.
- Кечалари Қуръонга қараб тиловат қилиш. Кечаси фикр кўп чалғимайди, ихлос билан тиловат қилиш ҳам оятларнинг қалбдан мустаҳкам жой олишига сабаб бўлади.
- Ёд олишга қийналган ёки хато ўқилган оятларнинг тагига қалам билан чизиб қўйиш. Хатолар тўғриланганидан кейин чизиқ ўчириб ташланади. Шунинг учун ҳам қорининг алоҳида Қуръони бўлиши керак.
- Оятларнинг маъноларини билиш ҳам тез ва пухта ёдлаш сабабларидандир.
- Араб тили наҳв қоидаларини билиш қориларни кўп хатолардан сақлайди. Натижада, талаба оятларга ҳаракатларни тўғри қўйиб, эркин ва равон ўқийдиган бўлади.
- Қуръон оятларини тафаккур қилиш ўхшаш оятларни бир-бирига чалкаштириб юборишдан сақлайди.
Саҳар пайти, шом билан хуфтон намозлари оралиғи ҳамда зеҳн дунёвий нарсалар билан машғул бўлмайдиган бошқа вақтлар Қуръонни ёд олиш ва такрорлаш учун қулай, фазилатли ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Москвага боради
Ўзбекистон Республикаси Президенти декабрь ойининг охирида Россия Федерациясига ташриф буюради.
ЎзА хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 декабрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий мажлисида иштирок этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (9-қисм): Уйга кираётганда
Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйга кираётганларида:
“Аллоҳумма инний асалука хойрал мавлужи ва хойрал махражи, бисмиллаҳи валажна ва бисмиллаҳи хоражна ва ъалаллоҳи роббина таваккална”, деб айтардилар.
Фото: Адиблар хиёбонида кимларни кўриш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелда “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ушбу ҳиёбонда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биноси, Зулфия, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф ва бошқа атоқли ватанпарварлар сиймоси акс этган ҳайкалларни кўришингиз мумкин.
http://old.muslim.uz/index.php/ar/2018/itemlist/user/72-muslimuz?start=8280#sigFreeId66afdc6fe8
Манба ЎзА .
ЎМИ Матбуот хизмати