muslim.uz
«Мулла Абдуғаффор ҳожи» масжиди очилди
Ойлар султони Рамазон яқинлашгани сайин юракларимиз ҳапқириб боряпти. Чунки мўмин-мусулмонлар бу ойнинг файзини, шукуҳини яхши билишади. Бу ойда ҳар бир амалга кўплаб савоблар, улкан ажрлар берилади. Айниқса, бу ойни янги масжидда кутиб олишнинг ва таровеҳларни гўзал жомеда адо этиб, хатми Қуръонларга сомеъ бўлишнинг таровати бўлакча.
18 март Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Мулла Абдуғаффор ҳожи” жоме масжиди қавми учун қувончли кун бўлди. “Исфара” маҳалласи аҳолиси шоду хуррам. Чунки бу ҳудудда гўзал жоме очилди.
– Алҳамдулиллаҳ, намозхонларимиз сони кўпайиб, эски масжидимиз ўрнида замонавий жоме қад ростлади, – дейди “Мулла Абдуғафффор ҳожи” масжиди имом-хатиби Комилжон домла Авазов. –
2021 йилда қурилиши бошланган жоме бу йилги Рамазон арафасида мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Янги масжидда бир вақтнинг ўзида 500 киши бемалол ибодатларни адо этиши мумкин. 24 метрлик гумбаз Бекобод–Тошкент катта йўлидан ўтган-қайтган йўловчиларнинг кўзига яққол ташланади. Бу маърифат масканимиз катта йўлга 300 метр масофада жойлашгани намозхонларга қулайлик яратади.
Масжиднинг очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар иштирок этишди.
Аллоҳнинг байти гўзал тарзда бунёд этилишига ҳисса қўшган барча азизларимиздан Аллоҳ рози бўлсин, дея очилиш маросими сўнгида хайрли дуолар қилинди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Хушхабар: “Исломобод” масжиди янги биноси очилди
Бугун, 22 март куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Исломобод” жоме масжиди янги биноси иш бошлади. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва масжид қавми иштирок этди.
Маросимда Муфтий ҳазратлари йиғилганларни Рамазони шариф билан қутлаб, масжид қавмини ушбу улкан ва кўркам барча қулайликларга эга масжид билан муборакбод этдилар, бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшганлар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳри Олмазор тумани Сағбон кўчасида қурилган мазкур уч қаватли “Исломобод” жоме масжиди ҳомийлар ва саховотпеша инсонлар кўмагида бунёд этилди. 2019 йилнинг октябрида қурилиши бошланган ушбу масжиднинг хонақоҳида 8 минг киши, ҳовлиси ва ён-атрофидаги жойлар билан бирга масжид 13 минг намозхонга хизмат кўрсата олади. Унинг миноралари ўзгача кўрк бағишлайди, таҳоратхонаси эса 150 кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, маъмурият, кутубхона ва шу каби зарур хоналар ҳам барпо этилган ва уларнинг барчаси замонавий қулайликларга эга тарзда жиҳозланган.
Эндиликда катта кўча бўйида жойлашган мазкур масжид, нафақат ҳудуддаги маҳалла аҳлига, балки кўплаб йўловчиларга ҳам ибодатларини ўз вақтида адо этишига хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Нўъмон ибн Собит” масжиди янги бинода
Ота-боболаримиз обод жойга файз-барака ёғилади, дейишади. Ҳақ гап. Юртимиздаги обод масканларни кўриб, баҳридилимиз очилишининг сабаби ҳам шу: у жойларга файз-барака ёғилгани туфайли кўзларимиз қувнайди, дилларимиз яйрайди.
18 март Бекобод шаҳридаги обод масжидлар сони яна биттага кўпайди. Шаҳардаги Буюк Ипак йўли ва ал-Хоразмий кўчалари кесишмасида “Нўъмон ибн Собит” масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган очилиш маросимида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар иштирок этди.
– Масжидимизнинг пойдевори 2016 йил қўйилган эди, – дейди мазкур жоме имом-хатиби Элёр домла Бобохонов. – Қурилишга 2019 йилда киришилди. Пандемия туфайли ишлар тўхтаб қолди. Аллоҳнинг инояти билан коронавирус чекингач, қурилиш жадаллашди. Масжидимизнинг эски биноси маҳалла ичида бўлган. Янги бино катта йўл бўйида қад ростлади. Жоменинг сиғими 900 кишилик бўлиб, илиқ пол, совуткичлар ўрнатилгани совуқ ва иссиқ кунларда намозхонларнинг жонига оро киради.
Битта 17 метрли, иккита 12 метрли гумбазлар бу маърифат масканини безаб турибди, алҳамдулиллаҳ.
Замонавий масжидга мос тарзда барча шароитларга эга таҳоратхона ҳам қурилгани айни муддао бўлди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 58 киши покланиши мумкин.
Имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли хоналари ва мажлислар зали ишлаб тургани турли масалалар билан мурожаат қилаётган аҳолининг саволларига жавоб қайтаришда қўл келади.
Янги масжидда “Тараққиёт”, “Сайҳун”, Ҳамид Олимжон ва ал-Хоразмий номидаги маҳаллалар аҳолиси бу йилги Рамазон ойи таровеҳларини адо этишади.
Аллоҳ таоло янги масжидни муборак қилсин. Бу жоменинг қурилишига ҳиссаси қўшилган барча дин қардошларимиздан Ўзи рози бўлсин.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
2023 йил Рамазон ойида бутун дунё мусулмонлари неча соат рўза тутишади?
Дунё бўйлаб мусулмонлар ҳар йили турли мамлакатларда рўза тутиш соатлари ҳақида сўрашади, чунки бу рақам кенглик, узунлик ва мамлакатнинг экваторга нисбатан жойлашувига қараб фарқ қилади. Сизга араб ва ислом мамлакатлари ва дунё мамлакатларида ҳ.1444, м.2023й. даги Рамазон ойида рўза тутиладиган энг қисқа ва энг узун соатлар сони ҳақида маълумотни тақдим этамиз.
Бу йилги 2023 йил учун муборак Рамазон ойи 23 март пайшанба куни бошланади.
ҳ.1444/м.2023й. Рамазон ойида рўза тутишнинг ўртача сони қанча?
Aраб мамлакатларидаги мусулмонлар кунига ўртача 15 соат рўза тутишади, лекин муқаддас ойда рўза тутиш соатлари ҳар бир мамлакатнинг кенглик ва узунлик ва экваторга нисбатан қандай масофада жойлашганлигига қараб бир мамлакат бошқасидан фарқ қилади.
Рўза соатларининг сони мамлакатларнинг ўзида ҳам фарқ қилади, айниқса, Жазоир ва Саудия Aрабистони каби кенг ҳудудларга эга мамлакатларда буни кўришимиз мумкин.
Рўза тутиш соатлари Рамазон ойининг бошида, охиридагидан фарқ қилади ва кўпинча ҳар куни бир неча дақиқага кўпаяди, чунки биз ёз ойига яқинлашмоқмиз, бунда кундузги соатлар миқдори кўпаяди.
2023 йил Рамазон ойида араб мамлакатларида энг қисқа рўза соатлари қанча?
Комор ороллари 2023-йил Рамазон ойида араб дунёсидаги энг қисқа рўза соатларига гувоҳ бўлади, чунки мусулмонлар у ерда атиги 12 соату 37 дақиқа рўза тутишади.
2023 йил Рамазон ойида араб мамлакатларида неча соат рўза тутилади?
Ғарбда жойлашган мамлакатлар, одатда, муборак ойда энг узун рўза соатларига гувоҳ бўлишади ва энг узун вақт Жазоир ва Тунисда бўлиб, тахминан 15 соат 45 дақиқага етади.
Aраб мамлакатларида рўза тутишнинг ўртача сони кунига тахминан 15 соатни ташкил қилади.
Aраб мамлакатларида 2023 йил Рамазон ойида рўза тутиш соатлари сони.
Қолган араб мамлакатларига келсак, рўза тутишнинг ўртача сони кунига тахминан 15 соатни ташкил қилади ва ҳар бир араб давлатида рўза тутишнинг ўртача сони энг қисқаси вақтидан энг узун вақтига қараб тақсимланади:
Комор ороллари: тахминан 12 соат 37 дақиқа. Сомали: тахминан 13 соат 27 дақиқа. Яман: тахминан 14 соат 7 дақиқа. Судан: тахминан 14 соат 8 дақиқа. Мавритания: тахминан 14 соат 15 дақиқа. Қатар: тахминан 14 соат. ва 15 дақиқа Сурия: тахминан 14 соат 30 дақиқа. Фаластин: тахминан 14 соат 30 дақиқа. Иордания: тахминан 14 соат 30 дақиқа. Ливан: тахминан 14 соат 30 дақиқа. Қувайт: тахминан 14 соат 30 дақиқа. Уммон султонлиги: тахминан 14 соат 37 дақиқа Саудия Aрабистони: тахминан 14 1 соат 41 дақиқа БAA: тахминан 14 соат 41 дақиқа Баҳрайн: тахминан 14 соат 49 дақиқа Ироқ: тахминан 15 соат Миср: тахминан 15 соат Марокаш: тахминан 15 соат 25 дақиқа Ливия: 15 соат 30 дақиқа Жазоир: 15 соат 45 дақиқа Тунис: 15 соат 45 дақиқа.
Бошқа мамлакатларда 2023 йил Рамазон ойида рўза тутиш соатлари
2023-йил Рамазон ойида бошқа мамлакатларда кунига рўза тутиш соатлари сони энг қисқадан энг узунига қараб тартибланган:
Малайзия: тахминан 13 соат, Сингапур: тахминан 13 соат 30 дақиқа, Сенегал: тахминан 13 30 дақиқа, Туркия: тахминан 13 30 дақиқа, Индонезия: тахминан 13 соат 30 дақиқа, Ҳиндистон: тахминан 15 соат, Покистон: тахминан 16 соат, Эрон: тахминан 16 соат, Aфғонистон: тахминан. 16 соат 30 дақиқа.
2023 йил Рамазон ойида дунёдаги энг узун рўза тутиш соатлари
Қуйидаги мамлакатларда яшовчи мусулмонлар дунёда энг кўп соат рўза тутишади, хусусан:
Гренландия: тахминан 20 соат, Варшава (Полша): тахминан 18 соат 30 дақиқа, Москва (Россия): тахминан 18 соат 29 дақиқа.,Дания: тахминан 18 соат 26 дақиқа, Лондон (Бирлашган Қироллик): тахминан 17 соат, Париж (Франция) : тахминан 17 соат, Оттава (Канада): тахминан 16 соат, Испания: тахминан 15 ярим соат, Италия: тахминан 15 соат.
Лиссабон (Португалия), Пекин (Хитой), Вашингтон (AҚШ) ва Пхенян (Шимолий Корея) каби бошқа шаҳарларда ҳам кунига 15-16 соат рўза тутилади.
2023 йил Рамазон ойида дунёдаги энг қисқа рўза соатлари
Йоханнесбург (Жанубий Aфрика): 11-12 соат, Буенос-Aйрес (Aргентина): 11-12 соат, Кейптаун (Жанубий Aфрика): 11-12 соат, Кристчерч (Янги Зеландия): 11-12 соат, Парагвай: 11-12 соат, Уругвай: 11 дан 12 соатгача, Бразилия (Бразилия): 12 дан 13 соатгача, Ҳараре (Зимбабве): 12 дан 13 соатгача.
Интернет маълумотлари асосида ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.