muslim.uz
Муфтий ҳазратларининг Рамазон табриклари
Муслим подкаст: Қалбнинг зангини кетказувчи, уни сайқаллаб, унга жило берувчи - Қуръони карим ҳақида Шайх Алижон қори билан суҳбат
Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Қуръон ва тажвидни ўргатиш" бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли билан бўлган суҳбатни эътиборингизга тақдим этамиз.
Аллоҳ таоло ушбу суҳбатни хайрли ва манфаатли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мирзаободда қайтадан қурилган янги масжид фойдаланишга топширилди
Сардоба сув омбори талофатидан зарар кўрган Мирзаобод туманидаги “Ҳазрати Усмон” жоме масжиди биноси ҳомийлар кўмагида қайтадан қурилиб битказилди.
Наврўз байрами куни мазкур жоме масжидининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров, туман ҳокими Жонибек Яриев ва сектор раҳбарлари иштирок этишди.
Масжид ички, ташқи қўшимча айвонлари билан 1000 нафардан ортиқ одамни сиғдира олади. Ташқи тарафдан масжидга 27 метрли минора ўзгача кўрк бағишлаб турибди.Таҳоратхона ва масжиднинг ички қисмлари ҳам дид билан безатилган бўлиб бу ерда намозхонлар учун барча шарт-шароитлар яратилган.Муборак Рамазон ойи аввалида ушбу масжиднинг фойдаланишга топширилиши Мирзаобод аҳли учун унутилмас тарихий воқеа бўлди.
Ш. Суяров, ЎзА
Рўзадорлар қандай таомланиши зарур?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин.
Хусусан:
кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва соя жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади;
ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш мақсадга мувофиқ, чунки кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп тер ажралишига сабаб бўлади.
Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин дессерт сифатида ҳўл мевалардан ейиш фойдали.
“Ачиқ-чучук” салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади.
Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади.
Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.
Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Фатвога журъат қилиш
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Aлҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Aллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва аъла аълиҳи ва асъҳабиҳи ажмаъийн.
Фатво саволга жавоб бериш маъносини англатади. Истилоҳда эса, киши саволига шаръий далил асосида жавоб бериш маъносида ишлатилади. Фатво беришнинг ўзига хос шартлари мавжуд. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва Ислом тарихини чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга. Имом Шотибий фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлайди:“Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларидан гапиради”. Қолаверса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Имом Доримий ривоят қилган ҳадисда бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”,
деганлар. Яъни, воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан, журъат билан фатво беришдан қайтарганлар. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган. Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзларининг “ал-Мажмуъ” номли китобида Абдураҳмон ибн Аби Лайлодан қуйидагиларни ривоят қилади: “Расулуллоҳ нинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 120 саҳобаларидан савол сўралганда, “анавидан сўранг”, деб бошқаларига ишора қилишар ва охири айланиб биринчи кишига савол қайта берилганини кўрдим”. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни тутади. Динда ҳам худди шундай. Аслида у тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек, қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, киши ўзи билмаган масала ҳақида сўралганда унга илмсиз ҳолатда жавоб бериши ҳалол бўлмайди. Aгар ўша ҳолатда ҳам жавоб беришдан ўзини тиймай фатво беришга журъат қилса, ундай инсон гўё жаҳаннамга ошиқаётган киши бўлади. Aллоҳ таоло бизларни жоҳилона илмсиз ҳолатда фатво беришдан асрасин.
ЖAМОЛИДДИНОВ СAЛИМХОН
Мир Aраб олий мадрасаси талабаси